Бу заминда буюк тоғлар бор…

Ёр МУҲАММАД

Муаллиф ҳақида:

Ёр Муҳаммад (Ёрмамат Рустамов) Жомбой туманида туғилган. Самарқанд Давлат университетининг рус филологияси факультетини битирган.

Жомбойда мактаб директори, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида мухбир, махсус мухбир, муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Кейинчалик “Правда Востока”, “Маҳалла” газеталарининг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири сифатида фаолият кўрсатган. Ҳозирда у вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятининг махсус мухбири бўлиб ишламоқда.

Муаллифнинг “Муҳаббат бекати”, “Юртим нафаси”, “Кўнгилга ташриф”, “Қуёшни сиғдирган юрт”, “Мангуликнинг 30 лаҳзаси”, “Меҳр дарахти” каби 10 га яқин китоблари нашр этилган.

Шунингдек, М.Лермонтов, С.Есенин, М.Цветаева, А.Блок, Л.Хаустов каби таниқли рус шоирларининг айрим шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

Бу заминда буюк тоғлар бор,

Оқ сочларин чўққилар тараб.

Юлдузлардан нарида бедор,

Шоҳ Улуғбек турибди қараб.

Оҳиста бос қадамларингни,

Амир Темур олмоқда ором.

Ҳадисларни тутганча қўлда

Қараб турар Бухорий бобом.

Қалаштириб уч-тўртта сўзни,

Мақтанмагин ёздим дея шеър.

Қадамингдан узолмай кўзни,

Кузатмоқда Ҳазрат Алишер.

Оқил бир ён, жоҳил бир тараф,

Чайқалмоқда бу кўҳна дунё.

Иймон, Ҳақнинг калитин ушлаб,

Қараб турар Мотуридий бобо.

Бу заминда юрмоқ осонмас,

Ҳис этганча шунча нигоҳни.

Бу заминда турмоқ осонмас,

Кўтарганча шунчалар тоғни…

Бу заминда буюк тоғлар бор…

 

ҚАЧОН УЙҒОНАСАН?

Қодирий отилди, чопилди Чўлпон,

Беҳбудий чўлдами, даштда берди жон,

Бир сўроқ дилимни ўртайди ҳамон,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Ерингни туз босди, иймонингни — чанг,

Нафсинг дарвозасин очиб қўйдинг ланг,

Ичингга ин қурган қандайин наҳанг,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Қиблагоҳинг — доллар, ҳукмдоринг — пул,

Интилганинг — бойлик, маишат нуқул,

Боланг — чаласавод, ўзинг эса — қул,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Каламушлар — мудир, тулкилар — қози,

Тўрт томонда тўти, майна овози,

Пулдорнинг қўлида бугун тарози,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Яна замон дейсан. Замонда не айб?

Сайёд ношуд бўлса, камонда не айб?

Дон тўкилиб ётса, сомонда не айб?

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Кеча гўдак эдинг, бугун кайвони,

Мудраш билан ўтди умринг ҳар они.

Энди боланг мудрар — бу энг ёмони,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

Шундай ўтиб борар йиллар, асрлар,

Тўкилар боболар қурган қасрлар,

Мудраб келиб-кетар неча насллар,

Қачон уйғонасан, эй ғофил банда?

 

ВАТАН ҲАҚИДА

Ватанни тил учида

Севгучилар кўпайди,

 

Унга “жонларин фидо”

Қилгучилар кўпайди.

 

Уларга Ватан эмас,

Керак шуҳрату шони.

 

Олган темир тақа-ю,

Кийган заррин чопони.

 

Агар бирор босқинчи

Кириб келса Ватанга,

 

Улар учун сичқоннинг

Ини бўлар минг танга.

 

Ундайларнинг ялтироқ

Сўзига учма, Ватан.

 

Макр тўла нигоҳи,

Кўзига учма, Ватан.

 

Даладаги деҳқоннинг

Арт пешона терини.

 

У жимгина севади,

Шу бир парча ерини.

 

Эрта ёмон кунингда

Кетмони қалқон бўлар.

 

Бу муштларнинг зарбидан

Душманлар толқон бўлар.

 

Бу қўлларни тавоф қил,

Кўтар елка, бошингга.

 

Ахир ўшалар боис

Пашша тушмас ошингга.

 

Сўзбозларнинг ялтироқ

Сўзларига ишонма,

 

Ўз нафсини кўзлаган

Кўзларига ишонма.

 

Ватанни тил учида

Севгучилар кўпайди.

 

Унга “жонини фидо”

Қилгучилар кўпайди…

 

ШОИРЛИККА ДАЪВО ҚИЛМАСМАН…

Шоирликка даъво қилмасман,

Аммо қийнар дилдаги оғриқ.

Бу яранинг номин билмасман,

Битикларим шу билан боғлиқ.

Шоирликка қилмасман даъво,

Қийнар мени буқаламунлар.

Айтинг нега бунча тор дунё,

Шундан юрагимда тугунлар.

Шоирмасман, аммо узганим

Гулларнинг энг сараларидир.

Сўз эмас бу қоғозга тушган,

Юрагимнинг яраларидир…

 

АЙРИМЛАРНИНГ ҲАЁТИ…

Баъзиларнинг ҳаёти жаннат,

Қаҳратонда чўпонга қийин.

Болам дея чекади заҳмат,

Саратонда деҳқонга қийин.

 

Артиб қўйгин юздан терини,

Қадоқ қўлин кўзларингга сурт,

У жимгина севар ерини,

Кетмонидан бошланади юрт.

 

Меҳнатсевар, фидойи, камтар,

Бандасига сажда қилмайди.

Бир айби бор: тўрга чиқмас у,

Яна… арз қилишни билмайди!..

 

ШАРҚ ТАРОНАСИ

Дейдилар, куй билан яратган Эгам,

Жон ато этганмиш Одам зотига.

Шундан юракларга кирса қувонч-ғам,

Қўшиқ айланади дил бисотига.

Шундан ёришади кўнгил хонаси,

Шарқ таронаси бу, Шарқ таронаси!

 

Дерлар, осудалик иқболга мезон,

Тотувликдан яшнар Ватаннинг боғи.

Қўшиққа айланар замину осмон,

Авлодлар орзуси, аждодлар оҳи.

Тинчликдир санъатнинг асл онаси,

Шарқ таронаси бу, Шарқ таронаси!

 

Дерлар, тил ё миллат танламас қўшиқ,

Дилдаги туйғулар оҳангларда жо.

Фақат Мустақиллик, Истиқлол боис,

Ўзбек қўшиғини тинглади Дунё.

“Муножот”, “Лазги”нинг “ёна-ёна”си,

Шарқ таронаси бу, Шарқ таронаси!

 

Дерлар, Самарқанддир дунё сайқали,

Бунда буюкларнинг руҳи мададкор.

Бундаги ҳар бир ғишт санъат ҳайкали,

Ҳар битта кошинда сонсиз қўшиқ бор.

Маърифат бешиги, Шарқ дарвозаси,

Шарқ таронаси бу, Шарқ таронаси!

 

Ҳа, катта тўй қилар бу кўҳна замин,

Қанча элатларга шу ер ошиён.

Қўшиқ бирлаштирар бугун дунёни,

Яна Самарқандда жамланар жаҳон.

Етти иқлимда ҳам бор овозаси,

Шарқ таронаси бу, Шарқ таронаси!

 

МУҲАММАД ЮСУФ ХОТИРАСИГА

Шоир ўтди. Бир шоир ўтди,

Йиғладилар қалдирғоч, жайрон.

Навоийнинг ёнига кетди,

Қизғалдоқнинг бағри бўлди қон.

 

Шоир ўтди. Кўксини ёриб,

Шер наъраси, ўтли нолалар.

Тоғу-тошни кезганда ҳориб,

Бош эгарди алвон лолалар.

 

Шоир ўтди. Қоғозга эмас,

Юракларга ёзиб шеърини.

Қаршисида “осмон бўлди паст”,

Улуғлади она ерини.

 

Шоир ўтди. Ёлғончи, қўрқоқ,

Маддоҳларни сийламас эди.

Юрт ҳақида гап кетса бироқ,

Жонини ҳам аямас эди.

 

Шоир ўтди. Тебранди дунё,

Ҳар каломи Ҳаққа доирлар.

Юз йилда бир туғилар аммо,

Ҳақиқатни айтган шоирлар.

 

Шоир ўтди. Жаранг соз тинди,

Тиндиролмай ёмонларини.

Самолардан кузатар энди

Бу дунёнинг ёлғонларини.

 

Шоир ўтди. Бироқ энди у

Юракларда, тилда, ниятда.

Шеъриятдек яшагай мангу,

Дахлдордир Абадиятга…

 

УЧРАШУВ

Шийпон. Дам олиш пайти,

Бирдан таралди шов-шув.

Шоир кепти шаҳардан,

Бўлармиш зўр учрашув.

 

Сув сепилди кўчага,

Болалар елиб қолди.

Ва ниҳоят, кутилган

Шоир ҳам келиб қолди.

 

Бошланди мушоира,

Ой ҳақида шеър ўқилди.

Оби-ҳаво, нарх-наво,

Сой ҳақида шеър ўқилди.

 

Бироқ, бироқ учрашув,

Юракларни ғашлади.

Бироздан сўнг мухлислар

Бир-бир эснай бошлади.

 

Шоир эса тўхтамас,

Борган сари қайнарди.

“Биз зўрмиз, ура!” дея,

Битта гапни чайнарди.

 

Шунда шамол турди-ю

Учиб кетди қоғозлар.

Чидай олмай хўрликка,

Қочиб кетди қоғозлар.

 

Кулги, қарсак, қийқириқ,

Янграр ҳамма томонда.

Шоирнинг шеърлари-чи,

Учиб юрар осмонда.

 

Бу ҳолдан барча хурсанд,

Аммо шоир лол эди.

Аҳмад чўрткесар шу пайт

Ҳазил аралаш деди:

 

“Шоирим, шеър ёзсангиз,

Энди биз томон юринг.

Шамол, қуёшимизга

Уларни тутиб кўринг!

 

Шояд шамолимизга

Шеърингиз беролса дош,

Шунда меҳнатингизга,

Баҳо беради Қуёш…”

 

Шундан учрашув деса,

Кўплар эслар шу ҳолни.

Негадир шеърларнимас,

Шоир, Аҳмад, шамолни…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =