Ғалаба муборак Ӯзбекистонга!

Гулистон Давлетова,
Қорақалпоғистон халқ шоири
Кўкка кўтарилди Ватан байроғи,
Забт этилди буюк ғалаба тоғи.
Ўзбекистон футбол жамоасига
Насиб этди бугун эл-юрт ардоғи.
Олисдан кўринар тоғлар виқори,
Курашда синалар ботирнинг ори.
Футбол майдонида назарга тушди
Йигитнинг юрт учун кураш хумори.
Бахт қуши айланиб қўнди бўстонга,
Юрт шавкати сиғмас мингта достонга.
Ориятли халқнинг армони йўқдир,
Ғалаба муборак Ўзбекистонга!
Майдонда байроқдор ўн битта тулпор,
Осмонда бирлашган қанотли шунқор.
Бир юрт, Ягона халқ – Ватан бўлдингиз,
Ватан деб курашган йигитлар илғор!
Ҳайит ҳайитларга улашиб кетди,
Жамоли жаҳонга гул очиб кетди.
Дунёда довруқли Ўзбекистонга
Дўстларнинг табриги қалашиб кетди.
Ўғлонларим илғор сафга ярашар,
Курашда, боксда ким бор талашар?!
Элим деган ғамхўр Президентим бор,
Жаҳон аҳли ҳавас билан қарашар.
Кўнгли кенг, ўнг қўли кўксида турган,
Пок ниятли, яхши ишга қўл урган,
Курашда ифтихор завқини сурган
Ғалаба муборак Ўзбекистонга!
Қорақалпоқ тилидан
Рустам Мусурмон таржимаси.
2025 йил, 6 июнь.