Янги имкониятлар эшиги

Жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилояти муҳим воқеаларга бой кунларни бошдан кечирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташриф буюриб, бир қатор муҳим тадбирларда иштирок этдилар. Ушбу ташриф доирасида туристик марказ — “Арда Хива”нинг очилиш маросими, ёшлар билан учрашув ҳамда марказий студияда йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур ташриф нафақат инфратузилма ва туризм ривожи, балки ёшлар билан мулоқот нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган очиқ ва самимий учрашув ёшлар қалбида катта таассурот қолдирди.
Мен ҳам ушбу учрашувда фаол иштирок этдим ва Президентимиз ҳузурида сўзга чиқиш бахтига муяссар бўлдим. Ўз сўзимда ёшларнинг ўз устида ишлаши, билим ва инновациялар сари интилиши, шунингдек, давлат томонидан яратилаётган имкониятларни тўғри баҳолаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги ҳақида фикр билдирдим. Бундан ташқари, айнан тиббиёт соҳасига тааллуқли янгиликлар, қулайликлар ва имкониятлар учун Президентимизга ташаккур айтарканман, Зулфия номидаги давлат мукофоти танловида тиббиёт соҳасида таълим олаётган қизлар фан йўналишида адабиётчилар билан бирга иштирок этаётгани боис тиббиёт соҳаси учун ахборот технологиялари, спорт сингари алоҳида йўналиш қилиб беришни таклиф қилдим. Ҳурматли Президентимиз бу таклифимни қўллаб-қувватладилар ва тез орада амалга оширилишини айтдилар.
Президентимизнинг ёшлар масаласига алоҳида эътибор билан ёндашаётганликлари, ҳар бир мурожаат ва таклифни эътибор билан тинглаганлари биз, ёшлар учун кучли рағбат бўлди. Бу каби мулоқотлар юртимиз келажагига ишончни янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали куни кеча Президентимизнинг қарори билан Урганч давлат тиббиёт институти бўлиб алоҳида ташкил этилгани барча талаба-ёшларга ҳам ўзгача руҳ бағишлади.
Юртбошимиз билан бўлган учрашувдан сўнг, ёшлар билан ишлашга қаратилган янги лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишга интилишимиз янада ошди. Президентимиз ташрифи биз учун янги босқич, янги имкониятлар эшигини очди.
Дилрабо КОМИЛОВА,
Тошкент тиббиёт академияси
Урганч филиали 5-босқич талабаси.