Ижтимоий тармоқлар алгоритмлари

“ота-она” вазифасини бажаряптими?!

Бугун ижтимоий тармоқларда доимий фаол, яъни “онлайн” бўлиш нафақат ёши катталар эмас, балки болалар ўртасида ҳам кенг тарқалмоқда. Афсуски, бу ҳолатнинг зарарли оқибатлари ҳақида етарлича ўйлаб кўрилмаяпти. Кичкинтойларнинг “YouTube”да соатлаб мультфильм кўриши ёки видеоларига термилиб ўтириши тобора одатий ҳолга айланмоқда.

Авваллари телефонга мактабни битиргандан ёки вояга етгандан сўнг қўлга киритиладиган восита сифатида қаралган бўлса, ҳозир битта хархашанинг ўзи етарли: болага замонавий гаджет олиб берилади. Натижада болалар глобаллашув таъсирида интернет оламида шамолдек тез улғаймоқда.

Вояга етмаган ҳар қайси бола исталган тармоғига кира олади, ҳар хил контентларни кўриш имконига эга. Бу эса янгилик эмас, оддий ҳолатга айланган. Шифокорлар, психологлар, ҳатто педагоглар телефон экранига тикилиб ўтиришнинг саломатликка зарарлигини доим такрорлайди. Аммо эътибордан четда қолаётган яна бир муҳим жиҳат бор – бу рақамли дунёда болаликнинг ўғирланиши. Болалар учун телефон фақат кўнгилочар восита эмас, балки уларнинг дунёқараши, тил бойлиги, ижтимоий муносабатларига бевосита таъсир кўрсатувчи омилга айланган. Ҳар сония янгиланаётган контентлар эса болаларнинг фикрлаш тарзини шакллантирибгина қолмай, уларни тезкор ҳамда юзаки маълумотларга ўргатиб қўймоқда.

Маълумотларга кўра, “YouTube” фойдаланувчининг барча ҳаракатларини доимий кузатиб боради: фойдаланувчи қандай видео излади, қайси видеони кўрди, қайсиларини охиригача томоша қилди, нимага “like” босди – буларнинг барчаси платформа алгоритми томонидан таҳлил қилинади. Айнан шу алгоритм фойдаланувчига ўз қизиқишлари асосида янги видеоларни тавсия қилади.

Бундан ташқари, алгоритм фойдаланувчининг ёшини ҳам эътиборга олади – бу кўпинча у очган аккаунтдаги маълумотлар орқали аниқланади. Асл муаммо эса мана шу ерда бошланади: кўплаб ота-оналар фарзандларига “YouTube”ни ўз аккаунтлари орқали очиб беришади. Натижада “YouTube” болани катталар қаторига қўшади. Шунга мос контентлар ҳам тавсия қилади. Бу эса катталарга мўлжалланган, баъзида зўравонликка ундовчи, диний ёки экстремистик мазмундаги материаллар болаларнинг кўз ўнгида пайдо бўлиши хавфини туғдиради. Энг ачинарлиси, бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ҳеч бир алгоритм кафолат беролмайди.

Инсон психологиясига кучли таъсир кўрсатишга мўлжалланган механизмлар асосида яратилган ҳар қандай видео, айниқса, болалар эътиборини осонликча тортади. “YouTube” алгоритми эса бунга “ёрдамчи” бўлади – бола бирор-бир контентни кўрганидан сўнг, шунга ўхшаш видеолар автоматик равишда таклиф этилади. Ва табиийки, бола ушбу видеоларга “like” босади, томоша қилишда давом этади.

Аммо бу жараён оддий кўнгилхушлик эмас – у болаларда зўравонликка мойиллик, асабийлик, ортиқча ҳаяжон, ҳаттоки руҳий сиқилиш ҳолатларини юзага келтириши мумкин. Чунки сунъий интеллект томонидан бошқарилаётган бу тизим боланинг руҳий ҳолатини эмас, унинг қизиқишини асос қилиб олади. Масалан, АҚШда бундай муаммоларнинг олдини олиш учун “YouTube Kids” платформаси яратилган. Бу фақат болалар учун мўлжалланган бўлиб, ёшга мос, хавфсиз ва назоратдан ўтган контентларни таклиф қилади.

Шу билан бирга, ота-оналарга фарзандларининг рақамли фаолиятини кузатиш имконини берувчи “Google Family Link” тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали ота-оналар болаларининг “Google” аккаунтини бошқаришлари, у қандай контентларни кўраётгани, қайси иловаларга кираётганини назорат қилишлари мумкин.

Хўш, муаммо нимада? Асосий муаммо оммавий ахборот воситаларининг болалар хавфсизлигига етарлича эътибор қаратмаётгани, ота-оналарнинг эса фарзандлари учун алоҳида, ёшга мос аккаунтлар очиб бермаётганида.

2017 йили “YouTube”да “Elsagate” номи билан танилган глобал муаммо юзага келди. Бу ҳолат кўплаб ота-оналарни хавотирга солган эди. Унда машҳур мультфильм қаҳрамонлари – “Elsa”, “Spiderman”, “Peppa Pig” каби образлар иштирок этган видеоларда болалар учун мутлақо номақбул контент яширинган эди. Видеолар кўринишидан оддий кўринса-да, мазмунида зўравонлик, жинсий алоқага ишоралар, ҳаттоки ўз жонига қасд қилиш саҳналари мавжуд бўлган. Бола эса бу видеони севимли қаҳрамонини кўраман, деб очади. “YouTube” эса буни боланинг қизиқиши деб қабул қилади ва шунга ўхшаш контентларни тавсия қилишда давом этади.

“Elsagate” воқеаси глобал миқёсда бир ҳақиқатни юзага чиқарди: ҳар бир рақамли платформа, айниқса, “YouTube” болалар руҳияти ва хавфсизлигини асосий устувор йўналиш сифатида қабул қилиши шарт. Шу билан бирга, бу масъулиятни фақат платформа зиммасига юклаш ҳам нотўғри. Ота-оналар фарзандларининг рақамли муҳитдаги ҳар бир қадами устидан назоратни кучайтириши, уларнинг ёшига мос контентга йўналтирувчи шароит яратиши зарур.

“Telegram”да ўтказилган сўровномага кўра, иштирокчиларнинг аксарияти фарзанди учун алоҳида аккаунт очмаган. Ҳаттоки уларнинг бир қисми бундай эҳтиёж ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Бу эса рақамли хавфсизликка жамиятда етарлича эътибор берилмаётганини кўрсатади.

Франция ва Нидерландияда ота-оналар фарзандлари учун алоҳида аккаунт очишни одатий ҳол деб қабул қилишган. Сабаби, бу давлатларда болаларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилувчи қатъий қонунлар мавжуд. Улар нафақат боланинг ёшига мос контентни таъминлаш, балки уларнинг рақамли “из”ларини бошқариш, рекламалардан ҳимоя қилиш ва руҳий саломатлигини асрашга қаратилган.

Хулоса ўрнида айтганда, рақамли маконда болани назорат қилиш – уни қандай контентлар кутиб турганини англашдир. Чунки фарзандларимизни алгоритмлар эмас, онгли ва масъулиятли жамият тарбиялаши зарур.

Азизабону ҚУВОНДИҚОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =