Яшил иқтисодиёт сари ташланган қадамлар

барқарор келажак учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди

Бугунги кунда энергетика соҳаси исталган мамлакат тараққиётининг асосини ташкил этади. Иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг қулай ҳаёт кечириши, таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминот, коммунал хўжаликнинг мўътадил фаолияти учун имкониятлар айнан шу соҳада яратилади. Аммо бугун соҳани бозор иқтисодиёти йўлига ўтказмай туриб, улкан энергетика инфратузилмасини ишчан ҳолатда сақлаб туриш, боз устига, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мушкул. Фақатгина электр станциялар, электр тармоқлари ва энергетика инфратузилмасининг ўзга муқобилларини қуриш ва ишлатиш борасида энг замонавий ютуқларни қўллабгина қўйилган мақсадларга эришиш мумкин. Бозор қонунлари асосида энергетикани ривожлантириш рақобат учун шарт-шароит яратади, бу эса нафақат воситалар, балки замонавий тажриба ва технологиялар соҳиби бўлмиш энг малакали муҳандисларни лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга имкон беради. Шу аснода яна ўн йилларча долзарб аҳамият касб этувчи ускуна ва услубиятларни Ўзбекистон энергетикасига олиб кириш мумкин.

Шу йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони билан 2025 йилги Давлат дастури қабул қилинди.

Давлат дастурида йил номидан келиб чиқиб, экологик масалаларга алоҳида устуворлик берилган. Бешта йўналишдан иборат мақсадлар яшиллик сиёсати билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу бежиз эмас. Чунки бугун турли экологик муаммолар инсониятни ташвишга солаётган энг муҳим масалага айланди. Атроф-муҳитни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш каби масалалар энг долзарб йўналишлар сирасига киради.

Бу борада 2025 йилги Давлат дастурида қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган. 2025 йилда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни декарбонизация қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш борасида:

— Париж битимининг талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг углерод нейтраллигига эришишининг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилиши;

— иқлим ўзгаришига мослашиш, “яшил технология”лар трансфертини инобатга олган ҳолда глобал миқёсда мамлакатимизнинг келгуси йилда иссиқхона газларини қисқартириш бўйича Миллий миқёсда белгиланган ҳиссаси (НДC) эълон қилиниши;

— метан эмиссиясини қисқартириш мажбурияти доирасида табиий газ, чиқиндилар ва чорвачилик соҳаларида метан эмиссиясининг базавий ҳолати аниқланиши;

— умумий қуввати 4,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станциясини ишга тушириш, қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, қуввати 225 мегаватт бўлган гидроэлектр станцияларини барпо этиш орқали жами қайта тикланувчи энергия манбалари улуши электр энергияси ишлаб чиқаришда 26 фоизга ва жами генерация қувватлари таркибидаги улуши 40 фоизга етказилиши;

— янги қуриладиган бино-иншоотлар ва уй-жойлар энергия самарадорлигидан келиб чиқиб, “Яшил бино” сертификати жорий этилиши қайд этиб ўтилган.

Бир сўз билан айтганда, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” Давлат дастури яшилликни кенгайтириш, ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлади, ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Шунингдек, 2025 йил 30 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Италия” саммити минтақамиз ва Европа давлатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим сиёсий ва иқтисодий воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар, айниқса, инвестиция, технологиялар, “яшил” иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергетика, таълим ва маданий ҳамкорлик соҳаларини қамраб олгани долзарб ва стратегик аҳамиятга эга.

Фарғона давлат техника университети жамоаси мазкур йўналишларда амалга ошириладиган ислоҳотлар ва халқаро ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Айниқса, энергия самарадорлигини ошириш, сув инфратузилмасини модернизация қилиш, водород технологияларини ривожлантириш ва Италиянинг етакчи муҳандислик компаниялари билан ҳамкорлик қилиш бўйича белгиланган режалар олий таълим муассасаларига катта масъулият юклайди. Ҳозирги кунда университетимиз олимлари томонидан ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги энергетик қурилмаларни ривожлантириш устида кенг кўламли илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш илмий лабораторияси фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона водийси олий таълим муассасалариаро илмий лабораториясига 750 минг доллар қийматидаги 84 хил жиҳоз келтирилди. Бу ерда энергия тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича илмий ишланмаларни тажрибадан ўтказиш ва намойиш қилиш учун майдони 400 квадрат метр бўлган ҳамда метрологик ўлчов асбоблари билан жиҳозланган гелиополигон фаолият кўрсатмоқда. Университетда қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари ихтисослиги бўйича таянч докторантура мавжуд бўлиб, илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Ушбу соҳада бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда Фанлар Академияси Физика-техника, Материалшунослик ҳамда Ион плазма ва Лазер технологиялар институтларида илмий-амалий изланишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда университетда 19 та илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Уларнинг 4 таси давлат илмий-техник дастури, 4 таси стартап, 2 таси Европа Иттифоқи лойиҳаси, 9 таси “Бўлажак олим” танлови доирасида ҳаётга татбиқ этилади. Жорий йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 14 та лойиҳа молиялаштирилади. Ушбу лойиҳаларнинг аксарияти қайта тикланувчи энергия манбаларининг истиқболли йўналишларини ривожлантиришга қаратилган.

Хусусан, электр энергияси сарфисиз ер майдонларини суғориш, қуёш энергияси асосида совитиш, самарадор қуёш ҳаво иситкичи, “ақлли соябон”, автоматлаштирилган микро ГЭС сингари долзарб мавзулардаги илмий ишланмалар ҳаётга жорий этиляпти. Дастлабки қадам сифатида “ақлли соябон” ёки қуёш-ҳаво иситкичи лойиҳаларини келтириш мумкин. “Ақлли соябон”лар қуёш панеллари билан жиҳозланиб, унда дам олиш пайтида телефонни зарядлаш ва бепул хизматидан фойдаланиш имкони бор. Тунги пайтлари эса, атрофни ёритишга хизмат қилади. Янги лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан молиялаштирилиб, айни кунда уни вилоят театр-концерт саройи атрофига ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Жанубий Фарғона канали ўзанида соатига 300 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган гидроэлектростанция қуриш ишлари поёнига етди. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши аҳоли ва ишлаб чиқариш тармоқларини арзон ҳамда сифатли электр манбаи билан таъминлаш имкониятини беради.

Қува туманидаги “Баҳор” фермер хўжалиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа электр тармоқлари етиб бормаган ҳудудларда ҳам экинларни суғориш, ҳосилдорликни оширишда яхши самара бермоқда. Бундан ташқари, Қувасой шаҳридан оқиб ўтган Исфайрамсойда уюрмали микро ГЭСлар қуриш лойиҳаси таклиф этилмоқда. Бу усул сув миқдори кам бўлган ўзанларда ҳам арзон ва экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Умуман, Фарғона вилоятида муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш орқали истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида катта имкониятлар мавжуд. Биргина “Сирдарё-Сўх” ирригация тармоқлари ўзанининг ўзида 200 дан ортиқ муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчи микро ГЭСлар қуриш мумкин. Бундан ташқари, ўтган асрнинг эллигинчи йилларига қадар ишлаб келган “Қудаш”, “Водил”, “Болтакўл”, “Қува” ГЭСлари фаолиятини тиклаш орқали ҳам муқобил электр энергияси ишлаб чиқарса бўлади. Ўзбекистон туманидаги “Қудаш” гидроэлектростанцияси фаолияти такомиллаштирилиб, 200 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқувчи янги қурилмани ишга тушириш борасида иш олиб боряпмиз.

Олимларнинг амалий изланишлари туфайли ҳаётга татбиқ этилаётган илмий ишланмалар кўлами кенг. Бунга балиқчилик, фермер хўжаликлари ва томорқа иссиқхоналари учун қуёш панелли станцияларни тайёрлаш йўлга қўйилаётганини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Муқобил энергия ишлаб чиқаруви янги лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва қўллаб-қувватлашда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузуридаги “Ёшлар инновация маркази”нинг амалий ёрдами қўл келмоқда. Айни кунда марказ ташаббуси билан ўнлаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб бориляпти.

Бугунги ислоҳотлар фақат профессор-ўқитувчилар доирасидагина эмас, балки ёш авлод — талабалар сафида ҳам амалий ифодасини топмоқда. Университетимиз талабалари технология ва муқобил энергия соҳасида янгиликлар яратишга интилаётганлари қувонарли ҳолдир.

Жумладан, талабамиз Санжарбек Юнусалиев томонидан ишлаб чиқилган “Қуёшдан уч томонлама муқобил энергия олувчи мослама” — ёшларнинг техник тафаккури, ижодий ёндашуви ва амалиётга йўналтирилган билимларини намоён этувчи ёрқин мисолдир. Талабаларимиз ана шундай инновацион ғоялар билан мамлакатимизнинг энергетика, экология ва технологик хавфсизлик соҳаларида барқарор ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу — давлатимиз томонидан илгари сурилган “Яшил келажак” концепцияси билан ҳамоҳанг равишда ёшлар интеллектига таянилган келажак қурилиши йўлида муҳим қадамлардан биридир.

Бугунги кунда дунё миқёсида барқарор тараққиёт, экологик хавфсизлик ва энергия мустақиллиги глобал кун тартибининг энг долзарб йўналишларига айланган. Ўзбекистон ҳам бу борада қатъий сиёсий иродага ва аниқ стратегик мақсадларга эга давлат сифатида муқобил энергия манбаларига асосланган янги энергетика сиёсатини шакллантирмоқда. Айтиш жоизки, иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини оширишда қайта тикланувчи, экологик тоза энергия манбаларига ўтиш — нафақат зарурат, балки замон талаби. Шу маънода, муқобил энергия ишлаб чиқаришга йўналтирилган миллий ва халқаро лойиҳалар мамлакатимизни арзон, сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим омилга айланмоқда.

Юртимизнинг табиий-иқлимий шароитлари бу борада улкан устунликларни тақдим этади. Йилнинг деярли 300 куни қуёшли саналадиган Ўзбекистон ҳудуди қуёш энергияси бўйича салоҳиятли давлатлар қаторига киради. Илмий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда замонавий технологиялар асосида қуёш станцияларини барпо этиш орқали йилига 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.

Бу кўрсаткич ҳозирги эҳтиёжимиздан 8 баробар кўпдир.

Яшил иқтисодиёт бугунги глобал муаммоларга жавоб берувчи, келажак авлодлар учун барқарор ва фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилувчи энг долзарб ёндашувлардан биридир. Атроф-муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқтисодий ўсиш ўртасида мувозанат яратиш — бу фақат экологик эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий адолатни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Университетимиз ушбу стратегик йўналишда илмий изланишлар, таълим дастурлари ва амалий ташаббуслари орқали фаол иштирок этади. Талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимизнинг экологик саводхонлигини ошириш, инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ва яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали биз барқарор келажак сари ишонч билан одимламоқдамиз. Зеро, яшил иқтисодиёт сари ташланган ҳар бир қадам — бу инсониятнинг бахтли ва барқарор келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Ўктам САЛОМОВ,

Фарғона давлат техника

университети ректори,

техника фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 5 =