Бекободнинг ёруғ тонглари
Туманда “Инсон қадрини улуғлаш – энг асосий устувор вазифа” тамойилига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Фақатгина халқимизнинг азму шижоати ва қудрати, букилмас иродаси ва қатъияти, энг муҳими, мустақил тараққиётга бўлган мустаҳкам ишончи буюк мақсадларимизга эришишнинг бирдан-бир кафолатидир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Дарҳақиқат, қатъият билан ҳалол-пок меҳнат қилган одамлар кўзлаган мақсадларига эришадилар. Ҳалол одам серҳосил боққа ўхшайди. Ундан ажиб бир тоза ҳаво уфуриб туради. Ҳалол одам баланд тоққа ўхшайди. Унга кимдир тош отса, тоши думалаб ўзига, оёғининг тагига тушади. Ҳалол одамга интилганлар, эргашганлар ниятига етади. Чунки ҳалол одам тўғри бўлади, яъни оқни оқ, қорани қора деб айта олади. Ҳалолликда гап кўп! Негаки, ҳалол ва тўғрилик билан иш юритилса, барака ўз-ўзидан келаверади.
Биз яқинда Бекободда бўлиб ана шундай ҳалол, меҳнаткаш ва самимий одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдик.
Бекободнинг ҳавоси ўзгача. Унинг бағрида қишин-ёзин ҳузурбахш шамол эсиб туради. Бекобод янгиланаётган туман. Шунингдек, ғишт заводи, кўплаб кичик ва ўрта корхоналар бор. Туман ҳудудида Фарҳод ГЭС, Сирдарё ГРЭС, “Далварзин” пахта тозалаш заводи жойлашган. Бекобод туманида пахтачилик етакчи ўринда туради. Бекободликлар боғдорчилик, пиллачилик, полиз ва сабзавотчилик билан шуғулланади. Туман 37,9 минг гектар суғориладиган ерга эгалиги унинг жаннат жой эканлигини кўрсатиб турибди.
Шу кунларда туманда бошланган жадал ислоҳотлар самаралари билан танишиш мақсадида мактаблар, маҳаллалар, шифохоналар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, ишбилармонлар билан учрашдик.
“Ҳокимият мутасаддилари билан бирга биз бекободлик нуронийлар туманнинг бугунги аҳволи ва тезликда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларини ўргандик. Айрим ҳолатларга кўникиб кетганимиз учунми, бизга мукаммал кўринган тизим ва ташкилотлар, маҳаллалардаги камчиликларни Республика ишчи гуруҳи кўрсатиб, бартараф этиш йўлини ҳам ўргатишди. Айниқса, таълим ва тиббиётда нимаики талабга жавоб бермаса, тезлик билан қонуний ечим топилаётгани биз нуронийларнинг халқ олдида юзимизни ёруғ қилди, — деди “Нуроний” жамғармаси Бекобод туман бўлими раиси Жалолхўжа Бўрихўжаев. — Туман раҳбариятининг фидойилиги билан биз нуронийлар бир умр орзу қилган “Нуронийлар маскани”нинг уч қаватли биноси лойиҳаси тасдиқланди. Ниҳоят, ўз идораси, йиғилишлар зали, шинам ҳовлиси, кутубхонаси, кексаларбоп спорт турларидан шахмат, шашка баҳслари ўтадиган мўъжаз зали, узоқ-яқиндан келган фахрийларимиз бир пиёла чой устида суҳбатлашиши учун ошхонаси бўлган бино қуриб фойдаланишга топшириш учун тасдиқланди. Энг диққатга сазовор жойи, биз билан бу бинога Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институтининг туман бўлими ҳам жойлашадиган бўлди. Бекободимиздаги 51 та маҳаллада жами 19 минг 700 нафар нуроний яшайди. Маҳаллалардаги нуронийлар кенгаши аъзолари бир вақтнинг ўзида яраштирув комиссияларининг ҳам аъзолари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли қарори бўйича маҳаллалардаги уч нафар фаол нуронийга беш нафар камбағал оилани бириктириш орқали уларни камбағалликдан чиқаришда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлигимиз самарасини бера бошлади”, — деди миннатдор бўлиб туман нуронийларининг раҳбари.
Очиқлик ва ошкоралик шаффофликни келтириб чиқаради. Ўзига ишонган раҳбар ошкораликдан қўрқмайди. Зеро, бу борада Юртбошимиз шундай дейди: “Сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада оширамиз.
Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”.
“Янги туман раҳбари фаоллар билан ўтган илк йиғилишдаёқ туман газетасининг аҳволини сўради. Уч йилдан буён йиғилишларда газета ҳақида оғиз ҳам очилмас эди, рости, қулоқларимга ишонмадим. Иккиланиб ўрнимдан туриб, “Бекобод овози” номи билан чиқадиган газетамиз маблағ йўқлиги учун фаолиятини тўхтатганини, таҳририят ходимлари, қалами ўткир, тажрибали журналистлар ишсиз қолганини айтдим, — деди бекободлик таниқли журналист, “Янги Бекобод” газетасининг бош муҳаррири Сарвиноз Шералиева. — Бир кун ҳам кечиктирмасдан биз журналистларни алоҳида йиғишди. Янгича руҳ билан янги газетани чоп этиш лозимлиги айтилиб, газетанинг янги номига таклифлар беришимизни сўрашди. Бир неча таклифлардан сўнг, “Янги Бекобод” деган янги ном берилди. Газетанинг янги номи ва фаолияти Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашига қўйилиб, кенгаш қарорига кўра “Янги Бекобод” номи билан ҳужжатлаштирилди. Таҳририятга туман ҳокимлиги биносидан жой ажратилиб, барча техник жиҳозлар билан таъминланди. Газетамиз чоп этила бошлади. Журналист ижодкорлар иш билан таъминланди. Шу тариқа йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган газетамиз тикланди. Туманимизда янги кутубхоналар ва электрон китоб марказлари ташкил этилди. Яна туманимизнинг тажрибали ижод аҳли, адабиёт, шеърият ихлосманди бўлган ёшлари, ошкоралик ва тезкорлик тарафдори бўлган ижодкорлар таҳририятимиз қошида бирлашди. Энди ишсиз юрган пайтларимизни эслайман. Биз журналистлар ҳақ гапни гапирмасак, ким гапиради? Биз виждон билан иш кўрувчи, қаламга суянган халқмиз. Бошқа ишни қилишимиз мумкин, аммо кўнгилсиз бўлиб, иккиланиб босилган қадам унмайди. Қолаверса, газетадан бошқа жойда журналистга иш йўқ. Вилоят маркази ва пойтахт анча олис. Яхшиям бахтимизга замон билан нафас олувчи, тафаккури кенг, шаффофликка, ошкораликка кенг йўл очувчи ҳоким келди. Бу ҳам бўлса, туманнинг бахтидир”.
Машҳур файласуфлардан бири келажакка умиди бор инсонга, раҳбарга зарур бўлган бир ҳикматни баён этади: “Дунёга ақл кўзи билан боққан одамга дунё ҳам оқилона кўз билан қарайди”. Дарҳақиқат, оламни билиш учун кўпроқ ўқиш, ўрганиш, ҳаётнинг аччиқ-чучук неъматларини фарқлай билиш, бирон-бир воқеа-ҳодисани, топширилган ишни охиригача етмасдан мулоҳаза қилмаслик, бирон-бир ходимни ноҳақ айбламаслик, қилган хато-камчилигини холисона баҳолаб, шунга яраша адолатли ҳукм чиқариш зарур. Инчунин, файласуф айтганидек, келажакка умиди бор инсон дунёга ақл кўзи билан боқади. Унга бу борада китоблар, газеталар, аждодлардан қолган ҳикматли битиклар ёрдамга келади.
Бекобод. Не-не ривоятлару афсоналар бордир бу гўша ҳақида. Саховатингу тароватингни, меҳмоннавозлигингу фидойилигингни мадҳ этдилар. Бағринг хазиналарга кон, соя-салқин боғларинг оромижон! Меҳнатинг-ла оламга довруқ солган маконсан. Пахтаю пилланг, тиллаларга баробар тупроғинг бор. Яйловларинг тўлдирган отлар-уюрлар кишнашидан, қўй-қўзилар, нортуяларнинг ёқимли овозидан бўтакўзлар гуллайди.
Бекобод. Инсонлари саховатли, савдогари сахий юрт бу! Борига барака деган, барака инсофда, деган эл бу! Топганига қаноат қилган, берганига шукур қилган эл бу! Сен фидойилар юртисан, заҳматкашу меҳнаткашлар диёрисанки, бошинг баланд, кўксинг тоғ. Ва сенга ярашади ғурур — ифтихор. Қобилу фозил фарзандларинг юртнинг юзи, табаррукдир босган ҳар изи! Ана шундан улар боис бу юртга кириб келди тоза ҳаволар. Янги тонглар отди фирдавсмонанд бағрингда. Истеъдодли фарзанди аржумандларинг, бағрингни ёритган гавҳари шамчироқларинг.
Бекобод. Ҳақиқатан ҳам мўъжизакор гўша. Бир ён юрсанг димоғингга олмалар, бир ён юрсанг бол аралаш зардолилар бўйи урилади. Дашту қир томон юрсанг, ғаллаю нон ҳидидан энтикасан.
Бекобод. Янги Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош ёруғ маскани. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг бир-бирига чўзилган дўстона қўллари неча йиллар ёпиб ташланган темир тўсиқларни олиб ташлади.
2022 йилга келиб, Ўзбекистон — Тожикистон чегарасидаги “Бекобод” назорат-ўтказиш пункти ўз фаолиятини янгидан бошлади. Мазкур пункт орқали ҳар иккала мамлакатнинг божхоналари аро тегишли тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда манфаатдорликка хизмат қилади. Ушбу пункт Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бекобод тумани, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманлари чегарасида жойлашган. Ўзбекистон — Тожикистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг ривожида логистиканинг аҳамияти беқиёс.
Нетонгки, не замонлар олдин Амур Темур авлодлари ўтган бу заминдан. Шоҳ ва саркарда Бобурнинг “Бобурнома” асарининг икки жойида Бекободнинг “Хос” қишлоғи ҳақида маълумот келтирилади. Демак, не-не пирлар, улуғ зотлар тавоф қилган бу манзилларни. Ҳа, тўзғиган тўфонларни бошдан кечирган бу замин. Унинг ёнидан қўнғироқларини чалиб ўтган туя карвонларининг акс садоси-да узоқлаб кетган эди.
Мустақилликкача бўлган йилларда бу йўлларнинг буюк йўллар экани унутилди. Йўллар сўқмоқларга айланиб, сўқмоқлар эса қумлар остида йўқликка юз тутаётган эди. Ниҳоят, муҳтарам Юртбошимиз тимсолида Темурий журъат, Улуғбекона талъат ишга тушди.
Ўзбекистон етакчисининг сиёсий иродаси билан қардошлар томонга дарвозаларимиз очилди. Бу қадам Марказий Осиё мамлакатлари бирлашиб, ягона кучга айланишига, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатишига асос солди.
Буюк ишларни буюк шахслар амалга оширади. Ҳар иккала юрт йўлбошчиларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган ташқи сиёсати самарасида мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва ўзаро дўстона алоқалар янада юқори поғонага чиқиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Хусусан, Бекободдаги назорат пунктида ҳар куни катта-катта юк машиналари турнақатор бўлиб қардошлар томон ўтаётганини ҳам кўриш мумкин.
* * *
Шамол ҳам одамларнинг кайфиятига қараб эсади, шекилли. Бир замонлар оч бўридек увиллаган Бекобод шамоли ҳозирда пешоналарни меҳр билан силаб, тўрт томонга хайру барака ифорини ташийди.
Барча тизимларда янгича қарашлар, интилишлар кечаётган бу гўшада мунаввар тонгларнинг файзи ўзгача. Энг асосийси, Бекободда бугунги Янги Ўзбекистон ислоҳотлари асосида “Инсон қадрини улуғлаш” устувор вазифа қилиб белгиланган.
— Шу кунларда Бекобод тумани қайси спорт туридан олдинда-ю, қайси спорт турида депсинишлар юз беряпти, чуқур таҳлил қилинди. Энг аввал жисмоний тарбия ўқитувчилари, спорт мураббийлари фикрлари тингланди. Улар берган маълумотлар орқали туман спортига умумий баҳо берилди. Аниқ йўл хариталари белгиланиб, жаҳон ва олимпиада беллашувларига ёш спортчиларни тайёрлаш селекциясига кечиктириб бўлмас топшириқлар берилди, — деди узоқ йиллар ўқувчиларга жисмоний тарбиядан дарс берган спорт мураббийси Эсонмурод Қурбонов биз билан суҳбатда.
Ўшанда турғунлик йиллари эди. Ангрен педагогика билим юртининг жисмоний тарбия бўлимини битириб келган Эсонмурод Қурбонов Бекобод спортчилари шон-шуҳратини дунёга таратмоқни юрагига тугиб қўйган эди. Тумандаги 34-умумтаълим мактабига дарсга келган биринчи кунидаёқ учиб юрган еттинчи осмонидан тап этиб пастга тушди.
— Мен иш фаолиятимнинг биринчи куниёқ сездимки, ўша йиллари жисмоний тарбия дарсига жиддий дарс деб қаралмас экан, — деди у.
Иссиқ кунлари болалар спорт майдони деб янтоқлар ўраб олган тап-тақир ер кўрсатилди. Бу ерда ўғил болаларни айлантириб югуртирди, холос. Бошқа машғулотларни ўтказишга ер қаттиқ, йиқилган бола оғир шикастланиб, бир умрга ногирон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Спорт кийими йўқлиги-ку, майли, қиз болалар умуман жисмоний тарбия дарсига қатнашмас экан. Бу дарсларда қизлар уйларидан олиб келган кашталарни парта устига қўйиб тикиб ўтираркан. Эсонмурод эса қиз болаларни ҳам дарсга жалб этди. Ўғилу қиз ўқувчиларни дарс дастурида кўрсатгандек спорт майдонига олиб чиққан Эсонмурод аканинг дарсини томоша қилиш учун бутун қишлоқ йиғилиб келарди. Ҳамма унинг дарсини, синфлараро мусобақаларини ҳаяжон билан кузатадиган бўлди.
Аммо совуқ тушиши билан болаларда тайинли спорт кийими йўқлиги, спорт зал у ёқда турсин, синф хоналари яхши иситилмагани сабаб жисмоний тарбия дарси ўрнига, пахта йиғим-терими сабаб қолиб кетган дарслар ўтилар эди. Бу эса ёш, истеъдодли ўқитувчининг нафсониятига тегиб кетди. У жисмоний тарбия дарси учун қандай спорт анжомлари бўлиши кераклигини, бу қандай мақсад туфайли амалга оширилишини ёзиб, бир папкага солиб, бормаган идораси-ю, ташкилоти қолмади. У ҳар бир раҳбарга кириб мақсадини соатлаб тушунтирарди. Кўп жойдан боши эгик чиқарди. У барибир чекинмади.
Наҳотки умумтаълим мактабларидаги спорт залларига керакли анжомларни олиб бериш шунча қийин бўлса? Бу кетишда Бекобод ёшларининг спортга қизиқиши сўниб кетади-ку. Наҳот улар орасидан чемпионлар чиқмайди?
Йўқ! Албатта чиқади. Аммо ўша замон зайли унинг орзуларига тўсқинлик қиларди. Баҳор келиши билан ўқувчилар ғўза қатор ораларини чопиқ қилишга, пиллага кўмаклашишга жалб этиларди. Имтиҳонларни топширган болалар эса дала ишларига ёрдамлашиш, пичан йиғишга олиб кетиларди. Куз бошланиши билан пахта яккаҳокимлиги инсон устидан ҳукмронлик қиларди.
Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудларидагидек “Ўзбекистонда ҳамма пахтакор”, “Барчанинг ўрни пахта даласида” каби шиорларни Бекободнинг ҳам энг кўзга ташланадиган жойларига илиб қўйишар эди. Пахта йиғим-терими тугагунча жисмоний тарбия ўқитувчиси Эсонмурод Қурбоновнинг ўргатганлари болаларнинг ёдидан чиқиб кетар, йиғим-терим тугагач, ҳаммасини бошқатдан бошлашга тўғри келарди. У, ҳеч бўлмаса, спортга қобилиятли болаларни пахтага юбормай, ҳар куни машғулотларда қатнаштиришни сўраб раҳбариятга мурожаат қилди. Унга қуйидагича жавоб қилишди: “Ўртоқ Қурбонов, сиз спортни пахтадек шараф-шонимиздан устун қўйиб, халқ душманига айланиб қолманг. Бугун ўнта ўқувчини, эртага йигирмата, индин ўттизта, элликта, юзта ўқувчини қобилиятли деб даладан қайтарсангиз, бора-бора бутун мактаб пахтага чиқмасин, дейсиз. Ахир пахтани ўқувчи ёшлар термаса, ким теради?” Афсус ва надоматлар бўлсинки, ўша замона зайли билан яшаган бирорта раҳбар жисмоний тарбия ўқитувчисининг мақсадларида ётган ёрқин келажакни кўра олмади.
Минг шукрки, Эсонмурод Қурбоновга инсон қадри улуғланиб, спорт мураббийларининг меҳнати шарафланадиган кунларни кўриш насиб этди.
Бугунги кунда Эсонмурод домланинг ўқувчиларидан Одина Нарзуллаева, Афруза Тенглашовалар туман, вилоят шахмат беллашувларида ғолиб бўлиб, республикага йўл олишди. Яна бир шогирди Нурхон Қувонова стол тенниси бўйича кетма-кет вилоят ғолиби бўлиб, республика беллашувида қатнашадиган бўлди. Шогирдлари Отабек Абдуллаев, Ҳусан Юсупов, Шероз Қаҳрамонов, Жавоҳир Тагаев, Олима Ахтамовалар ҳам Бекободдаги спорт мактаби кашф этган истеъдодлардан. Улар ҳозирда шахмат бўйича йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг сиёсий жасорати билан мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг дарсдан ташқари юмушлар, хусусан, қишлоқ хўжалик ишлари ва пахта ташвишларидан тўлиқ озод этилгани унинг фаолиятида ҳам катта бурилиш ясади.
Охирги икки ойда тумандаги 62 та мактабнинг спорт ва футбол майдонлари, спорт залларининг ҳолати пухта ўрганиб чиқилди. Зарур бўлган спорт анжомлари билан тўлиқ таъминлаш ташкиллаштирилмоқда. Бу эзгу ҳаракат давом этмоқда. Туман, вилоят, республика ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик ва саралаш ишлари қатъий назоратга олинди. Тумандаги барча мактаб кутубхоналарига 100 донадан жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара дурдона асарлари туҳфа қилинмоқда. Бу асарларни республиканинг кўзга кўринган таниқли шоир, журналист ва санъат намояндалари шахсан келиб, китобхонлик маданиятини тушунтирган ҳолда юксак ижодий муҳитда тақдим этишмоқда.
* * *
Бекобод тумани ҳокимлигидан амалий ёрдам олган фуқароларни суҳбатга тортдик.
“Шу кунга қадар тадбиркорлик қилиш учун кредит сўраб мурожаат қилмаган жойим қолмаган эди. Бу сафар ҳоким масалани бир мурожаатда ҳал қилди”, — деди Марғуба Аҳмедова.
Уста новвойлар авлодидан бўлган Марғуба Аҳмедова Бекобод тумани “Фарҳод” маҳалла фуқаролар йиғини “Боғбон” кўчасида истиқомат қилади. У тадбиркорликни кенгайтириш учун 100 миллион сўм кредит ажратишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Марғубахоннинг патирларига харидор кўп. Унга шогирд тушиш учун ҳар куни ёшлар мурожаат қилади. Аммо жой торлиги сабаб қўшимча ишчи кучи ололмайди. У патир нон ёпиб, ишчи сонини ошириш ва янги хамир қилиш ускунаси, тандирлар олиш мақсади борлигини айтди. Республика ишчи гуруҳи аъзоси Файзулла Ражабов, Бекобод тумани Халқ қабулхонаси мудири Улуғбек Болтаевлар тадбиркорнинг шароитини жойига чиқиб ўрганиб, “Халқ банки” томонидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб беришда кўмаклашдилар. Фуқаронинг розилиги олинди.
Туманнинг янги ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов қабулига келган Зафар шаҳарчаси, “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини, Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 1-уй, 4-хонадонда яшовчи, кўз касаллиги бўйича 1-гуруҳ ногирони Мухаматсоли Холиқбердиев “Мен қабулга кириб, ишим битмаса, қизим таълимдан четлаштирилса, нима қиламан, дея роса қайғуриб бордим. Йўлда қизимнинг тақдирини ўйлаб йиғладим. Минг шукр, илтимосим жойида қондирилди, қабулдан кулиб қайтдим”, деди. Қизи Наргиза Иброҳимова ибн Сино номидаги Бекобод Жамоат саломатлиги техникумида ўқиши учун контракт (йиллик 4 700 000 сўм) пулини тўлашда ёрдам берилди.
Шу йил 21 майда ўтган қабул чоғида “Янгибозор” МФЙ Навоий кўчаси 38-уйда яшовчи Нигора Усмонова, “Янги ҳаёт” МФЙ “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Дилноз Нормаева, “Ёшлик” МФЙ Олчазор кўчаси 86-уйда яшовчи Хумора Бердиёрова, “Ёшлик” МФЙ 4-Боғ кўчасида яшовчи Мадина Бердибоева ҳамда “Қолғонсир” МФЙда яшовчи Ўғилой Тоғаевалар ўз-ўзини банд қилиш ва оилавий шароитини яхшилаш мақсадида тикув машинаси сўраб қилган мурожаатлари жойида қаноатлантирилди. Ўша куниёқ ушбу аёлларга тикув машинаси берилди.
Бир ишни бошлаш учун устоз, мураббий ва иш қуроли бўлиши керак. Афсуски, баъзи тикувчиликни орзу қилган хотин-қизларимизга устоз ҳам, тикув машинаси ҳам топилмайди. Натижада орзулар орзулигича қолаверган. Тикув машинасида иш бошлаган хотин-қизнинг оиласи ҳеч қачон даромадсиз қолмайди. Шунинг учун туман ҳокимлиги иш қуроли сўраган мурожаатчиларни дастлаб ўқув марказида текинга ўқитиб, кейин тикув машиналари билан таъминламоқда.
Бекобод — барака ўчоғи. Бунда ишсиз, бекорчи, дангаса, берсанг ейман, урсанг ўламан, деб боқимандалик руҳида яшовчи бўлмаслиги керак. “Бекорчидан Худо безор” деб бежиз айтишмаган-да. Жамики салбий нарсалар, ишлар ҳам бекорчиликдан келиб чиқади. Иши бор, машғулоти бор одамнинг бетайин ишларга вақти ҳам, хоҳиши ҳам бўлмайди.
“Мен 83 ёшдаман, ҳақиқатни айтишга қўрқмайдиган нафақадаги шифокорман. Бекобод тиббиёт тизимида 40 йилга яқин ишлаган бўлсам, марказий шифохонасида 20 йилдан ортиқ бош шифокор бўлганман. Ҳокимимиз З.Низомиддинов биринчи навбатда оғир жарроҳлик йўли билан қилинадиган, катта маблағ талаб этадиган касалликларни даволатиш учун кам таъминланган беморларга республикамиздаги энг ихтисослашган шифохоналарга боришга ёрдам берди. У кишининг ташаббуси билан туман поликлиникаси ичида болалар поликлиникаси қурилиши бошлаб юборилди. Туман раҳбаримизнинг қурувчилар билан бирга тунука чойнакдан чой ичиб кетавериши, деҳқонлар билан Бекободнинг чанг шамолида қотган нону айрон билан тушлик қилиб, суҳбатлашиб завқланиши ёқди. Мен бундан таъсирландим ва фахрландим.
Туманимиздаги эл ҳурматида бўлган врачлар: Файзулла Мирзакаримов, Мавжуда Абдуллаева, Шоира Охунова, Раҳматилла Умрзоқов, Дилрабо Содиқоваларнинг устози эканимдан фахрланаман. Бир замонлар менинг шогирдларимни ҳам Ўзбекистонда маош кам деб, хорижга ишга чақирганлар бўлди. Улар бўлса ўзига илм берган, тиббиётнинг шарафли йўлига йўллаган устозларига, нон-туз берган элига вафосизлик қилмади. Мана, халқ эъзозида, замонавий шифохоналарда фаолиятини садоқат билан давом эттирмоқдалар”, деди фахрий шифокор Эркин Қодиров.
Бекободнинг умумтаълим мактабларида ёшларга ватанпарварлик, фидойилик, халқпарварликдан дарс бераётган қанчадан-қанча педагоглар, ўқувчисини ўз боласидек яхши кўрадиган устозлар, шогирдининг ютуқларидан меҳрибон отадек ғурурга тўладиган мураббийлар борлигини кўриб келдик. Оловқалб ёшларни тўғри йўлга йўллаётган, вужудида кимнинг қутлуғ қони борлигини англатиб турган олийжаноб устозлар борлигини кўриб қувондик.
Улар ҳақида ҳали батафсил ҳикоя қилиш ниятидамиз. Улардан сўз қарздормиз, яхши шеър қарздормиз. Шу ерда уларнинг ота-боболари от суриб ўтган, момоларининг гавҳар сочлари тўкилган. Она Ватанга оташин муҳаббат, қайноқ шижоат, жасурлик ва ғайратдан ғалаба туғилади. Унда-бунда ўзини кўрсатиб қўйиш эмас, балки бор куч-қудратини сафарбар этиш, керак бўлса, тоғни ҳам силтаб ўрнидан қўзғатадиган қатъият, сезгирлик, қарздорлик ҳисси бор бу эл фарзандларида. Зеро, ҳар қандай юртни обод қилиш унинг уйғоқ беклари зиммасидадир.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, шоира.
