Яна тарбиячи айбдорми?

Яқин қариндошим Олмалиқдаги давлат мактабгача таълим муассасасида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Ўз касбини севгани, болаларни яхши кўргани учун ишини ташлаб кета олмайди. Мени бир савол жуда ҳам қийнайди. Унинг олаётган маоши шундай касбини севиб ишлаши учун арзигуликми? Бугун 1,5 миллион сўм иш ҳақи рўзғор тебратиш учун етарлими? Ёки икки-уч ойда бир марта бериладиган 250 минг сўм атрофидаги рағбат пулига ҳозир икки кило сифатли гўшт ҳам келмайди-ку!

Ижтимоий тармоқларда ҳозирда жуда кўп боғча опалар болаларни уришган, эътиборсиз қолдирган лавҳалар тарқалиб туради. Баъзи болалар шундай шўх бўладики, ҳатто улар ўз ота-онасининг гапига ҳам кирмайди. Боғчада эса уларга тўғри йўналиш бериб, оддий танбеҳ бериб қўйса ҳам, ота-оналар келиб тарбиячининг устидан шикоят қилишади.

Тўғри, айрим боғчаларда болаларни уриб, бақириб “тарбия” бермоқчи бўлаётган ўз касбига нолойиқ тарбиячилар ҳам йўқ эмас. Аммо беш қўл баробар эмас-ку. Юзлаб, минглаб болажон опаларнинг бари бунинг учун “айбдор” бўлиб қолиши керак эмас.

Аввало, боғчага бола нима учун келади? Ота-онаси ишларини битириб келишини кутиб ўтириш учун мўлжалланганми боғча уларнинг назарида? Боласини олиб кетгани келган ота ёки онани кўрганда бола, албатта, боғчага ўргангунича йиғлайди, хархаша қилади. Уйдагиларни соғинади. Йиғлаб чиққанда уларга берадиган биринчи саволи: “Нима бўлди, болам, боғча опанг урдими сени?” Бу нарсани эшитган тарбиячилар қандай хижолат бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! Тарбиячилар, уларнинг ёрдамчилари болаларнинг тагини тозалайди, қўлидан ушлаб овқатлантиради. Биринчи қаламни ҳам улар тутқазади. Бола яна кейинги кун боғчага боради ва яна шундай аҳвол такрор рўй беради. “Кеча йиғлаганимда онам эркалатди”, деб яна йиғлайди! Яна тарбиячи айбдорми?

Шундай ота-оналар ҳам бор: “Боғча опангни қара, болам, сенга шундай нарса чизишни ўргатибди?” дейдиган. Тарбиячиларни болаларига меҳрибон қилиб таърифлайди. Бундай тарбия болани боғчага тез кўниктиради. Эртасига хурсанд бўлиб, боғчага ўз ихтиёри билан келишига ёрдам бўлади.

Мактабгача таълим муассасасидаги ишчиларга эътибор кам бўлишига қарамай, улар болаларда ўсиш ва ривожланишда, ҳаттоки тилларни ўргатишда ўз ҳиссасини қўшиб келадилар. Тарбиячилар кўпроқ эътибор ва тақдирлашларни ҳис қилсалар, ишларига бўлган муҳаббати ортади, болаларга ҳам яхшироқ хизмат қилади.

Мактабгача таълим муассасаларида иш шароитини яхшилаш, малакасини ошириш ва қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамиятга эга. Фақатгина бундай ёндашув билан биз болаларга ҳар томонлама ривожланиш имкониятини тақдим этган бўламиз. Тарбиячиларга эътибор болалар келажаги учун сармоядир, деб ҳисоблайман. Сизнинг фикрингиз қандай?

Нилуфар БАХТИЁРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

2-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + five =