Кўлами катта ишлар бўсағасида…

Президентимизнинг шу йил 19 июнда Қашқадарё вилоятига қилган навбатдаги ташрифи самимий мулоқотлар, унутилмас воқеаларга бой бўлди
Атрофга боқсангиз, ҳар куни ўзгариш, яна бир яхши янгиликка гувоҳ бўласиз. Кечаги кундан бугун яхшироқ яшамоқни, бугунидан эртаси яхши бўлишини ер юзида яшаётган ҳар бир киши истайди. Аммо ҳозирги шиддатли кечаётган замонда бу осон эмас. Бу ҳар бир соҳада ислоҳотни талаб этади. Ислоҳотки, рақобатбардош бўлмоғи керак. Ислоҳот учун тафаккур қилинмоғи, режа ва мақсадлар сари дадил одимлар зарур. Меҳнат маҳсули эса юқорида таъкидлаганимиз яхши яшамоққа олиб боради.
Яхши яшаш учун шинам уй, хотиржам оила давраси, болалар камолоти учун ишончли маскан талаб этилади. Буларни бирор оила вакили бир ўзи ярата олмайди. Бу бевосита жамият билан узвий боғлиқ. Сиз яшаётган жамиятда ўзгаришлар, янгиланишлар бўлаверса, сизнинг ҳам режаларингиз янгиланиб, ҳаётингиз яхшиланиб бораверади. Юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгилик, одамлар яшаш тарзининг янада яхшиланиб бораётганига гувоҳ бўлаcиз. Нафақат оила катталарининг, балки ёш авлоднинг ҳам орзу, режа ва мақсадлари аниқ. Бу мулоқотлар жараёнида тилга чиқади. Юрт раҳбарининг шу йил 19 июндаги Қашқадарё вилоятига ташрифи самимий мулоқотлар билан бошланди.
Қарши шаҳридаги “Alp texno servis” экспортчи корхонаси фаолияти жуда кенг. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида иш юритади. Қашқадарё вилоятида телевизор ишлаб чиқарилади, деса, биров ишонмас эди. Аммо бу — ислоҳотнинг натижаси. Ҳозир корхона хорижий “TСL”, “HOFFMANN” брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий “SMART” брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.
Давлатимиз раҳбари мулоқот давомида бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
— Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзод бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган. Ёшлар ҳам ўқиш, ҳам амалий жиҳатдан муносиб кадр бўла олишяпти.
Бу вилоятдаги ташриф давомида учрашув манзилининг биринчиси эди.
Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди. Йўлдаги суҳбатлар, атрофни кузатиш, холис бир назар солиш, режаларни қайта кўздан кечириш, ғояларни муҳокама қилиш, шу ҳудуд одамлари фикрини эшитиш, улар учун қандай қилса янада яхши бўлишини билиш, бир сўз билан айтганда, дардини эшита олиш фурсатлари бўлди. Бу ҳам йўловчи бўлиш, ҳам юртимизга келган хорижий меҳмонларнинг нигоҳи билан қарашни англатди. Зукко раҳбар фурсати билан йўлда ҳам, поездда ҳам фикрлашади, уларга ғоялар беради, мақсадларни аниқлаштиради, масалаларни муҳокама қила олади. Биз буни катта ҳаяжон билан кузатиб турдик.
Масалалар юзасидан топшириқлар берилди. Бугун бу топшириқлар бўйича Қашқадарёда амалий ишлар бошлаб юборилган.
Юртбошимиз ташриф буюрган кейинги манзил Шаҳрисабз шаҳридаги кўп тармоқли кардиология маркази бўлди. Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган “Оқ сарой” клиникаси яқинда ишга тушди. Бу ерда 4 та жарроҳлик ва 6 та реанимация хоналари, 100 дан ортиқ шифо ўринлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган. Бунинг учун Россия, Туркия ва Қувайтдан малакали шифокорлар ишга жалб этилган. Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби даволар самараси юқори.
Марказ юқори аниқликда ташхис хизмати ҳам кўрсатади. Масалан, замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона. Сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш соҳада инновациянинг қанчалик натижадорлигини кўрсатмоқда.
— Бу ердаги тизимни андоза қилиб олиб, 14 та ҳудудимизда шундай клиникалар ташкил этиш зарур. Бунга қанча маблағ керак бўлса, топамиз. Фақат замирида халқимиз учун кафолатланган сифатли даво бўлиши лозим. Муқобиллик, рақобат бўлмаса, сифатга интилиш бўлмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга бу борада таклиф тайёрлаш, клиникаларни бирламчи бўғин ва тиббий суғурта тизими билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шифохонада 130 та иш ўрни яратилган. Яна бир жиҳати, малакали мутахассислар тайёрлаш учун шу ернинг ўзида клиник ординатура йўлга қўйилган.
Президентимиз бунга алоҳида аҳамият қаратиб, талаба ва шифокорларнинг малакасини ошириш, хорижлик мутахассислар билан телемедицинани кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Марказ томонидан мобиль диагностика машиналари йўлга қўйилган бўлиб, чекка ҳудудлардаги аҳолига УТТ, МСКТ, ЭКГ каби тиббий хизматларни кўрсатади. Яна бир ислоҳот. Тасаввур қилинг, уйидан, рўзғоридан, дала ишларидан, чорвадан вақт ажратиб, дўхтирга боролмаган кишининг ёнига мобиль диагностиканинг ўзи келиб турса, бундан у албатта унумли фойдаланади. Ўзи ҳақида қайғуради. Унинг саломатлигини ўйлаган, ғамхўрлик қилаётган давлатидан миннатдор бўлади. Бу ҳам Қашқадарёда шу кеча-кундузда олиб борилаётган ислоҳотлардан.
Президент Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам бўлиб, у ердаги янгиланишлар билан танишди.
Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массиви кўрган кўзни қувонтиради. 18 гектар майдонни эгаллаган массивда 54 та беш қаватли уй қурилган. Бу 1 минг 400 та хонадон аҳолига тақдим этилади. Бу ҳудудни ўзингиз келиб кўрмасангиз бўлмайди. Замонавий архитектура, инфратузилманинг қулайлиги шундоқ кўриниб турибди. Озода, кўркам, батартиб биноларнинг болалар майдончалари ва автотураргоҳлари бор. Бу болалар майдончаларида ўзимизнинг болажонлар ўйнайди, дўст бўлади, улғаяди. У ҳам шу Ватанга фидойи инсон бўлиб хизмат қилади. Қайтар дунё, дейишади-ку. Яхшиликни, гўзалликни кўрган, яхшиликдан сув ичган инсон, албатта, қалбан яхши инсон бўлади. Мен бунга ишонаман.
Ҳудудда қурилган уч қаватли “Экобозор”да маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиш имконига эга. Бу эса ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан одамларга маъқул бўлмоқда. Бозорда 640 та иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу экобозорда яратилган шароитларни кўздан кечирди, сотувчи ва харидорлар билан мулоқот қилди.
— Бозорлар тўкинлик, фаровонлик ва халқнинг маданиятини кўрсатади. Яккабоғда шундай обод маскан бунёд этилгани қувонарли. Халқимизнинг харид қобилияти, бозор маданияти ошяпти. Шунга муносиб бундай қулай савдо марказларини кўпайтириш керак, — деди Президент.
Ҳудудда энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизлик таъминланган. Қандай дейсизми? Массивдаги инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилган.
Аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Хусусан, сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда сервис нуқталари ягона концепция асосида барпо қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг яна бир учрашув манзили Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик ҳудудлари бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарори асосида Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Жумладан, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда. Умумий 240 гектар майдонда 400 миллион долларлик 117 та лойиҳа амалга оширилаётир. Бунинг натижасида эса 1 минг 700 та доимий иш ўрни очилади. Катта рақамлар, катта ишлар ортида катта меҳнат турибди. Катта довонларни ошиб ўтаётган Қашқадарё бу.
Бугун Миракидаги ўзгаришлар мазкур қарор ва туризм бўйича ўтказилган йиғилишлар, олиб борилган самарали меҳнат натижаси. Бу манзил яхлит туризм кластерига — “Мираки” халқаро туризм марказига айланди.
Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда юриш учун ўн километрлик “эко йўлак” ташкил этилган. Болалар майдончаси, кўнгилочар боғ, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳамда кўчма савдо шохобчалари маҳалла кўркини оширган.
— Шаҳрисабзнинг устун тарафи — йил давомида саёҳатга келиш мумкин. Бунинг учун йўл, коммуникация, меҳмонхоналар қуряпмиз. Энди хизмат турларини кўпайтиришни ўйлаш керак. Масалан, Миракига келган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай кенг қулайликлар Қашқадарёга келувчи сайёҳлар сонини оширади. Келган сайёҳ учун ҳам, Ватан ичра сайр қилган юртдошимиз учун ҳам ўзгаришлар хурсандчилик олиб келади. Атрофни кузатиб, саёҳатга борган кишининг баҳри-дили очилса, албатта, бу манзилга такрор келади. Таассуротларини дўстларига айтади. Борган манзилидан, юрган йўлидан рози бўлади. Бу ободликлар бир кунда яратилмади. Бунинг ортида қанча меҳнат, ислоҳот бор.
Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидроэлектр станциясини кўздан кечирди. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.
Давлатимиз раҳбарига дарё сувидан энергия олиш бўйича келгуси режалар ҳақида ахборот берилди.
Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Истиқболдаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.
Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Азиз замондош, Италия, Франциянинг ландшафтли боғлари, қир-адирларидаги токзорларини кўрганмисиз? Ўшандай ҳудуд Шаҳрисабзда бор.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида ушбу агротуризм мажмуасини бориб кўрди.
Мажмуа 520 гектардан иборат бўлиб, адирлик қисмида “терраса” усулида узум, гилос ва олма экилган ҳамда ўрмон барпо этилган. Франциядан энг сара навлар олиб келинган.
— Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин, — деди Президент.
7,5 минг тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг экспорт қуввати 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сирлари ва бозор талабларини ўргатади.
Ҳудудда, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологистика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.
Мутасаддилар бундай боғларни кенгайтириш, бошқа тоғли туманларда ҳам ташкил этиш режалари ҳақида айтди. Давлатимиз раҳбари суғоришни ташкил этиб, боғларни аҳолига бўлиб бериш, одамларга даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берди.
Бир ниҳол экиб, унинг дарахт бўлиши заҳматини боғбондан кўра ҳеч ким яхшироқ билмаса керак. Бутун бир мевали дарахтларнинг сара навлари, боғдорчилик ҳамда илм билан яратилган яшил манзарани кўрган кишининг қойил қолишдан бошқа имкони йўқ.
Юртимизда жадал ривожланиш дастурига кирган туманларда “Ислоҳотлар штаби” тузилмоқда. Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар бунда тайёр андоза эканлиги қайд этилди. Энди шундай штаб Қашқадарёда ҳам бўлиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Юрт раҳбарининг ҳар бир вилоятга сафари ана шундай изчил, долзарб масалаларга ечим бериш, янги ғоялар, юксалишни рағбатлантириш, келажак учун янги одимлар ила кечади.
Кўлами катта ишлар олдида турибмиз. Ислоҳотлар самараси ўзини кўп куттирмайди. Бу одамларимиз турмуш шароитининг яхшиланишига олиб келади.
— Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда режалаштирган ишларимиз кўп. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олийжаноб вилоят аҳли билан олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилинди. Мулоқотки, самимиятга йўғрилган.
Ташриф барча соҳа вакиллари қатори биз ижодкорларни ҳам илҳомлантирди. Биз ҳам ўз ишларимиз сарҳисобини қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ҳар йили қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда йил давомида уюшма ташаббуси билан 200 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий танловлар ва янги китоб тақдимотлари ўтказиб келинади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими қошида 11 та ижодий тўгарак очилган. “Қашқадарё илҳомлари”, “Истеъдод чорлови”, “Насаф оқшомлари”, туманларда “Абдулла Орипов издошлари”, “Митти булоқлар”, “Қаламкашлар”, “Насаф илҳомлари”, “Умид учқунлари”, “Ёш қаламкашлар”, Қарши давлат университети қошида “Ёш ижодкорлар” деб номланган адабий тўгараклар фаолият юритмоқда.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида “Юзма-юз” ижодий тўгараги ташкил қилинган. Тўгарак аъзолар сони 162 нафардан иборат. Машғулотлар бир ойда икки маротаба ўтказилади.
Тўгараклар фаолияти давомида вилоят ижодкорларининг ижод намуналари таҳлил қилинади, сараланади. Камчиликларни тузатиш бўйича тавсиялар берилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида шу кунгача Бўритош Носированинг “Армуғон”, Хосият Лутфуллаеванинг “Эъзоз абадияти”, Лола Ўроқованинг “Қўнғироқ”, Неъмат Арслоннинг “Ёзувчи учун атир”, Иброҳим Муҳаммаднинг “Денгизга термулган қиз” ва Жамшид Ҳақбердиевларнинг китоблари чоп этилди.
Ҳудудий бўлим ташаббуси билан ҳар йили қатор бадиий китоблар нашр этиб келинмоқда. Жумладан, 2025 йилда тўгарак аъзоларининг “Қашқадарё ёшлар баёзи”, Мурод Зариповнинг “Қалб ёғдуси”, Даврон Султоннинг “Мактуб”, Шуҳрат Саййиднинг “Юртим ёхуд жадидлар”, Дилфуза Норматованинг “Орзулар йўли”, Хуршида Шаропованинг “Юракка йўл” ҳамда Латофат Амированинг “Йўловчи” деб номланган китоблари нашр қилинди. 2022 йилдан ҳозирга қадар 52 нафар ижодкорнинг китоблари нашрга тайёрланиб, ўз маблағлари ҳисобидан нашр қилинди.
Республика ёш ижодкорларининг Зомин анъанавий семинарида иштирок этиш истагида бўлган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Биргина 2024 йилда 51 нафар ёш ижодкор ҳужжат топширган бўлса, жорий йилда бу рақам 67 нафарга етди.
Олти нафар қашқадарёлик ижодкор-ёшлар Шоҳруҳ Усмонов “Тадорик”, Зикрилла Маматов “Умидли дунё”, Гулсевар Умрзоқова “Ёмғир”, Дурдона Бобомуродова “Маҳзуним”, Бибигул Адиева “Хаёл кемаси”, Муҳаммадали Ғаффоровларнинг “Ишқ сафари” номли илк китоблари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси дастурида 10 минг нусхада чоп қилинди.
Бундан ташқари, Зомин семинарига, икки йилдирки, квота асосида Президентимиз ташаббуси билан Абдулла Орипов ижод мактабидан ҳам 5 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этиб келмоқдалар.
Қувонарлиси, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг адабиёт йўналиши бўйича Роҳилабону Ғўччиева (2022), Маъмура Тўраева (2023) ҳамда Мадина Муҳаммадризаевалар (2025) ушбу юксак мукофотга сазовор бўлдилар.
Абдулла Орипов ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари томонидан ҳар йили 15 га яқин маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан бевосита ҳамкорлик асосида вилоятимиздаги ҳарбий қисмлар ва “Темурбеклар мактаби”да ҳам 40 га яқин ижодий учрашувлар, китобхонлик тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида йил давомида вилоятдаги “Оилавий меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари билан ҳар ойда бир марта учрашувлар ташкил этилиб, уларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, болалар ҳолидан хабар олиб келинмоқда, китоблар совға қилиняпти.
Вилоят бўлимида қардош халқлар адабиёти вакиллари билан халқаро адабий-бадиий алоқалар ҳам кенг йўлга қўйилган. Қозоғистон, Қирғизистон ва озарбайжонлик шоир ва ёзувчиларнинг асарлари жамланган “Қозоқ-ўзбек ижодкорлари”, “Қирғиз-ўзбек ижодкорлари” антологиялари икки тилда чоп этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан уюшма аъзолари Дилрабо Бобоқулова, Норқизил Кенгбоев, Ҳафиза Эгамбердиева ва Иброҳим Пайдоевларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳар йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан вилоят бўлимига ажратиладиган 2 мингга яқин адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий китоблар йил давомида ўтказилган тадбирларда иштирокчиларга бепул тарқатилади.
2021 йилгача вилоятимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сони 34 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда аъзоларимизнинг сафи бир баробарга ошиб, 62 нафарга етди.
2025 йилда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими фаолиятини янада ривожлантириш учун бир қатор режа-дастурлар ишлаб чиқилган.
Жумладан:
– “Яшил макон” умуммиллий давлат дастурига асосан вилоятимизда яшаб ижод қилаётган шоир-ёзувчилар ва ижодкорларнинг маънавий ҳордиқ олишлари ва турли танловлар, “Насаф оқшомлари” мушоира кечаларини ўтказиш учун “Ижодкорлар боғи”ни ташкил этиш;
– вилоятимизда яшаб ижод қилган ва ижод қилиб келаётган таниқли адиб ва шоирларнинг ижодий меросини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида мактаб ўқувчилари, талабалар ва ижодкорлар ўртасида “Адабиётимиз ифтихори” номли адабий танлов ташкил қилиш;
– иқтидорли ижодкор ёшларни маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг китобларини чоп этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
– вилоят бўлими ташаббуси билан Қарши шаҳридаги маҳаллаларда янги лойиҳа — кутубхоналар ташкил қилиш мўлжалланган.
Режаларимиз бисёр. Президентимиз қўллаб-қувватламоқда, элимизга зиё, маърифат улашишга муносиб ҳисса қўшиш, маънавияти бой халқимиз билан миллий анъаналаримизни қадрлаган ҳолда жаҳонга чиқмоқ, адабиёт билан, сўз билан қадр топмоқ асосий мақсадимиздир.
Ғулом АБДИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси Қашқадарё вилояти
бўлими раҳбари.