Сув келтирган – элда азиз!

Жийда гуллаганда…
Наманган гуллар шаҳри, гуллар диёри. Гулга термилган киши завқ олади, ором топади. Гул билан ҳаёт ҳам гулгун. Мустақилликнинг дастлабки йиллари вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган таниқли давлат арбоби, ибратли умри билан эл назарига тушган Ботирали Ҳакимовнинг айтишича, Наманганни гуллар шаҳрига айлантиришда Назир Ражабовнинг хизматлари беқиёс бўлган экан. Гулга шайдо кўнгилли инсонлар орасида фозилларга хос ҳаёт кечириб, мудом яхшиликларга шошилиб, ўзидан гўзал хотиралар қолдириб кетган олим Носир Отахонов номи ҳам эсга олинади. Унинг қадами теккан жой борки, гулзорга айланган.
Таниқли адиб, раҳматли устозим Мақсуд Қориев дала ҳовлисида ҳам гуллар кўп бўларди. Бир сафар жийда гулига қараб деганлари ҳечам ёдимдан чиқмайди: “Онамнинг ҳикоя қилишича, жийда гуллаганида ифорлари Маккаи Мадинани зиёрат қилиб келар экан…” Менинг назаримда ҳам жийда гулидаги гўзаллик, ифоридаги муаттарлик бошқа ҳеч бир гулларда йўқ.
Икки ҳафта аввал Наманганга борганимизда нафақат гуллардан баҳра олдик, жийдалар кўплигидан гўзал ва бетакрор жийда гулларининг ифорига ҳам тўйдик. Айниқса, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тармоқлари атрофларидаги яшиллик билан яқиндан танишганимизда, адирлик ва ялангликлар ён бағирларидан эсаётган майин шаббода билан таралаётган жийда гулининг ҳидидан димоғимиз чоғ бўлди.
Сув — илоҳий неъмат
Сув Яратганнинг бебаҳо, мўъжизавий неъматидир. Сув бор жойда боғлар болга тўлади. Жамики жонзот сув билан тирик.
Ҳозирги кунларда ер юзида миллионлаб одамлар сув дея жон бераётган, юз миллионлаб инсонлар сувсизликдан азият чекаётган, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик сувига зор эканлигини ўйлаганда юрак орқага тортиб кетади. Катта Наманган магистрал каналидан оқаётган обираҳматга қараб, шунақанги сув неъмати бисёр ўлкада яшаш насиб этганидан Аллоҳга шукур дейсан.
Катта Наманган магистрал канали бошқармаси бошлиғи Исмоил Ҳошимов ва унинг ўринбосари Мирзоид Мирзакаримов ҳамроҳлигида узунлиги 152,3 километр бўлган каналнинг Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон, Янги Наманган, Косонсой, Давлатобод, Тўрақўрғон ва Чуст туманлари ҳудудидан ўтган қисмидаги гидротехник иншоотлар билан танишиб чиқдик.
— Канал қурилганига келгуси йили эллик йил бўлади, – деди канал бошқармаси бошлиғи Исмоил Ҳошимов. — Сувчининг ўғлиман, раҳматли отам Ҳакимжон Ҳошимов сув хўжалигининг кўзга кўринган таниқли мутахассисларидан, шу каналнинг бунёдкорларидан бўлган.
Ҳакимжон Ҳошимов ҳақида Наманган нуронийларидан кўп яхши гаплар эшитганлигимни фарзандига билдириб қўйдим. Келгусида у кишини хотирлаб мақола ёзиш ниятим борлигини айтганимда, Исмоил Ҳошимов хурсанд бўлиб кетди.
Каналнинг тупроқ ўзанли, бетон қопламали, лоток тармоқли қисмларидаги сув тўсувчи, сув олувчи, гидропост, акведук, дюкер, кўприк каби гидротехник иншоотлари фаолияти ҳақида маълумотлар олдим.
Каналнинг тўртинчи бўлимига қирқ ёшлар чамасидаги Шерзод Ҳомидов бошчилик қилар экан. Бўлимга яқинлашганимизда, ўттизга яқин қўй-қўзилар ўтлаб юрган экан.
— Канал бошқармасининг олтита бўлими бор, – деди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Миршоид Мирзакаримов. — Улардаги ўн иккита гидроучасткада ишловчи 131 нафар ишчи-хизматчиларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 16 бош қорамол, 265 бош қўй, 96 та қуён, 1765 та парранда боқилмоқда. Шифобахш асал етиштириш учун 70 қути асалари парвариш қилинмоқда. Қирқ сотих майдонда иссиқхоналар қурилган.
Анча вақтлардан буён канал қирғоқ минтақаси атрофларидаги бўш турган ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланиш натижасида жамоада меҳнат қилаётган ишчи ходимларга озиқ-овқат, гўшт, сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштириб, бепул тарқатиш имконияти йўлга қўйилгани савобли иш бўлибди.
Сув тежамкорлиги – Президентимиз сиёсати
Сувни тежаш ҳамда сув хўжалиги объектларини модернизация қилишни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам жуда аҳамиятли. Бизга тақдим этилган маълумотномадаги 2024-2025 йилда 9,8 километр узунликдаги канал бетонлаштирилгани ҳақидаги рақамлар билан танишар эканман, беихтиёр болалик хотираларим ёдимга тушди. Мен туғилиб вояга етган Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон тумани Нуробод қишлоғи ҳудудидан Жанубий Фарғона канали оқиб ўтади. Минг тўққиз юз саксонинчи йилларнинг бошларида каналнинг икки тарафида турли хил баланд-баланд дарахтлар бўларди. Дарахтлар тагидаги кўм-кўк майсаларда одамлар ўтириб дам олишарди. Сув ҳам сокин оқарди. Ёз ойларида бўш қолдик дегунча каналда чўмилардик.
Бир сафар Тошкентдан қишлоққа борсам, фарғоналиклар икки қирғоқ бўйидаги юзлаб дарахтларни кесиб, канални бетонлаштираётган экан. Жудаям хафа бўлгандим. Қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, ўша дарахтлар жозибасини, атрофдаги яшилликни қўмсаб тураман…
Мутахассисларнинг тадқиқот натижаларига кўра, каналлар бетонлаштирилса, қирқ фоизгача сув тежалар экан. Бошқарма бошлиғи Исмоил Ҳошимов аниқ далиллар билан, йилдан йилга сув танқислиги сезилаётган бугунги даврда бу тажриба зарур чоралардан бири эканлигини билдирди.
Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Ризаев билан Уйчи тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси биносида учрашдик. Суҳбатимиз сув хўжалиги тизимидаги янги ташаббуслар, илғор технологияларни жорий этиш натижасида тежамкорлик билан сувни иқтисод қилиш мавзусида бўлди.
— Бугунги кунда вилоятимизда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Жаҳонгир Ризаев. — Бугунгача 4,1 минг гектарда томчилатиб, 1,4 минг гектарда ёмғирлатиб, 122 гектар майдонда дискритли суғориш тизими жорий этилди. 6,2 минг гектар майдонларда эгилувчан қувур ва эгатларга плёнка тўшаб суғориш ишлари йўлга қўйилди. Соҳани рақамлаштириш замон талабидир. 368 та сув хўжалиги иншоотларида “ақлли сув”, 122 та мелиоратив қудуқларда “дайвер” қурилмаси ўрнатиш режалаштирилган. Вилоятдаги кластер ва фермер хўжаликларининг 1506 километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сув хўжаликлари объектлари қирғоқлари бўйлаб 12,9 минг туп тут, 430 минг туп терак, 217,9 минг туп бошқа турдаги дарахт кўчатлари экилди.
Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан амалга оширилган ижобий ишлар хусусида яна узоқ сўз юритиш мумкин. Аммо гапимизни мухтасар қилиб, уни тармоқ азаматларига қарата айтилган ҳикмат билан якунлаймиз: “Сув келтирган — элда азиз!”
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
“Hurriyat” мухбири.