Олтин зангламас

ёхуд Олмалиқ кончилари даврасида бир кун

Икки ёшга кираётган набирам Самияга дадаси бир неча мисқол тилласи бор сирға совға қилибди. Жажжи бармоқчалари билан сирғани ушлаб “дода таққа”, “дода таққа” деб хурсанд бўлганини кўрсангиз! Болажонларнинг ҳам кўзини қувонтирадиган, хотин-қизларимизнинг оромини ўғирлайдиган олтин қандай дунёга келиши ҳақида улуғ ёшда бўлсам ҳам шу пайтгача ҳечам ўйламаган эканман…

Хизмат тақозосига кўра яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг кон, завод ва фабрикаларида бўлиб, ер қаъридан маъданлар қандай қазиб олиниши-ю, уларнинг қандай усулда ажратиб олиниши жараёнлари билан танишиш насиб этди. Замин бағридан ажратиб олинаётган хомашё саноқсиз чиғириқлардан ўтиб, олтин-мис бўлгунича бир минг уч юз даражадан юқори оташларда, оташ бўлганда ҳам қуёш янглиғ оловларда эриб-эриб тобланар экан.

Ёдингизда бўлса, “Hurriyat” газетасининг 2025 йил 9 июль сонида “Тупроғи зар, маъданим маним” сарлавҳали мақолада “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла Хурсановнинг фазилатлари, раҳбарлик салоҳияти ҳамда жамоада қўлга киритилган улкан зафарлар ҳақида ҳикоя қилгандик. Мамлакатимизда катта салоҳиятга эга катта корхона раҳбари билан суҳбатлашиш жараёнида у кишининг тавсияси билан комбинат заводлари ва фабрикалари жамоалари вакиллари билан ижодий мулоқотлар ўтказгандик. Қуйида ана шу таассуротлар билан ўртоқлашмоқчимиз.

Ишчи-хизматчилар, инженер-техник ходимлар билан учрашувларда бизга ҳамроҳлик қилган, даврага қайноқ руҳ киритган комбинат вакиласи ҳақида қайд этишни вожиб деб билдим. ОКМК акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Камола Умаралиева ушбу катта даргоҳда фаолият кўрсатиб келаётган ижодкор бўлиши билан бирга, комбинат ўтмишини чуқур биладиган, журналист аҳлига ҳурмат-эътибори баланд ва яна энг муҳими, маънавиятли аёл экан. Ижодий учрашув жараёнларида ишчи-хизматчилар, инженер-техник ходимларнинг Камола Умаралиева билан ўзаро муносабатларидан сезилиб турибдики, у жамоа орасида обрў-эътибор топган, муомала маданияти ва камтаринлиги билан ҳурматга сазовор бўлган мутахассис экан.

Мис бойитиш фабрикаси “Олмалиқ КМК” АЖ таркибига кирувчи асосий корхоналардан бири. 2-Мис бойитиш ва 3-Мис бойитиш фабрикаларига олиб борувчи йўлнинг икки томони яшилликка бурканибди. Турли хил манзарали дарахтларга, алвон гулларга кўзингиз тушди дегунча дилингиз яйраб кетади.

Кучайтирилган тартибдаги қўриқчилар текширувидан ўтиб, 2-Мис бойитиш фабрикаси маъмурияти жойлашган бинонинг юқори қаватидаги залга кирдик.

Узун давра атрофига йиғилган — кўпчилиги ёшлар ҳисобланган фабрика вакилларига комбинат конларида ишлаётган азизларнинг меҳнат шижоатини кўриб, ҳайратланганимни гапириб бердим.

— Сизлар мамлакатимизнинг бахти кулган, омади чопган ўғил-қизларисиз, – дейман. – Нафақат Тошкент вилоятида, қўшни вилоятларда яшовчилар ҳам ушбу комбинатда ишлашни орзу қилишади. Сизларга яратилган шарт-шароитлар, ижтимоий ҳимоя пойтахт корхоналарида ҳам кам топилади. Комбинатингизнинг атрофларини қаранг, боғлар, гулларга бурканиб кетибди.

Суҳбат чоғи эътиборимни паҳлавон келбатли жилмайиб турган йигит тортди. У тегирмонлар машинисти Ислом Ҳайдаров экан.

— Ёш мутахассис экансиз, уйланганмисиз? — дея сўрадим ундан.

— Насиб этса, кузда тўй қилишмоқчи.

— Келин бўлмиш аниқдир?

— Худо хоҳласа, топилиб қолар, уйдагилар ҳаракат қилишяпти.

— Иболи, ҳаёли, ота-онасининг дуосини олган қиз насиб қилсин, — деб унга самимий тилак билдирдим. — Ўшандай бўлса, келин турмуш ўртоғининг ҳам, қайнона-қайнотасининг ҳам қадрига етади-да! Айтасиз, насиб этса, тўйингизга гилам кўтариб келамиз.

— Ҳофизимиз ҳам ўзимиздан, — деди фабрика хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Малоҳат Достова. — Ёнғин хавфсизлиги муҳандиси Бекмирза Жанибековнинг ширали овози бор, тўйни ҳам қиздиради.

Суҳбатларнинг хайрлиси ота-оналар ҳақидагисидир. Афсус, замона зайли билан интернет орқали “Ғарб маданияти” шиддат билан кириб келиб, кўплаб навқирон ёшларимизнинг ахлоқ-одоби, исломий ҳаёт тарзи, маънавияти заҳарланди, эътиқодлари сустлашди. Узоқ авлодларимиздан мерос бўлиб келаётган ота-оталарга ҳурмат борасидаги муқаддас анъаналар давомийлиги хавф остида қолди. Хайриятки, она деса, ота деса меҳрдан, муҳаббатдан қалбини титроқ босадиган фарзандлар бор.

Малоҳат Достова ота ҳақида шеър ўқиганида, рўпарамизда у меҳри дарёдек тошқин, нигоҳлари тиниқ, ота-она дуосини олган саодатли фарзанд бўлиб гавдаланди:

 

Эголмас бошимни синовлар,

Шерикмас юрагим аламга.

Мен учун ўрнакмас бировлар,

Дадамга ўхшайман, дадамга.

 

Омадни қидирсам, ёнда бор,

Шижоат, дадиллик жонда бор.

Қонда бор, биродар, қонда бор,

Дадамга ўхшайман, дадамга.

 

Менда бир яхшилик кўрсангиз,

“Ким экан бу?” дея сўрсангиз,

Айтайми билмоқчи бўлсангиз,

Дадамга ўхшайман, дадамга!

 

Бундай таъсирли шеърни тинглаганлар беихтиёр гулдурос қарсаклар билан олқишлашди.

У ҳаётий ҳикоясини ҳам айтиб берди:

— Онам қорамағиздан келган, қош-кўзлари тим қора аёл. Кунлардан бир куни қўлидаги оппоққина, кўзлари кўм-кўк чақалоғи билан автобусга чиқади. Ногаҳонда чақалоққа кўзи тушган киши онамга қараб: “Синглим, мабодо шу болачанинг дадасининг исми Ортиқбой эмасми?” деб сўрайди. У дадам билан Россия ўлкаларида армияда бирга хизмат қилган дўсти бўлиб чиқади. Хизматдоши дўстининг қизини кўзидан ўхшатиб топишиб олишади. Улар ҳозиргача борди-келди қилиб туришади. Шунақа, кўзим ҳам, ўзим ҳам дадамга ўхшайман, дадамга!

— Шеърни ўзингиз ёзганмисиз?

— Йўқ, лекин инстаграмда ўқиб ёдлаб олгандим…

— Исломбекнинг тўйида шу шеърни куйга солиб, қўшиқ қилиб айтиб берасиз-а! — дейман Бекмирзага юзланиб. — Клип қилса ҳам гўзал чиқади-да!

Ижодий учрашувимиз кекса нуронийларнинг, ота-онанинг, қайнона-қайнотанинг хизматларини қилиб дуоларини олишга эришган ёшлар мавзуси билан қизиб кетди.

Чап томонимиздаги қаторда ўтирган ёши ўттизга етиб-етмаган синглимиз сўз сўради.

— Айтганларингиздан жудаям таъсирланиб кетдим, — деди ўзини тегирмонлар машинисти деб таништирган Малика Бегимова.

У бахтиёр оиласидан фахрланишини ҳаяжонланиб гапирди. Қайнона-қайнотасини ўзининг ота-онасидек кўриб, чин дилдан ҳурмат қилгани боис, бахт-фароғат топганини, уларнинг дуолари туфайли оиласига барака кирганини, турмуш ўртоғининг меҳрига эришганини айтиб берди.

— Исмингиз жисмингизга монанд келибди, бахтиёр оилангизнинг ҳақиқий маликаси бўлибсиз!

Сўзларимни тинглаб, Маликанинг кўзлари қувончдан ёнди. Даврада ўтирганлар ҳам унга ҳавас билан боқишди. Маликалар бор бўлсин, бахтиёр оила бахтига, илоҳо, кўз тегмасин!

* * *

3-Мисни бойитиш фабрикасига кираверишда бизни бош инженер Исломжон Умаралиев кутиб олди. Фабрика ҳудудига кириш учун махсус текширувлардан ўтишга тўғри келди. Бу тартиб тушунарли, албатта. Фабрика маъмурий биносига қараб кетаверишда атрофдаги манзара файзу таровати кўзимизни қувонтирди. Ҳар қадамда гуллар, гулзорлар.

Ижодий мулоқотимиз бошланишидан аввал фабрика директори Бахтиёр Ваққосов билан учрашдик. У бизни нафақат газета журналисти, балки уйига келган азиз меҳмондек самимият билан кутиб олди. Келгусида ҳам ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга аҳдлашиб олдик.

Мажлислар зали ихлосмандлар билан тўлган. Йиғилганлар нигоҳини мажлисхона тўрида ўтирганлардан узмайди. Ҳамроҳимиз Камола Умаралиева йиғилганларга бизни таништириб, маънавий-маърифий суҳбатга келганимизни билдирди.

Аввалдан режалаштирилган учрашув бўлмагани боис, йиғилганлардан суҳбатни нима ҳақда бошлашни сўрадим. Залнинг чап томонида ўтирган йигит “ҳалоллик ҳақида” деган таклифни берди.

— Ҳалол луқма емоқлик, ҳалол гапирмоқлик, ҳалол жуфт бўлмоқлик инсоний фазилатларнинг энг гўзалларидандир, — дедим дилимга келганларини айтар эканман. — Ота-боболаримиз, она-момоларимиз, аввало, ҳалол бўлишни уқтириб келганлар. Бугун жудаям бахтим кулган кун экан, сиздайин касбидан ҳалол ризқ топаётган фидойи инсонлар билан бир даврадаман. Ҳалол меҳнатдан ҳориб ухлаган инсоннинг уйқуси ҳам ибодатдек гап дейишади.  Ҳалол яшаш лаззатини фақат ҳалол яшаётганлар билади. Бу фақат Аллоҳнинг суюкли бандаларигагина насиб этадиган неъмат. Ўзларингиз биласизларми-билмайсизларми, сиз азизларга ҳамма ҳавас қилади. Негаки, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”да ишлашни хоҳлаганларнинг барчасига ҳам насиб қилавермайди. Яна бир бахтингиз, бугунги кунда адолат билан иш юритадиган, ҳалол ишлайдиган мутахассисларни қадрлайдиган, соҳа сир-синоатларини яхши биладиган, мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиёти йўлида фидойи мутахассис Абдулла Хурсановдек инсон комбинатга раҳбарлик қилаётганидир.

Оғир-вазмин ўтиришидан, ёши улуғлигидан пайқадимки, яқинроғимиздаги киши тажрибали мутахассис бўлса керак. У кишини суҳбатга тортдим. Адашмабман. Маҳмуджон ака Холмуродов сульфат корхонанинг кислота ишлаб чиқариш цехида участка устаси бўлиб ишлар экан.

— Тажрибали мутахассисга ўхшайсиз, пенсияда бўлсангиз кераг-а? — дея уни гурунгга чорладик.

— Ёшим олтмиш тўртда, — деди Маҳмуджон ака. — Пенсияга чиқсам ҳам ҳалиям ишимни давом эттиряпман.

Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи бошлиғидан олинган маълумотга қараганда, Маҳмуджон Холмуродов қирқ етти йилдан бери комбинатда ишлар экан. Ўн саккиз ёшида марказий таъмирлаш техника заводига токар бўлиб ишга кирган. Ўндан ортиқ шогирдлари ҳам тажрибали мутахассис бўлиб комбинатда танилибди.

— Умрингиздан, ризқингиздан барака топган инсон экансиз, — дедим унга. — Яхши ният билан бир қўзичоқ боғлаб қўйинг, бир йилда қўчқор бўлади. Шу даврада ўтирганларга бир дастурхон ёзасиз. Келгуси йили октябрь ойида олтмиш беш ёшингизда шукрона кунингизда Олмалиққа келиб, алоҳида табриклаб кетамиз. Сиз ҳақингизда газетамизга мақола ёзамиз, насиб этса…

Даврамиз бир жонланиб олди. Яхши ният — ярим давлат. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Таклифимизни қаторимизда ўтирган фабрика бош инженери Исломжон Умаралиев ҳам қўллаб-қувватлади.

Этакроқдаги ёш ишчилардан бири эса устозларига ҳавас қилиб ўтирганини айтиб, улар сингари уста мутахассис бўлиш ниятини билдирди. Яна бир ишчи хонадонларимиз фаришталари бўлган қариялар ҳақидаги ибратли ҳикоямиздан ҳикмат олди, шекилли, “Ҳозир шу жойдан чиқибоқ тўғри саксондан ошган бувимни кўргани, дуосини олгани бораман”, деди…

Инсон юрагини титратадиган, одамларни эзгу амалларга етаклайдиган, меҳр-шафқатни ибратлайдиган ҳаётий ҳикояларда ҳикмат бор эканига амин бўлдик. Учрашган чоғларимизда маънавият аталмиш булоқнинг зилол сувларидан даврадагиларни озуқманд этиб, уларга завқ-шавқ, меҳр-муҳаббат улаша олсак, бахтиёр бўламиз.

Олтин зангламас, дейдилар. Ҳа, зангламайди. Ялтираб-ялтираб кўзларимизни қамаштираверади, жилоланиб-жилоланиб қалбимизга ором бераверади. Нечун дейсизми? Чунки у юзлаб, минглаб, ўн минглаб олтин қалбли зартопарларнинг оғир меҳнати, пешоналаридаги маржон-маржон терлари эвазига юз кўрсатган қимматли топилмадир, бебаҳо бойликдир!

Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти ва иқтисодиётига мустаҳкам пойдевор бўлган конларимиз янада баракали бўлаверсин! Метиндек иродали металлургларимизнинг қўллари дард кўрмасин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =