Қор чулғаган чўққи

таниқли журналист ва шоир Норқул Маъмур ҳақида сўз

1

Тоғпараст, боз устига, табиат шайдоси эмасманми, Зоминдаги чўққилари булутларга ушлашиб кетган қояларга кўп чиққанман. Рости, манзара кўркам, чор-атроф бор бўйича кўм-кўк арча дарахтлари асносида ўралган. Ҳар бир арчаларки… Тоғ бағрини худди оқ ўтовдек қоплаган. Улар негадир тоғ бағрида мангуга қўним топгандай. Ҳеч қаерга жилишни хаёлининг кўчасигаям келтирмайди. Тоғдаги ҳар бир сой, дара, сайҳон, камар, зирва, ўнгир, харсанглар тарихи саргузаштларга бой, сероб. Шифобахш, жоннинг ҳузури бўлган гиёҳларни айтмайсизми?

Очиғини айтсам, тоғдаги такрорланмас манзаралар кўнглимга ўтиришди. Қаршимдаги тоғнинг нақ белида батамом ажралиб турган қалин ва зич арчазорларга тикилиб тургандим, кимдир елкамга қўлини қўйди. Ўгирилиб қарасам, эски танишим Саттор Қорабоев (Оға Бургутли):

— Э, э, кимни кўряпман? Қадамларига тасанно! Биз томонларга қандай шамол учирди? — деди.

Бир-биримизни бағримизга босиб, омонлашдик.

Беш кунга Зомин бағридаги хушҳаво Ўриклисой сиҳатгоҳига ҳордиқ ёзгани келганимни қистириб ўтдим.

— Зап қилибсиз-да. Баҳонада ўпкангизни тоза, мусаффо ҳавога тўлатиб кетасиз, — деди Саттор оға меҳрибонлик билан.

Энди Саттор Қорабоев ҳақида икки оғиз сўз. У кишини Зомин табиатининг ҳақиқий жонкуяри, жони ҳалаги, десак, янглишмаган бўламиз. Бу нарса унинг тийнати ҳамда сийратидан мана мен деб кўриниб турарди. Чиндан ҳам, Оға Бургутли жонли табиат, ҳайвонот ва ўсимлик олами тўғрисида маромига етказиб, гўзал ёзарди. Саттор аканинг жонфидолиги сабаб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бир туркум эссе ва лавҳалар чоп этилганди.

— Бугун тушликка қадар Норқулжон билан бирга эдик. У Самарқандга хизмат сафари билан кетди. Аттанг, сизнинг келишингизни билганимда, бирга олиб келган бўлардим.

— Ҳечқиси йўқ. Ҳали вақт бор. Насиб этган пайтда учрашармиз, — дедим.

Суҳбатимиз мавзуси яна қаршимизда савлат тўкиб турган занжирли тоғларга уланди.

Аслида, Зомин тоғлар бағрида қарор топган. Унинг гирдогирдини, атрофини гугурт чўпидек келадиган оромижон қишлоқ ва овуллар ўраб олган. Уларнинг номлари ҳам ажабтовур. Бутун борлиқни, авваламбор, ер ва сув, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, соф ҳаво асраб-авайлаб, ўраб туришини хотирдан фаромуш этмаслик зарур. Бир пайт денг, Саттор ака қурмағур иниси шоир Норқул Маъмурнинг Зомин тоғларига аталган шеърини ёддан ўқийди:

 

Ватан яроғ, ватан қароғ,

Қароғлари гўзал ўлкам.

Кўклам келган —

Зоминсойдан —

Ватан суйган

Зоминдир бу!

Лочин парвоз қилар

Юксак тоғлардир бу!

Ўзбекистон ҳавас қилган

Зоминдир бу!

Зоминдир бу!

Отам ўтган, бобом ўтган

Она тупроқ,

Азиз тупроқ

Зоминдир бу,

Зоминдир бу!

 

Ҳа, бу шеърда Норқул Маъмурнинг Зомин юртига, тоғларига, элига бўлган чандон меҳр-муҳаббатини, юрак қўрини, завқи-шавқини илғаса бўлади.

Негадир Саттор Қорабоевнинг иниси Норқул Маъмурга ҳурмати баланд эди. Шу боисдан унинг кўплаб шеърларини ёддан билар, давраларда баланд, жарангдор овозда айтиб юрарди. Оға Бургутлининг ўша куни Норқул Маъмурнинг айрим шеърларини хотирасида сақлаб келаётганига гувоҳ бўлганман.

2

Зомин тоғлари этакларига, қир-адирларига анор донаси янглиғ сочилиб кетган қишлоқларнинг номланиши, аталиши ҳам ажабтовур. Мана, масалан, Бирлашган Тоғай тўпи, Юз, Солин уруғлари, Зомин Қаропчи эли, Пишоғор, Қирқ уруғи, Зомин Бешбулоқ турклари, Етти кечув, Усмонли сой, Тоқ терак, Қангли, Шўрча, Аржа, Мўғол, Небуса, Чол, Узун шулар жумласидандир.

Азал-азалдан одамлар қаерда булоқ бўлса, ўша ерда муқим ўрнашиб қолаверганлар. Зотан, қишлоқ ва жойларнинг аталишида тарих, жуғрофия бўй кўрсатган. Бу ҳол қавмларнинг парчаланиб, бўлиниб кетишига йўл бермаётгандай гўё. Одамлар Ватанларига қандай боғланиб қолган бўлсалар, зоминликлар ўз туғилган манзил-маконларига жон-диллари билан боғланиб қолишган, ҳеч қандай куч уларни тоғлардаги маконларидан ажрата олмайди. Айтганча, мазкур қишлоқлар аҳли тилидан халқ оғзаки намуналари тушмайди. Уларни набираларига мароқ ила сўзлаб берадилар. У одамларни қишлоқликларга хос ғайрат ва қатъият тарк этмаган. Эски удум ва одатлар, анъаналар, маросимларни йўқотмаганлар. Норқул аканинг шу қишлоқларга меҳри бўлакча. Ўзи ҳам қишлоқда туғилганиданми, шаҳарни унчалик хуш кўрмайдигандай туюлади.

Норқул Маъмур ўлкамизнинг сўлим ва кўркам овул ва қишлоқларини кезишни, ўша овулларда кўрган кунига шукрона айтиб умргузаронлик этаётган нуроний чол ва кампирлардан қадимий сўзларни, матал ва эртакларни сўраб билиб олишни хуш кўради. Негаки, Зомин қишлоқларида қадимий сўзлар, маталлар, туркий руҳга тез-тез дуч келиш мумкин. Қаранг-а, зоминлик эл-улус тилидан ҳали-ҳанузгача “Ота уйи — оқ яйлов”, “Қулоқнинг ёмони қичир, гапнинг ёмони пичир”, “Ойимдай қизинг бўлгунча, Ойувдай (айиқдай) келининг бўлсин”, “Иморатдан тўла ёмон, қариндошдан бўла…”, “Эрсиз хотин — югансиз айғир”, “Жонсиздан тери мечкай, жонлидан бола мечкай” каби унутилиб кетаёзган мақол ва маталлар тушмасдан келаяпти. Бу мақоллар жуда қадимийдир.

Изоҳ: “Тўрт кунинг бўл, тўзинг бўл, Тўрда ўтирган ўзинг бўл!” — “Тўрт кунинг” деганда Зомин шевасида — ота юрт, “тузинг” деганда — ён-атроф, чекка тушунилади. Негаки, эл ичида, туркий улуснинг бебаҳо, ноёб хазинаси яшириниб ётибди-ку ахир.

Норқул аканинг умр баёнига бироз тўхталиб ўтишни лозим топдим. У 1964 йилнинг бешинчи ноябрида афсонавий Зоминнинг Тоғайтўпи қишлоғида таваллуд топган. Отаси Мулла Маъмур мингбоши ўғли Ҳамзабек ва онаси Холдоной Эгамберди қассоб қизи оилада беш ўғил, уч қизни дунёга келтириб, камолга етказди. Қувноқ ва беғубор болалиги шу гўша бағрида кечди. 1997 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек филологияси факультетини битирди. Оила қурди. Рафиқаси Гулнора опа билан сув келса симириб, тош келса кемириб, Жавоҳир, Самодил, Севинчни тарбиялади. Қизларини эгаларига узатди. Ўғлини уйлаш ҳаракатида юрибди. Меҳнат фаолиятини бошлаганига қирқ йилдан ошди. “Халқ сўзи”, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Жамият”, “Хабар” газеталарида ишлаб қаламини чархлади.

Тўғри, журналист учун иқтидор ва маҳорат сув ва ҳаводек зарур. Сўз бойлиги, танланган мавзунинг аҳамияти ҳақида ҳам оғиз жуфтлаш керак. Норқул ака мақолани қисқа ва лўнда этиб ёзади. Матнни ичакдек чўзмайди. Рости, унинг қисқаликка интилиши улги бўлгулик.

Норқул Маъмур кўпчиликка яхши таниш. Ижодкорнинг воҳалик замондошларимиз ҳаёти, ўй ва хаёллари тараннум этилган ажойиб лавҳалари, очерк ва публицистик мақолалари мухлислари меҳрини қозонган. Айниқса, “Бахмалнинг беҳиштдай боғлари”, “Водийнинг қизил марваридлари”, “Таом тафти”, “Ҳамал амал билан гўзал” номли битиклари ўзгача меҳр асносида битилган. Биласиз, журналистлик осон эмас, қийин, мураккаб, на оёғинг,  на қўлинг тинади. Аммо, Норқул ака шу юмушнинг этагидан тутиб кам бўлмади.

Норқул ака шеър ҳам ёзади. У кўнглидагиларни оқ қоғозга тўкади. Сўзни нафис оҳангда қўллаш, санъат даражасига кўтариш саодатига мушарраф бўлган шоир.

Шоирнинг шеърлари равон ва самимий, ташбеҳлари содда ва оҳорли. Эзгулик ва ёруғ туйғулар оғушида ҳаёт оралаб терган сўз дурдоналаридир. Шеърларини тўплаб “Сумбула томчилари”, “Азоб ҳудуди”, “Савр япроқлари”га жамлади.

3

Зоминлик эл-улус арча дарахтини беҳад ардоқлайди. Нега деганда, барглари қишин-ёзин кўм-кўк турадиган бу дарахт Зомин тоғлари кўрки, гўзаллик тимсоли ҳисобланади. Ривоятлар сўзлайди. Ҳаёт эликсири, яъни тириклик сувини яратган Луқмони Ҳаким уни сипқоришга кўнгли чопмай, идишдаги сувни ёш, навниҳол арча тагига тўкиб юборган экан. Арча дарахтининг узоқ яшашига ва ҳамиша ҳамрўз ям-яшил бўлиб, кўзни қувонтиришига сабаб ана шундан эмиш. Айни чоғда Зомин тоғларида узоқ ёшга етган арча дарахтлари учрайди. Ана шу таърифланган заминда Норқул Маъмурнинг киндик қони томган. Бўлажак ижодкорни тоғлардаги сўлим манзаралар, шовуллаган сой, қулунларнинг дупур-дупури, кишнаши маҳлиё этган. Дарҳақиқат, Норқул ака — табиат шайдоси. Тоғайтўпи қишлоғидаги кенг ва мўл ҳовлисида турфа дарахт ва буталар сероб: гўзал ва хушманзара боғ-чорбоғ яратган. Боғда турфа дил дўстларимиз ўсади. У боғни кезишдан, дарахтлар асносида гаплашишдан, диллашишдан бир олам завқ туяди. Аслида, тоғдан эсган майин шаббодада оҳиста тебранаётган дарахт баргларига тикилиш, соф, тоза ҳаводан нафас олиш, бир пиёла кўм-кўк ва муздек булоқ сувидан сипқориш, бола-чақаларининг атрофида гирдикапалак, парвона бўлиб юришини кўришдан кўра оромбахш туйғу бўлмаса керак.

Айтганча, Норқул аканинг кўринишидан ёшлик шижоати, ўктамлик, яхшилик ёғилиб туради. Унинг кўзларига тикилган одам тоза юрагини, эзгу ниятини бемалол кўра олади. Норқул ака айни кезда республикамиздаги нуфузли “Фермер” ижтимоий-иқтисодий журналининг Жиззах воҳасидаги махсус мухбири бўлиб ишламоқда.

Норқул ака тилидан бол томиб, бир маҳаллар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қутлуғ қадамлари етган ойнадай тиниқ сойларни, шифтидан ёмғирдек сув томчилаётган тош камарларни ва исми жисмига монанд Пачкамарга ўхшаш ғорларни, турнакўз, сим-сим булоқларни таърифлашдан, мақтовини келтиришдан роҳат ҳиссини туяди.

…Осмон гумбази. Қорли тоғлар. Оч бинафша тусли қорайган тизмалар. Унинг нақ устида кулранг булутлар лашкари сузади. Шундоққина яқиндан қор чулғаган чўққи кўзга чалинади. Негадир Норқул ака ана шу чўққига тикилишни хуш кўради. Эҳтимол, шамоллар беланчагидаги қоядан куч-қувват, илҳом олар.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =