Акамни эслаб…

Акаси бор инсон гарчи ота-онаси ўтган бўлса ҳам, ўзини ёлғиз ва ожиз санамаслиги керак, деган фикрни ўқиб қолдим. Дарҳақиқат, отам 63 ёшларида чин дунёга рихлат қилганларида ёлғиз акамга жудаям суяниб қолган эканман. Оилада тўнғичимиз бўлган акам ҳам оламдан ўтганларидан сўнг эса ўзимни худдики чин етимдай, дунёга сиғмаётгандек ҳис қила бошладим.

Ота-онам фарзандларини меҳр-оқибатли ва бир-бирига ҳурматли қилиб тарбиялашга катта эътибор беришарди. Болалигимдан ҳар иккала акам ҳам менга, яъни битаю битта сингилларига жуда меҳрибон бўлишган. Яхши эслайман, мактаб чоғларимизда дугоналарим “Акаларинг сенга бунчалик меҳрибон” деб менга ҳавас қилишарди.

Акаларим ўқиш вақтида мактаб ошхонасидан турли пишириқлар сотиб олишиб, албатта, мен сабоқ олаётган хонамга ҳам ташлаб кетишарди. Ҳа, мен учун улар доим қайғуришган ва уларга муносиб бўлишга ҳаракат қилардим. Шунинг учун ҳам бахти тўла-тўкис, шодумон инсон сифатида жуда мағрурланиб юрардим. Лекин инсон ҳаёти ҳар доим ҳам бир текис бўлмас, ғам ва ташвишлар қувонч билан ёнма-ён экан.

Икки акам бирин-кетин оламдан ўтганда бу олам кўзларимга зимистон, қоп-қоронғу бўлиб кетди. 2003 йил Молия институтида сиртдан ўқиб юриб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган кичик акам автоҳалокат туфайли 23 ёшида бевақт вафот этди. Оқкўнгил ва ғамхўр отам ҳам бу оғир ғамни кўтара олмай, хасталаниб қолди ва кўп ўтмай қазо қилдилар. Оиламизга фалакнинг синовлари кўп экан, кейинроқ онаси, синглиси, рафиқаю фарзандларини жонидан азиз кўрадиган катта акам ҳам 41 ёшида оламдан ўтди.

Аммо сабрдек улуғ неъмат, вақтдек буюк ҳакам барчасини ўз измига солар, Яратганнинг ишларига барча кўникар экан. Аллоҳга шукр, фарзандларим, акамнинг қизлари менга куч ва янги илҳом бағишлашади.

Акам — Тоҳир Шомуродов, таниқли журналист эди. Турли йилларда “Фидокор”, “XXI аср”, “Hurriyat”, “Нуроний” газеталарида қалам тебратди, Олий суд матбуот хизматида, “Маҳалла” телеканалида ва Президент девони ҳозирги Президент Администрациясида ишлади.

Акам раҳматли ўз ижод намуналаридан, ўгирган таржималаридан энг аввало, менга ўқиб берар ва фикрим билан астойдил қизиқар эди. Кейин ўйласам, бу орқали нафақат мени ўз ижодий ишлари билан таништирар эканлар, балки ўзимни ҳам қалам теб­ратишга, устимда тинимсиз изланишга чорлар эканлар. Ҳа, акам менинг устозим ҳам эдилар.

Бир куни иш столимда қоғозларга кўмилиб ўтирсам, қўл телефоним экранида акамнинг расмлари пайдо бўлди. Одатдагидек, Жамолиддин жия­ним яхшими, таэквандо спорт тўгарагига бордими, ташлаб қўймасин, доимий шуғуллансин, деб ҳол-аҳвол сўрадилар.

Агар дам олиш кунлари недир бир сабаб билан ота ҳовлимга бора олмай қолсам, акам безовта бўлар, “тинч­ликмикан”, деб ўзлари хабар олишга келар ва ўғлимни олиб спорт залига кетар эди. Вақтлари жуда тиғиз ва дои­мий банд бўлишларига қарамай, жиянларининг спорт мусобақаларига бориб уларга куч-қувват ва далда бағишлаб турардилар. Акам раҳматли менинг ҳам ўзлари каби олий маълумотли журналист бўлишимни чин дилдан истаган ва ўқишга тайёргарлик кўриш учун қўшимча дарсларга бергандилар. Ҳатто билимларни қандай ўзлаштираётганимни кузатиб борар ва савол-жавоблар орқали синовдан ўтказардилар.

Олий ўқув юртига ҳужжат топшириш куни қўлимдан етаклаб борган, имтиҳон жавобини ҳам интизорлик билан ҳар кун, ҳар соат диққат бўлиб кутган қалбидарё ва жигаржон инсоним — АКАМ эди.

Ҳамиша илиқ таассуротлар билан эслайман. Лекин имтиҳон жавоблари чиққан куни раҳматли акамнинг хурсанд­чиликларини, қувончдан кўзларига ёш қалққанини оддий сўз билан таърифлаб бера олмайман. Минг шукрки, бундай тарбиявий аҳамиятга эга ибратли хотиралар ҳаётимда жуда кўп…

…2018 йил 25 июнь кунидаги муд­ҳиш воқеа хотирамда ҳар куни чарх ураверади. Умрининг сўнгги лаҳзаларида акамнинг ёнларида бўлган учинчи қизлари – Хотиманинг айтишича, улар бу оламни кўзлари тўла ёш билан тарк этган экан…

Раҳматли акам ўз умри адоғига етганини сезганмикан, мушфиқ онасини, тўрт нафар жондан азиз норасида фарзандларини, барча меҳр қўйган яқинларини боқий тарк этаётганини, не-не кўзлаб қўйган ижодий ишларини якунлашнинг имкони энди йўқлигини, катта орзу ва ниятлари чала қолганини сезиб кўзлари ёшга тўлгандир, деган ўйлар хаёлимга келаверади…

Акам доимо газета журналистларига қийин, ёзишади, ёзишади, аммо китоб қилиб чиқаришмайди, ижодий ишларимиз тариқдай сочилиб ётади, дер эдилар. Жигаримнинг ёзган ишларини жамлаб, китоб қилиш нияти ҳам армонга айланиб қолган эди.

Мен акамнинг шу нафис ва ширин орзусини қандай рўёбга чиқариш мумкинлиги ҳақида ўйлардим, аммо имконсизлик ва ҳали тажрибам йўқлиги боис буни қандай уддалашимни билмасдим. Шунда Тоҳир акамга тиргак бўлган дўстлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбарияти бу ниятнинг ушалишига катта ёрдам бердилар. Акамнинг турли йилларда ижодий намуналарини йиғиш чоғида чиндан ҳам анча тер тўкишга, турли таҳририятларга бориб, мақолаларни тўплашга, сценарийларини архивлардан топишга тўғри келди. Менга таниқли шоир ва журналистлар Лазиз Раҳматов, Нилуфар Жабборова, Нурхон Элмирзаева, ҳамда “Hurriyat” газетаси таҳририяти, “Пскент ҳаёти” газетаси мухбири Юлдуз Деҳқонбоева, режиссёр Баҳриддин Айназаров, киносанъати мутахассиси Зуҳра Пўлатовалар амалий маслаҳатлари ва бевосита кўмаклари билан яқиндан ёрдам беришди. Келинойим Дилдора Шомуродова ҳам йиллар давомида турмуш ўртоқларининг анчагина қўлёзмаларини садоқат билан авайлаб, буст-бутун сақлаб келаётганлари учун чин қалбимдан севиниб кетдим.

Кейин бир йиллик изланишларимиз натижасида яқинда “Янги китоб” наш­риётида акамнинг “Мен ёнингдан йироқман” тўплами чоп этилганида очиғи, кўзимдаги ёшни тўхтата олмадим. Албатта, жуда кўп ижодий ишларини топа олмаганимиз ҳам ҳақиқат, аммо уларни ҳали яна излаб, насиб бўлса қайта нашрдан чиқариш ниятидамиз. Насиб бўлса, акамнинг ушбу китобини у туғилиб камолга етган, Пскент туманидаги барча мактабларга тақдим этиш ниятидамиз. Жондан азиз жигарим — акажонимнинг руҳи шод бўлса, бўлди.

Лобар ШОМУРОДОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 14 =