Янги полиз маҳсулотлари

Хива шаҳрида ўтадиган “Қовун сайли” фестивалига совға бўлади.
Шу кунларда ҳар йили анъанавий равишда Хоразм вилоятида ўтказиб келинаётган фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилаётир. Вилоятда полизчилик соҳасида янги бир тажриба асосида қилинган тадқиқотлар мевасини берди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Хоразм илмий тажриба станцияси ҳамкорлигида воҳа шароитига мос янги қовун навлари яратилди.
Изланишлар ва тажрибалар натижасида “Ифтихор”, “Гандимён” ва “Кумуш” деб номланган қовун уруғлари тажриба тариқасида экилди ва юқори ҳосилдорликка эришилди. Кўҳна воҳа тупроғи ва иқлим шароитида баравж ривожланиши, ўта даражада ширинлиги ва кўриниши чиройлилиги, сақланиш муддати узоқлиги билан ажралиб туради.
Урганч давлат университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Санжарбек Саъдуллаев эътироф қилди:
— Янги кашф этилган қовун навлари маҳаллий иқлимга мослашувчан ва вирусларга чидамли. Бу изланишлар нафақат полизчилик соҳасини ривожлантиради, экспорт салоҳиятини ҳам оширади. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий самарадорликка эришишда ҳам катта аҳамиятга эгадир. Келгусида селекция ишларини янада кенгайтириб, полизчиликда янги маҳаллий брендлар яратиш йўлида фаолият олиб борамиз. Хоразм илмий тажриба станциясида бу сафар 127 турдаги қовун навлари “Қовун сайли” фестивалида намойиш этилади. Янги навлар бозорбоп, экспортбоп.
Фестивалда вилоятнинг бир қатор полизчилик далаларида, сўлим боғларида етиштирилган турли хилдаги мевалар, мазаси асалдан ширин қовунлар мамлакатимизнинг турли бурчагидан сайилга келадиган юртдошларимизга ва хорижий меҳмонларга ҳавола этилади.
“Қовун сайли”да шириндан-шакар қовунларни етиштирган навлар ижодкорлари бўлган олимлар ҳам иштирок этишади.
Қовуннинг 90 дан ортиқ навидан турли хилдаги маҳсулотлар қадоқланган ҳолда тайёрланиб ҳавола этилади. Қовундан тайёрланган мурабболар, шарбатлар, музқаймоқлар ҳам кўргазмадан ўрин олади.
Қадимда ширинлиги билан севиб тановул қилинган, аммо сўнгги йилларда унутилиб бораётган 30 турдан ортиқ қовун навлари Урганч давлат университетининг олимлари томонидан қайта тикланаётганлиги эътиборга лойиқ, албатта.
Мамлакатимизнинг севимли санъаткорлари ва хориждан ташриф буюрадиган таниқли санъат юлдузлари фестиваль қатнашчиларига қувонч улашади.
Фестиваль доирасида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари савдоси, миллий либослар ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари намойиши кўзда тутилган.
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА