Дўсти содиқлар

СУРАТДА: (чапдан ўнгга) мақола муаллифи, публицист Муҳаммад Кенжа (Дилмурод Қирғизбоев), Халқ маорифи аълочиси Собиржон Отажонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов ва педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев.

(Садоқат ва одамийлик ҳақида ҳикоя)

У киши билан 2017 йили болаларнинг севимли шоири, раҳматли Турсунбой Адашбоевнинг жанозаси кунида танишгандим. Баланд бўйи, тик қомати, юзидаги бир қадар жиддийлик уни бошқалардан ажратиб турарди. Таъзия кунлари ҳассакашлар қаторида турган Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Аҳрор Аҳмедов сингари таниқли журналистлар ҳам унга ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлишганди. Ёши саксонларга бориб қолган бу киши уч кун биз билан Турсунбой ака яшаб ўтган хонадон йўлагида таъзияга келганларни кузатди.

Дўст-биродарлар таъзиясида дардкаш бўлиб ўтиришда ҳам ибрат бор. Беихтиёр эрта бир кун келиб, ўзинг ҳам бу фоний дунёдан боқий дунёга кетишинг ҳақида ўйлайсан. Марҳумнинг хайрли амалларини ёдга оласан. Дўстингнинг дўстларини танийсан. Ўтган кунларингга, умр дафтарингга бир назар ташлайсан.

Зуҳриддин акадан у киши ҳақида сўрадим.

— Собир ака асли Наманганнинг Янгиқўрғонидан, Турсунбой аканинг болалик қадрдони, — деди у. — Уларнинг дўстлигига ҳамма ҳавас қилади. Турсунбой ака Тошкентдан она юрти Қирғизистоннинг Олабуқасига кетаётганида Собир акани кўриб кетарди. Собир ака Тошкентга келса, албатта, Турсунбой ака билан учрашарди. Тўй-маъракалар бир-бирларисиз ўтмасди. Турсунбой ака туфайли Собир ака кўп ижодкорларга қадрдон бўлиб кетган.

Орадан бир неча йил ўтиб, Собир ака Тошкентда Турсунбой Адашбоев ва Тоҳир Маликни хотирлаб эҳсон дастурхони ёзди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳам қатнашди. Яширмайман, кўнглимнинг туб-тубидан “қани эди, менинг ҳам шундай дўстим бўлса”, деган ўй кечди.

Ота-онасига ихлос билан хизмат қилиб дуоларини олган, қалбида ҳасади йўқ, эҳсони кучли эркакларнинг дўсти кўп бўлар экан. Ҳаёт мактабимда шундай хулосага келдимки, Собиржон ака ҳам, Турсунбой ака ҳам дўсту ёронлари кўп ана шундай фазилатли инсонлар экан.

Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарида ёзилишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ болаликдан дўст бўлишган. Бу дунёда энг оғир машаққатлар, мусибатлар набийлар бошига тушган. Расулуллоҳ учун энг қийин дамларда ҳам Абу Бакр Сиддиқ дўстига содиқ қолган. Бу ислом оламида дўсти содиқларнинг энг олий намунаси бўлса керак.

Гоҳида дўстларим кўп, лекин содиқлари бормикан деб ўйлаб қоламан. Яхши гумондаман. Борга ўхшаб туюлаверади.

Кейинги ойларда Турсунбой ака ва Собир акаларни тез-тез ўйлайдиган бўлиб қолдим. Яхшиларнинг яхшиликларини ҳаётлик чоғларида билдириб қўйиш ҳам бир эзгу фазилат деб эшитган эдим.

Янгиқўрғоннинг Заркент қишлоғига қараб отландим. Собиржон ака билан келишилган пайтда у яшайдиган хонадонга бордим.

— Хуш келибсиз, Турсунбой дўстим баҳонасида уйимизга улуғ адиблар қадамлари теккан, — дея ичкарига таклиф қилди у киши. — Сизни кўриб, ўша кунлар ёдимга тушиб кетди.

Собиржон акадаги аввалги ғайрат ва дадиллик ўрнини сокин мўйсафидлик эгаллабди.

— Турсунбой билан танишганимда 5-синфда ўқирдим, — деб ҳикоясини бошлади. — Дўстимиз қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа районидаги Сафед Булон қишлоғида туғилган. Заркентимизга ўн икки яшар бола пайти мухбирлик қилиб келган эди. Заркент қишлоқ матлубот жамияти раиси, адабиётни яхши биладиган Тўрахўжа Ҳасанов ҳақида мақола ёзиш ниятида биз томонга ўтган экан. Ўшанда танишган эдик. У пайтлари республикалар ўртасида чегаралар йўқ эди. Биз уларнинг қишлоғидаги, улар бизнинг қишлоғимиздаги мактабларда ўқиб юраверардик. Битта синфда ўқидик. Турсунбой болалигидан адабиётга берилган эди. Бир куни кимё дарсида бадиий китоб ўқиб ўтирганида домламиздан дакки эшитгани ҳечам эсимдан чиқмайди. Оққўрғон қишлоғидаги мактабда 10-синфни ҳам бирга битирдик. Адабиётга қизиқиши чуқурлашиб бораверди. Ёшлигимдан мен ҳам китоб ўқишни яхши кўраман. Аммо Турсунбой эса китоб ўқиб, шеърлар ёзарди. Мактабни битиргач, у Ўшга бориб, газетада ишлай бошлади, уйланди.

Сафед Булонга бизнинг Заркент қишлоғимиз орқали ўтилади. Унинг баҳонасида Тоҳир Малик, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров каби таниқли адиблар билан бир давраларда ўтириб, қадрдон бўлиб кетдик. Айниқса, Заркентда лицей-интернат очилиб, мен унга директор бўлгач, кўплаб таниқли шоир ва ёзувчи, олим ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказардик. Мухлислар залга сиғмаганидан лицей ҳовлисига тўлиб кетарди. У даврларда адабиётга бўлган муҳаббат ҳам, одамлар орасидаги оқибат ҳам кучли эди.

— Турсунбой Адашбоев билан сизни адабиёт дўстлаштирган экан-да, — дедим суҳбатга қўр ташлагандек бўлиб.

— Жуда тўғри таъриф бердингиз. Дўстлар ўртасида адабиёт, китоб турса — бундай дўстликнинг умри боқий бўлар экан. Ҳаётимиз болалар тарбияси, адабиёт, ижод ҳақидаги суҳбатлар билан мазмунли эди. Бир-бирларимизни кўрмасак, соғинадиган, кўрганда севинчдан бошимиз осмонга етадиган бўлди.

— Сиз ҳам Турсунбой акага ўхшаб камтарин экансиз, — дедим.

— Бизларнинг дўстлигимизни шу хислат камолотга етказганди. Салкам етмиш йиллик дўстлигимизни ўлим ажрата олди.

Турсунбой турланмайдиган одам бўлган, — деб Собир ака сўзини давом эттирди. — Ялтироқ ёлғонларни ёмон кўрарди. Тўғри сўзли, бир юзли, ҳалол инсон эди. Кибрли одамни ёнига яқинлаштирмас эди.

— Ўхшатмагунча учратмас дейишади. Сизни ҳам билганлар шундай таърифлашади!

Эсингизда бўлса, Тошкентда кўришганимизда ҳикматли бир гапни айтгандингиз: “Турсунбой Адашбоев билан чўнтакларимиздан шамол ўтиб турган пайтда дўст бўлган эдик”, деб. Бу адибона ибора. Дўстликка содиқликнинг ҳикмати ҳам, ибрати ҳам шунда! Дўстликнинг қудрати садоқатда!

Рус тили ва адабиётини яхши билишингиз ҳақида яхши фикрлар эшитганман, — деб уни саволга тутдим.

— 1952 йили 5-синфни аълога битирганим учун фаол ўқувчиларнинг 3-республика қурултойига юборишди. Тошкентдан поездда икки нафар миллати рус ўқувчи қизлар билан бир купеда қайтдик. Рус тилини мутлақо билмасдим. Улар чой ичишса, ташқарига чиқиб турдим. Гаплашгим келади, тил билмайман. У пайтлари поездлар Тошкентдан Намангангача икки кунда келар экан. Роса алам қилди. Олтинчи синфдаёқ рус тилини ўрганишга киришдим. Бир йилда уч мингта сўзни дафтарга русча-ўзбекчада ёзиб ёдладим. Кейинги йил ҳам тил ўрганишим шундай давом этди. Саккизинчи синфга ўтган чоғим русча гап туза бошладим. Тўққизинчи синфда эса “Бошсиз чавандоз” асарини рус тилида ўқиб, ўқитувчимизга сўзлаб бердим. “Яхши, етмиш фоиз тушунибсан, бўш келма”, деб мени рағбатлантирди. Ўнинчи синфда рус тилидаги асарларни бемалол ўқиб, мазмунини тушунадиган бўлиб кетдим. Ҳатто ўзим ўқувчи бўлсам-да, устозларимнинг илтимосига кўра,  кечки синфларга математикадан рус тилида дарс бера бошладим.

1962 йилдан бошлаб икки йил Саратовда ҳарбий полк мактабида зобит бўлдим. Ўзбекистондан борган болаларга рус тилини ўргатиб, уларни хизматга тайёрладим. Рус тилини руслардан яхши билар экансан, деб полкда ҳурматим ортиб кетди. Кутубхонамда беш мингдан ортиқ ўзбек ва рус тилларидаги китоблар бор. Аллоҳ менга тез ўқиш ва тафаккур қилиш учун ўткир зеҳн берганига беадад шукур қиламан. Китобларимнинг ҳаммасини ўқиб чиққанман.

— Шахматни ҳам яхши ўйнар экансиз.

— Наманган давлат педагогика институтида ўқиётган талабалик давримда шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони билан паркда сеанс бўлганди. Биргина мен уни ютганман, — деди у кулимсираб.

— Эшитишимча, сизни бошқа миллат вакиллари ҳам бағрикенг инсон деб ҳурмат қилишар экан, боиси нимада?

— Асосий сабаби илмда, кўп ўқиганликда деб биламан. Тил билиш, илм кишини доимо давра тўрига олиб чиққан. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини истардим. Математика фанидан устозим яҳудий киши бўлган. Ундан ҳам кўп нарсани ўрганганман. Қаерда, қайси соҳада ишлаган бўлсам, доим янгилик қидириб юрганман. Иш фаолиятимда дунё тажрибаларини қўллаб, олқиш олганман. Кутубхона ташкил этиш, китобсеварларни рағбатлантириш борасида ҳам ривожланган чет мамлакатларнинг илғор усулларидан фойдаланганман. Одамлар ҳали-ҳануз ўтган кунлардаги яхши ишларимни айтиб юришади.

Аям раҳматли: “Дунёвий илмга кучли ихлос қўйдинг, шу қобилиятингни исломий илмга сарфлаганингда борми, катта уламо бўлардинг”, деб гапириб қоларди. Ҳар қандай илмнинг поёнига етиш учун сабр-тоқат керак. Қирқ тўққиз йил муаллимлик қилдим. Халқ таълими аълочиси бўлдим. Олтмиш тўрт йиллик умр йўлдошим — II даражали “Меҳнат фахрийси” Бибируқия хоним билан қўша қариб юрибмиз. Босиб ўтган умримнинг бирор кунига афсусланмайман. Кексалик чоғларимда муқаддас динимиз йўл-йўриқларини чуқурроқ ўргандим, фарз ибодатларимни ҳам бажариб юрибман. Маккаю Мадинага ҳаж зиёратига турмуш ўртоғим билан бориш насиб этди. Шукур, беадад шукур қиламан, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Фахрим шуки, бугун фарзанду набираларим хизматларимизни қилиб, дуоларимизни олишмоқда.

— Ҳовлидаги алвон-алвон гулларни ўзингиз парвариш қилсангиз кераг-а? — дедим гулзорларга тикилиб.

— Гулларга аёлим қарайди.

Ҳовлидаги сўрида Собиржон ака билан суҳбатлашиб ўтирибман-у, гўё Турсунбой ака бизларга қараб тургандай эди.

Саксон беш ёшда ҳам теран фикрлайдиган, нозиктаъб, меҳридарё устозни йўқлаб келиб, кўнглини кўтарганим учун ўзимдан хурсанд бўлиб кетдим. Унинг сиймосида солиҳ бир мўминнинг камолотини кўрдим. Илмли, маърифатли, дўстга содиқлар ҳар қандай моддий қудратдан устун эканига улар тимсолида яна амин бўлдим…

Мавлоно Жалолиддин Румий: “Ҳақиқий дўстлар қўл билан кўзга ўхшайди. Қўл оғриганда кўз йиғлайди, кўз йиғлаганида, қўл уни артади”, деб айтган экан. Дарҳақиқат, Собир ака ва Турсунбой ака ҳам шундай дўст эди.

Дўстлик қудрати садоқатда. Дўсти содиқликни эса Яратган фақат ўзи суйган бандаларигагина мукаммал насиб этар экан! Ҳар кимни ҳам Аллоҳ шундай улуғ неъмат билан сийласин!

Муҳаммад КЕНЖА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =