Одам савдоси — давр муаммоси

Одам савдоси — оғир жиноят, аянчли иллатлардан бири. Афсуски, ҳозирги глобаллашув асрида инсонни товламачилик йўли билан сотиш, моддий манфаат учун товарга айлантириш ҳолатлари дунё бўйлаб кун тартибидан тушмаяпти. Ҳар йили юз минглаб бегуноҳ инсонлар турли алдовлар, таҳдидлар, зўравонлик орқали одам савдоси қурбонига айланиб қолмоқда. Улар ўз ҳаёти, эркинлиги ва орзуларидан маҳрум бўлиб, жисмоний ва маънавий азобларга гирифтор бўляпти. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак, яъни осон йўл билан даромад топиш.

Одам савдосининг кўплаб турлари мавжуд бўлса-да, уларнинг энг кенг тарқалган ва салбий оқибатлари оғир бўлган тўрт асосий тури фарқланади:

— шаҳвоний эксплуатация;

— меҳнат эксплуатацияси;

— чақалоқ ва бола савдоси;

— инсон аъзоларининг ноқонуний трансплантацияси.

Одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят ҳисобланади. Шу боисдан давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган Конвенцияга қўшилди ҳамда 2008 йилнинг 17 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Шунингдек, 2010 йил 30 июлда БМТ Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган.

Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган.

Охирги йилларда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, 2020 йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинган. Унинг асосий мақсади — одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ушбу қонун асосида 2023 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси Олий Мажлиси Сенати раиси раҳбарлигида қайта ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу тизим жабрланган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартибини белгилайди.

Одам савдоси жабрдийдаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий реабилитация қилиш мақсадида, Тошкент шаҳрида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази фаолият юритиб келмоқда.

Шунингдек, 2001 йилда ўз фаолиятини бошлаган Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази ҳам Ўзбекистондаги одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа турларига қарши курашиш соҳасида етакчи ННТлардан бири ҳисобланади. Марказ томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, яъни одам савдоси жабрланувчилари ва жабрланувчига айланиш эҳтимоли бўлган ижтимоий заиф гуруҳга мансуб шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилади. Марказ уч йўналишда фаолият олиб боради: одам савдоси ва бошқа турдаги зўравонликларга қарши курашиш ҳамда одам савдосидан жабрланганлар, ноқонуний мигрантлар ва аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий-ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, заиф гуруҳлар орасида одам иммунтанқислиги вируси инфекциясининг тарқалишини камайтириш, мамлакатимизда кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантириш.

Бугунги кунга қадар Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Одам савдосига қарши кураш бўйича қўмита, ИИВ, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш каби бир қатор вазирликлар билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида одам савдоси, ноқонуний миграция ва маиший зўравонликнинг олдини олиш, қарши курашиш ва жабрланганларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланган. Ўтган давр мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Исроил, Таиланд, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасидан одам савдоси жабрланувчиларини Ватанга қайтаришга кўмаклашилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2024 йили Марказнинг ишонч телефонига 15 661 та қўнғироқ келиб тушган бўлиб, шундан хорижий мамлакатлардан 426 нафар Ўзбекистон фуқароси ёрдам сўраган. Айни пайтда 159 нафар юртдошимиз марказ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан юртимизга қайтарилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълумотига кўра, 2025 йилнинг 5 ойлик ҳисоботлари бўйича одам савдоси билан боғлиқ жами 89 та мурожаат келиб тушган бўлиб (2024 йил шу даврда 69 бўлган), улардан 87 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, 2 та ҳолат бўйича жиноят ишини қўзғатишдан рад қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинган.

Ҳисобот даврида жами 86 нафар шахс жабрланганлиги (80 нафари аёллар, 6 нафари эркаклар, жумладан, 6 та вояга етмаган жабрланганлар), шунингдек, 21 нафар шахс республика ҳудудидан ташқарида содир қилинган жиноятлар бўйича жабрланганлиги аниқланган.

30 июль — “Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни” муносабати билан 30 июндан 30 июлга қадар “30 кун ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш” кенг кўламли акцияси ўтказиб келинмоқда. Бундан кўзланган мақсад жамоатчилик, давлат органлари ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси эътиборини одам савдоси муаммосига қаратиш ва ушбу жиноятдан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат. Мазкур тадбир доирасида кенг қамровли ахборот-тарғибот ишлари олиб борилиб, видеороликлар метро, аэропорт, вокзал, автовокзалдаги автобус ва поезд мониторлари орқали намойиш этиб келинмоқда.

Амалга оширилаётган барча чора-тадбирлардан кўзланган мақсад одам савдосининг олдини олиш, мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятига қарши курашиш, унга чек қўйишдан иборат. Чунки одам савдоси бошқа жиноятларга нисбатан ижтимоий хавфи юқори бўлиб, чегара билмайди, ўз домига аёллар, ожиз аҳволдаги шахслар ва ҳаттоки вояга етмаганларни ҳам тортади.

Албатта, ушбу жиноятга қарши курашиш барча фуқароларнинг бурчи ҳисобланади. Айниқса, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг ва давра суҳбатларининг ўтказилиши соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширувчи омилдир. Зеро, ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатда шахс, унинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланади. Унга дахл қилувчи ҳар қандай ҳаракат ва шахсга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши лозим.

Соҳибжон ЮЛДАШЕВ,

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи, подполковник.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =