Денгиз

Темурпўлат ТИЛЛАЕВ
Муаллиф ҳақида:
Темурпўлат ТИЛЛАЕВ — 1960 йили Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Қарши давлат педагогика институти (ҳозирги Қарши давлат университети)нинг филология факультетини имтиёзли асосда тугатган.
“Ўлим ўпқони”, “Турналар оҳи”, “Ворис” сингари китоблари нашр этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Денгиз
(Ҳикоя)
Унинг қизи тун бўйи ухламай чиқди.
Аввалига қидираётган китобни излаб онасининг бир пайтлар қизлик даврида йиққан китоблари сақланадиган совуқ ва зах хонанинг тит-питини чиқарди.
Она-бола электр чироқлари аллақачон ёнмай қолган хонага шам кўтариб кирганида вақт алламаҳалдан ошган эди.
— Дардисар бола экансан-да, ичагинг чиқмай турса, тонг отарди. Эрталаб ёруғ борида шу ер ютгур китобингни топардик.
Онасининг бу зорланишларига зарра парво қилмаган қиз шамнинг хира ёруғида дераза токчаларини, ўнг ёнбошга қийшайиб қолган китоб жавонини, охирида уй бурчагидаги бир уюм лаш-лушларнинг тагини эринмай қараб чиқди.
Қиз излаган нарсасини тополмади, шекилли, дарғазаб онасининг бақиришига чек қўядиган нолакор бир овоз чиқарди:
— Уфффф!.. Ваъда бермай мен ўлай, эртага шарманда бўламан!!!
Бу гапдан кейин ловуллаб ёнишга шай она бирдан ўчди:
— Яхшироқ қара… Бир пайтлар мен ҳам сенга ўхшаб Унинг шу китобини қучоғимдан қўймасдим… Ўқиб, тун бўйи йиғлаб чиққанман… Кейин… Кейин… Кейин “Ордона қолсин шу ёлғон шеърлар” деб шу хонага тиқиб ташлагандим.
Ёпилаётган эшикнинг эпкини шамни ўчирди. Зим-зиё қоронғилик эмас, ўксиниб йиғлаётган қизининг аламли хўрсиниши аёл қалбини тилка-пора қилиб юборди.
Қизининг, унсизгина йиғлаётган қизининг елкаларидан қучиб, аёл овутмоққа чоғланди.
Онасининг одатдагидек бақириб-чақириб, жеркиб солмаганидан бироз кўнгли тинчиган қиз духоба кўрпани бошига тортиб, ўзини ухлаётганга солди. “Эртага мактаб кутубхонасидан Унинг китобини албатта топаман!…” деган қатъий ишонч билан ёстиққа бош қўйди ва шу баробар айни лаҳзада дилида кечганларни тилига чиқарди:
— Ойи… Сиз билмайсиз… У авлиё! У ўзининг ўлимини башорат қилган!..
Қизининг бу содда мулоҳазаларини ва айни дамдаги унинг дардли изтиробини тушунишга ҳаракат қилар экан, аёлнинг жисми-жонини оний бир лаҳзада қилич зарбидек кескир бир фикр тилимлаб ўтди: “Наҳотки?!”
Туйқус, олис ва ҳар эслаганида дийдасини куйдирадиган хотиралар айни шу лаҳзада аёл борлиғини яна зир титратиб юборди. Юрагига симиллаган бир оғриқ кирди.
Эскирган, унутилган, бешафқат бир заволга юз тутган умрнинг куйинди соғинчи аёл димоғини ачиштирди.
Аллақачон ёддан кўтарилган ташландиқ хотиралар, у истамаса-да, кўз ўнгида бир-бир жонлана бошлади; улар одатдагидек, Унинг таъбирича, денгиз узра завқ ва шавқ билан сузиб бормоқда эди.
— Сен менинг денгизимсан, сен менинг уммонимсан!!!
Бу сўзлар, бу эркалашлар ёлқинидан аёл қалби ва вужуди мумдай эрир эди.
— Нега бунча ўлим ҳақида ёзасиз? Қўйинг, сиз ҳам боғу баҳор, шодлигу қувонч ҳақида ёзинг!
Лекин аёлнинг бу илтижолари, бу музтар бир имдодга зор нигоҳлари, унга тўймай термилаётган, қув ва айёр кўзларнинг эҳтирос тўлқинлари шиддатидан баҳор олди ёққан қор ерга тегар-тегмас сўнгани каби бетакрор бир ҳузур оғушида йўқликка юз тутарди.
Бундай пайтлар Унинг ишонч ва қатъиятга тўла овозининг бир лаҳзалик чўрисига айланарди аёл.
— Азизам, Маликам, Суйгулим, Асалим, Болим! Ҳали биз юз йил мана шу денгизда сузамиз. Ўлим, тупроқ, паймона ва фано — булар, эҳҳе, сен билмайсан, булар бор-йўғи бир восита, бир кўр баҳона! Шундай демасам, шундай ёзмасам, менинг ёзганларимни ким ҳам бошига урарди?!
Кутилмаганда жунунвор бу ўйлар аёл қалбида жирканч бир нафрат уйғотди; бехос ўша олис эҳтирос денгизининг шовқини бирдан тинди.
Аёл совуқ ҳиди гупуриб турган муздек кўрпани қаттиқ қучоқлади.