Илму ҳунар — гавҳар ила зар…

Хабарингиз бўлса, 2025 йил 19-21 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида III Халқаро ҳунармандчилик фестивали, Риштонда эса II Халқаро кулолчилик форуми бўлиб ўтади.
Маълумотларга кўра, ушбу йирик тадбирларда дунёнинг 70 давлатидан 278 нафар хорижий меҳмон қатнашиши режалаштирилган. Шулардан 232 нафари фестивалда иштирок этади. Улар орасида 155 нафар ҳунарманд, 14 нафар маърузачи, 35 нафар расмий меҳмон ва 28 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари бор.
— Бу йилги фестивалнинг аввалги фестиваллардан фарқи, ўрни ва аҳамияти беқиёс, – деди биз билан суҳбатда Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Норбоев. — Гап шундаки, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан бу йил илк бор халқаро тоифадаги савдо агентлари, брендлаштириш соҳасидаги жаҳон экспертлари, Париждаги таниқли фэшн мутахассислари, электрон тижорат (е-commerce) бўйича мутахассислар, халқаро ансамбллар ва Санта-Фе Халқаро халқ оммавий санъати ярмаркаси (IFAM) ижрочи директори таклиф этилган. Фестиваль доирасида халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши кўзда тутилган. 19-20 сентябрь кунлари Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” ҳақида, 20 сентябрь куни эса Риштон туманидаги Халқаро кулоллар марказида “Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзуларида илмий-амалий конференциялар бўлиб ўтади.
Шунингдек, тажрибали ҳунарманд-усталар ва машҳур кулоллар иштирокида илмий-амалий машғулотлар, “мастер класс” яъни маҳорат дарслари ўтказилади. Ёш кулоллар учун ижодий учрашувлар ташкил этилади.
Халқаро ҳунармандлар фестивали ғолибига қимматбаҳо эсдалик совғалари ва 7000 (етти минг) АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, айнан Қўқон шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши бежиз эмас. Қадим-қадимдан довруғи етти иқлимга етган, “Хўқанди Латиф” (“Латиф шаҳар”) дея юксак сифат-мақом берилган, кўҳна ва ҳамиша навқирон Қўқонда азал-азалдан ҳунармандчилик ривожланган. Таниқли тарихчи олим, Қўқон давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Яҳёхон ака Дадабоев (Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий)нинг таъкидлашича, шаҳар Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги боис бу ерларда қадимги замонлардан то ХХ аср бошларигача ишлаб чиқариш билан боғлиқ 410 та: савдо, маиший хизмат ва умумий овқатланиш билан боғлиқ 200 га яқин: маданий-маърифий хизмат кўрсатиш бўйича 100дан зиёд, жами 710 хил касб-ҳунар мавжуд бўлган.
— Диққатга сазовор томони шундаки, – деди Яҳёхон ака Дадабоев. — Қўқон хонликлари даврида (1709-1876) айрим хонлар, ҳукмдорлар салтанат ишларидан бўш вақтларида ҳунармандчилик ишлари билан ҳам шуғулланишган. Жумладан, Қўқон хони Абдулкаримбий чўбкорлик, яъни ёғочдан турли хил буюмлар: жува, қошиқ, чўмич, болалар учун ҳуштак, сурнайча ясаш билан шуғулланган. Норбўтахон муқовасозлик, саҳҳофлик қилган. Олимхон ўқ-ёй ва сопқон ясашга уста бўлган. Муҳаммад Алихон кандакорлик, заргарлик, камонгарлик, ўқчилик, ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик каби жами 18 та ҳунарни эгаллаган. Сўнгги хон — Худоёрхон эса болалигида лойдан парсилдоқ ясаб, ўйин ўйнашни хуш кўрган экан. У ёшлигида кулолга шогирд тушиб, кулолчилик санъатини пухта эгаллаган. Овчилик ва синчилик (от бўйича мутахассис) соҳаларида ҳам беназир бўлган.
— Раҳмат сизга, Яҳёхон ака! Мана, Қўқон хонлари билан ҳам таништирдингиз. Эшитдик, билдик, Хўқанди латифда 19 та хон ўтган экан. Уларнинг айримлари салтанат ишларидан бўш вақтларида ҳунармандчилик билан шуғулланганлигининг ўзи жуда қизиқ маълумот. Қойил қолиш керак, нима дедингиз?
— Тўғри, шундай.
— Ҳозирги “хонлар”, “хоқонлар”-чи? Ҳозиргилар ҳам давлат ишларидан бўш вақтларида бирорта касб-ҳунар билан шуғулланармикан? (Ярим ҳазил, ярим чин).
Суҳбатдошим мийиғида кулиб қўйди.
Ҳазил-ҳузул ўз йўлига. Мавзуга қайтамиз.
— Сиз Қўқон тарихини беш қўлдай яхши биласиз, Яҳёхон ака. Бунга шак-шубҳа йўқ! Бу қутлуғ заминда не-не улуғ зотлар, хонлар, беклар, амалдорлар, олиму уламолар, фозилу фузалолар, шоиру ёзувчилар ва не-не ҳунарманд-усталару, не-не кулоллар яшаб ўтмаган, дейсиз. Айтинг-чи, Хўқанди латиф ҳунармандчилигининг бугунги аҳволи қандай? Устоз-шогирд анъаналари давом этяптими?
— Мен сизга айтсам, бугунги кунда ер юзида расман “Ҳунармандлар шаҳри” мақомини олган 27 та шаҳар бор, – деди Яҳёхон ака Дадабоев. — Шулардан бири Хўқанди латиф ҳисобланади. Қўқонликлар ўзларининг гўзал, латиф ва бетакрор шаҳри муаззамлари билан, меҳнаткаш, меҳмондўст, хушфеъл, мард ва олийжаноб одамлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Тадбиркорлик, ишбилармонлик, хусусан, ҳунармандчилик қўқонликларнинг қон-қонига сингиб кетган, десак, асло муболаға бўлмас. Бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб, юксалиб бормоқда. Устоз-шогирд анъаналари давом этмоқда. Зеро, бу ёруғ дунёда илм-фан, илму ҳунар бор экан, устоз-шогирд анъаналари абад ул-абад давом этаверади. Ахир илму ҳунар — гавҳар ила зар, деганлар…
Қурбон Али ТЎРАҚУЛОВ,
журналист