“Жўр бўлади шовуллаб АМУ…”

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло Орол денгизи фожиаси ҳақида ўз вақтида куюнчаклик билан ёзган эди

Ўзбекистон халқ шоири, Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори Шукрулло (1921-2020) Тошкент педагогика билим юртини тугатгач, йўлланма билан Қорақалпоғистонга юборилди. Ўша пайтдаги олис Қўнғирот туманидаги бирдан-бир Оржоникидзе (ҳозирги 39-сон) номидаги ўрта мактабда ишлаш унинг чекига тушди. Бу ерда у ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан 1938-1939 ўқув йилида дарс берди, илк шеърлари ҳам шу ерда ёзилди.

Бундай дейишга боисимиз шуки, Шукруллонинг уч жилдлик сайланмаларининг биринчи жилдидаги (Тошкент – 1981) 1938-1940 йилларга оид ижод намуналари қорақалпоқ диёридаги ёзилган шеърлар билан бошланган. Бу унинг дастлабки шеърий машқларини Тошкентда битганлигини инкор этмайди, лекин китоб сайланма бўлгандан кейин шеърларининг сараланиб сайланиб киритилиши ҳам табиий ҳол-ку, албатта.

Отлиқ юрилса, Амударё Қўнғирот шаҳридан бир соатлик йўл. Шукруллонинг қорақалпоқ диёри гўзаллигини кўриб, мафтун бўлиб ёзган илк шеърларидан бири ҳам Амударёга бағишланган. У ёзади:

 

Аму қирғоғига бош қўйганича

Ястанмишдир ям-яшил ўрмон.

Қушлар сайрар то тўйгунича

Дилрабо куй таратиб ҳар ён.

Жўр бўлади шовуллаб Аму…

Кўпиклари мисли оққушдек.

Қанот қоқар ойнинг нурида

Оқин дарё оқин кумушдек…

 

Шукруллонинг республикамиз вақтли нашрларида турли йилларда эълон қилинган давр ва замон ҳақидаги адабий-фалсафий мақолалари жамланган ўзига хос мажмуа “Қасосли дунё” (Тошкент – 1994) китобидан “Денгизда бир тун” мақоласи ҳам ўрин олган. Қуйида куюнчаклик билан ёзилган мақоладан парча келтирамиз:

“Кейинги йилларда каналлар қазиш, сунъий кўллар, денгизлар яратиш оммавий тусга кириб кетди. Эсимда, 1939 йилда “Комсомол” кўлини қазидик. Шу кичкина кўлни бунёд қилиш ҳам тошкентликлар учун катта қувонч бўлди. Шу йиллар педагогика институтида талаба вақтимиз “Каттақўрғон” ҳовузини қазишда иштирок этдик. Бу ҳам ўша даврда республика бўйлаб катта тантана бўлди. Хуллас, халқимиз йўқдан бор қилган, обод қилган. Барбод қилган эмас. Кичкинагина сунъий кўл яратиш шунчалик тантана, шунчалик қувонч келтирган. Яратувчи халқ деган ном олганмиз!

Энди кўз олдимизда кичкина бир кўл эмас, дунё харитасига кирган ўз тарихига эга бўлган, халқимизнинг ризқ-рўзи манбаи Оролдек денгизнинг қуриши, бу маҳалладаги ҳовузнинг, кичик кўлнинг қуриши эмас-ку ахир! Бу битта ўзбек халқининг эмас, миллион-миллион халқларнинг тақдири билан боғлиқ-ку! Денгиз барбод бўлиши қанча-қанча одамларнинг хонавайрон бўлиши, ҳаётимизнинг кўрки бўлган парранда-ю дарранданинг ҳалокати-ку! Асрлар бўйи авлод-аждодимиз обод қилиб, ризқ-насибасини топиб келган экин, боғ-роғлардан, тарихий ёдгорликлардан маҳрум бўлиши билан тенг-ку!

Тўқайларида йўлбарслар ўкирган, ўрмонларида сон-саноқсиз қушлар сайраган, тонгдан оқшомгача балиқчилар қўшиғи янграган Ўзбекистоннинг эмас, Ўрта Осиёнинг кўзгуси бўлган Орол тўлқинларининг эрка тебранишларида кема билан Тошкентга йўл олганман.

 

Аста-аста чўкди, шўнғиди қуёш,

Майда тўлқинларга кўмилди денгиз.

Шафақдан уфқнинг бари қизаргач,

Ҳуснин кўз-кўз қилиб балқиди ой-қиз.

 

Пароход боради тун қўйнин ёриб,

Кўзга кўринади фақат осмон, сув.

Ярим кеча бўлди, ой ёруғ — саҳар,

Шодликдан кўзларга келмайди уйқу.

 

Ҳамон дўстлар билан ширин суҳбатлар

Денгиз тўлқинидек олар эди авж.

Завқларингга яна завқ қўшади

Илк саҳар кўкида юлдуз уриб мавж.

 

Кўкдаги юлдузлар — сочилган танга,

Бир-бир терилгандек битди, камайди.

Денгиз қирғоғида ёнган аланга

Каби қуёш чиқиб, алвон нур ёғди.

 

Қани энди Оролнинг оромбахш у тўлқинлари кўрки, қани энди у ҳусни қўшиқлар?! Наҳотки Орол ҳақида куйланган қўшиқлар, достонлар, келажак учун афсона бўлиб қолса? Йўқ, бу мумкин эмас!

Ҳаётда инсон қудрати ожизлик қиладиган офатлар бўлади. Чақмоқ, зилзила, вулқон отилиши. Аммо Оролнинг қуриши бу инсоннинг ожизлиги эмас, бу бешафқатлик! Нўноқлиги! Масъулиятсизлик ёки қўрқоқлик оқибатими? Сабаби нимада эди?

Ошкора фикр айтишга ҳамма ҳам журъат этолмасди. Кўп масалалар айрим раҳбар ташкилотларнинг буйруқлари билан ҳал қилинарди. Тўғри фикр билдирганлиги учун, жон куйдириб гапиргани учун жабр чекканлар ҳам бўлди.

Оролни сақлашни кечиктириб бўлмайди. Узундан-узоқ маслаҳатлашиш, мажлисбозликларнинг пайти эмас. Орол масаласи ногаҳон тушган ёнғин билан баробар…”

Мақола ҳассос шоир Шукрулло томонидан 1988 йили ёзилган. Унда “тўғри фикр билдиргани учун, жон куйдириб гапиргани учун жабр чекканлар ҳам бўлди” сатрлари бор. Биз ҳозир биляпмизки, ўша вақтлар Шукруллога ҳам маълум даражада таъқиб-тазйиқ ўтказилган экан.

Шукрулло ёзган  мақоладан кейин ҳам кўп йиллар Оролни сақлаш даъвосида узундан-узоқ маслаҳатлашиш — мажлисбозликлар давом этди. Лекин булар денгизнинг тикланишига заррача наф келтирмади. Ғишт қолипдан кўчган, Оролни йўқотиб бўлган эдик.

Ниҳоят, республикамизга Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайлангач, туб бурилишлар бошланди. Суғориладиган ерлардан озгина орттирилган сув Оролга юборилгани билан ютоққан шўр қумда изсиз кетиши ҳисобга олиниб, энг аввало, мавжуд табиий кўлларни тўлдириш, балиқчиликни ривожлантириш, денгиз тубидан кўтарилган заҳарли чанг-тўзонларнинг аянчли оқибатини камайтириш назарда тутилди. Оламшумул воқеа эса эндиликда баъзи бир илмий адабиётларда Оролқум деб номланаётган денгизнинг қуриган тубида миллион-миллион гектар саҳрони саксовулзорга ва бошқа тур шўрга чидамли ҳар қандай ўсимликларга айлантиришдек қудратли халқ ҳаракати — жасорати бўлди. Унинг ташаббускори элим деб, халқим деб ёниб яшаётган улуғ қалб эгаси Президентимиз эди, албатта.

Оролнинг қуриган туби бир неча йиллардан кейин яйловга, тўқайзорга айланади, чорвачилик ривожланади, бу халқимиз учун мўл гўшт-сут ва жун маҳсулотлари манбаи дегани эмасми?! Бу парранда-даррандаларнинг униб-урчишига, кўпайишига ҳам асос.

Кўнгилга таскин берадиган жиҳати шундаки, умрининг охирларида бўлса ҳам халқимизнинг севикли шоири Шукрулло Оролбўйи минтақасида Юртбошимиз ташаббуслари билан бунёд этилаётган янги ҳаёт, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки амалий натижаларини ўз кўзи билан кўрди. Ишончимиз комилки, у бундан бениҳоя шодланган, қувонган эди…

Жабборберган ШОМУРОДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими аълочиси.

Қорақалпоғистон Республикаси

Қўнғирот тумани.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =