Журналистика – заҳматли меҳнат ва тинимсиз изланиш

Нодир Маҳмудовнинг “Фидойилик формуласи” китобини ўқиб…

Ҳурматли Нодиржон!

Сизнинг маҳорат ва самимият билан ёзилган мақола ва суҳбатларингизни кўпроқ “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларида ўқийман. Ёзганларингизда янги ўзбек журналистикаси барқ уриб туради. Сиз топиб ёзадиган, изланувчан журналистлардан бирисиз. Яқинда қўлимга “Фидойилик формуласи” деб номланган китобингиз тушиб қолди. Китобни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

Бизда сўз айтиш ҳуқуқи кўпроқ адабиётга берилган бўлса-да, лекин матбуотнинг сўз қудратига суяниб, сўз айтиш мавқеи ҳам баланд. Ҳамма гап ўша сўзни тўғри ва дадил айтишга боғлиқ. Назаримда, халқ дардини, жамият оғриқларини матбуот кўп ёзади. Шу боис журналист изланишдан, ўқиб-ўрганишдан бир лаҳза тўхтамайди. У керакли ва ҳаётий воқеани, зарур гапни биринчи бўлиб айтишга интилади.

Нодиржон, китобингизни ўқиб, қалами ҳамиша уйғоқ журналистни кўрдим. Матбуот саҳифаларида кўп кўринмасангиз ҳам, оз-у соз ёзишингизга гувоҳ бўлдим. Ўзингиз табиатан камсўз, камтарин бўлганингиз боис ёзганларингизда ҳам вазминлик ва теранлик бор. Фикрларингиз тош босади ва жозибадор. Жонли воқеалар ва манзараларга бойлиги билан ўқувчининг эсида қолади.

Камина кўпроқ санъат соҳаси журналистикасида фаолият юритганим боис, сизнинг атоқли театр арбоби ва миллий театр санъатимиз асосчиларидан бири Маннон Уйғур ҳақидаги мақолангизни катта қизиқиш ва мароқ билан ўқидим. Сарлавҳа топилган: “Санъатимиз дағдағаси осмонларча бор. Бунга Оға каби дарғалар асос яратиб кетган”.

Мақолани Маннон Уйғур номидаги кўчанинг ҳозир мавжудми-йўқлигини суриштиришдан бошлаганингиз ҳақиқий журналистнинг изланишлари самараси бўлган: “Ҳозир пойтахтимизда Маннон Уйғур номли битта катта, битта тор ва битта берк кўчалар мавжуд. Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманида санъат арбоби номи берилган маҳалла ҳам бор”, деб ёзганингиз ўқувчига таскин беради.

Мақоланинг яна бир ҳаяжонли саҳифаси бошланади: “Уйғур — буюк санъаткорнинг тахаллуси. Ҳақиқий исмлари Абдуманнон Мажидов. У киши ўзига нега бундай тахаллус танлаган? Бу жиддий саволга жавобни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти, оғанинг ҳақиқий шогирдларидан бири Зикир Муҳаммаджоновнинг мақоласидан топасиз. Кўп манбаларда тахаллуснинг маъносини англаб бўлмагач, Зикир ака шундай ёзадилар: “Классик ва бошқа турли хилдаги эски луғатларни варақлаб чиқдик. Ниҳоят, 1969 йилда нашр этилган “Қадимги турк луғати” китобининг 362-бетида “Уйғур” сўзининг маъноси “уйғотиш” деб берилганига кўзимиз тушди. Бошқача бўлиб чиқиши мумкин ҳам эмасди. Маннон Уйғур чин маънода мазлум миллатнинг уйғотувчисидир…”

Шунингдек, Зикир Муҳаммаджонов таниқли театршунос Муҳсин Қодиров мақоласида Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида учратган “уйғур” сўзига берилган изоҳни ҳам шарҳлайди ва шундай хулосага келади: “У ўзини уюшқоқ, уюштирувчи, бирлаштирувчи деб билган, санъатда уйғур бўлишни орзу қилган эди, шундай бўлди, у тахаллусини оқлади”.

Сўнг Ўзбекистон халқ артисти Маннон Уйғурнинг қизғин ва машаққатли ижод йўлини ибратли мисоллар орқали теран очиб бергансиз.

Фидойи режиссёрнинг юксак истеъдоди туфайли яратилган “Отелло”, “Гамлет” спектаклларининг шуҳрати ҳамон ўзбек миллий театр санъати тарихида фахр ва ифтихор билан тилга олинади. Машҳур санъаткор Шукур Бурҳоновнинг мақолангизда келтирган ушбу ёрқин хотиралари ҳам юракларга ҳарорат бағишлайди: “Гарчи театр илмига эга бўлмасам-да, юзлаб роллар ижро этдим. Уйғурнинг қўлида ўқиганим, унинг мактабини ўтаганимдан ғурурланиш ва хурсанд бўлишдан тўхтамайман”.

Мақола сўнгида уруш йиллари шаҳримизга меҳмон бўлиб келган Англия парламенти аъзоси жаноб Жонсоннинг “Театр китоби”га ғурур билан ёзган ушбу ҳароратли сўзларини келтирасиз: “Биз — Шекспир Ватанидан келган меҳмонлар ўзбек театри саҳнасида “Отелло” спектаклини томоша қилиб, ҳозирги замонда ўзимизнинг мамлакатда бу қадар юксак ижрони кўрмаганимиздан қойил қолганимизни мамнуният билан изҳор этамиз. Бу ижрони бутун дунё кўриши керак!”

Нодиржон! Сизнинг улуғ санъаткор ҳаёти ва ижодини теран ва қизиқарли маълумотлар билан очиб берган ушбу мазмундор мақолангизни “маърифий очерк” деб атаган бўлардим.

Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг ёрқин ва бетакрор ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган “Буюклик сири” мақолангизни ҳам мароқ билан ўқиб чиққач, тарихий бир воқеа ёдимга тушди. 1995 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси (афсус, бугун шундай газета ёпилиб кетди! А.Ж.) ўқувчилари билан Навоий вилоятида қатор ижодий учрашувлар ўтказган эдик. Гуруҳимизда машҳур санъаткор Зикир Муҳаммаджонов, газета бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, таниқли олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров ва камина бор эдик. Ўшанда Нурота туманининг Чуя қишлоқ фуқаролар йиғинида катта учрашув бўлган. Эсимда, қишлоқ боғига кириб бориш йўлагида ўн беш-йигирмага яқин тизилиб турган қариялар гўё аскарлардай қадларини тик тутиб: “Хуш келибсиз, генерал Собир Раҳимов!” деб айнан Собир Раҳимов ролини кинода маҳорат билан ижро этган Зикир Муҳаммаджоновни катта ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олганларини ҳамон ҳаяжон билан эслайман.

Мақолангизда машҳур актёр билан метрода учрашиб қолиб, ёнма-ён ўтириш ва суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлганингизни жонли тасвирлагансиз. Ва мақолани жуда ширали ибора билан якунлагансиз: “Улуғ актёрни кузатганимиздан кейин дўстим айтган гап ҳамон эсимда: “Жуда оддий одам экан!”

Ҳа, буюкликнинг сири оддийликда, деб бежиз айтишмаган”.

Шунингдек, китобдан машҳур санъаткорлар — “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ артисти марҳум Шерали Жўраев билан бўлган “Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг, сомонингман, Ватан!” номли суҳбатингиз ҳамда “Ялла” ансамбли ва унинг бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировга бағишланган “Шонли йўл заҳмати ва шуҳратли ижод завқи” деб номланган мақолангизни ҳам китобхонлар севиб ўқишларига ишонамиз.

Эл севган ҳофиз Шерали Жўраев ижодининг юқори чўққиси — Ватан мавзусида куйлаган қўшиқларини меҳр билан санаб ўтиб, бир ўринда шундай ажойиб фикрини баён этасиз: “Қўшиқларимдан бирида шундай дардли сатр бор: “Ватан деган ҳар кас ватанпарвармас”. Шундай экан, Ватанга бўлган муҳаббатимиз, уни юксалтиришга қаратилган ҳар бир хатти-ҳаракатимиз меҳр, муҳаббат, ғурур ва ифтихорга йўғрилган бўлиши керак.

Афсонавий санъаткор Ботир Зокировдан сўнг миллий эстрада санъатимизни дунёга машҳур қилиб келаётган “Ялла” ансамбли ва Фаррух Зокиров номи хорижда ҳам севиб тилга олинади.

Сиз мақолани “Мана, халқимиз ўз “Ялла”сини нима учун яхши кўради!” деб якунлагансиз. Ваҳоланки, мақолада ансамбль ва Фаррух Зокиров ҳаёти ва ижодидан ёрқин, бетакрор мисолларни келтириб, ўқувчини ишонтиргансиз, “яхши кўриши”ни исботлаб бергансиз.

Нодиржон, ўзингиз Тошкентда туғилиб-ўсганингиз боис, қадим ва янги пойтахт ҳаётини чуқур биласиз. Шу боис “Янгиланаётган эски шаҳар”, “Улуғ қадриятлар бешиги”, “Сени билмасларга раҳмим келади” деб номланган туркум мақолаларингизни ўқиган ўқувчи кечаги Тошкентнинг тарихи, бугунги Тошкентда бўлаётган беқиёс ўзгаришларга гувоҳ бўлади. Тошкентнинг бетакрор манзаралари билан бирга тошкентликларнинг бебаҳо қалбларини ҳам кўриб, янада меҳрлари тошади. Яна бир гапни алоҳида таъкидламоқчиман, Тошкент ва тошкентликлар ҳақида ёзилган мақолаларида муаллифнинг беғубор қалби намоён бўлиб турибди. Жуда топиб ёзганингиздек: “Ҳозир бизда давлатимизнинг “Инсон қадри муқаддас” тамойили асосида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаётган, унга кўмаклашаётган жаҳон ҳамжамиятининг эътибори бор, хайрихоҳлиги бор…”

Нодиржон! Тарихий, диний ва қадим меросимизга оид мақола ва суҳбатларингиз ҳам қизиқиш билан ўқилади. Ўзбекистон ФА академиги Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоби чоп этилгани муносабати билан “Кўҳна тарих шодасидаги маржон” номли суҳбатингизни нуқта-вергулигача қизиқиб ўқидим. Чунки катта шов-шувларга сабаб бўлган бу китобни “Ўзбекистон” НМИУда ишлаб юрган кезларимда минг машаққат билан чоп этганимиз ёдимга тушди. Бўлиб ўтган машмашаларни эсламоқчи эмасман. Менга китоб муаллифининг жасорати, ҳар бир муҳокамада ёзганларини дадил исботлаб бергани ва “ички” курашларда ғолиб чиққани ҳайратга солган. Ҳақиқий олим шундай бўлиши керак. Ўзини ҳам, ёзган сўзини ҳам илм билан ҳимоя қилишини Аҳмадали Асқаровдан ўрганишни истардим. Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аралашуви ва бевосита топшириғи билан ушбу китоб дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинди. Ҳам китоб муаллифининг, ҳам уни чоп этган нашриёт жамоасининг юзи ёруғ бўлди.

Нодиржон! Сизнинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни эслаб ёзган “Юракка “кўмилар” асл шоирлар” номли хотира-эссенгизни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Машҳур ва самимий шоирга бўлган меҳрингиз ҳар бир сатрда нур сочиб турибди. Сиз шеър ўқиб зални жунбишга келтирган ва мухлислар қалбини олқишларга буркаб, ёнингизга келиб ўтирган шоирни шундай тасвирлайсиз: “Узоқ термилиб қолганимни сезиб, Муҳаммад ака менга қараб, жилмайиб кўз қисиб қўйди”.

Бу таъриф билан Муҳаммад Юсуфнинг сўз орқали чиройли ва бетакрор сиймосини маҳорат билан тасвирлагансиз. Қойил!..

“Қўлёзмалар тилга кирганда…” мақолангизда манбашуносликнинг янги илмий мактаби яратилаётганлигини Тошкент давлат шарқшунослик университети фаолияти ва профессор-ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида ёрқин ва ишончли очиб бергансиз. Бу мақолани кичик тадқиқот деб атаган бўлардим.

Яна китобингиздан ўрин олган “Фидойилик формуласи”, “Маънавиятдан иқтисод қилинган бир сўм”, “Муомала маданияти — инсон қалбининг кўзгуси”, “Китоб ўғриси… Ўғрими?”, “Илтимос, савия билан ярашиб олинглар!”, “Занжирларни узиш фурсати” деб номланувчи қатор мақолаларингизда янгиланаётган жамиятда одамлар ҳаёти, турмуш тарзи, оила муаммолари, маънавият, тарбия ва инсоний муносабатлар ёрқин, жонли ва ҳаётий мисоллар, воқеалар орқали ишончли, таъсирчан ёритиб берилганлиги билан китобхон қалбидан ўрин олишига ишонаман.

Китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни мухтасар этиб, китобингиз билан табриклаб, жонли мақолаларингиздан бирининг сарлавҳасини ўзингизга нисбат бериб айтмоқчиман: “Турма — югур, тинма — тириш, букилма — юксал”, деб ният қиламан. “Оддий одамларнинг қувонч ва ташвишлари” мақолангиз қаҳрамонлари Ҳасан ва Нуриддин акаларингиз яхши ниятлар билан айтган сўзларини такрорлаб, мактубимга нуқта қўяман: “Яшанг, ука! Қўлни ташланг…”

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + thirteen =