Ёзёвондаги учрашувлар

Ёзёвоннинг узун ва равон йўллари у ердаги меҳнаткаш инсонларнинг қон томирлари каби бир-бири билан чирмашиб, худдики барчани қондош, жондош қилиб тургандек гўё. Ёзёвоннинг сўлим жойларидан бири — Толқудуқ бува дам олиш маскани ана шу томирнинг юраги бўлиб, одамларни эзгуликка, ҳалолликка, садоқатга чорлаб тургандек туюлади.
Бу қадамжода нуроний отахонларнинг бир пиёла чой устида тарих зарварақларидан сўзлаган ҳикоялари-ю хандалари, аския-ю латифаларига гувоҳ бўлган азим дарахтлар Ёзёвоннинг жазирамасига дош бериб, одамларга беминнат соя ташлаб туради. Бир чўп суқса, уни ниҳол қилиб гуркуратиб юборадиган Ёзёвоннинг ҳароратли тупроғи жуда ҳам қайноқ ва саховатга лиммо-лим. Балки шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф:
Ёзёвонда ёз ёмон,
Қиздирармиш офтоблар.
Ёзда қандай жон сақлар,
Ёзёвонлик моҳтоблар? —
дея бежиз ёзмаган бўлса керак.
Толқудуқ дарвозасидан киришингиз биланоқ шеъриятнинг қайноқ тафтини ҳис этасиз. Салобатли чинорларга илинган жадид боболаримизнинг, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Муҳаммад Юсуф, Энахон Сиддиқова каби улуғ устозларнинг суратлари жонлангандек кўринади. Ўчмас нигоҳлар сизга не-не синоатдан сўзлаётганини ҳис этгандек бўласиз.
Бу даргоҳ ёзёвонликлар учун жуда қадрли. Ўзим ҳам бир неча бор шогирдларим, “Онажоним шеърият” тўгараги аъзолари билан келиб ижод ҳақида, сўз қудрати ҳақида дилдан суҳбатлар қурганмиз. Бу маконда кибрини қуёш нурлари эритиб юборган инсонларнинг қалби, юраги ҳам мана шу тупроқдек ҳароратли. Ёзёвонлик Эргашевлар оиласи бунга яққол мисол бўла олади. Бу оила ҳақида нафақат ёзёвонликлар, балки водийликлар ҳам жуда яхши биладилар.
Толқудуқ бува дам олиш масканини гуллатиб, яшнатиб, кўркига кўрк қўшиб, обод қилиб келаётган адабиётсевар бу оила ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оздек, назаримда. Саховатпеша нуроний Холмурод ҳожи ота ва Ойшахон ҳожи она Эргашевлар ташаббуси билан иккинчи бор ўтказиб келинаётган “Ёзёвон илҳомлари” ўзгача руҳда давом этди. Тадбир “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида мустақиллигимизнинг 34 йиллик тўйи арафасида адабиётсеварларни яна ушбу гўзал манзилда жамлади. Мустақиллик байрами шукуҳига ҳамоҳанг тарзда ташкил этилган мушоирада вилоят ва туман раҳбарлари, вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, Тошкент, Андижон, Намангандан келган ижодкорлар, “Миллий тикланиш” партияси, Халқ демократик партиясидан вакиллар иштирок этди. Етмиш нафардан зиёд устоз шоирлар, олимлар, ёш қаламкашлар даврага файз қўшдилар. Республикамиздан, водийдан ташриф буюрган эл назаридаги таниқли олимлар, ижодкорлар иштирокидаги адабий мушоиралар кўнгилларга ўзгача ободлик бахш этди. Сўзга чиққан устоз ижодкорларнинг ижод намуналари, адабиёт ҳақидаги фикрлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансур қуйидагиларни фахру ифтихор билан гапирди:
— Фарғона водийси бекорга “Олтин водий” дейилмайди. Ер остида қанча олтини бор, билмайман, лекин олтин одамлари, олтинга тенг бунёдкор халқи бор. Уч вилоят худди уч оғайни ботирлардек, елкама-елка, биридан бири ўрганиб, руҳ олиб, илҳомланиб, мамлакатимиз раҳбарининг халқпарвар, тинчликпарвар, инсонпарвар сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш орқали яратилаётган улкан бунёдкорлик ишларига мафтун бўлиб, унинг тараннумига шайланган ижодкорга айланиши табиий. Бир замонлар Ёзёвон сув етмайдиган чўл-саҳро маскани бўлган бўлса, мустақиллигимиз шарофати билан Ёзёвонда амалга оширилаётган ишлар ҳар қандай ижодкорни илҳомлантиради. Бежизга Саид Аҳмад “Уфқ” романини ёзиб, абадиятга муҳрламаган. Чунки бу манзилда халқнинг оғирини енгил қиладиган, меҳнат-машаққатдан чўчимайдиган халқи бор. Ўтган йили ҳам бу тадбир жуда чиройли бўлган эди, бу йил ҳам инсонни ўзига тортадиган, жозибадор тарзда ўтяптики, бу замин ҳамиша, менинг назаримда, илҳом, завқ ато этадиган оҳанрабоси бор заминга айланаётгани, илоҳим, рост бўлсин. Ёшлар чиқиб шеър ўқиганларини кўриб, эртанги куннинг Эркин Воҳидовларини, Анвар Обиджонларини, Энахон Сиддиқоваларини кўргандек, кашф этгандек бўлдик.
Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” деган эди. Мушоира давомида бу сўзнинг нақадар ҳаётийлиги яққол ўз аксини кўрсатди. Шеърият нафақат руҳий озиқ, балки ёш авлод тафаккурини чархловчи, мустақиллик руҳини мустаҳкамловчи буюк мактаб эканини “Ёзёвон илҳомлари” яна бир бор тасдиқлади.
Илҳомнинг қадри рағбатда. Мушоира чоғида Ёзёвон ҳақида янги ёзилган, сиёҳи қуримаган шеър муаллифларига пул мукофотларининг берилиши ёш истеъдодларни янада илҳомлантиришига шубҳа йўқ.
Ўктамхон СОЛИЕВА,
II даражали “Соғлом авлод учун”
ордени соҳибаси.