Олтин куз мўъжизалари

Мана, олтин куз фасли ҳам ўзининг изғиринли кунлари билан кириб келди. Навбати билан ёз ойи ҳам олтин кузга ўз ўрнини бўшатиб берди. Кузнинг бошқа фасллардан фарқи шундаки, куз ойи келиши билан деярли барча дов-дарахтлар олтин рангга беланиб қолади. Пишиқчиликнинг гаштини айтмайсизми! Полизлардаги қовун-тарвузни, олма, анор, олхўри, ёнғоқ меваларини шохларидан қоқиб теришнинг гашти бўлакча. Далаларда етилган картошка, пиёз, сабзи, лавлагию турпларни ковлаб, қазиб қоп-халталарга жойлашимиз — қиш фасли келаётганидан дарак бераётгандек гўё. Бу фаслда охирги бедалар ўрилиб, ўтин тайёрланиб, қишга ҳозирлик кўрила бошланади. Меваларнинг, айниқса, ўрик, олма қоқиларнинг зўрлиги-чи! Болдан ширин қовун тилимларидан қуритилган ва соч каби ўриб қўйилган қовун қоқининг мазаси тилни ёради-я…
Тарвуздан шириндан-шакар қайнатилган шиннилар ҳам кузнинг бир мўъжизаси. Бу фаслда бободеҳқон томонидан узумлар хомток қилиниб, тупроқ остига ёпилади. Қуриган дарахтлар кесилиб, янгисини экишга ҳозирлик кўрилади. Ерлар шудгорланиб, уруғ сепилади. Қўйингки, барча юмушлар куз фаслида жадаллик билан олиб борилади.
Куз ёмғирининг ҳам ўз гашти бор. Кейин изғиринли шамол келиб, хазон япроқларини учириб, она ерга пойандоз тўшайди. Туманларда, қишлоқларда ҳосил байрамлари авж олади. Ҳамма хурсанд. Ҳосилдорликнинг сўнгги манзили бўлган бу мўъжизавий фасл — болаларнинг қувончли байрами, десак, адашмаган бўламиз. Момоларимиз, оналаримиз ҳам бу олтин фаслда, албатта, бекорга вақт сарфлашмайди. Ҳовлидаги гулларнинг уруғини ажратиб олиб, келгуси йилга ҳозирлаб, қуриган қурут ва қоқиларни халталарга жойлаш билан машғул бўлади.
Олтин кузнинг яна бир таровати шундаки, одамга ўзгача руҳ бағишлайди. Мана шу фасл бободеҳқон-у миришкорлар, боғбонга чарчоқларини унутиб, дам олиш имкониятини беради. Меҳнатлари самарасини, даромадини кўриш бахтига, қувончига етказади. Оиласи даврасида бемалол чой ичиб, гурунглашиб ўтиришга фурсат яратади.
Ҳосил байрамида болажонларимизнинг суннат тўйлари ҳам авж олади. Яна ҳамма хурсанд.
Ҳатто қишки кийим либосигача мана шу фаслда тайёргарлик кўрилиб, тахт қилинади. Олтин куз ҳақида немис ёзувчиси Гёте шундай таърифлаган экан: “Куз — фасллар отахони. Чунки баҳордан бошлаб то кузгача қилинган ишлар бу фаслда ўз натижасини, самарасини бериб, куз фаслига бош эгиб, аниқлаб бергандай гўё. Кузнинг яна бир мўъжизаси шундан иборатки, бу фасл инсонларни меҳнат ва инсонийликка, бахт-саодатга чорлайди”.
Олтин куз фасли, ҳосил байрамлари, тўкинлик, барака ойи муборак бўлсин, азизлар!
Равшанбек УБАЕВ.
Туркистон вилояти.