Ўзбекистон — БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси ташаббускори

Иорданиянинг “Ammon News” газетаси сайтида “Ўзбекистон — БМТ: барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20-24 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этаётгани маълум қилинган.

“Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Бу қадам ёш мустақил республика нафақат барча халқаро жараёнларда фаол иштирок этишга, балки ўз ташқи сиёсатини халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига ҳурмат тамойилларига асослашга тайёр эканлигининг асосий тасдиғи бўлди. Ўшандан бери ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди ва шу давр ичида Тошкент таклифлари халқаро майдонда кенг акс-садо бераётган фаол глобал ташаббуслардан бирига айланди”, — дейилган материалда.

Қайд этилишича, БМТдаги иштирок Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг суверенитети халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини таъминлаш, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли мулоқот учун замин яратишда муҳим омил бўляпти. 1993 йилда Тошкентда БМТ ваколатхонасининг очилиши ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерини мустаҳкамлаган яна бир муҳим воқеа сифатида тарихга кирди.

Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги устувор йўналишлари дастлаб халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш, экологик муаммоларни ҳал этишдан иборат. Глобал экологик ҳалокатга айланган Орол денгизи инқирозига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ўзбекистон Оролбўйи бўйича қатор ташаббусларни илгари сургани бежиз эмас, улар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, 2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди”, — дея таъкидланган мақолада.

Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида мунтазам равишда нутқ сўзлайди. Унинг 72-, 75-, 76- ва 78-сессиялардаги нутқлари минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотларга айланди.

Иордания ОАВ ёзганидек, 2018 йилдан 2025 йилгача Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси ташаббускори бўлди. “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (2018 йил), “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида” (2021 йил), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги (2022) ва “Ўрмонларни ўстириш ва қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” (2025) резолюциялари шулар жумласидандир”, — дея урғулаган “Ammon News”.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − 2 =