“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ: Хизмат кўрсатиш замонавий босқичга олиб чиқилмоқда

Бу дунёда ҳаммамиз ҳам йўловчимиз. Киммиз, қаерда ишлаймиз, қайси кентда ё қай овулда яшамайлик, умр йўлларида йўлга чиқамиз. Кўзлаган манзилга ўз вақтида, эсон-омон етиб олишни ўйлаймиз…

Бизни манзилларга етказиб қўйишда йўловчи поездларнинг ҳам аҳамияти, хизмати каттадир.

Мамлакат – темир йўллардан бошланади. Дарҳақиқат, бу иборада муболаға йўқ бўлса керак. Негаки, темир йўллар – мамлакатнинг қон томири деган гап бежиз айтилмаган.

Бугун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан халқимизнинг узоғини яқин қилиб, йўловчиларга сифатли, замонавий хизмат кўрсатиш масъулияти зиммамизга тушган экан, бу ҳам катта шараф, катта фахр десак хато бўлмайди.

Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган халқчил ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖда ҳам хайрли қадамлар ташланаётганини айтиш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2024 йил 31 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Жамият 4 та корхонага ажратилди:

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ – маҳаллий ҳамда халқаро йўналишлардаги йўловчи поездлар орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш жараёнини амалга оширади;

“Темирйўлэкспресс” АЖ – юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланади;

“Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ – бутун республика бўйлаб шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи (мисол учун Тошкент – Ҳожикент, Андижон – Қўқон, Термиз – Сариосиё ва ҳ.к.) йўловчи поездларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш фаолиятини юритади.

“Темир йўл вокзаллари” МЧЖ – республикада мавжуд бўлган барча 33 та темир йўл вокзалларида йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Трансформация жараёнлари амалга оширилганидан бугунги кунга қадар жамият маблағлари ҳисобидан 75 та замонавий турдаги йўловчи вагонлар харид қилинди.

48 та мавжуд йўловчи вагонларнинг совитиш тизимлари қайта тикланди.

Чипталарни инсон омилларисиз харид қилишга мўлжалланган 50 та инфокиоск харид қилиниб, Тошкент-Марказий, Тошкент-Жанубий, Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч ва Қўнғирот темир йўл вокзалларига жойлаштирилди.

Чипталарни электрон усулда сотиш кўрсаткичлари 40 фоиздан 75 фоизга ошди.

“Тошкент – Ҳожикент — Тошкент” йўналишида тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилиб, бир вақтнинг ўзида 1152 нафар йўловчини ташиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, 20 та электропоездни харид қилиш бўйича жорий йилнинг 17 июль куни тендер эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2025 йилнинг 27 май куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 23 та темир йўл вокзалларидаги темир панжаралар олиб ташланди ҳамда вокзаллар олди ҳудудига енгил автотранспорт воситаларининг эркин кириб чиқиши учун босқичма-босқич тарзда шароитлар яратилмоқда.

2024 йилнинг декабрь ойида Қўнғирот темир йўл вокзали тўлиқ қайтадан қурилиб, у бир вақтнинг ўзида 150 нафар йўловчини ўзига сиғдира оладиган, замонавий ва кўркам қиёфада фойдаланишга топширилди.

2023 йилдан 2025 йилга қадар республика бўйича мавжуд бўлган 33 та темир йўл вокзалларига жалб қилинган тадбиркорлар сони 92 нафардан 216 (+124) нафарга ошди ва бу орқали вокзалларда қўшимча хизмат турлари кўпайди.

Келгуси режалар ҳақида ҳам мухтасар маълумот:

Жорий йил якунига қадар қўшимча 25 та замонавий турдаги йўловчи вагонлар харид қилинади. 16 та таъмирлашда турган йўловчи вагонлар модернизация қилиниб, фойдаланишдаги йўловчи вагонлар 385 тадан 420 тага етказилади. Бу орқали йилига яна қўшимча равишда 723 минг нафар йўловчини ташиш имконияти яратилади.

Шу билан бир қаторда ҳозирда совитиш тизимларига эга бўлмаган 44 та йўловчи вагон 2026 йил якунига қадар тўлиқ совитиш тизими билан жиҳозланади ва бу орқали совитиш тизимига эга бўлмаган вагонлар бўлмайди.

2026-2030 йилларда қўшимча 150 та замонавий йўловчи вагонларни харид қилиш режалаштирилмоқда.

2026 йилдан бошлаб Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган “Jaloliddin Manguberdi” номли юқори тезликда ҳаракатланувчи 5 та электропоезд юртимизга олиб келиниб, “Тошкент – Бухоро – Хива – Тошкент” йўналишида ўз қатновларини амалга ошира бошлайди. Ушбу электропоезд биттасининг йўловчи сиғими 389 кишини  ташкил этиб, йилига 5 та электропоездда 1,5 млн нафар йўловчини ташиши мумкин бўлади.

Чипталарни электрон тарзда сотиш кўрсаткичлари келгуси йил якунига 85 фоизга олиб чиқилади.

2025 – 2028 йилларда республиканинг барча ҳудудларини қамраб олувчи 20 та замонавий электропоезд харид қилиниб, 21 та йўналишда қатновлар ташкил этилади. Бу орқали йилига 11,3 млн нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти пайдо бўлади.

2025 – 2030 йилларда Тошкент-Марказий, Самарқанд, Навоий ва Қўқон темир йўл вокзалларига давлат хусусий шериклик асосида инвесторлар жалб қилиниб, вокзаллардаги хизмат турлари оширилади ва қўшимча сервис хизматлар жорий қилинади.

Агарда пойтахтимизнинг “Тошкент” марказий темирйўл вокзали ҳақида тўхталадиган бўлсак, у республикамиздаги энг муҳим транспорт дарвозаларидан бири ҳисобланади.

Вокзалга кириш ҳудуди ободонлаштирилди. Автомобиллар учун йўлаклар қилиниб, сифатли асфальт ётқизилди, йўловчи ва фуқаролар учун махсус йўлаклар қилинди. Айни пайтда янги қурилган вокзал олди йўлаги синов тариқасида ишга туширилди. Шунингдек, йўлакнинг кириш ва чиқиш қисмларида назорат шлагбаумлари ва видеокузатув камералари ҳамда йўл белгилари ўрнатилиб, йўловчиларнинг кириб-чиқиш хавфсизлиги тўлиқ таъминланди. Эндиликда вокзалга ташриф буюрувчи йўловчиларнинг шахсий автомашиналари, таксилар ҳамда туристларга хизмат кўрсатаётган турли транспорт воситалари вокзалнинг кириш эшигига қадар келиб, юк ва йўловчиларини тушириб чиқиб кетишлари мумкин бўлди. Мамлакатимиздаги бошқа вокзаллар ҳудудига ҳам кириш ва чиқишлар босқичма-босқич тарзда “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидагидек бўлиши режалаштирилиб, йўл харитаси ишлаб чиқилган. Шу билан бир қаторда, “Афросиёб” ва бошқа тезюрар поездларга махсус мультимедиали порталлардан фойдаланиш, бепул Wi-Fi хизматлари жорий этилди.

Йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда транспорт соҳасини рақамлаштиришни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг барча темир йўл вокзалларида инфокиосклар босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Ушбу замонавий ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмалари орқали йўловчилар темир йўл кассаларида навбатда турмасдан, мустақил равишда чипталарни харид қилишлари, поездлар ҳаракат жадвали ҳақида батафсил маълумот олишлари ва бошқа бир қатор хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Инфокиосклар ёрдамида қуйидаги амалларни тезкор ва қулай бажариш мумкин:

  • Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича чипта харид қилиш;
  • Поездлар жадвали билан танишиш;
  • Чипта нархлари ҳақида маълумот олиш;
  • Тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш.

Инфокиоскларнинг асосий устунликларидан бири — “UzCard”, “HUMO” ҳамда халқаро “Visa” тўлов тизимлари орқали хавфсиз, ишончли ва тезкор тўловларни амалга ошириш имкониятидир. Бу эса нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар учун ҳам хизматдан фойдаланишни анча осонлаштиради.

Инфокиосклар орқали хизмат кўрсатиш тизими — нақд пулсиз тўлов маданиятини кенг оммалаштириш, кассалардаги ортиқча навбатларни камайтириш ҳамда йўловчиларнинг вақтини тежашда муҳим аҳамиятга эгадир.

“Қўнғирот” вокзали қайтадан қуриб фойдаланишга топширилди.

Яқин келажакда янги лойиҳалар, замонавий технологиялар ва қулай транспорт тизими мамлакатимиз темир йўлларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ўзбекистон темир йўллари замонавий инфратузилма, иқтисодий ривожланиш ва халқаро интеграциянинг муҳим бўлагидир. Олдинда эса янада янги режалар, лойиҳалар, янги йўллар кутмоқда.

Бугун ташкилотимизда 5 минг 200 нафарга яқин киши меҳнат қилади. Бир кеча-кундузда темирйўллар орқали 27 мингдан 30 минггача йўловчилар манзилларига етказиляпти. Ҳозирги кунда 360 та вагон йўловчилар хизматида.

Бугун плацкарт вагонларга ҳам совиткичлар мавжуд. Чунки бугунги йўловчи – кечаги йўловчи эмас. Уларга юқори хизмат, комфорт шароит бўлмаса, одамларни рози қилиб бўлмайди. Биз ана шу жиҳатни, талабни яхши англаймиз.

Ўз навбатида шаҳарлараро электропоездлар тезкорлиги ва сифатли хизмат кўрсатиш қулайликлари ҳам кучайтирилаётир. Масалан, йўловчи Гулистондан Тошкентга икки соатда, Келес шаҳарчасидан эса 30 дақиқада келади. Автомобилда қатновчилар Тошкент вилоятининг Қибрай ҳудудига транспортини қўйиб, пойтахтга у ердан электропоездда келиши мумкин. Жаҳон тажрибаларидан келиб чиқиб метрога темир йўлларни боғлаш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Ана шунинг учун ҳам ўтган йили 24 та янги вагон харид қилинди. Чунки йил сайин йўловчилар миқдори ҳам, уларнинг замонавий қулайликларга талаби ҳам ортиб бораётир. 2025 йил охиригача яна 50 та янги вагон сотиб олишни режалаштирмоқдамиз. Авваллари ҳар бир вагонда биттагина совиткич ишлар эди. Эндиликда ҳар бир купеда алоҳида совиткич тизими мавжуд. Ёдингизда бўлса, бир вагон учун умумий битта монитор бўларди. Ҳозир вагондаги ҳар бир купеда алоҳида бошқариладиган мониторлар ўрнатилган.

Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим йўналишларга қатновчи поездларга чипта топиш қийинлиги, етишмаслиги эътирозларга сабаб бўлмоқда. Йўловчиларнинг ана шу ҳақли талабини қондириш бўйича зарур чора-тадбирлар изланяпти. Аслида, бунинг ҳаммасига вагонлар етишмаслиги сабаб. Яширишга ҳожат йўқ, республика бўйича яна қўшимча тахминан ўн минг йўловчига хизмат кўрсатиш эҳтиёжи мавжуд. Худо хоҳласа, йил охиригача йўловчиларга қулай хизмат кўрсатадиган замонавий электропоездларнинг биринчиси олиб келинади.

Юқорида айтилганидек, вокзалларнинг олд томонлари очиб ташланди. Автомашиналарда вокзаллар эшигига қадар кириб, йўловчиларни кузатиб қўйиш имкони пайдо бўлди. Ҳатто йўловчиларни кузатувчилар перронга чиққунича кириши мумкин бўлди. Бундан аввал қандай эди? Ҳаммаёқ панжаралар билан ўраб олинган, йўловчиларга қулайликлар жуда чекланганди. Ҳозир эса Янги Ўзбекистонда очиқлик, эркинликнинг бир кўриниши қиёфасини темирйўл вокзалларидан ҳам сезиш, ҳис қилиш мумкин. Шундай эмасми?

Яна бир гап. Аслида йўловчиларга хизмат кўрсатишда азалдан бир нарса ҳамиша муаммо бўлиб келаверган. Яъни вагонлардаги сочиқ, кўрпа-ёстиқлар жилдлари эскилиги, сифатсизлиги йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўларди. Ҳозирги пайтда пастелларни ажратадиган, саралайдиган янги техникалар харид қилинган. Тикув цехида сифатли материаллардан турли жилдлар тикилмоқда. Муҳими, йўловчига тоза, сифатли сочиқ ва ётоқ жиҳозларини тақдим этиш кўнгилдагидек бўлсин. Ана шунга тўлиқ эришилди.

Темир йўлларда йўловчи ташиш хизмати сифатини оширишда деполарнинг аҳамияти катта. Айни пайтда учта депо мавжуд. Янги йўналишларда йўловчи ташиш поездлари қатнови йўлга қўйилгани боис, Андижон шаҳрида ҳам депо очилди. Қирғизистон Республикаси билан йўловчи ташиш бўйича келишувлар олиб борилмоқда.

Энг муҳими, вагон кузатувчиларининг малакасини ошириш, замонавий мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам режали ишлар амалга оширилмоқда. Уларга чет тилларини ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этилди.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтишни истар эдик. Минг афсуски, айрим ҳолларда йўловчи вагонларига тош отиб, давлат мулкига катта зиён етказувчилар ҳам йўқ эмас. Яна вагон деразаларидан пластик сув идишларини, пакетлар ва турли чиқиндиларни улоқтирувчи маънавияти паст йўловчилар ҳам учраб туради. Бу борада йўловчиларга тушунтириш ишлари доимий олиб борилади.

Ҳар бир йўловчини манзилига эсон-омон етказиш, хизмат кўрсатишни жаҳон стандартларига олиб чиқиш асосий мақсадимиздир.

Шерали ЮСУПОВ,

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ

бош директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 14 =