Нега телевизор кўрмай қўйдик?

Яхши эслайман: уйимизда каттагина телевизор бўларди. Дастурхон атрофида жам бўлган оиламиз аъзолари: дадам, ойим, опам ва мен севимли телекўрсатув, телесериалларимизни маза қилиб томоша қилардик. Тасаввуримда зангори экран нафақат ахборот ташувчи, балки инсонларни бир нуқтада бирлаштирувчи восита сифатида гавдаланарди.
Бугун-чи?
Бугун замон ўзгарган, шу билан бир қаторда инсонларнинг хоҳиш-истаклари ҳам. Тўғри, орамизда телевизор кўрадиганлар, томоша қиладиганлар ҳам бор. Аммо тан олиш керакки, интернет сайтларининг кузатувчиларидек миллион-миллионлаб эмас. Савол туғилади: нима учун?!
Интернет нафақат телевидение, балки матбуот, радионинг ҳам оёғига тушов, йўлида ғов бўлди. Сабаби эса барчага бирдек маълум: ижтимоий тармоқлар, хусусан, мессенжерлар, видео-хостинглар, рекреатив платформалар инсонларга кўпроқ маъқул тушяпти. Улар излаган маълумот, кўришни хоҳлаган видеолавҳа, эшитмоқчи бўлган аудиоёзувларини зум ўтмай “қўлларига тутқазяпти”.
Аччиқ ҳақиқат — тезкорлик бобида анъанавий оммавий ахборот воситалари анчагина оқсаяпти. Хусусан, телевидениеда ҳам янгиликлар дастурлари жадвал асосида, куннинг маълум бир қисмида эфирга узатилади. Исталган вақтда исталган мавзудаги ахборотни олишнинг имкони йўқ.
Яқинда “Reuters Institute Digital News Report” 46 та мамлакатни қамраб олган тадқиқот ўтказди. Сўровлар натижасида аҳолининг 60 фоизи энг сўнгги янгиликлар билан интернет воситасида танишиб чиқиши маълум бўлган. Умуман, ахборот тарқатишга ихтисослашган онлайн нашрларни мунтазам равишда кузатиб бориш жаҳон миқёсида одат тусига кирган.
Авваллари ОАВ аудиториясига “реципиент”, яъни ахборотни қабул қилувчи, сирасини айтганда, истеъмолчи сифатида қараларди. Инсон тирик эканки, айтиш, айта олиш истаги билан яшайди. Маълум бир воқеа-ҳодиса, муаммо ёхуд масала юзасидан ўз фикрларини баён этгиси келади. Замонавий медиа кишилик жамияти вакилларининг “айта олиш” истагини бажо келтиряпти. Эҳтиёжини керагидан ортиғича қондиряпти. Оқибатда интерактивлик интернетни бошқа оммавий ахборот воситаларидан ажратиб, фарқлаб турувчи асосий хусусиятлар қаторидан жой олмоқда.
Замондошларимиз ўзини қизиқтирган, билишни истаган, умуман, эҳтиёж сезган мавзуларидаги медиаконтент билан танишгиси келяпти. Телевидениенинг мавзулар кўлами кенг. Аммо айрим ҳолатларда чегараланиш (айниқса, давлат телевидениеси моделида) мавжуд. Мунозарали, сўнгги вақтларда кўп муҳокама қилинаётган воқеа-ҳодисаларга алоҳида тўхталиб ўтилмайди. Ток-шоулар ташкил этилмайди ҳисоб. Содда қилиб айтганда, темир қизиғида босилмайди.
Телевидение, радио, матбуот, интернет — барча-барчаси медиамаконда ўзига хос ўрнига эга. Лекин ана ўша маконда “рейтинг”, “индекс” сингари тушунчалар ҳам бор.
Назаримда, телеканаллар кўримлилигини ошириш, оммабоплигини таъминлаш учун таҳлилий жанрлардаги материалларга кўпроқ мурожаат қилиши керак. Инсонларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар таҳлилига бағишланган аудиовизуал материаллар, давра суҳбатларини ўтказиш, намойиш этиш орқали ҳам телетомошабинларни экран қаршисига қайтариш мумкин деб ўйлайман. Албатта, бу менинг шахсий фикрларим.
Улуғбек ШАРОБИДДИНОВ,
ЎзЖОКУ талабаси.