ОИТС — хавфли, лекин бу “ҳаёт тугади” дегани эмас!

Самарқанд вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори вазифасини бажарувчи Улуғбек Назаров билан суҳбат

— Улуғбек Авазович, айни пайтда Самарқанд вилояти аҳолиси орасида ОИВ — одам  иммунотанқислик вируси, ОИТС — орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (СПИД) инфекциясининг олдини олиш бўйича тиббий маданиятни ошириш, ўта хавфли ва ҳозирча давоси йўқ бўлган бу касалликнинг олдини олиш мақсадида қандай чоралар, ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 14-сонли қарори имзоланди. Қарорда қуйидагилар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси олға сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, 95 фоизи махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган. Мазкур стратегияга мувофиқ, тадбирларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023-2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, кенг тарғибот ишларини ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун йўналтирилди. 2027 йилгача ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳамда ўз мақомини билган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичи 95 фоизга етказилиши, ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам берилиши кўзда тутилди. Дастурда белгиланган вазифаларни  амалга оширишда ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида аҳолини ОИВ инфекцияси билан текшириш қамровини ошириш ва диагностик тест-тизимларни (экспресс, ИФА тестлари) етарли харид қилиш, ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиш, ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 6 ойгача бўлган болаларни қуруқ сут аралашмаси билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар (гиёҳвандлар ва бошқалар) орасида профилактик тадбирлар олиб бориш, аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишлари ташкил этиш кўзда тутилади.

— Вилоятда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазият таҳлили  қандай, ОИВ/ОИТС ҳақида қисқача тушунча берсангиз?

— Вилоятда ОИВ инфекцияси бўйича бирмунча мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда. Жами ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар ҳар 100 минг аҳолига 117,2 нафарни ташкил этмоқда.

Деярли барча шаҳар ва туманларда ўтган йилга нисбатан ОИВ билан зарарланганлар сони ортиши кузатилади.  Бундан ташқари, Самарқанд, Каттақўрғон шаҳар, Самарқанд, Ургут ва Пастдарғом туманларида бошқа туманларга нисбатан касалликнинг нисбатан ўсиши кузатилмоқда. Касаллик ортишининг асосий сабаблари ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар ўтказилмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўтган йилларга нисбатан аҳолини ОИВ инфекциясига текширувлар сони ҳам бир неча бараварга ошган.

— ОИВ инфекцияли шахслар чет давлатларга чиқиши мумкинми?

— Бу фуқароларимиз бораётган давлатларнинг қонунларига боғлиқ, агар мазкур давлатнинг қонунларида ОИВ инфекцияси аниқланган шахсни депорт қилиш назарда тутилган бўлса, унда ушбу шахс депорт қилинади. Қонунда депорт қилиш назарда тутилмаган бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шунинг учун чет давлатга чиқишдан олдин ўша давлатнинг бу борадаги қонуни билан танишиб чиқиш зарур.

— ОИВ билан зарарланган шахслар қайси ишларда ишлаши мумкин эмас?

— Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 23 апрелдаги 7-сонли буйруғи билан ОИВни юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касблар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга кўра:

– қон ва унинг таркибий қисмларини тай­ёрлаш билан боғлиқ касблар;

– гемотрансфузия билан боғлиқ касблар;

қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар;

– инъекциялар;

– диализ;

– венесекция;

– катетеризация;

– косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар;

– стоматологик, туғуруқ, аборт ва бошқа гинекологик муолажалар билан боғлиқ касблар;

– соч-соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касбларда ишлашлари мумкин бўлмайди.

— Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази лабораторияларида қандай таҳлиллар ўтказилади? Таҳлиллар учун мўлжалланган реагентлар ҳамда тиббий жиҳозлар таъминоти қандай амалга оширилади? ОИВ инфекцияси учун қон намуналари қайси тиббиёт муассасаларида олинади ва лаборатория мажмуасига етказилиш тартиби қандай?

— Лаборатория мажмуасида ОИВ инфекциясига иммунофермент усулида текшириш, тасдиқловчи усул, иммуноблот усули, умумий қон, пешоб таҳлиллари, қоннинг биокимёвий таҳлиллари, қолаверса, Самарқанд вилоятида фақатгина ОИТС марказ лабораториясида ўтказиладиган иммун тизимини кўрсатувчи СД4 ҳужайралари таҳлиллари ҳамда полимераза занжир реакция — ПЗР миқдор ва ПЗР сифат таҳлиллари ўтказилади. Барча таҳлилларни лабораториядаги кўп йиллик малакага эга бўлган мутахассислар томонидан ўтказилади. Лабораторияга олиб келинган қон намуналарида таҳлилларни сифатли ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд. Таҳлиллар учун мўлжалланган реагентлар Глобал жамғарма ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан харид қилиниб, узлуксиз таъминланиб турилади. Лаборатория тўлиқ капитал таъмирдан чиққан ҳамда энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган: Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан олиб берилган Германия давлатида ишлаб чиқарилган 2 дона ПЗР таҳлиллари ўтказишга мўлжалланган “ДНК-96” технология аппаратлари, Ламинар шкафлари, ИФА таҳлиллари ўтказиш учун мўлжалланган сўнгги русумдаги ИФА анализаторлар, вошерлар, Глобал фонд томонидан ажратилган СД4 ҳужайраларини аниқлашга мўлжалланган цитофлюрометр асбоблари, сил таёқчаларини аниқлаш учун мўлжалланган “Genexpert” (женэксперт) асбоблари харид қилинди. Таҳлиллар ўтказиш жараёнида юқори сезувчанликка эга бўлган тест системаларидан фойдаланилади.

ОИВ инфекцияси учун қон намуналари шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари қошидаги поликлиникалар муолажа хоналарида махсус бириктирилган ходимлар томонидан олинади ҳамда махсус ажратилган транспорт воситаси ёрдамида марказ лабораториясига олиб келинади. ОИВ инфекциясига ИФА таҳлиллари учун олинадиган қон намуналарини тўғри олиш, сақлаш ҳамда етказиб бериш учун жойларда врачлар томонидан мунтазам маърузалар ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилади. Шаҳар ва туман поликлиникалари қошида “Ишонч хоналари” ташкил қилинган бўлиб, бу хоналарда ҳам ОИВ инфекциясига текшириш учун қон намуналарини олиш ҳамда лабораторияларга етказиш учун барча шароитлар яратилган. Олинган барча қон намуналари бепул текширилади.

— Касаллик кўпроқ қайси аҳоли қатлами орасида учрамоқда?

— Касаллик, асосан, бетартиб жинсий ҳаёт кечириб яшовчи шахслар, наркотик моддаларни вена ичига қабул қилувчилар, қамалганлар, узоқ вақт меҳнат миграциясида бўлган шахслар ичида қайд этилмоқда.

— ОИВ инфекцияси сартарошхоналарда ҳам юқиши мумкинми? Агар юқиш эҳтимоли бўлса, бу ҳолатнинг олдини олиш борасида қандай профилактик тадбирлар олиб борилмоқда?

— ОИВ инфекцияси тери бутунлиги бузилиши билан кечган жараёнларда юқиш хавфи мавжуд. Шу жумладан, сартарошхона ва гўзаллик салонларида ҳам маникюр, педикюр, соч-соқоллар олинганда ва бошқа ҳолатларда стерилланмаган маиший асбоблардан фойдаланганда юқиши мумкин. Белгиланган режа асосида сартарошхоналарнинг санитария ҳолати назорат қилинади. ОИТС маркази ходимлари томонидан сартарошхона ходимлари ўртасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш борасида суҳбатлар олиб борилмоқда. Ўтказилган суҳбатлар жараёнида ҳар бир иштирокчига ОИВ инфекциясини профилактикаси бўйича буклетлар тарқатилмоқда.

— Касалликнинг ортишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

— Касалланишнинг ортишига, асосан, касалликка қарши вакцинанинг йўқлиги, бутунлай тузатиб юборадиган дори воситаларининг мавжуд эмаслиги сабабдир. Шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан ишлаш қийинлиги, касалликнинг кечки босқичларида аниқланиши, бетартиб жинсий алоқа қилувчи шахсларнинг кўпайганлиги, беморларнинг вақтида тиббий назоратга келмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Гўзаллик салонларига мурожаатнинг кўпайганлиги тери бутунлиги бузилиши билан ўтказиладиган аралашувларнинг кўпайишига олиб келаётир.

— ОИВ юқтириб олган шахслар, табиийки, тушкунликка тушиб қоладилар. Уларда яшашга умид уйғотиш учун нима қилиш керак?

— “ОИВ инфекциясини юқтириб олди” дегани — “ҳаёт тугади” дегани эмас! Бунинг учун бизда имкониятлар мавжуд. Бошқа шахслардан фарқли ўлароқ, уларнинг ҳаётига фақатгина дори кириб келади, бу ретровирусга қарши терапия, қисқача РВҚТ курси бўлиб, бизнинг марказимизда ҳисобда турган шахслар умри давомида даволаш ишлари билан қамраб олинади, яъни бутун умр ушбу дориларни қабул қилишади. РВҚТ дорилари давлат бюджети ва глобал жамғармаси томонидан бепул берилади. РВҚТ дорилари кўз олдимизда мўъжиза яратади, кўз олдингизга қуриб қолган дарахт новдасини келтиринг, уларга сув қандай ҳаёт бахшида этгани каби, мазкур дорилар ҳам ОИВ билан зарарланган шахсларга шундай таъсир кўрсатади. РВҚТ дорилари таъсирида беморнинг умри узаяди, ҳаёт сифати яхшиланади, атрофдагилар учун юқумлилик даражаси пасаяди.

— Боғча, мактаб ёки бошқа таълим муассасаларида тарбияланувчи ва ўқувчилар ичида ОИВ аниқланганлар бўлса, уларга нисбатан қандайдир чекловлар мавжудми?

— Йўқ, уларга нисбатан ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Биламизки, ОИВ инфекцияси идиш-товоқлардан, қўл бериб кўришишдан, ҳаводан, бассейнда бирга чўмилганда, унитазлардан умумий фойдаланилганда юқмайди. Шундай экан, ОИВ инфекцияси бор одамларни ажратмаслик, аксинча, уларга нисбатан инсонпарварларча муносабатда бўлиш, тушкунликка тушмасликлари учун яқиндан ёрдам бериш зарур.

— Касалликни даволашдан кўра олдини олиш яхши дейишади. Шу мақсадда марказнинг “Аноним”, “Ишонч” ва “Дўстлик” хоналари вазифалари тўғрисида ҳам тушунча берсангиз?

— ОИВ инфекцияси — ОИТС касаллигини юқтирмаслик ўз қўлимиздадир. Бунинг учун ОИВ инфекцияси тўғрисида тиббий хабардорлигимиз бўлиши керак. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ҳам аҳоли орасида ОИВ инфекциясини зарарланишдан сақлаш ва зарарланган шахсларни эрта аниқлаш борасида бир қанча тадбирлар олиб борилмоқда. ОИВ билан зарарланган шахслар эрта аниқланиб, вақтида даволаш чоралари олиб борилса, ҳаёт сифати ошади, қўшимча касалликлар ривожланишининг олди олинади ва энг муҳими, даволаниш жараёнида вирусга қарши дорилар таъсирида организмда вирус миқдорининг кам бўлиши туфайли бошқаларга юқиш эҳтимоли жуда паст бўлади.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази қошида “Аноним”, “Ишонч” ва “Дўстлик” хоналари аҳоли, ёшлар ва ОИВ инфекцияси билан зарарланиш хавфи юқори шахслар орасида профилактик тадбирларни олиб бориш мақсадида фаолият олиб боради.

Аноним хона — ОИВга қон намунаси олиш мақсадида конфиденциаллик ва ихтиёрийлик тамойиллари асосида аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатади.

Аноним хонанинг асосий мақсади — текширилувчидан ОИВга қон намунаси олишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз амалга оширилишидир. Таҳлил натижалари шахснинг шахсан ўзига маълум қилинади, телефон орқали маълумот берилмайди. Қон таҳлили топшириш мақсадида келган ҳар бир шахсга шифокор ОИВ инфекциясининг профилактикаси, юқиш йўллари, диагностикаси ҳақида тушунча беради. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, хавфли хулқ-атвор ва жинсий хатти-ҳаракатлардан сақланиш юзасидан маслаҳат беради.

“Ишонч” хоналари ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган аҳоли гуруҳлари орасида ОИВ инфекцияси тарқалишини камайтириш бўйича профилактика ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказадиган муассасадир. “Ишонч” хоналари конфиденциаллик ва анонимликни таъминлаган ҳолда бепул, ихтиёрийлик асосида хизмат кўрсатади.“Ишонч хоналари”нинг вазифалари гиёҳвандликка чалинган беморлар орасида гиёҳванд моддалар истеъмолини камайтириш ва тўхтатиш бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ўтказишдан иборатдир.

Дўстона хона — ОИТСга қарши кураш маркази қошида жойлашган бўлиб, аҳолининг ОИВ юқиш хавфи юқори қатламларига ОИВ инфекцияси ва жинсий алоқа йўли билан юқувчи касалликларга  тиббий-санитар хизмат кўрсатади. Дўстона хоналар самарали ишининг асосий шарти ўзаро ишончли (дўстона) муносабат, мижозларга нисбатан шифокор сирини сақлашга амал қилиш ҳисобланади ҳамда анонимлик ва ихтиёрийлик тамойили асосида бепул хизмат кўрсатади. Дўстона хона вазифалари — ОИВ инфекцияси бўйича руҳий, тестгача ва тестдан сўнг маслаҳат ўтказиш орқали ОИВга ВГВ, ВГС ва захмга тезкор усулда аноним (шахсияти сир сақланган ҳолда) текширув ўтказади, аҳоли ва аҳолининг касалликни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган қатламларига анонимлик ва сир тутиш тамойили асосида жинсий алоқа орқали юқадиган касалликларни бепул равишда даволаш ишларини олиб боради. Дўстона хонага мурожаат этган мижозларга профилактик воситалар, ахборот-тарқатма материаллари ва бепул ҳимоя воситалари тарқатади, ёшлар ва аҳолининг касалликни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган қатламлари орасида ОИВ инфекцияси ва жинсий алоқа йўли орқали юқувчи касалликларнинг олдини олиш масалаларида маърифий ишларни олиб боради.

— Вилоятимизда бугунги кунда аҳолининг аксарият қисми хусусий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишади, ушбу тиббиёт муассасаларида ОИВ инфекцияси аниқланганда қандай профилактик тадбирлар олиб борилади?

— Агар ОИВ инфекцияси аниқланган шахс билан эпидемиологик суриштирув ўтказиш жараёнида ушбу бемор хусусий даволаш профилактика муассасасида даволанганлиги аниқланса, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бўлинмаси рухсати билан хусусий ДИМга чиқиб, ретроспектив эпидемиологик суриштирув ўтказилади. Унгача ушбу хусусий шифохонадан бемор бўйича юритилган тиббий ҳужжатларни ўрганиш учун сўров асосида тиббий ҳужжатлар ўрганиб чиқилади. Камчиликлар аниқланган ҳолатларда вилоят СЭОМ томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари олиб борилади. Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан ҳар бир хусусий профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари ва беморлар орасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Муассасага мурожаат қилган беморларни ОИВ инфекциясига бепул равишда текшириш масаласида ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

— ОИВ инфекциясига қарши курашишда ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

— Ўзбекистон Республикаси ССВнинг 2019 йил 28 августдаги № 50 ва Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2019 йил 20 августдаги № 66-сонли “Аҳоли ўртасида одам иммунитет танқислиги келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш бўйича” ички ишлар органларининг соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага асосан вилоятимизда жойлашган тунги клублар, кўнгилочар масканлар, массаж, СПА салонларида тунги рейдлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, вилоятимизда жойлашган кунлик иш билан таъминлаш масканларида ИИБ билан ҳамкорликда текширув ишлари олиб борилмоқда. Республика ОИТСга қарши кураш марказининг 2024 йил 11 февралдаги 23-т сонли буйруғи ижросини бажариш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида ИИБ ҳамкорлигида аҳоли кўп тўпланадиган жойлар, аэропорт, вокзал, буюм ва деҳқон бозорлари, кунлик ишчилар марказлари ва бошқа жойларда экспресс-тест акцияларини  ўтказиб келмоқдамиз.

Суҳбатдош:

Убайдулла ХЎЖАНИЁЗОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 8 =