Бағрикенг адибнинг ноёб китоби

Ўтди даврон, кетди карвон,

Энди карвонлар қайдадир?

(Қўшиқдан)

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ўйласам, қалбим энтикиб-энтикиб, нурли ҳисларга тўлиб, гуврангандан-гувраниб кетади. Бундай бахтли тақдир ўзбек адабиёти саҳифаларида камдан-кам учрайди. Она Ўзбекистонда асрий орзулар рўёбга чиқиб, истиқлол қўлга киритилганда севимли адибимиз 72 ёшда эди. Ҳаётнинг аччиқ меваларини роса тотиб кўрган, Жезқозғон лагерларида хавфли маҳбус сифатида азобларга гирифтор этилган адибнинг ўзи узоқ умр кўришига сира-сира ишонмас эди.

Аллоҳнинг карами кенг экан: “Халқ душмани” сифатида 25 йилга қамалган ва Руссияга сургун қилинган, симли тиконлар ортида не-не азобларга гирифтор бўлган адибга 87 йил умр берди. Бу умр ҳам адабиётимиз тарихида ноёб воқеалардан. Истиқлол бахтига эришган ёзувчи ёшлардек яна енг шимариб ижодга берилди. Истиқлол қуёшидан юраги нурланган адиб қувноқ, жўшқин ҳажвиялар, дилбар лирик ҳикоялар яратди. “Хандон писта”, “Бир ўпичнинг баҳоси” ва “Йўқотганларим ва топганларим” каби китоблари, янги сайланма асарлари чоп этилди. Айниқса, “Йўқотганларим ва топганларим” эссе-хотиралар китоби ўзбек адабиёти тарихида ноёб асар бўлди.

Она Ўзбекистон Саид Аҳмадни эъзозлади. У тўлиб-тошиб ижод қилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди.

Қаранг, Яратганнинг айтгани бўлар экан-да. Қаттол собиқ Иттифоқ тузуми, 53-йиллардаги қатағон уни ва улар каби неча юзлаб миллатимиз зиёлиларини йўқ қилиб ташламоқчи бўлди. Узоқ йиллик қамоққа ташлади. Лекин илоҳий тақдир уни асради.

Агар адабиётимиз тарихига назар ташласак, Саид Аҳмаддек кўнгли кенг ва сахий ижодкорни учрата олмаймиз. У зот чинакамига жон-тан билан “Мажолис ун-нафоис” эди. “Йўқотганларим ва топганларим”ни варақлар эканмиз, фикримизга қўшиласиз. Унда 16 нафар ёзувчи ва шоирнинг ҳаёти ҳақида ғоят теран ва теша тегмаган хотиралар берилган. Мазкур хотиралар китоби ҳақида ўйларкансиз, хаёлингизга адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг мана бу фикрлари келади: “Йўқотганларим ва топганларим” туридаги китобни фақат Саид Аҳмадгина ёзиши мумкин эди. Бу китоб адабиётимизнинг машъум тоталитар режим замонлари босиб ўтган машаққатли ва зиддиятли йўли, адибларимиз қандай оғир шароит ва вазиятларда яшаб ижод этгани, ўшандай замонларда ҳам асл инсоний фазилатларини сақлаб қолгани, ноёб бадиий дурдоналар яратишга эришгани тўғрисида ҳаққоний тасаввур беради”.

Китоб устоз, академик шоир Ғафур Ғулом ҳақидаги “Назм чорраҳасидан репортаж” умумий сарлавҳали хотиралар билан бошланади. Шу ерда китобнинг бадиий қийматини янада оширган нуктадонликни айтсак. Унда ҳар бири адабиётимиз тарихида шов-шувли воқеа бўлган “Йигитлар”, “Вақт”, “Бахт тонготари”, “Хотин”, “Сиёҳдон”, “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеърларининг туғилиши ва ёзилиш тарихи ва ҳатто ёзилиш жараёнлари ҳаққоний ёритилган.

Ғафур ака ёзишдан тинмасди. Ҳамманинг оғзига тушган “Кўкан”дан кейин “Икки васиқа”, “Тўй” деган достонларни яратди. Адабиёт ишқибозлари бу достонларнинг мағзини чақиб улгурмаёқ, Ғафур Ғулом ўнлаб ҳикоя, очерк, фельетонлар ёзди. Ўттиз олтинчи йилга келиб, у бирдан иккита катта қиссани эълон қилди. Бири “Ёдгор”, яна бири машҳур “Шум бола”.

“Гулистон” журнали “Ёдгор”ни боса бошлади, “Муштум” эса бутун йил бўйи “Шум бола”нинг саргузаштларини чоп этди.

“Йўқотганларим ва топганларим”ни варақлар экансиз, Ғафур Ғулом жафокаш, ҳеч қачон нолишни билмаган хотинига атаб бир дунё шеърлар битганидан воқиф бўласиз. Бу шеърлар шоирнинг ич-ичидан қўшиқдек отилиб чиққан мисралар эди.

 

Жонланиб ўзинг айт, қайси сўз билан,

Сенинг мақтовингни куйлайин, қоғоз!

Дўстим Муҳаррамга ошиқ кўз билан

Бир умр термулдим, икковинг мумтоз.

 

Шоирнинг қизи Олмос қаттиқ бетоб. Москва касалхонасида кўкка кўз тикиб ётибди. Ёнида онаси. У мижжа қоқмай тонгларни оттиради. Ғафур Ғулом роса изтиробда. У озиб, юзида ажинлар кўпайиб қолган. “Москва унга бир қадам”.

Китобнинг 91-саҳифасидан “Елкасини ҳақиқат силаган ижодкор” сарлавҳали хотиралар бошланади. 56 саҳифадан иборат бу хотира-эсселар Саид Аҳмаднинг севимли устози Абдулла Қаҳҳорга бағишланган. Ўқиркансиз, кўз олдингизда ўта-ўта ҳақиқатгўй, адабиётнинг, сўзнинг кучи атомдан зўрлигини амалда ҳам исботлаган бадиий сўз устасини кўрасиз.

Илк ҳикояси “Тортиқ” билан Саид Аҳмад Абдулла Қаҳҳордан “тарсаки” еган ёзувчи. Шундай бўлса ҳам у Абдулла Қаҳҳорни маҳкам қўймасди. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри мўътабар дарслик бўлганини китобда меҳр билан қайта-қайта таъкидлайди. “Абдулла ака ўша кезларда гўзал ҳикоялар ёзарди. Ўқиб қойил қолардим. Қандоқ қилсам ўшанақа ҳикоя ёзаман, деб ўйлардим. Чеховнинг ҳамма китобларини йиғиб келдим. Ҳижжалаб ўқидим, барибир ҳеч нарсага тушунмадим. Русча билмагандан кейин нимасига ҳам тушунардим”.

“Тортиқ” ҳикоялар тўпламида Абдулла Қаҳҳор Саид Аҳмадни патлари тўзғиган қушдай қилиб, кўзларига дунёни қоп-қора қилиб ташлайди. Ана шундай ёзувчи 1962 йил “Уфқ” романига бағишланган “Илҳом ва маҳорат самараси” мақоласи билан уни сийлайди. “Бу соф ҳаёт, ёзувчининг қалбини ўртаган, ардоқлаган, унга илҳом берган ҳаёт тасвири”, дея романни бошқа ёзувчиларга кўз-кўз қилади.

Саид Аҳмад бир умр устози Абдулла Қаҳҳор билан ҳамқадам, ҳамроҳ бўлди. Учрашувларга бирга борди. 1979 йилдан то умрининг охиригача қишин-ёзин Абдулла Қаҳҳорнинг Дўрмондаги боғ-ҳовлисида танҳоликда кечирган ҳаёти ғаройиб жумбоқдир.

Асардаги “Дилбар шоир эди” сарлавҳали эссе оташин шоир Мақсуд Шайхзодага бағишланган. Унда ғоят қизиқарли воқеалар фақат Саид Аҳмад қаламига хос услубда қаламга олинади. Мақсуд Шайхзода — озарбайжон халқининг фарзанди эди. У вақтида бир арзимас воқеа туфайли Тошкентга сургун қилинади. Ўша вақтда Ўзбекистон раҳбари бўлган Усмон Юсупов “Мақсуд Шайхзода халқ душмани, миллатчи эмас” дея қамоқдан чиқарган. Қамоқдан озод бўлган Мақсуд Шайхзода бағри кенг ўзбек халқини ташлаб кетолмади.

Узоқ йиллар давомида Тошкент давлат педагогика институтида ўқитувчилик қилди. У Ойбек ва Ғафур Ғуломнинг қадрдон дўсти эди.

Ўзбек адабиётида шоир Миртемир алоҳида из қолдирган. У устози Ойбекка ўхшаб кўп ишонувчан, содда, чув тушириш осон одам эди. У содда бўлса-да, партиядан кўнгли кўп зада эди. Миртемир домла қамалиб, “Москва — Волга” канали қурилишида Берия қамчиси остида ишлаб қайтгандан кейин ҳам рўшнолик кўрмади, косаси оқармади.

“Йўқотганларим ва топганларим”даги шоир Шуҳрат ҳақидаги эссе ҳам дардчил ёзилган. Бу хотираларга ёзувчи “Уч мунгли қўшиқ” дея сарлавҳа қўйган. Шуҳрат машҳур “Шинелли йиллар” романини тугатиш арафасида шахсга сиғиниш офатига учради. Тиканли симлар ортида сабот ва матонат билан кун кечирди. Беш йиллик хўрликлардан сўнг, она Ўзбекистонга қайтди.

“Шинелли йиллар” тугаб, китобхон қўлига тегди. Роман рус тилида 100 минг нусхада босиб чиқарилди. Оғир ва машаққатли меҳнат тантана қилди.

Ўзбек адабиётининг нодир саҳифаларига назар ташлар экансиз, бахтиёр оилавий жуфтликларнинг ҳаёт йўли, тақдир матонатига қойил қоласиз. Зулфиянинг сози бахт тараннумини тўлиб-тошиб куйлаётганда “ўлим ханжари” бир умр бахтсизликка айлантирди. Оташин шоира 35 ёшида ҳаётдан жудо бўлган Ҳамид Олимжон ишқида ўтли мисралар битди. Улкан қалб соҳибаси, зукко олима Зарифахоним Саидносирова нодир истеъдод эгаси Ойбек билан ҳамиша бирга бўлди. Инжиқликларини бардош билан кўтарди. Ёзувчи тилдан қолиб, қўли қалам тутолмай қолган пайтлари умр йўлдошига ҳам тил, ҳам қалам бўлди — пичирлаб айтмоқчи бўлган фикрларини қоғозга туширди. Вафотидан кейин эса жасорат билан “Менинг Ойбегим” китобини ёзди.

Машҳур Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган Кибриёхоним Қаҳҳорова эса олмос истеъдодли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор билан матонат ила яшади. Ёзувчининг Москвадаги оғир хасталик дамларида доимо тепасида турди. Вафотидан кейин эса “Чорак аср ҳамнафас” хотиралар китобини битди.

Улкан қалб эгаси бўлган Саид Аҳмад умр йўлдошидан ёлчиган эди. У “йигирма етти йил тирикликнинг гоҳ нурли, гоҳ нурсиз йўлларида бирга ҳамроҳ бўлди”. Саид Аҳмад ноҳақ қамалган йилларда уни матонат билан кутди. Эри қамоқдалик даврида шоира Саида Зуннунованинг бошига ҳам оғир кўргиликлар тушди. Унга “сен хоин эрингдан кечасан!” деган зулмли таъқиблар бўлди. Аммо шоира садоқат бобида тенгсиз эди. Бунинг учун унга иш беришмади, ёзган шеър ва ҳикоялари ҳам “Қатағон”га учради.

Шоира секин, худди шивирлагандек шеър ўқийди. Шеър Саид Аҳмадга бағишланганди:

 

Эшик тирқишидан бир чизиқ ёниб,

Офтоб бўлиб кириб ёритар хонам.

Машинканг чиқиллар, тўхтайди баъзан,

Биламан, чекяпсан, чекяпсан улаб.

Кошки очиб қўйса деб деразани,

Камроқ чекса-чи, деб бўламан хуноб.

Хонангни тутундан поклаш дардида

Бедор ўтираман сендан нарида.

 

Мазкур китобдаги “Шоиранинг феруза олами” хотираларини мутолаа қиларкансиз, дийдангиз бардош беролмай, беихтиёр кўзингизга ёш келади.

Ҳа, қаҳрамон ёзувчининг дунёси кенг, кўнгли ойдай очиқ инсон эди. Адабиётга ҳақиқий талант билан кириб келган истеъдод эгасини эъзозлаб, унинг номини юксакларга кўтарар эди. Ҳамюртимиз Тоғай Муроднинг адабиётга тошқин селдай кириб келиши унга шундай қувончлар ҳадя этди. Отахон ёзувчи “Тоғай Мурод қўшиқлари” деган қўшиқдай эссе ёзди. Бу ҳақда Тоғай Мурод ундан бир олам миннатдор бўлиб берган интервьюсида шундай деб эслайди: “Ҳурматли ёзувчимиз Саид Аҳмад бир китобингизга ёзган сўзбошида “Тоғай Мурод адабиётга тутаб эмас, ёниб кирди”, деб ёзди. Сиз ушбу баҳони қанақа қабул қилдингиз?” деган саволга шундай жавоб қилди: “Мен бу гапни Саид Аҳмадона мардлик ва ҳалоллик деб қабул қилдим. У “Тоғай Мурод ўзбек тилини куйлатди. Ўзбек тилининг жами жилваларини офтобга солиб кўрсатди”, деб ёзди. Ҳар бир асаримни ҳалоллик билан кўз-кўз этиб, улуғлади. Саид Аҳмад ана шу ҳалоллиги, ана шу мардлиги учун, мана, тўқсон ёшни қоралаб боряпти”.

Хуллас, “Йўқотганларим ва топганларим” жуда ажойиб, жуда гўзал китоб. Ундаги Тошпўлат Ҳамид, Асқад Мухтор, Туроб Тўла, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Мақсуд Қориев каби шоир ва ёзувчилар ҳақидаги эссе ва очерклар ҳам фақат Саид Аҳмадона иқтидор билан ёзилган.

Сўзимизни мухтасарлайдиган бўлсак, тилимизда “Отахон” деган чиройли бир лутф бор. Бу ажойиб лутф феъли қаҳрамон, меҳнати ва ижоди мардона ёзувчи Саид Аҳмадга жуда-жуда ярашиқли эди. Китоб мутолаасини қизғин бир руҳда ўқиб тугатаркансиз, ёзувчининг устозларга ғоят меҳрибонлиги, ёш ёзувчи ва шоирларга чин дилдан оталардек бағри кенглигига қойил қоласиз. Кўнглингиз кўп вақтлар ёқимли баҳор ҳавосидан тўйингандай бўлади.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

Денов туман маънавият ва

маърифат бўлими раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 7 =