Бедор боқийлик
ёхуд Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов сиймоси ҳақида ўйлар
Яқинда иқтидорли ёш шоирлардан бирининг янги тўплами чиққан экан, шеър муҳибларидан бўлган танишим кўзлари чақнаб, ўқиб чиқишни тавсия этди. Бу юмушни ортга ташламадим, тезда китобни топиб, иштиёқ билан мутолаа қилдим. Ростдан, гўзал шеърлар: оҳорли ташбеҳлар, майин ва тароватли ифода, шеърий тимсолларнинг кўпи топилма. Хуллас, тан берса арзийдиган ижод намунаси.
Шеърларнинг умумий таассуроти кишини инсон табиати товланишлари билан ошно қиларди. Қадрдон, лекин унутилган ҳисларни уйғотарди. Борлиқдаги ҳали назарга тушмаган синоатлар, ранглар билан таништирарди. Кўнгил майлларини эркалатган, дилга мунис оҳанглар олиб кирган, борлиққа сезгир нигоҳ билан қарашга ундовчи бундай шеърларга асир бўлиб қолиш ҳеч гап эмас эди.
Мен ҳам бир неча кунлар шундай ҳислар оғушида юрдим. Аммо одамлар жамоаси, кундалик ташвишлар, майда, лекин довдиратиб қўядиган муаммолар қуршовида бундай кайфиятим тезда тарқаб кетди. Бошим устида замон гурзисини ўқталиб турар, етилган саволларга жавоб қайтариш, оқимда ҳушёр бўлиш талаб қилинарди. Шундай шароитда чучмома гулидек нофармон, кўклам елларидек майин, гўдак нафасидек беғубор ва хокисор у шеърларнинг кайфияти бирор марта ҳам ташвишларга қоришган борлиғимда акс-садо бермади. У шеърларни шодон кайфиятда, ҳаётдан завқ туйиб, димоғни чоқ қилиш, ўзини овутиш учун “қоринни қашлаб” ўқиш керакдек туюлиб кетди. Шунда миллионлаб мухлисларнинг қалбидан мустаҳкам жой олган, шеърлари тўйда ҳам, йўлда ҳам, ҳатто азада ҳам ўқиладиган муҳташам шоиримиз Абдулла Ориповни эсладим. Шоирнинг ҳаммабоп ва ҳаржойбоплиги, халқчиллиги, шеърларининг “харидор”гирлиги нимада экан, деган савол бўртиб чиқди.
Ростдан, Абдулла Ориповни машҳур қилган, ҳатто буюклик мақомини ато этган омил нима эди?! Эҳтимол, бу саволга жилд-жилд китоблар билан мукаммал жавоб бериш талаб қилинар, аммо битта жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлар экан, чамаси: бу — ижтимоийлик, яъни гўзал шеъриятнинг жамият ҳаёти билан қоришиб, вобаста бўлиб кетгани бўлса керак. Агар разм солинса, шоир битта сўзини ҳам жамият, демак, замон, одамлар, ватандошлар кайфияти, хаёл-ўйларидан ташқарида сарф қилмаган. Балки фикрни мақсадга йўналтириш учун ҳавойи, тизгинсиз, мавҳум сатрлар тизгандир, аммо ўша сўзлар қатори ҳам шоир айтмоқчи бўлган фикрга “торпеда” бўлиб келган, мавзуга эшилиб, қоришиб кетган. Масалан, шоир қалам олиб шундай сўзларни тизади: “Юртим, сенга шеър битдим бу кун…”. Оддий ахборот, худди “Ҳаво булутли” ёки “Бошим оғриб турибди” деганга ўхшаш. Фақат бу иншонинг “Юртим…” деб бошланиши шу тупроқда яшаётган ҳар қандай кишининг эътиборини тортади ва ўз-ўзидан “Шоир давомидан қандай гап айтар экан?” деган қизиқиш пайдо бўлади. Бу иштиёқнинг қондирилиши биринчи гапда эълон қилинган хабардан ошиб тушса, шеърхоннинг ташналиги янада ортади ва давомини қониқиш (ютоқиш) билан қабул қилади.
Биринчи сатрдан кейин шоир давом этиб дейди: “Қиёсингни топмадим асло…”. Нақадар ўйлатадиган гап: қиёсни топмаслик нимадан, аввало, шоир назаридаги хилқат недир, “шеър битиш (бағишлаш)га” киришиш — бу мамнуният мақтанишми ёки сўзнинг замирида бирор дард яширинганми? Беихтиёр қизиқиш гулхани ловуллайди, шеърхон давомидан ҳам тадрижий равишда туйғуларнинг юксалиб боришини истайди. Шоир майдонда бир-икки сатр ёки сўз билан кимлигини кўрсатиши талаб этилади. Шунда Абдулла Орипов тақимига улоқни маҳкам босиб, отга қамчи уради. Давоми кўпчиликка яхши таниш… Бор-йўғи саккиз қаторда буюк бир истеъдод намоён бўлади: одми туйғуни фазовий кўламга олиб чиқади. Икки қаторли нақарот эса “ёзилмаган достон” қаршисида турган шоирни ҳам, шеърхонни ҳам чексиз самоларга олиб кетади. Ниҳоят, “Ўзбекистон — Ватаним маним” сўзлари қояга ўйилгандек абадий жаранглаб (ярақлаб) тураверади…
Абдулла Ориповнинг сеҳри шу тарзда намоён бўларди ва бу ҳол, менимча, ҳар бир нафаси ижтимоийлик билан тўйинганида эди: унинг кўз олдида Ватани, миллати, халқи ҳаёти ёйилиб ётар, унинг манзараларини, кайфиятини, орзу-интилишлари ва ғам-ташвишларини баравар инкишоф этарди, таассуротларни жўшқин қалби тебранишларидан ўтказиб, “ўтлуғ мисра”ларида қуюқ бўёқларда жонлантирарди. Абдулла Орипов буюклигининг бош мезони шу ўлчов бўлса керак, ҳайтовур. Ва, албатта, табиий иқтидор… Бу қувват ерни осмонга пайвандлай оларди, денгиз бағридан суғуриб, тоғнинг чўққисига чиқариб қўярди. “…гулдек ватаним…” деб ёзади шоир. “Гул” шарқ шеъриятида энг кўп ишлатилган тимсол, унга минглаб қофиялар пайванд қилинган. Абдулла Ориф эса ҳали ҳеч ким топа олмаган ёки ишлатмаган қофияни топади: “…тул”! Бундай ижоднинг ҳар бир маҳсули нодир топилмадир…
* * *
Абдулла Ориповнинг адабиётда пайдо бўлиш даврини катта авлод яхши билади. Ўтган асрнинг 70-йиллари бесўнақай империя силкинишлардан чарчаб, бироз тин олаётган, “Ўзи, бунча ур-йиқитлардан мақсад нима?!” деган оддий инсоний савол кун тартибига қўйилган йиллар эди, чамаси. Юртимиз ҳам умумхалқ афвидан баҳраманд бўлиб, ҳаёт қадрини ҳис этаётган, янги кайфиятга яраша янгиликлар шавқи билан яшаётганди. Адабиётнинг бахтига ўша йиллар республиканинг биринчи раҳбари айни шу соҳанинг одами эдики, бу омил “митти юлдуз”ларнинг порлаб, нур сочишида осмон бўлди. Билъакс, қанча иқтидорлар “зеру забар” қилинган муҳитда билиб-билмай айтилган бир оғиз сўз билан йўқ бўлиб кетиш ҳеч гап эмас эди. Абдулла Орипов ана шу муз денгизида жимит бойчечакдек бўй кўрсатиб, небахтки, толенинг инъоми билан муз қасирғаларини ёриб борди.
Очиғи, миллий адабиётшунослигимизда “Абдулла Орипов” феноменининг пайдо бўлиши, бўй кўрсатиши, оёққа туриши, тан олиниши тадрижи яхлит тадқиқ қилингани йўқ. Албатта, у мавҳум бўшлиқда пайдо бўлмади. Миллий адабиёт ўзлигини излаётган, ҳатто замонавий лирикада ҳам яхши намуналар пайдо бўлган, ҳеч бўлмаганда, янгиликни қўллаб-қувватлайдиган шароит бўй кўрсатган муҳитда юз очишнинг синоати тўла инкишоф этилгани йўқ. Шоирнинг суҳбатларидан, замондошларнинг эсдаликларидан бу жараён осон кечмагани маълум бўлади. Негаки, қайсидир маънода у ва тенгдошларининг чиқиши янгиликнинг кушандаси бўлган жамият учун исён эди. У пайтда исён эмас, оддий норозилик ҳам қаттиқ жазоланарди. Яна бунинг устига ўзбек халқига йўргагидан илашган “ҳасад” деган бало тинч турмасди. Унга чўпонликни тавсия қилган зотлар ҳам бўлган. Кейинроқ эса бошини тик тутиб ёзган: “Сурувим ичида кўраман гоҳо, Мени чўпон деган кимсаларни ҳам…” (муваффақиятли, мислсиз киноя!) Худди шунга мос тарзда тизим чақимчилик, иғво, фасод, ғийбат устига қурилганди. “Юқори” эса шу тараф эди ва шу “касб эгалари”ни қўллаб-қувватлаб, илҳомлантириб турарди.
Ана шундай даражадаги юкни кўтариш учун филнинг кучи асқатарди. Не бахтки, Абдулла Орипов ушоққина жуссаси билан шундай куч ва ирода топа олган. Лекин бу “сийлов”лар изсиз кетмаган: “темир оқим”дан чиқиб кетиб бўлмайди! Шеър синчилари “Сув”, “Ҳангома” (1971) шеърларидан кейин шоир хомуш бўлиб қолгани, унинг олдинги авжига заха етганлиги сезилишини таъкидлашади. Албатта, бу ҳол ўша йиллардаги воқеалар, таржимаи ҳол билан боғлиқ бўлиши мумкин ва изланишлар билан тасдиқланиши лозим, лекин шоирнинг мунтазам тазйиқ, кузатувлар остида яшагани рост гап. Қолаверса, уни бош йўлдан — ҳаётининг мазмуни ва йўл харитаси — илҳом билан ижод қилишдан чалғитиш муддаосида турли зиёфатларнинг уюштирилиши, унда, албатта, ичимликнинг сероб бўлиши, кейин эса мижғов одамлар давраси… “Дастурхон одамни эзиб ташлайди”. Ғаразли нигоҳлар, илмоқли саволлар, “дўстман” деб душманнинг ишини қилиш… Ўша йиллари заҳархандалик билан айтилган “Шеърият кучайди, кучайди талаб, Ҳаммаси ўзгарди Абдуллага қараб” каби “ҳазил”ларда замонанинг ҳақиқати яширинган.
Абдулла Орипов бу кунларнинг аччиқ ништарларини бир умр унутолмай яшади. Ҳар қадамда таъқиб, камситишга уриниш, ҳасад… Абдулла Орипов ижоди билан танишган баъзи мухлислар “Бунча ҳасрат кўп…” дейишади. Ахир дилда кадар, юракда алам, қалбда изтироб билан жилмайиб бўладими? Бироқ шоир ўзида куч топа оларди, лирикасида булутли манзаралар ҳам чақинли лаҳзаларга доя бўларди, ҳар бир сатрда сеҳр, ҳар бир шеърда кашфиёт… Абдулла Ориповнинг сурати ва сийрати ана шундай эди.
Адабиёт майдонидаги бу пўртана шу даражага етдики, Абдулла Ориповнинг қисмати миллат тақдирига айланди. Бугун унинг ижодини яхлит тасаввур қилсак, ўша кунларнинг иссиқ-совуғини, паст-баландликларини бир назарда кўриш мумкин бўлади. Унда тўла намоён бўлмаган нафрат ҳам, замонасозлик ҳам, шодлик, севги-муҳаббатнинг орифона инъикоси, ҳатто ғайирлик ва мунофиқлик касри ҳам мавжуд. Бу шеърият худди камалакдек юрт ва юртдошлар манзараларини ифодалаган. Фақат ўзига хос қуюқ бўёқларда, қайроқи мисраларда, нодир ташбеҳларда… Ҳатто замона чақириғига “лаббай” деб битган шеърларида ҳам сохталик йўқ, содда, ишонувчан оқ кўнгли билан жавоб беради.
Бундай зиддиятли ҳолатларни тўла тасаввур этиш учун давр манзараларини бир қур кўз олдига келтириш лозим бўлади. Қизил империя жами инсониятни ўзгача, илоҳий-руҳий тизимдан ўзга, моддий-ашёвий тарзда яшашга мажбурлаган эди. Шундан келиб чиқиб, унинг талаблари ҳам мавжуд борлиққа тескари эди. Демак, мафкурадаги ана шундай терс тамойиллар адабиётни ҳам бошқарарди. Тузум ўз қарашларидан чекинмоқчи эмас, балки мустаҳкам тизим яратиб, одамзодни шу қолипга мажбурларди. Унинг сўзини айтган, ашуласини куйлаганлар иззатда, тирноқдек қарши чиққанлар — …“боши ўлимга…”. Ана шундай муҳитда иқтидорни тўла маънода юзага чиқариш имкони бўлармиди?.. Ўзлари чет элга сафарга жўнатиб, аэропортда бир неча соат ушлаб туриш, “тушунтириш хат”лари, кутилмаган саволларга жавоб талаб қилиш, тазйиқлар, “сиёсий ўгитлар”… Булар кутилмаганда ва ҳар куни рўй бериши мумкин эди. Шеърларни таҳрир қилувчилар (улар “редактор” деб юритилган) асарнинг бадиийлиги, муаллифнинг иқтидорига эмас, сиёсий талабларга қанчалик жавоб беришига қараган, шахс ёки жой номлари эмас, ҳатто баъзи сўзлар ҳам тақиқланган.
Ана шундай темир исканжада “ёзиш” талаб қилинарди. Аммо ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, сийловлар ёмон бўлмаган. “Агар республиканинг бош нашри “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)да шеърим чиқса, унинг қалам ҳақига бир қўзичоқ олиб, 5-6 киши зиёфат қилса бўларди”, деб эслаганди Абдулла ака. Бир қарашда бундай муҳитни иқтидорнинг қадри баланд бўлган, инсон улуғланган кунлар деб тасаввур қиламиз, аммо ҳаммаси кишанда экани хаёлга келавермайди. Қолаверса, одам зоти қисқа умри давомида нима учун яшайди? “Дунёда одамзод яшамас, ахир фақат иродасин синамоқ учун…”. Бундай ҳолатларни қалби рад этар, ақли қабул қилар (тасдиқлар), юраги қийналарди — ана шундай изтироб ичида ўтарди у кунлар…
Албатта, нодир истеъдоднинг кучини империя ҳам тан олган, шоирни фаол ижтимоий ҳаётга жалб қилиш йўлларини излаган, чунки бу ҳолдан ҳукмрон мафкура учун катта наф етарди. Абдулла Орипов халқчил шоир эди, уни оддий одамлар юракка яқин шеърлари учун ҳурмат қиларди, севарди. Партконференцияларда, катта тадбирларда уни минбарга чиқариб, шеър ўқитиш урф бўлган, ҳатто бу ҳолнинг ташкиллаштириш услуби ҳам шаклланганди. Бир сафар қишлоқдошларим кечаги тадбирда туманга Абдулла Орипов келганини, уни яқиндан кўрганларини худди Хизрни учратгандек ҳаяжон билан гапириб берганлари ёдимда. “Жаранглатиб шеър ўқиди, кейин унга сарпо кийгиздилар, — деганди улар. Кейин эса хомуш бўлиб, — костюм катта экан, тиззасига тушиб турди”, дейишганди ҳам кулги, ҳам афсус аралаш. Бу кайфиятдан тадбирнинг йўлига уюштирилгани, сийлов ҳам жойига тушмагани билиниб турарди. Бундай муносабатдан шоирнинг ўзи ҳам хижолатда бўлганини, мухлислари қаршисида ярашмаган либосда турганидан уялганини, балки унга узун костюм кафандек совуқ туюлганини одамлар билмасди. Аммо шоир шу ҳаётда яшашга мажбур эди. Ҳа, турмуш тарзи шоир суянган ҳақиқатларга мос эдими? Ёки у мослашдими? Маслак!? Балки асосий зиддият айнан шундадир..
* * *
Қизил империя парчаланган 1991 йиллардан кейин аҳвол анча ўзгарди. Шафқатсиз марказнинг таъсири сезиларли камайди. Миллий қадриятларга эрк берилди. Шу билан Абдулла Орипов ҳаётининг, айтиш мумкинки, гуллаган даври бошланди. Бу ҳолнинг тасодифий, маълум шахсиятга боғлиқ, замона зайли сингари бир қанча сабаблари борки, шу жиҳатдан бу нуқта алоҳида тадқиқотни талаб қилади. Очиғи — муз кўчгач, толе ҳам ярлақаган, вилоят ҳокими юрт раҳбарига айланган эди, у эса шоирни, ҳар ҳолда, яқиндан биларди. Бу “таниш-билиш”лик муҳим омил эди. Гапнинг бўлари эса шоир катта саҳнага чиқди, парламент аъзолигига сайланди, давлат арбоби сифатида фаолиятини давом эттирди. Айни пайтда узоқ йиллар ижодкорлар идорасини бошқарди. Мувофиқ тарзда истеъдоди ҳам чинакамига очилиш, гуллаш палласига кирди. Аллақачон номини адабиёт тарихига битиб улгурган шоир энди янги оҳангларда баракали ижод қилди — ёзганлари ҳам энига, ҳам бўйига чуқур кўлам касб этди, аммо инсоний тамойилларидан воз кечмади. Бу кунлар толенинг унга инъоми эди.
Шундай шароитда ҳам у доим ўзини ожиз ва имкони чекланган ҳисобларди. Эҳтимол, бу ҳол ўзи ботинида ҳис этган улкан бойлик, қувват — табиий иқтидорини тўла намоён эта олмаётганидан қониқмасликдир ёки теварагида кечаётган зиддиятли муҳитни шарҳлашдан ожизлигидандир. Абдулла ака кўп гапдан хабардор эди, аммо ҳамма гапни айтавермасди ёки айта олмасди, сиёсатнинг ичкарисида кечаётган жараёнлардан умуман оғиз очмасди (ҳатто энг яқин муҳиблари ҳам бу борада жўяли гап эшитмаганди)… Жавоҳирдек ижод эса мухлисларини сарафроз айлашда давом этарди. Шоирнинг иқтидори шундай теранлик кашф этдики, унинг илтифоти билан ҳаётнинг шундай ингичка, нофармон манзаралари қоғозга тушдики, у кашфиётларнинг сирини англаш ҳатто мумкин эмасди. Тасаввур қилинг: воқеликни кўпчилик яхлитлигича ҳазм қилмоқчи, балки ютмоқчи бўлади, Абдулла Орипов эса катта бўшлиқ (шар)га олиб кирадиган игнадек тешикни адашмай топиб олади, ундан ичкарига бехавотир киради, ботинни мириқиб томоша қилади ва таассуротларини шеър қилади. Шоир ҳис этган манзара — бир мўъжиза, унинг шеърда ифодаланиши иккинчи мўъжиза… Кўпларга унинг бири ҳам насиб этмасди.
Хуллас, ижодининг мутолаасидан шундай таассурот пайдо бўладики, Абдулла Орипов мухлисларини бир дунёга, мамлакатга ошно этади, меҳмонга чорлайди. Ўз мамлакатига. Шеърларида куйланган борлиқ сизга бегона эмас, шу таниш манзиллардан ўтгансиз. Шеър мутолааси билан эса… шунчаки ўтилмайди, кўзлар йирилиб, янги тафсилотларни кўриб ўтасиз. Шунда бир андиша кўнгилдан кечади: “Бу жойлардан шунча ўтдим, ҳамма вақт кўзим очиқ эди. Бу турфа гўзалликни нега кўрмадим?”. Ва муқобил тарзда (агар ижодкор, ижодга тааллуқли зот бўлсангиз), табиий, “Бу шеърни нега мен ёзмадим?” деган ё ҳавас, ё ҳасад кўнгилдан кечади. Абдулла Ориповга чинакам муҳиб бўлиш, мухлис бўлиш, қолаверса, уни қабул қилиш ҳам осон эмасди. Камдан-кам одам ҳасаддан йироқ бўларди.
Бу мулоҳазаларнинг давомидан бир “қитмир” мулоҳаза пайдо бўлади: ана шундай иқтидор эгаси дунёни забт эта олдими, ҳеч қурса, унинг кемтигидан мўраладими, деган тадрижий савол оралаб қолади. Бу ҳолнинг тақдири, унинг жавоби — манзараси бизнинг турмуш тарзимиз билан боғлиқ. Абдулла Орипов ҳаётидаги зиддиятлар кейинчалик ҳам изчил давом этди. Имконияти (мансаби)дан фойдаланиб, атрофида кўплаб ижодкорларни (саралаб) тўплади, уларга етарлича ғамхўрлик қилди. Дўрмонда, Ақчакўлда, Қашқадарёда… кўплаб тадбирлар ўтказди, алоҳида меҳрини қозонганларни етарлича сийлади. Аммо ҳаётининг охирги йиллари атрофида саноқли одамлар қолди. Шон-шуҳратга чулғанган пайтларда уни бошқалардан қизғанишарди. Рости, Абдулла Ориповнинг суҳбатига муяссар бўлиш ҳам осон эмас эди.
Жаҳондаги кўплаб халқларнинг адабиёти шаҳарларга ўхшайди. Уларнинг Фирдавсий, Шерозий, Пушкин, Толстой… сингари “бино”лари бор. Уларда яшаш, ҳеч қурса, соясида паналаш мумкин. Ўзбек адабиётида эса бир чўққи — Алишер Навоий қад кўтариб турибди. Қолганлар турли даражадаги бино (“кулба”)лар (узр!)… Абдулла Орипов шу хиёбонда ўз иморатини тиклай олди. У даврининг улкан воқелиги эди… Таққослаб кўрилса, ўзбек лисонида Алишер Навоий шеър шаклида фикрини равон ифодалашга муяссар бўлган, устоз Эркин Воҳидов жуда яқинлашиб борган, фақат фалсафий кўламдорликда йўл бўшатадилар. Замонавий адабиётда Абдулла Орипов ўша баланд мақомга чиққан — фикрини шеъриятда худди насрдагидек равон ифодалай олган. Қисматига келганда эса оддий мантиқ мос келади: давр қанчалик буюк бўлса, шоирлар ҳам шу даражада… Буюклик ҳақида гап кетганда кечирган умрининг моҳиятидан тортиб, одамнинг кўз очган муҳитидан сўнгги нафасигача ўтган ҳаёт ҳикматлари, синоатлари тарозига қўйилади. Шунингдек, ижодининг не қадар абадийлиги…
Бу борада шоир ўз даврида беназир эди. Айниқса, дил изтиробларини очиқ изҳор қилиш мумкин бўлмаган муҳитда асосий гап (моя)ни пардага ўраб айтишнинг роса ҳадисини олганди. Ҳам шоирнинг шахсий интуицияси келажакдан башорат берарди гўё. Абдулла Ориповнинг “Учинчи одам” сарлавҳали шеъри бор. Шоирнинг талқинича, учинчи одам — банда ва пайғамбар ўртасида элчи, ошиқ ва маъшуқа ўртасида шеърни ёд олган-у, “унинг бир унвони ҳакамдир азал”. Хуллас, бу зот ҳамма жойда ҳозиру нозир. Шу жиҳатдан катта мавқе касб этган: у “дўстни ғаниму ғанимни дўст қилиб қўйгувчи одам”. Афсуски, “куфрли дунёда оз эмас, ахир Ўшанинг измида юрган сиймолар”! Агар у “…бешафқат бошласа ғулу, Дунёга ғавғолар солгай чинакам”. Кўзга кўринмас бу унсур асосий ишни бажаради: “икков ўлжа келтирса, ўчоққа олов ёққан” — ўша зот… Ҳамма ричагларни қўлга олган бу одам токи тирик экан, “дунёнинг чайқалиб турмоғи аён”.
“Сенга инсоф берсин, учинчи одам!” — шеър ана шундай тугайди.
Бу Абдулла Ориповнинг қалб безовталиги эди. “Юртим, сени фақат бойликларинг-чун севган фарзанд бўлса, кечирма асло!” деб нидо қилган ҳам Абдулла Орипов эди. Бу сатрлар 1964 йилда ёзилган. Шоирларни пайғамбарларга менгзайдилар, бу қиёсий мутаносибликда уларнинг шеърлари билан дунёни ҳушёрликка чорлаб туриши назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. “Ҳар қандай шароитда ҳам ҳақни гапирадиган тоифа фақат шоирлар” деб эътироф этилади. Абдулла Орипов ижодининг ҳали кашф этилмаган қирралари кўп. Ўйлаймизки, бундай кашфиётлар (улар жуда кўп) шоир Абдулла Ориповнинг барҳаётлигига кафил бўлади, бу нодир истеъдод чинакамига мангуликка дахлдор.
* * *
Абдулла Ориповнинг турли даражадаги мухлислари бисёр, уларнинг кўплари шоир ижодини бошдан-охир ёддан билади. Баъзилари унинг номига ўраниб кун кўради. Кимлардир бу теран денгиздан жавоҳир йиғиб, пуллайди. Майли-да, буюк Яратувчи севимли бандаларини қолган одамларга ризқ (ҳам маънавий, ҳам моддий) бўлиш учун дунёга келтирар экан. Бу ижод ҳаётнинг ҳар алвондаги кўринишларида: шодликда ҳам, ғамда ҳам халқига ҳамроҳ. Унча-бунчада кўзга ташланавермайдиган чекка қишлоқда юз очиб, шунчалар дунёвий шуҳрат қозонишнинг ўзи мислсиз парвоз. Мазкур ғалаба қанча дилларга орзу-умид бағишлайди, қанча кўнгилларга яқин кишисидек далда беради, ёруғ кунларга илҳомлантиради унинг инъикоси — бу шеърият. Узоқ йиллари тоғлар орасидаги чекка қишлоқ дўконига юпқа оқ жилдли китобча бориб қолди. Устига “Онажон” деб ёзилганди. Чойқути устидаги ёзувни ҳам ютоқиб ўқийдиган бола учун бу катта хазина эди. Ўқиди. Қайта-қайта ўқиди. Қабул қила олмади. Ундаги шеърлар дарсликлардаги шиддатли, ҳайқириққа тўла мисраларга ўхшамасди. Қандайдир маъюслик, синчковлик (норозиликка ҳам ўхшаб кетади) кайфияти бор эди, лекин сўзлар бошқача товланар, мисраларда бир оҳанг яширинганди, мавзулар ҳам одамларнинг гап-сўзларига ҳамоҳанг эди. Бир куни ёлдор от миниб юрадиган дўхтир қўлтиқлаб юрган китобини кўриб, “Бу шоир Косондан…” деди. Том ҳайрон қолди, шу яқин жойдан ҳам шоир чиқар эканми? Ўқиган эди шоирларнинг таржимаи ҳолини: Ҳирот, Қўқон, Тошкент, Урганч… эди-да улар туғилган маконлар!
Бу ҳайрат йиллар қанотида улғайиб борди ва нон-насиба ўша афсонавий тақдир эгаси билан бир дастурхон атрофида ўтиришни ҳам насиб этди. Қолаверса, пойтахтга келиб, биринчи жиддий ишим ҳам Абдулла Ориповга тегишли бўлди: “…Бош муҳаррир (“Саодат” журнали, Ҳалима Худойбердиева) бир телефон рақамини бериб, қўнғироқ қилишимни, бундан шоирнинг хабари борлигини айтди. Шунда биринчи марта Абдулла аканинг уйига қадам қўйган, меҳмони бўлган, мезбоннинг тушлигига шерик чиққандим. Кейин шоир мақола (Бобораҳим Машраб ҳақида)ни айтиб турган, мен ёзиб олганман, биргаликда сарлавҳа излаганмиз, менинг “Кимсасиз шоирлар пири” деган гапим жуда ёқиб тушган ва Машраб ҳақидаги мақола шу сарлавҳа билан нашр этиладиган бўлганди” (“…Сўз хизматидамен” эссесидан).
Акамиз, чиндан, тенгсиз, фақат ўзига ўхшаган одам эдилар. Суҳбатлари, мушоҳадалари, ўзларига ярашган қилиқлари… Бир суҳбат Чўлпон ва Пушкин устида айланган, кейин Абдулла ака Чўлпон таржима қилган Пушкиннинг “Соловей и роза” шеърини эслаб қолганлар. Таржиманинг сифати, Чўлпоннинг закийлиги, умуман, адабиёт ҳақида гап қизиб кетган, Абдулла ака асосий “маърузачи”, 3-4 соатлик мубоҳасадан кейин ҳамма “Гул ва булбул” шеърининг оригинал ва таржима кўринишини ёдлаб олишга муяссар бўлганди. Устоз билан рўй берадиган мулоқотларни, учрашувларнинг сира тугамаслигини истардик. Аммо… биз ожиз бандалармиз. Коинот меҳварида бир заррамиз. Устознинг охиратлари обод бўлсин.
* * *
…Абдулла ака суҳбатларидан бирида руҳий қувват энергиясини моддийлаштириш устида изланишлар кетаётганини, агар бунга эришилса, моддий ва руҳий олам ўртасидаги чегара олиб ташланиши ва хаёлни ҳам бошқариш имкони туғилишини тилга олган эканлар. Айни дамда сунъий интеллект ҳақида гап-сўз кучайди. Унинг ёрдамида ҳатто дарахтнинг “ички кечинмалари”ни ўқиш имкони пайдо бўлар эмиш… Фан-техникадаги бундай мислсиз инқилобий кўтарилиш нимага олиб боради? Мабодо, инсон ўз тафаккурининг қурбони бўлмайдими (ахир Афлотунни катта калласи босиб қолиб, жон берган экан…), шунчаки роботга айланиб қолмайдими? Одамзод тараққиётда оёқ-тизза-бел-қорин-юрак (қалб) амридан юқорига чиқиб, мия бошқарувчилигига ўтгач, муаммоларга дуч келяпти (бироқ “Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз…”). Аммо илинж борки, борлиқни ҳислар, туйғулар билан идрок этиш ҳар қандай ёвузликни жиловлайди. Барибир совуқ темир ускуналардан ҳароратли Қалб устун келади. Энг муҳими, қалблар темирга айланиб қолмаса бўлди! Демак, Адабиёт, Шеърият, жумладан, буюк шоир Абдулла Орипов ҳам абадий барҳаёт…
Ҳаким САТТОРИЙ
