Ҳамиша уйғоқ ва фидойи инсонлар
25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва “Hurriyat” мустақил газетаси таҳририяти ўртасида ўзаро ижодий ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ўзбекистон халқининг осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун, аввало, тинчлик зарур. Юртимизнинг бугуни ва эртаси, ёруғ келажаги осойишталикка боғлиқ. Ана шу тинчликни, барқарорликни мўътадил сақлаб туриш эса ўз-ўзидан бўлмайди.
Ватанга муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбия топган осойишталик посбонлари бўлмиш ички ишлар органлари ходимларининг ҳушёрлиги, қатъияти туфайлигина Ватанимиз осмони мусаффо бўлиб турибди, халқимиз тинч-хотиржам ҳаёт кечирмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органларини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш, қуйи бўғин бўлинмалари натижадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими такомиллаштирилди.
…Ички ишлар вазирлигининг кўркам маданият саройи кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган манзил. Куни кеча “21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан Ички ишлар вазирлиги томонидан вазирлик марказий аппарати ходимлари учун “Ўзбек тили – онажоним тили” мавзусида маънавият ва маърифат кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик раҳбарияти ва шахсий таркиби, бундан ташқари, бир қанча давлат мукофотларига эга ижодкорлар иштирок этди. Тадбирнинг расмий қисми очиб берилгач, “Hurriyat” мустақил газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” халқаро танлови соҳиби Абдурасул Жумақулов ҳам ана шу тадбирда ўзбек тилининг нуфузи, она тилимизнинг дунёаро жаҳоний ўрни ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бугун дунёда юз бераётган қалтис воқеалар, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳар бир юртдошимизнинг бехавотир ҳаёт кечириши йўлида хизмат қилаётган Ички ишлар вазирлиги ва унинг тизимларида меҳнат қилаётган мард ва жасур, фидойи касб эгаларини Ўзбек тили байрами ҳамда яқинлашиб келаётган милиция ходимлари айёми билан муборакбод этди.
Дарҳақиқат, ўзбек тилини мукаммал даражада билиш ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ҳар бир ходим учун ҳам жуда муҳим. Негаки, улардаги Ватанга, эл-юртга, меҳнаткаш халқимизга садоқат, аввало, ана шу улуғ тилимиздан бошланади. Ўз она тилини севмайдиган, қадрламайдиган кишидан ҳақиқий Ватан фидойиси, эл посбони етишиб чиқиши мумкин эмас. Хизмат фаолияти давомида ички ишлар вакиллари ҳам юртдошларимиз билан доимий мулоқотда бўлишади. Уларнинг муаммоларини, юзага келган турли вазиятларни ўрганадилар. Одамларга кўмак беришади. Шу боис вазирлик ходимлари даврий матбуот, газета ва журналларни мунтазам мутолаа қилган ҳолда, она тилимизга бўлган эътиборини янада ривожлантириш, эъзозлаш ҳамда тизимда олиб борилаётган ишларни изчил ёритиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Hurriyat” мустақил газетаси билан ўзаро ижодий ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандумни олқишлар билан қарши олишди.
Зеро, ҳозирги даврда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш энг муҳим вазифага айланган.
Тадбир доирасида Ватандошларимизни огоҳликка чорловчи ва Ички ишлар органлари ходимларининг киберхавфсизлик йўналишидаги тинимсиз меҳнатини акс эттирган “Эҳтиёт бўлинг, фирибгар” деб номланган фильм премьераси бўлиб ўтди. Фильмда бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган турфа хил фирибгарликлар, товламачиликлар ва уларнинг тузоғига осонгина илиниб қолаётган содда одамлар ҳақида ҳикоя қилинади.
— Фильмни 30 қисмга мўлжаллаганмиз, ҳозирда 15 қисми тайёр бўлди, — деди фильм режиссёри Акмалжон Ибрагимов. — Бу бадиий фильм эмас, бадиий публицистик, ярим ҳужжатли фильмдир. Мақсад юртдошларимизни огоҳликка чақириш. Томошабинларда хавфли воқеликка нисбатан ўзида иммунитетни ҳосил қилишга хизмат қиладиган асар бўлди, дея оламан.
Албатта, ҳақ гап. Фильмни томоша қилган ҳар бир киши бугунги кунда ҳамиша ҳушёр, огоҳ бўлиш лозимлигини тушуниб етади. Бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши эса Ички ишлар вазирлигида фаолият олиб бораётган ходимларнинг касбий кўникмаларини, маҳоратларини оширишга хизмат қилади.
* * *
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник Ҳамза Валихонович Махсумов ва Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, подполковник Хуршидбек Ҳасанович Рўзиев иштирок этди.
* * *
Ўз навбатида “Hurriyat” мустақил газетаси жамоаси маънавий-маърифий дунёси бой, замонавий билимларни эгаллаган, ҳар қандай хавф-хатарга қарши курашга шай бўлган Ватанимизнинг асл ўғлонлари бўлган ички ишлар органлари ходимларини Ўзбек тили байрами куни ва шу яқин кунларда нишонланадиган касб байрамлари билан қутлайди. Мамлакатимизда осойишталикни таъминлаш, юртдошларимизнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим вазифаларни бажаришда ички ишлар тизимларида иш олиб бораётган барча фидойи инсонларга улкан ютуқлар ёр бўлсин!
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,
журналист.
