Кўнгилларга қурилган ришта

Бекобод туманида Сирдарё устидан кўприк бунёд этилди

“… Кўприк очилишини эшитиб келаётган ёшу-қарияларнинг кайфияти чоғ. Кўпни кўрган нуроний кишиларнинг ҳокимнинг ёнига келиб, Президентимизнинг ана шундай  савобли ишларини олқишлаб дуо қилишаётганига гувоҳ бўлдик.

Таъкидлаш жоизки, умумий узунлиги икки юз метрга яқин ушбу кўприк қурилиши учун 18 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Олти километрлик йўл қурилиши ишларига эса 54 миллиард сўм маблағ сарфлаш режалаштирилган…”

“Инсон қўли билан яратиладиган энг савобли иш бу кўприк қуришдир”.

Бу ҳикматона гапни суҳбатларнинг бирида таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад айтган эди.

Бекободда янги маҳобатли кўприкнинг очилишини эшитдим-у, беихтиёр устоз ёзувчининг юқоридаги гаплари хаёлимга келди. 

Тошкентдан Бекободгача юз километрдан узоқроқ йўл босилади. Лекин ана шу узоқ масофа ҳам зериктирмайди. Негаки, бугунги ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликларни йўл бўйи кўриб ҳайратланасиз. Шунча ишлар амалга оширилаётганига, кўзингиз кўриб турса-да, ишонгингиз келмайди.

Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимиз улкан қурилишлар мамлакатига айланган.

Кўприклар ҳақида ўйлаб борар эканман, Қора денгизни Ўрта Ер денгизи билан боғлаб турувчи Истанбулдаги Босфор бўғозининг ноёб манзиллари, маҳобатли кўприклари ҳам кўз ўнгимда намоён бўлгандек эди. Яна машҳур “Суюнчи” фильмидаги ҳашар йўли билан Анзират хола қурган кўприк  хаёлимдан ўтди. Қирғизистоннинг Аравонидаги Нуробод қишлоғимизни Андижоннинг Булоқбошисидаги Ширмонбулоқ қишлоғи билан боғлаб турувчи Аравонсойдан ўтган, бундан эллик йил аввал сел олиб, ҳалиям тикланмаган кўприк ҳам ёдимга тушиб кетди. Ҳа, кўприк одамзодга жудаям қадри билинадиган обидадир.

Пешинга яқин Бекобод туманининг “Дўстлик” маҳалласига етиб бордик. Туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Акрам Мамадалиев билан ўша манзилда учрашдик. У “Дўстлик” ва “Янги­овул” маҳаллалари ҳудудларини боғловчи Сирдарё дарёси устидан қуриб битказилган кўприк ва унга олиб борувчи йўллар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Маҳаллаларни боғлаб турувчи бу кўприк қурилиши аслида собиқ иттифоқ замонида, аниқроғи, 1989 йил охирларида бошланиб, 1991 йилга бориб тўхтаб қолган экан. Бекободнинг “Дўстлик”, “Янгиовул” ҳамда “Улуғбек” маҳаллаларини боғловчи олти километр узунликдаги автомобиль йўли қуриш ишлари эса 1985 йилда бошланган бўлса-да, турли сабабларга кўра у ҳам ташлаб қўйилган эди. Қарийб 36 йил мобайнида “Янгиовул” маҳалласи аҳолиси туман марказига Бекобод шаҳри орқали қирқ тўрт километр ортиқча масофа босиб қатнаган. Айниқса, зудлик билан тиббий ёрдам зарур бўлган бемор кишилар туман марказидаги касалхоналарга юракларини ҳовучлаб етиб олишарди. Ҳомиладор аёллар, дардга чалинган ёш гўдаклар, хуллас, шошилинч ёрдамга муҳтож инсонлар  аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг!

Хуллас калом, орадан қирқ йилга яқин вақт ўтиб, Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги 228-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги қарори билан мазкур кўприк қурилиш ишлари қайтадан бошланди.

Орадан шунча йил ўтиб, энди очилаётган ушбу йўлнинг муҳташамлиги ва замонавийлигини кўриб, ҳавасингиз келади. Автомобиллар қатнов қисмидаги йўл текис ва равон бунёд этилган. Тўрт ва икки тасмали йўлнинг икки томонида эса пиёдалар йўлаги ҳамда велойўлак, ҳар икки томонида яшил белбоғ яратилган. Йўл четларидаги замонавий сим­ёғочлар юқорисига қуёш панелчалари ўрнатилган. Энди бу қишлоқ қишлоқ эмас, ҳақиқатда шаҳар қиёфасига кирган гўзал гўшага айланибди, десак, асло муболаға бўлмайди!

Акрам Мамадалиев кўприк ва йўлларнинг қурилиш бошлангунгача бўлган вақтдаги хароб ҳолати акс этган суратларни кўрсатди. Ўзгаришларга қараб туриб, инсон қўли гул эканига ишонч ҳосил қиласан киши.

Янги қурилган кўприк яқинида Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов билан учрашдик. “Тумандаги ободлик ва фаровонлик йўлидаги кескин ўзгаришларни одамлар сизнинг ҳоким бўлиб келишингиз билан боғлашмоқда”, деб уни қутладик.

— Бекобод туманидаги жамики ижобий ўзгаришлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғамхўрликлари туфайли амалга ошмоқда, — деди туман раҳбари З.Низомиддинов. — Бугун фойдаланишга топширилаётган кўприк ва унга туташ йўллар қурилиши ҳам шахсан Президентимиз ташаббуси билан рўёбга чиққанини юртдошларимиз яхши билишади.

Албатта, туман ҳокими ҳақ. Бўлмаса, шунча йилдан буён эътиборсиз, бошланган-у шундоқ ташланган бундай бунёдкорликлар Президент ёрдамида амалга оширилмаса, қандай қилиб рўёбга чиқиши мумкин? Ахир бундай катта харажат, стратегик аҳамиятга эга бўлган қурилишларни амалга ошириш осон эмаслиги кундай равшандир.

Кўприк очилишини эшитиб келаётган ёшу қарияларнинг кайфияти чоғ. Кўпни кўрган нуроний кишиларнинг ҳокимнинг ёнига келиб, Президентимизнинг ана шундай савобли ишларини олқишлаб дуо қилишаётганига гувоҳ бўлдик.

Таъкидлаш жоизки, умумий узунлиги икки юз метрга яқин ушбу кўприк қурилиши учун 18 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Олти километрлик йўл қурилиши ишларига эса 54 миллиард сўм маблағ сарфлаш режалаштирилган.

Ишхонаси номи ёзилган кепкадаги баланд бўйли, овозидан раҳбарлик нафаси сезилиб турган киши “йўлнинг ўртасига янги чизилган йўл белгисини босмай юринглар” деб кимларгадир жон куйдириб танбеҳ бермоқда. Матбуот котибининг таништиришича, у қурилиш ишларини амалга оширган пудратчи ташкилот ҳисобланган “Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассасаси раҳбари Фахриддин Салоев экан.

— Қурилиш ишларига уч юзга яқин мутахассислар, саксонга яқин техника воситалари жалб этилди, — деди у. — Алоҳида жонбозлик кўрсатган йўл устаси Рустам Қурбонқулов, иш бошқарувчи Музаффар Тўлиевлар номи алоҳида эътироф этилса, ўринли бўлар эди.

Ҳа, муболағасиз, шундай хайрли ишларни амалга оширганларни нафақат биз журналистлар, бутун Бекобод халқи олқишламоқда.

Кўприк очилиш маросимига байрамона либосларда оқиб келаётганларнинг ҳисоби кўринмайди. Қувончлари ичига сиғмай, у ёқдан бу ёққа чопиб юрган болаларга қараб, севинчинг юз чандон ошади, болаликка қайтгинг келиб қолади.

Соат иккига яқинлашиб қолганида вилоят ҳокими ҳамроҳлигида фаоллар, нуронийлар ва бошқа меҳмонлар янги бунёд этилган “Дўстлик” маҳалла маркази биноси ёнига йиғилдилар. Қадим-қадимдан ота-боболаримиздан қолган удум бор. Тўй-тантаналар, хайрли ишлар бошланиши, катта-катта иншоотлар очилиши олдидан Аллоҳ йўлида жонлиқ атаб қурбонлик қилиш одати мавжуд. Шу куни  бекободликлар ҳам ана шу савобли удумни амалга оширишди. Оқсоқол уламо Қуръон оятларидан тиловат қилди. Йиғилганлар юртимиз тинчлиги барқарор бўлиши учун, Янги Ўзбекистоннинг янги кўприкларини қуришдек савобли амалларда бош-қош бўлиб турган Президентимиз ҳаққига дуо қилдилар.

Замонавий шарт-шароитлар яратилган “Дўстлик” маҳалла маркази карнай-сурнайлар, доира-дўмбиралар садоси остида очилди. Бино ичкарисидаги шароитлар билан танишгач, меҳмонлар яшил макон яратиш учун келтириб қўйилган дарахт кўчатларини ўтқазишди, яхши ниятлар қилишди.

Тошкент вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Зоир Мирзаев кўприкни очиш олдидан сўзга чиқиб, барча йиғилганларни табриклади.

— Янги Ўзбекистонда ҳар куни байрам, — деди у. — Ҳурматли Президентимиз ўз назоратига олгани шарофати билан бу кўприк қурилиши жуда қисқа муддатда қуриб битказилди. Кўчаларни қаранг, қайси шаҳардан кам? Бу йўллар, бу кўприк барчангизга муборак бўлсин! Қурувчиларга минг раҳмат!

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдусамад Носиров, Сирдарё устида қурилган кўприкнинг нариги қирғоғида яшовчи Сарибек Янгибоевлар ҳам бундай кўприклар, йўллар қурилиши инсон қадрини улуғлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш учун яратилганини таъкидладилар. Тантанага йиғилганлар ҳузурида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бекободлик таниқли шоир Ашурали Боймурод шу қувончли санага бағишлаб ёзган қуйидаги шеърини ўқиди:

 

Сирнинг қоқ устига қўйилган кўприк,

Кўнгилга қурилган улкан риштадир.

Бу чиндан жасорат, эмасдир ўтрик,

Балки, бу мўъжиза, балки тушдадир.

 

Боболар азалдан кўприклар қурган,

Яратмоқ тиклаган элнинг қаддини.

Ҳатто жиловлаган, дарёни бурган,

Шодликка улаган халқнинг дардини.

 

Фарҳоду Ширинлар учрашар қайта,

Замон яқинлатди олис манзилни.

Мен эса, азизим, шеър айта-айта

Кашф этдим ўзимга оташин дилни.

 

Асло тиним билмас Юртнинг Сарвари,

Ўз халқин дуосин олиб ишлайди.

Ҳар ерда керакдир кўнгил заргари,

Юртни ўйлаганлар ғолиб бўлади!

 

Муҳаббат манзилин этгаймиз бунёд,

Шамол эсаверар Ширинга қараб.

Фарҳодлар юртида кўнгил бўлди шод,

Бахтлиман, турибман корингга яраб…

 

Кўприк ва йўллар очилиши худди байрам каби тантанали кечди. Минглаб одамларнинг қувончи ичига сиғмай кетди.

Ўзбекистон рамзи бўлган байроғимиз Бекобод шамолида шундай жозибали ҳилпираб турибдики, унинг завқини ҳис қилиш нақадар фарахбахш эди…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =