Одри АЗУЛЕ: Самарқандда биз таълим, маданият ва фан тилларида гаплашамиз

ЮНЕСКО Бош директори “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди.

Маълумки, шу йилнинг  31 октябрь – 13 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади.

ЮНЕСКОнинг асосий йиғилиши сўнгги 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида бўлиб ўтади. Ушбу қарор ташкилотнинг таълим, илм-фан ва маданият соҳасидаги мақсадларини илгари суришда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётганини эътироф этиш ва халқаро ҳамжамият ишончининг тасдиғидир.

Бундай нуфузли форумнинг Самарқандда ўтказилиши нафақат Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги юксак даражаси, балки мамлакатнинг глобал гуманитар кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилишаётгани рамзи ҳамдир.

Ушбу тарихий воқеа олдидан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле “Дунё” АА учун берган эксклюзив интервьюсида ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни юқори баҳолади. У ЮНЕСКО ваколатининг асосий йўналиши бўлган маданий меросни асраб-авайлаш, таълим тизимини ривожлантириш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш борасида эришилган улкан муваффақиятларни алоҳида таъкидлади.

— Бош директор хоним, бу йил ЮНЕСКО ўзининг 80 йиллигини нишонламоқда. Ташкилот тарихидан қандай  муҳим сабоқларни олиш мумкин, деб ўйлайсиз ва нега унинг мандати бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда?

— Кўп қирралилик тобора кўпроқ сўралаётган бугунги дунёда бу парадоксал равишда ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб бормоқда. Глобал муаммолар – иқлим ўзгаришлари ва можаролардан тортиб, янги технологиялардаги ўзгаришларгача –  ҳеч бир давлат ёлғиз ҳаракат қила олмаслигини эслатиб туради. Бундай пайтда одамлар айниқса заиф бўлиб қоладилар. Ва биз ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик орқали уларни ноаниқликдан ишончли тарзда ўтиш, янада барқарор ва тинч келажакни қуриш учун зарур бўлган билим ҳамда кўникмалар билан руҳлантиришимиз мумкин.

ЮНЕСКО 80 йил давомида сифатли таълимни илгари суриш, маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва ахборотдан фойдаланишни таъминлаш каби вазифалар ажралмас бўлиб қолаётганини исботлаб келмоқда. 1945 йилдан бери дунё тубдан ўзгарди, аммо ­ЮНЕСКОни ташкил этишга илҳом берган қадриятлар – мулоқот, ўзаро ҳурмат ва халқаро ҳамжиҳатлик мураккаб глобал воқеликни йўлга қўйишимизга ёрдам берадиган компас бўлиб қолмоқда.

— Ўзгарувчан халқаро муҳитда ЮНЕСКОнинг мулоқот, ўзаро тушуниш ва маданий хилма-хилликни ривожлантиришдаги ролини қандай баҳолайсиз?

— ЮНЕСКО ўз ваколатининг барча соҳаларида – таълим, маданият, илм-фан ва ахборотда хилма-хилликни одамлар, жамоалар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро тушунишни кучайтирувчи манба сифатида кўради. Биз одамларга фарқларга қарамай ҳурмат билан муносабатда бўлишга имкон берадиган қадриятлар, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга интиламиз.

ЮНЕСКО ўз дастурлари ва маданий конвенциялари орқали умумий меросни тушунишга ёрдам беради ва чегаралар бўйлаб мулоқотни ривожлантиради. ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган кўп миллатли объектлар сони ортиб бораётгани бу жараённи яққол акс эттиради. Масалан, 2018 йилдан буён 67 та кўп миллатли элемент номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.

Ўзбекистон бу умумий ишимизга фаол ҳисса қўшмоқда. Масалан, Ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши, шунингдек, саккизта маданий элементнинг бошқа давлатлар билан биргаликда эътироф этилиши мероснинг маданиятлар ўртасидаги кўприкка айланиши мумкинлигини кўрсатади.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда ўз иштирокини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Мамлакатда рўй бераётган янгиланишлар ҳамда уларнинг минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун аҳамияти хусусидаги фикрларингиз ҳам биз учун  муҳим.

— Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги фаоллиги ортиб бораётгани мамлакатнинг мулоқот ва ҳамкорликка интилишидан далолат беради. Бу кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш зарур бўлган бир пайтда, айниқса, муҳимдир. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат минтақавий бирдамликка садоқатни, балки халқаро ҳамкорлик муҳимлигини англашни ҳам намойиш этади.

Туризм барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим омилига айланди. 2024 йилда мамлакатингизга 8 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келди ва бу Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва гўзал табиатига бўлган юқори қизиқишдан далолатдир. ЮНЕСКОнинг “Креатив шаҳарлар тармоғига” қўшилган Бухорода халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказиляпти.  Ушбу  лойиҳа мамлакатнинг маданий ўзига хослигини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини яққол акс эттиради.

— ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги суръат касб этди. Ушбу ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва истиқболларини қандай тавсифлаган бўлардингиз?

— Бош директор сифатидаги фаолиятим бошида (2019 йилда) Ўзбекистонга ташриф буюриш ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Биз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари – Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг реставрация қилишдаги кўмагини муҳокама қилдик. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиш тўғрисида қабул қилинган тарихий қарор билан якунланган ҳамкорлигимиз қанчалик ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этишдан мамнунман.

Маданият ҳамкорлигимизнинг асоси бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясида фаол иштирок этмоқда. 2024 йилда мамлакатингиз ташаббуси билан икки маданий элемент –  Рубоб ясаш ва ижро этиш санъати ва  минтақадаги 13 давлатни бирлаштирган Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Ўша йили Ўзбекистон Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон конференциясига мезбонлик қилди ва бу билан мамлакат маданиятга барқарор ривожланиш омили сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини  яна  бир карра тасдиқлади.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз касбий таълимни қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларини бошқариш ва инклюзив бошқарувни, хусусан, ахборотдан фойдаланиш ва медиасаводхонликни ривожлантиришни ўз ичига олади. 2022 йил ноябрь ойида Тошкентда ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур форум эрта таълим бўйича глобал кун тартибидаги муҳим босқич бўлиб, келгусидаги ҳамкорлик учун пойдевор яратди.

2018 йилдан бери ЮНЕСКО сунъий интеллект соҳасида ахлоқий меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бошқариб келмоқда, натижада 2021 йилда ушбу соҳадаги биринчи халқаро меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон ва ЮНEСКО томонидан сунъий интеллект соҳасида этикани тарғиб қилиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши  ахлоқий илм-фан тамойили учун муҳим аҳамиятга эга.

— Яна бир неча кундан сўнг Самарқанд биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференциясига мезбонлик қилади. Ушбу тарихий воқелик ташкилот учун қандай аҳамиятга эга?

— Бу ҳақда 2019 йилдаги ташрифим чоғида айтгандим: Самарқанд – турли маданиятлар туташган чорраҳа. Ўзбекистон ушбу жаҳон меросининг сақловчиси ҳисобланади. Шу боис ЮНЕСКО Бош конференциясини Самарқандда ўтказишда ҳам чуқур рамзий маъно бор – айниқса, у охирги марта деярли 40 йил аввал Париждан ташқарида ўтказилганини ҳисобга олсак.

Бу ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларни мулоқот ва ҳамкорлик рамзи бўлган маконда бирлаштириш учун ноёб имкониятдир. Конференция мамлакатлар ташкилотнинг яқин йиллардаги устувор йўналишларини белгилаб берадиган ва нейротехнологиялар бўйича биринчи халқаро ҳужжатни қабул қиладиган муҳим паллада бўлиб ўтади. Яъни  ЮНЕСКОнинг Самарқанд форуми – келажакка муҳим қадам бўлади.

Биз Ўзбекистон Президентига ва барча ўзбекистонлик ҳамкорларимизга ушбу тарихий воқеани амалга оширишга  кўрсатган кўмаги, садоқати, меҳмондўстлиги ва қўллаб-қувватлаши учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.

— Самарқанд йирик халқаро анжуманлар марказига айланиб бормоқда. Сизнингча, нима уни глобал мулоқот учун жозибадор ва салоҳиятли манзил сифатида танитмоқда?

— Қадимий Ипак йўлининг Ғарбий Европа ва Шарқий Осиёни туташтирувчи чорраҳасида жойлашган Самарқанд минг йиллар давомида товарлар, ғоялар ва маданиятлар алмашинуви учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилган. Бу уни халқаро форумлар учун табиий майдонга айлантиради.

Самарқанднинг маданий бойлиги ҳақиқатан ҳам улкан: Регистон майдонининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликларидан тортиб, фан, санъат ва адабиёт маркази сифатидаги тарихий ролигача Самарқанд турли маданий таъсирларнинг уйғунлигини ўзида мужассам этган.

Самарқанд ўз тарихи давомида кўплаб ижодкорларга илҳом манбаи бўлиб келгани ва бадиий руҳи билан машҳур. Бу хилма-хиллик ва алмашинув учун очиқ бўлган маданиятларнинг табиий чорраҳасидир. Буларнинг барчаси уни мулоқотни  давом эттириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаши мумкин бўлган йирик халқаро форумлар учун муҳим майдонга айлантирмоқда.

— Самарқандда бўлиб ўтадиган Бош конференциядан жаҳон ҳамжамияти хабардор бўлиши керак бўлган асосий янгиликлар нима деб ўйлайсиз?

—  Бўлинишлар мулоқотга соя солиши мумкин бўлган даврда  мазкур анжуман келажагимиз ўзаро боғлиқ эканини эслатишиб туриши керак. ЮНЕСКО Бош конференциясининг хабари аниқ бўлиши шарт: умумий мерос ва жамоавий билим – бу  биз тинчлик ва барқарор ривожланишни барпо этишимиз мумкин бўлган пойдевордир. Самарқандда биз таълим, маданият ва фан тилларида гаплашамиз.

— Бош котиб хоним, мазмунли суҳбат учун раҳмат ва Самарқандда бўлиб ўтадиган форум ишига муваффақият тилаймиз.

— Раҳмат.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =