ЙҲХББга дангал савол
Ҳаракат хавфсизлиги — муҳим масала. Чунки йўлларда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг, кўнгилсизликларнинг олдини олади. Шу боисдан ҳам мамлакатимиз бўйлаб йўлларга минг-минглаб (балки, юз минглаб) кузатув камералари ўрнатилди. Бу камералардан ҳайдовчилар “қочиб” қутулишининг асло иложи йўқ. Бугунги кунда нафақат тезликни оширганлар, балки камар тақмасдан ё пиёдага йўл бермасдан ҳаракатланаётган автоулов ҳайдовчилари ҳам каттагина жарима билан “сийланаётгани” сир эмас.
Шундай қилиб, бу борада жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Жарималар миқдори “отнинг калласидек” қилиб қўйилди. Майли-да, одамлар қийналса ҳам, энг муҳими, тартиб бўлсин. Ҳеч ким бахтсиз ҳодисага учрамасин.
Албатта, бундай ўзгаришлардан ҳамма ҳам хурсанд эмас. Жарималар кўпайиб кетганидан хуноб бўлиб юрганлар сон мингта. Лекин қонун деганлари “ҳаммани хурсанд қиладиган” восита эмас, балки уларга итоат қилдиришни ёқтиради. Яширишга ҳожат йўқ, бундай қатъий чоралар кўплаб “ўпкаси йўқ” ҳайдовчиларнинг жиловини тортиб қўйгани ҳам бор гап.
Бироқ… шу ўринда бир кичкинагина кузатув, мулоҳазамиз ҳам йўқ эмас. Бугун янги Ўзбекистонимиз дунёга бўй чўзмоқда. Жаҳоннинг энг ривожланган шаҳарлари каби пойтахтимиз ҳам ҳар томонлама гўзаллашиб, кенгайиб бораётгани қаторида, битта “локин”имиз кўнгилни хира қилмоқдадир. Эҳтимол, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББдаги мутасаддилар бунга жавоб беришар (очиғи, жавоб беришларига 99 фоиз ишончимиз йўқ!). Шундай бўлса-да, ўз мулоҳазамизни баён этамиз.
Гап шундаки, дунёнинг энг катта шаҳарларида ҳам кузатув камералари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди. Лекин у шаҳарларда худди биздагидек, халқ тили билан айтганда, “ГАИ”ларни учратмайсиз ҳисоби. Нима учун?
Ҳа, нима учун бизда шунча минг-минглаб кузатув камералари миллиардлаб маблағлар эвазига ўрнатилган бўлса-да, бу замонавий кузатув ускуналари орқали “беминнат” кунига миллиардлаб маблағлик жарималарни тақдим қилаётган, тўғрироғи, ундириб бераётган бўлса-да, яна бунинг устига ҳар битта йўл, муюлишда ЙПХ ходимларининг камайиш ўрнига кўпайиб бораётганига сабаб нимада экан? Наҳотки мақсад фақат жазолаш, жарима ундириш бўлса?! Наҳотки кузатув камералари орқали аниқланаётган қоидабузарликлар “етарли” бўлмаётган бўлса?! Ёхуд бу камера кузатувларига, замонавий техника воситаларига “ишончсизлик”ми? Чунки ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бўлгани яхши-да.
Яхшиям Президентимизнинг қатъий талаби билан узоқ йиллар давом этган ва халқни ҳуда-беҳудага текшириб, тўхтатиб азоблаган, километрлаб тирбандликларни юзага келтирган республика бўйлаб қанчадан-қанча “пост”лар олиб ташланган эди. Унгача юртдошларимиз бир вилоятдан бошқасига автоуловда ўтгунича чиндан ҳам бўладигани бўлар эди.
Халқимиз яна яхши эслайди. “Йўлларга кузатув камералари ўрнатилгандан кейин ЙПХХлар кескин камайтирилади, фақатгина муҳим чорраҳаларда, маълум постлардагина ЙПХ ходимлари хизмат олиб боришади”, дейилган эди-ку мутасаддилар томонидан. Ҳозир эса, айниқса, кейинги пайтларда бошқа жойларни билмадиг-у, пойтахтимизда бунинг мутлақо тескарисига гувоҳ бўлинмоқда. “Бундай ҳолатга биз-ку, майли, ўрганиб кетганмиз, юртимизга келаётган сайёҳлар нима дер экан? Шунчалик ҳам назорат, қўриқчилик сира ярашмайди-да”, деди Тошкентда яшовчи 40 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга Алижон ака.
Қизиқ, ажаб, аммо тўғри гапга ўхшайди юқоридаги ҳамюртимизнинг мулоҳазаси. Бунга ЙҲХББ каттакони нима дер экан?
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,
журналист.
