Бизнинг кучимиз – бирликда!

Кундалик ҳаётда қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ, дўстона турмуш кечириш ҳар жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ён-атрофдаги ҳамсоялар билан жанжаллашиб яшаш қаёқда-ю, кўришганда юзларда ёқимли табассум билан дийдорлашиш қаерда?! Бу борадаги муносабат, ўртадаги муҳит фақат хонадон соҳибларига эмас, бутун оила аъзолари — бола-чақалар кайфиятига ҳам таъсир қилади.

Қўшни мамлакатлар ҳақида гап кетганда илгари вазият чиндан ҳам салбий эди: чегараларга миналар қўйилган, ёндош республикага бориш йўллари ёпилган эди. Қуда-андалар, қариндош-уруғлар тўй ёки таъзия маросимларига бора олишмасди.

2017 йилда аҳвол бутунлай ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТнинг юксак минбарида баралла эълон қилди: Марказий Осиёни тинчлик, яқин қўшничилик ва шериклик маконига айлантирамиз.

Бу давлатимиз раҳбарининг қатъий қарори эди. Ўтган саккиз йил ичида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг олти марта Маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Ушбу анжуманнинг еттинчиси 2025 йил 17 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтди.

Шу даврда нималарга эришилди? Президентимиз тарихий кунда шундай жавоб қилди: Ҳудудий масалаларда савол қолмади, чегара пунктлари дарвозани ланг очди. Сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли муносабатлар йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, мамлакатларимиз ўртасида фаол савдо-инвестиция ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди. Ҳозир Марказий Осиё — бу барқарор ўсиш ва фаровонлик учун олдимизда янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконидир.

Марказий Осиё минтақаси жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашмоқда: инвестициявий жозибадорлик ошмоқда, учинчи бозорларга экспорт имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда. Минтақанинг ўзида 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 10,7 млрд АҚШ долларига етди. Жалб қилинган инвестициялар умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.

Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ҳамжиҳатлик ва умумий тараққиёт сари интилишнинг кучайиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва глобал миқёсдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда.

Тошкентда ўтказилган еттинчи Маслаҳат учрашувига қайтайлик. Ўша куни Марказий Осиё давлатлари сафига Озарбайжон Президенти ҳам қўшилди. Ахир яхши ниятли инсонлар, уларнинг тимсолида мамлакатлар кўпайгани жуда яхши, албатта.

Бу анжуманда бугун минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври бошланаётгани таъкидланди.

Маълумки, ҳозир замон қалтис, эртага нима бўлишини айтиб бўлмайди. Ана шундай шароитда ўзаро ҳамжиҳатлигимиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз муҳим аҳамият касб этади.

Биз учун ҳозирнинг ўзида минтақамизни бундан 20-30 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлашимиз бўйича аниқ тушунчага эга бўлишимиз муҳим. Анжуманда сўз олган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Президентининг амалга ошираётган ишларига тўхталиб, уни узоқни кўра олиш қобилиятига эга сиёсатчи сифатида эътироф этди. Илҳом Алиев, аввало, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон томонига анъанавий меҳмондўстлиги учун ташаккур айтди. “Биродарим Шавкат Миромоновичнинг доно раҳбарлиги остида Ўзбекистон ривожланиш ва бунёдкорлик йўлидан ишончли тарзда бормоқда”, деди у. “Президентнинг кундалик ғамхўрлиги туфайли Ўзбекистон дунёнинг етакчи спорт давлатлари қаторидан жой олган. Яқинда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари буни яққол кўрсатди. Шавкат Миромонович нафақат доно давлат арбоби, балки Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган инсондир” дея таъкидлади у.

Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари сўзга чиқишди. Улар Президентимиз ҳар жиҳатдан етакчи эканлигини, таклиф этаётган ташаббуслари юксак баҳога сазоворлигини айтишди. Минтақада Оқсоқоллар кенгаши тузиш таклиф этилди. Бу фикр халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналаримизга эга жамоат арбобларидан иборат кенгаш тузилишини назарда тутарди. Яқин истиқболда Умумий инвестиция макони тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш муҳим деб ҳисобланди.

Мазкур учрашувдан қандай хулоса чиқариш мумкин? Президентимиз хулосани шундай ифодалади: “Алоҳида таъкидламоқчиман: бизнинг кучимиз — бирликда, муваффақият сари йўлимиз — дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин”.

Асрлар давомида Ўрта Осиё давлатлари ўртасида ёпилмаган, миналаштирилмаган чегаралар Шавкат Мирзиёев президентлиги даврига келибгина очилганида миллионлаб юртдошларимизгина эмас, миллионлаб қўшниларимиз ҳам севингани чин ҳақиқатдир. Куни кеча ана шу йўлда Ўзбек-Туркман халқлари учун яна бир эзгу амалий ҳаракат, қувончли воқеа рўй берди: Хоразм билан чегарадош ҳудудда икки мамлакат тадбиркорлари барпо этган жаҳон бозори очилди!

Қаранг, шундай қатъият билан бошқаларни ортидан эргаштириш Президентимизга хос. Буни оддий халқимиз яхши билиши ва ҳақли равишда фахрланиши керак!

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =