Тазйиқ

ёхуд Оҳангарон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директори 

Наргиза Боймирзаевани  ғайриқонуний ишдан бўшатиш “кампанияси” ҳақида

Оҳангарон туманлараро фуқаролик суди судьяси Дилнавозхон Бегматова фуқаролик иши юзасидан суд музокараларини ўтказиб бўлгач, суд маслаҳатда қолишини эълон қилди.

Ҳаяжонли дақиқалар…

Тарафлар эса ўзларича фикр қилишмоқда.

Даъвогар Наргиза Боймирзаева суднинг адолат ва холислик билан иш юритишига қатъий ишонади.

Жавобгар томон ҳам ўзлари ғолиб чиқишидан умидвор, шекилли, бир-бирига қараб мамнун жилмайишади.

Ва ниҳоят, судья ҳал қилув қарорини эълон қилди:

“Даъвогар Боймирзаева Наргиза Мирзааҳматовнанинг даъво аризаси қаноатлантирилсин.

Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2025 йил 27 июндаги 400-“к” сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилсин.

Боймирзаева Наргиза Мирзааҳматовна аввалги иши — Оҳангарон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига ишга тиклансин…”

Жавобгар томон, яъни Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг суддаги вакиллари суднинг ҳал қилув қароридан беҳад норози бўлиб, “биз албатта, аппеляция шикояти берамиз” деб суд залидан ғазабланиб чиқиб кетдилар.

Наргиза эса хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай қолди. Унинг дилидан энди булар яна нималарни ўйлаб топишаркан деган хавотирлар кечди ва хаёллари уни узоқ-узоқларга олиб кетди…

…Мана шу мактабда бир пайтлар ўқиган завқли кезларини ширин ўртанишлар билан эслади.. Меҳрибон онажониси, раҳматли Марзия опа худди мана шу мактабнинг ҳурматли педагогларидан бири эди. Падари бузруквори Мирзааҳмат ака эса Оҳангарон цемент комбинатида масъул вазифаларда ишлаган. Бу инсон ҳозир саксон беш ёшда бўлиб, шоиртабиат қалби билан учта китоб ёзиб чоп эттирди.

1989 йили Наргиза ўн етти ёшида мана шу мактабга ёшлар етакчиси бўлиб ишга кирди. Бу орада сиртдан Тошкент вилояти педагогика институтининг бошланғич таълим йўналишида ўқий бошлади.

Узоқ йиллар ўзи таълим олган жонажон мактабида оддий ўқитувчи, психолог, илмий бўлим мудири вазифасида сидқидилдан меҳнат қилди.

2018 йилдан буён мактабда директор лавозимида ишлаётган эди.

1-умумий ўрта таълим мактаби — Оҳангарон шаҳрининг тўқсон йиллик тарихга эга, энг қадимий ва йирик мактабларидан бири.

Бугунги кунда ушбу мактабда 1666 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда, уларга эса 98 нафар олий маълумотли педагоглар таълим-тарбия беришмоқда.

2024 йили мазкур таълим маскани вилоят мактаблари орасида ғолиб бўлиб, энг намунали мактаб деб топилди.

Наргиза Боймирзаева бир неча бор ташаккурномалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Мактаб директорининг жамоада ва Оҳангарон шаҳрида обрўси салмоқли.

Ҳа, ҳаммаси рисоладагидек кечаётган эди.

Наргиза келгуси йил — 2026 йил 1 октябрда пенсияга чиқиб, умргузаронлик қилмоқчи эди. Бироқ 2025 йил баҳорида унинг ҳаётида нохуш воқеалар содир бўла бошлади.

Наргиза Тошкент шаҳридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида навбатдаги малака ошириш курсида ўқиш учун борди. Табиийки, пировардида имтиҳонлар бўлиб ўтди ва унда аксарият мактаб директорлари тест синовларидан ўта олишмади: улар сафида Наргиза Боймирзаева ҳам бор эди.

Мана шундай антиқа тест синовлари ҳақида менга Оҳангарон шаҳридаги тажрибали ва малакали педагоглардан бири Шарофхон Аҳроров қуйидагиларни гапириб берганди:

— Биласизми, тест саволлари шу қадар ғалатики, ҳатто саволларга ҳар қандай профессор, фан номзодлари ҳам жавоб беришлари мушкул. Ҳайрон қоламан, мана шундай “тест”лардан кутилган мақсад нима экан ўзи?..

Наргиза Боймирзаеванинг тестдан ўтолмаганлиги ҳақидаги хабар Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими раҳбариятига ҳам етиб келди ва бу гапни улар негадир қувонч билан кутиб олишганга ўхшарди.

Лекин бу орада Наргиза қайтадан имтиҳон топшириб, сертификат олишга муваффақ бўлди.

Бироқ Боймирзаевага тинимсиз телефон қўнғироқлари ёғила бошлади.

“Бошқармага тез етиб келинг!”

Навбатдаги қўнғироқлардан бирида Боймирзаевага яхшиликча ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида зуғум қилишди.

Асаблари ҳаддан ташқари чарчаган Н.Боймирзаева ниҳоят 2025 йилнинг 23 июнь куни бошқарма бошлиғи номига ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза ёзиб берди.

Бу хабарни мактаб жамоаси ва Оҳангарон шаҳар аҳолиси норозилик билан кутиб олди ва Наргизага аризасини қайтариб олиш ҳақида маслаҳат беришди.

2025 йилнинг 27 июнь куни Боймирзаева бошқарма бошлиғига муқаддам ёзган аризасини оқибатсиз қолдириш учун ариза қолдирди.

Буни қарангки, бошқарма раҳбарияти буни писанд қилмай, худди шу куни, яъни 2025 йилнинг 27 июнь куни 400-“к” сонли буйруққа асосан Н.Боймирзаева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди.

Демак, нима қилиб бўлса ҳам Наргиза Боймирзаевани ишдан бўшатиш асосий мақсад эди…

Бундан норози бўлган Боймирзаева Оҳангарон туманлараро фуқаролик судига ишга тиклаш тўғрисида даъво аризаси киритди.

Судья даъво аризаси юзасидан бир неча бор суд мажлисларини ўтказди. Гувоҳларнинг тушунтиришларини диққат билан тинглади ва ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарорининг 21-моддасидаги “судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризасини иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланиши лозим” деган бандга эътибор қаратди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 266-моддасига кўра, суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори дарҳол ижрога қаратилиши лозим.

Бироқ бошқарма 2025 йилнинг 12 ноябрь куни, яъни суднинг ҳал қилув қарори чиққанидан йигирма кун ўтгач, Н.Боймирзаевани ишга тиклаш тўғрисида 925-“к” сонли буйруқ чиқаришга мажбур бўлди.

Бироқ бу буйруқ билан бирга шу куни, яъни 2025 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси, 2-қисми 3-бандига кўра, яъни ходимнинг малакаси етарли эмас важи билан Н.Боймирзаевага 2025 йил 1 декабрдан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш хатини ҳам қўлига тутқазишди.

Бундан “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деган маънони тушуниш мумкин эди.

Иш берувчининг ярим варақ ҳам келмайдиган огоҳлантириш хати шу қадар кулгилики, унга ҳафтада бир кун ишга чиқмаслиги ҳақида тушунтиришибди-ю, бироқ Меҳнат кодексининг 144-моддаси асосида унга бошқа иш ўрнини таклиф этишни унутишибди…

Бошқарманинг огоҳлантириш хатидан шу ҳолат маълум бўладики, “бўлди, биз ўз ҳуқуқини талаб қиладиган мактаб директори билан ишлашни хоҳламаймиз, биз судга мурожаат қилганларни ёқтирмаймиз, уни мактабдан ҳайдаймиз” деган фикрлар келиб чиқади ва пенсиясига бир йил қолган ходимни иззат-икром билан кузатиш ўрнига кўчага ҳайдаб солишни маъқул деб биладилар.

Қани бу ерда инсон қадри, қани бу ерда оқибат ва одамгарчилик?

Яна бир гап.

Бошқарма томонидан 2025 йилнинг 14 ноябрь куни Н.Боймирзаева номига ғалати бир билдиришнома юборилган. Унда гўёки Оҳангарон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директорлик иш ўрни бўш, яъни вакант деб таърифланган ва Н.Боймирзаевани қандайдир суҳбатга чорлашибди. Қизиқ, наҳотки бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси номидан 2025 йил 22 октябрь куни чиқарилган суд қарорини тан олмаса? Суд қарорида эса “Н.Боймирзаева дарҳол ишга тиклансин” дейилган, тамом-вассалом!

Шунингдек, Н.Боймирзаева суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган 21 миллион сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи ва беш ярим миллион сўмлик маънавий зарарни давлат бюджетига зарар бўлмасин деб ундан воз кечиш тўғрисида ариза ҳам ёзганлигини билдирди.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 184-моддасида таъкидланишича, судлар ишга тиклаш тўғрисидаги фуқаролик ишида учинчи шахс сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруққа имзо чеккан мансабдор шахсни судга жалб этиши ва давлат ташкилотига етказилган зарарни унинг зиммасига юклаш тўғрисида ажрим чиқаришлари керак эди.

Бу борада эса судья анча одамгарчилик қилибди.

Бир аёл кишига шу қадар зуғум, шу қадар адоват ва тазйиқ инсофданми? Қачонки, одил судлов томонидан масалага холис баҳо берилган бўлса!

Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги адолат билан иш кўриб, муаммонинг ечимини топади.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 15 =