Исрофгарчилик қашшоқликка олиб келади

ёхуд ўзгаларга мақтаниш учун тўй қиламизми?

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида бўлиб ўтган очиқ дарс кўринишидаги давра суҳбатида тўй ва маросимларимиздаги исрофгарчилик ва ортиқча дабдабабозликларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Нурмурод ЧИННИҚУЛОВ,

Филология фанлари номзоди, доцент:

— Маълумки, мамлакатимизда тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда йўл қўйилаётган салбий ҳолатларга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси томонидан “Маромийлик” тартиби имзоланиб, долзарб 90 кунлик эълон қилинди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бежиз эмас. Тўйлар ҳақида гапирар эканмиз, бир нарса одамни ўйлантириб қўяди. Бу муаммо юз йилдирки, ҳали-ҳануз энг оғриқли мавзу бўлиб келмоқда.

Ўтган асрнинг бошларида жадид маърифатпарварлари ҳам бу ҳақда кўплаб ибратли мақолалар эълон қилишган. Хусусан, жадидлар тўйлардаги ортиқча харажатларни жамиятнинг энг катта муаммоларидан бири деб ҳисоблашган. Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз “Тўй ва маросимларимизда исроф жуда кўп, бу халқни қашшоқлаштиради”, — деган ҳамда тўйни халқнинг иқтисодий юкига эмас, маънавиятига хизмат қиладиган тарзда тартибга солишни таклиф қилган эди. Абдулла Авлоний эса тўйлардаги исрофни “миллатнинг жонини сўриб олувчи офат” деб атаган. Тўйлар “…ғурур ва мансаб учун эмас, хайр ва барака учун” бўлиши кераклигини таъкидлаган. Орадан шунча йиллар ўтса-да, бу муаммо ҳануз бартараф этилмагани оғриқли ҳол… Ҳозир ҳам айрим ҳудудларда кимўзарга тўйгача ва тўйдан кейинги турфа хил маросимлар авжига чиққан.

Кейинги йилларда тўй қилиш учун кредит ва қарзга пул олиш ҳам кўпайди. Бу ўз навбатида тўй қилганларга кейинги бир неча йил иқтисодий қийинчиликларга олиб келади. Қарз давлатдан олинадими, бирор танишдан олинадими, бу ўз номи билан қарз. Уни ваъда берилган муддатларда тўлаш керак.

Катта орзу-ҳаваслар билан тўй қилинди, бир кунлик тўй ўтди-кетди. Энди тўйдан кейинги муаммолар, олинган қарзларни ойма-ой тўлаш юки бошда турибди. Бу қарзларни тўлаш учун кўпчилик йигитлар ёш келинни ташлаб, Россияга ишга кетишади. Ёшлар ўртасида ажрашишларга оилани ташлаб, бир неча ой ёки йиллар муҳожирликда юриш ҳам сабаб бўлиши табиий.

Савол туғилади: шартми шунча катта харажат қилиб, қарзга ботиб дабдабали тўй қилиш? Чўнтагида пули бор учун бундай тўй қилиш иқтисодий муаммо туғдирмайди. Бироқ айримларга тақлид қилиб, кимўзарга тўй қиладиганлар ҳам жамиятимизда талайгина.

Мен бир неча йил Россияда ишлаб пул топиб келиб, топганини дабдабали тўй қилишга сарфлаб, яна хорижга пул топиш учун равона бўлганларни кўрганман. Икки хонали уйда 3 ўғил, икки қиз билан яшайдиган бир танишим катта қизини узатди, бироқ ўғлини уйлантираётганда қарз ва яна кредит олиб тўй қилди. Ундан: “Шунча дабдаба шартмиди?” деб сўрасам, “Қудалар олдида юзим ёруғ бўлсин деб қилдим”, деди. Мана, муаммонинг яна бир илдизи қаерда? Дўст-ёронлар, қариндош-уруғ, қуда-анда олдида уялиб қолмайлик, деб ортиқча харажатли тўй қилинаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

ёзувчи:

— Иқтисодий имконим баланд-у, лекин маънавий даражам паст дегани эмасми бу?

Тўй-маросимларни ихчамлаштириш, камчиқим ҳолда ўтказиш, албатта, ўзимизга боғлиқ. Бизни ҳеч ким мажбурламаяпти, ёқамиздан олиб: “Сен бутун элга довруғи кетган тўй қилишинг шарт!” — деб дағдаға ҳам қилмайди. Хўш, шундай экан, кўпчилигимиз нега бугун тўй-маросимларимиз “ҳамма кўрсин” тарзида дабдаба-ю довруқ билан ўтиши учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз? Очиғи, иқтисодий имкониятимизни кўрсатиб қўйишга, шунинг ортидан обрў олишга уринамиз. Лекин шу билан бирга маънавий даражамиз ўта пастлигини ҳам намоён этамиз.

Тўғри, тўй миллий қадриятларимизнинг қадимий кўринишларидан бири. Бироқ манманлик, мақтанчоқлик, молу давлатни кўзкўзлаш учун тўй қилишни, айниқса, бундай қусурлар ортидан исрофгарчилик юзага келишини сира оқлаб бўлмайди. Ҳатто динимизда ҳам исрофгарчилик қораланади. Қуръони каримда ҳам: “Исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, (Исро сураси 27-оят) дейилган.

Хуллас, мазкур мавзу бугун мутасадди идоралар олдида оғриқли муаммодан бири сифатида бежиз пайдо бўлгани йўқ. Тўй ва маросимлардаги қуюшқонга сиғмаган ҳолатлар, тўйдан кейинги танг оқибатлар борасида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу борада жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин.

Ҳурматли ёшлар, сизлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз, яхши бўларди.

 

Азиза ДАВРОНОВА,

магистр:

— “Уй кўрар” ёки “мол ёяр”, яъни келин томонидан куёвнинг уйига келадиган мебель ва жиҳозлар ҳозирда одатга айланиб бўлди. Бунда келин тарафдан бирор вакил куёвнинг уйини тўйдан олдин бориб кўриб келади. Хуллас, куёв яшайдиган хонадонни мебель, маиший техника ва ҳоказо нарсалар билан тўлдириш кўзда тутилади. Тўғридан-тўғри нима олишлари-ю нима олмасликлари, нима ёқиши-ю нима ёқмаслигини ҳам айтиб, керак бўлса, танлаб ҳам беришмоқда. Қизиқ, бу ўринда куёвлик ғурури ерга урилмаяптимикан, деган аламли савол туғилади.

Тўйдан олдин ёки кейинги кунда ўтказиладиган кортеж учун ҳам 1000 долларлик харажатга нима дейсиз?

“Marry me-Love story”, яъни никоҳдан ўтиш маросими ҳам авж нуқтада ҳашамат касб этмоқда. Бунда куёв томонидан ФҲДЁ ёки бирорта ресторан гаплашилади. Унда ҳам қиммат фото-видео, ресторан, бошловчи ҳақи сингари нарсаларга маблағ сарфланади.

Қишлоқ жойларда эса тўйдан бир кун олдин келинникига куёв навкар боради. Қуруқ эмас, сарпо ва тоғоралар билан. Бу машмашага ҳам камида 1000 долларлик харажат қилинади. Хуллас, бу чиқимларнинг чақими тўйдан кейин ўз асоратини қолдиради, албатта.

 

Рўзимбек ТОЛЛИЕВ,

магистр:

— Айрим қишлоқларда бўлиб ўтадиган тўйлар ҳам шаҳардаги “кимўзарлик”дан кам бўлмаяпти. Тўйга чақирилувчилар сони энг камида 800 кишидан бошланиб, 3000 нафарга етади, баъзан ундан ҳам кўп бўлади…

Шаҳарда бўладиган айрим тўйларга, асосан, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида 10 мингдан 20 минг долларгача сарф-харажат қилинади.

Айрим қишлоқ жойларда ҳам биргина суннат тўйи наҳор оши учун 1 тоннага яқин гўшт кетаркан, ўнлаб қозонларда ош дамланади. Тўғри, бу ҳолат ҳамма қишлоқларда ҳам учрайвермайди. Бу ҳол, асосан, воҳанинг жуда кўп жойларида одат тусига айланмоқда.

Шу тахлит сарф-харажатлар, “мени кўриб қўйинглар”, деб ҳаддан зиёд ортиқча исрофгарчилик қилиш ўрнига, қурби баланд тўй эгалари қўли калта, рўзғори камхарж қишлоқдошлари, етим-есир, эҳтиёжманд оилаларга шу харажатларнинг оз мисқолини сарфласа ҳам савоб бўлади-ку… Албатта, ортиқча харажат увол, уволнинг эса заволи бор.

 

Малика ПИРМАТОВА,

магистр:

— Тўйлар бизнинг ҳаётимизда шунчаки маросим эмас, қадрият, маданият ва қувонч рамзи сифатида қаралади.

Бироқ охирги йилларда бу қутлуғ ҳодиса кимўзар мусобақага айланиб қолаётгани яққол кўзга ташланяпти. Баъзан одамлар тўйда ўзининг имкониятидан ортиқча сарф-харажат қилиб, қийин аҳволга тушиб қолаётгани сир эмас. Тўй инсонга кейинчалик азият етказадиган маросим эмас, аксинча, бахт ва қувонч улашадиган шодиёна бўлмоғи лозим. Тўй қанчалик ихчам, самимий ўтса, унинг таъсири шунчалик илиқ ва эсда қоларли бўлади. Кўп одамнинг кўз ўнгида эмас, яқинлар даврасида ўтган маросим кўпроқ оила руҳи билан уйғунлашади. Бугун жамиятда тўйларни ихчамлаштириш ҳақида кўп фикрлар айтилмоқда. Бу фикрлар анъаналарни чеклашга қаратилган эмас, аксинча, уларни ҳаётга мос, оқилона шаклда сақлаб қолишга интилишдир. Тўйлар содда ўтган тақдирда ҳам оилада қувонч ва меҳр илдиз отади, рўзғорга барака инади.

 

Гулноза ИСКАНДАРОВА,

магистр:

— Тўй, аслида, энг яқин қариндошлар, дўсту биродарлар тўпланиб, дийдорлашишга сабаб бўладиган маросим. Икки ёшнинг никоҳи эълон қилинадиган кун.

Агар тўйларимиздаги ҳаддан зиёд ҳашам-у ортиқча орзу-ҳаваслар бўлмаса, кўпгина рўзғорлар иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолмасди. Дастурхондаги тўкин-сочинликдан ташқари, маросимнинг бошқа жиҳатларидаги ортиқчалик ва айтиш жоиз бўлса, ақлсизлик кишини ўйлантириб қўяди.

Масалан, тўй либослари ҳақида гапирсам: бир маротаба кийиладиган либосларга аёллар минг долларгача пул сарфлайди. Ўзларини гўё модалар намойишига келгандек тутишади. Шу тўй баҳона қариндошлар даврасида эри олиб берган олтину дурларни кўрсатиб, мақтанишади.

Фаровонлик даражасига бутун инсоният ҳавас қиладиган Америкада ҳам бизнинг тўйларимиздаги ортиқча чиқимни тушуна олишмайди. Таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев бундан 10-15 йил олдинги Америка таассуротлари билан боғлиқ мақоласида: “…Битта ўзбекнинг эрталаб соат еттида 400-500 кишига текин ош беришини оддий америкаликка тушунтириш мумкин эмас. Чунки уларнинг турмуши ва амаллари ҳаётий мантиқ қоидаларига асосланган. Энг ёмони, меҳмонга бор-будини тўкиб солган ўзбек оиласи фарзандига китоб сотиб олиб беришга, уларни спорт ва турли тўгаракларга бериш учун чиқимга келганда оғриниб қолишади. Тушунарсиз мантиқ. Аслида, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган нарсаларга мол-мулкимизни совурамиз, келажагимиз кафолати учун маблағимиз йўқ, бунга… сохта ҳурмат ва ёлғон обрў қозонишга бўлган интилишимиз сабаб бўлмоқда…”, деб ёзганди.

Исҳоқхон Ибрат ўзининг тугалланмай қолган китоби — “Замон тарозуси” асарида тўй билан боғлиқ исрофгарчилик ҳақида ёзиб, охирида шундай дейди: “Мана бу балолар устимизда оғир бир юкдир”.

 

Маржона АБДУОЛИМОВА,

магистр:

— Ўзбек халқи жуда бой халқ. бизнинг миллий урф-одатларимиз каби тўй ва тўй олди маросимларимиз кўп. Дуоларимизда: “Тўйларга етказсин…” дейилганидек, топганимиз тўйлардан ортмайди. Ҳаётимиз бешик тўйдан бошланиб, аза билан тугайди. Аза ҳам бир тўйдек ўтади. “Бир хил кўк кий ёки қора кий”, “ош дамлаб тарқат”, “латта-путта тарқат”… кимга керак бу одатлар?

Келинг, мен бир воқеани айтиб берай: бир қариндошимиз тўй қилди. Қарангки, она ният қилган экан, тўйни уйда қилиш учун тўйдан олдин уй қайтадан бузиб қурилди. Ва янги келин учун қилинган сарполар тилларда достон бўлди. Меҳмонларнинг эса совға-салом ва дастурхондан кўнгли тўлди. Икки ой ўтиб, данғиллама уй ва машина сотилди. Куёв Россияга кетди, қолганлар ижарага чиқди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, келин бу йўқчиликка чидай олмади: ўша данғиллама тўй ва у билан боғлиқ машмашалар туфайли бир ёш оила бузилди. Аслида, тўйга сабаб икки ёшни бирлаштириш, аммо бу тўйга кетган сарф-харажатлар ва ундан кейинги қарзлар ёшларни айирди.

Ўша катта тўйга кетадиган пулга ёш келин-куёвга янги уй, машина ёки саёҳат уюштирса, кўпроқ фойдали бўлади, менимча.

Афсуски, “кимдан камимиз бор, кетса тўйга кетар”, деб, “ўзи бир марта тўй қиламиз, орзу-ҳавас” каби тушунчалар халқимизни қарз ботқоғига ботириб қўйяпти.

 

Саноат БОБОҚУЛОВА,

магистр:

— Исрофгарчилик маънавий қадриятларимизга терс ҳодиса, аслида. Тўйлар ёшлар тақдирида янгича ҳаёт бошланиши, ота-оналарнинг дуосини олиш, жамиятда оила муқаддаслиги ва унинг қадрини улуғловчи маросимдир.

Аммо дабдаба ортиб бориши билан бу маънавий мазмун йўқолиб бормоқда. Ахборот технологиялари таъсири ошган бизнинг замонимизда ижтимоий тармоқларда қуюшқондан чиққан тўй видеоларини кўрган одамлар ўз тўйини ҳам айнан шундай ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Натижада қовун қовундан ранг олади, деганларидек, дабдабабозлик одатий ҳол касб этиб, рақобатга айланиб бормоқда.

Аслида, камтарона ва маданиятли тўй ўтказиш ақл ҳамда масъулият белгисидир.

Камтарона, аммо эсда қоларли тўйлар ўтказиш учун маҳаллаларда имтиёзли шароитлар яратиш пайти келди. Масалан, тўй ва маросимлар ўтказиш учун кичик заллар имтиёзи, бепул фотоҳудудлар, бошқа арзон хизматлар тури яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Мафтуна АБДУРАҲМОНОВА,

магистр:

— Фақатгина никоҳ тўйлари эмас, бошқа маросимларга ҳам эътибор қаратсак, уларда сарф бўлаётган ақлга сиғмас маблағлар яққол кўзга ташланади. Юбилейлар, бешик тўй, суннат тўй, мучал тўй, ва ҳоказолар учун ҳаддан ташқари ошиқча маблағ исроф қилиняпти. Бу нима деган гап ахир, қачонгача одамларга бу нарсалар нотўғри, буниси тўғри деб қарор ва қонунлар билан чора кўрилади? Инсонларнинг ўтакетган ўзбилармонлиги келажак авлодга, қолаверса, ўзига зиён қилмаяптимикан? Неча миллионлаб ишлатилаётган пулларни ўз фарзандларининг келажаги, саломатлиги, ўқиш ва билим олиши учун ёки дунё кўришлари учун сарфлашса бўлмасмикан? Рўзғорида етишмовчилик, болалари ёки аёли касал бўлса ҳам ён-атрофдагиларни едириб-ичиришга пул топган кимсалар ўз оила аъзоларининг ризқини қийишганини англармиканлар?

 

Камилла АБДУҲАЛИМОВА,

магистр:

— Бизда ҳаммаси совчиликдан бошланади. Ундан кейин оқ ўрар, фотиҳа тўй, чақирди, ота кўрди, келин кўрди, куёв кўрди, ўртада байрамликлар… Агар ҳаммасига кетадиган харажатларни ҳисобласак, чиндан ҳам бизнинг халқимиз фақат тўй учун яшайди. Энг ёмони, тўйдан кейинги қарзлар… Ёш келин-куёв қарз тўлаш учун ишлаб бошлашади.

Менга қолса, тўй соддароқ тарзда, кам одам, энг яқинлар билан ўтгани маъқул, тўйдан олдинги ада-қада, олди-бердилар шунчаки бош оғриғидан ўзга нарса эмас.

 

Гулназ АБАТОВА,

магистр:

— Ўзбек халқи урф-одатларга, маросимларга бой халқ. Энг катта маросимларидан бири тўй ҳисобланади. Тўйларниям турлари кўп; бешик тўй, чилла чиқди тўйи, суннат тўйи, қиз кўрди, фотиҳа тўйи, келин салом, қиз чақириш, келин-куёв тўйи, яна тўйлардан ташқари бир нечта маросимлар бор. Суюнчи бериш, бола эмизиш, исм қўйиш маросими, никоҳ ўқитиш, келин салом, янги келин ош бериши, мотамга оид маросимлар, жаноза маросими, 3 кунлик, 7 кунлик, 20 кунлик, 40 кунлик, йиллик хотира маросими.

Тўй ва маросимларда бўладиган энг катта муаммолар қуйидагича:

Ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик: ҳаддан ташқари катта тўйлар (500-1000 киши), қиммат безаклар, ҳашаматли ресторанлар, хизматлар, люкс кортеж машиналар, қиммат фото видеостудиялар қарздор бўлиб тўй қилиш ҳолатларига олиб келади. Одамлар онгида “бошқалар гап-сўз қилмасин”, деган тушунча қотиб қолган. Бу омиликдан бошқа нарса эмас.

 

Маҳлиё НУЪМОНОВА,

магистр:

— Жуда кўп давлатларда тўйлар бизнинг юртимиздаги каби ҳаддан зиёд дабдаба билан ўтмайди. Дунёнинг бой, ривожланган мамлакатларида ҳам бизчалик топган-тутганини бир кунда сочиб, кейин турмуш қийинчиликлари олдида гандираклаб қоладиган халқ бўлмаса керак. Таққослаш жараёнида шуни кўрамизки, биргина Корея давлатидаги тўйларида қисқа вақт, кам меҳмон, иқтисодий тежамкорлик устуворлигини кузатишимиз мумкин. Уларнинг тўйларидаги сарф-харажатлар биздаги дабдабаларнинг ярмининг ярмига ҳам тенг келмайди. “Кўрпангга қараб оёқ узат…”, деган камтарликни яхши фазилат билган халқимизнинг бундай мақтанчоқлик қутқусига тушиб қолгани ачинарли ҳол, албатта.

Кореядаги ихчам, иқтисодий ва қисқа маросимлардан биз ҳам андоза олсак бўлади, албатта.

Фикримни халқимизнинг буюк шоири Эркин Воҳидовнинг “Нега япон юз йил яшар?” шеъри билан якунлашни маъқул топдим:

 

Нега япон юз йил яшар-у,

Ўзбек бунча ёшга бормайди?

Чунки япон биздек қоронғу

Саҳар туриб ошга бормайди.

Таъзияда эл кўзи учун

Минг кишилик зиёфат қурмас.

Ҳайити йўқ, бел боғлаб уч кун

Шамдай қотиб кўчада турмас.

Гарчи биздан юз бор фаровон,

Гарчи биздан юз карра тўқдир.

Тўй харжида юзта бой япон

Бир камбағал ўзбекча йўқдир.

Бу сўзимни японга айтсам,

Деди баттар қисиб кўзини:

— Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,

Харакири қилар ўзини!

 

Моҳигул ҲАСАНОВА,

магистр:

— Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда меъёр, миллий урф-одат ва динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, кимўзарга пойга ўйнаётган ҳолатлар содир бўлмоқда. Жумладан, келинларнинг ғарб модалари асосида тикилган қимматбаҳо кийимларни ижарага олишлари, турнақатор тўй кортежларининг йўллардаги ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллийлигимиз ва қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссалари-ю вальс тушишлари, тўй ва маъракаларга ҳаддан зиёд кўп инсонлар таклиф этилиши каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси динимиз нуқтаи назаридан ҳам исроф деб аталади. Бу ҳолат фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам бундан-да аянчлироқ исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганини кузатишимиз мумкин.

Бу иллатлар жамиятимизни таг-тубидан емирувчи иллатлар бўлиб, бугунги кунда ушбу дабдабабозлик, ҳашамат, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, миллиардлаб маблағ нафақат ҳавога совурилаётгани, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилаётганлигимиз аён бўлади. Шу маблағлар фарзандларимизнинг илм-маърифат ҳосил қилишлари учун, уларни касб-ҳунарли қилиш учун, ишлаб чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби хайрли ишларга сарф қилинса, савоб устига савоб ёзилган бўлар эди.

Давра суҳбатини

ўз мухбиримиз ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − thirteen =