Китоб — билим хазинаси

2025 йил — Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширилаётган давлат дастурлари ижроси юзасидан Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан ҳам “Китобсевар миллат” ғоясини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича қатор ибратли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда китоб ва китобхонликка бўлган муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигига гувоҳмиз. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори бу борада олиб борилаётган изчил ишларимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжат ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, китобхонларга хизмат кўрсатишда ахборот-коммуникaция технологияларидан кенг фойдаланишни кўзда тутади. Энг асосийси, бугунги глобаллашув даврида уларнинг “маънавий иммунитети”ни шакллантиришга, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асосланган мустаҳкам пойдеворда туриш имконини беради.

Марказимизга шу кунгача 32 мингга яқин китобхонлар ID-карта орқали аъзо бўлишган. Улар марказнинг “Veb-sahifa”, “Facebook”, “Instagram”, “Youtube”, “Telegram” каналлари орқали марказда йилнинг муҳим саналарга, юбилейларга бағишлаб ўтказилган турли мавзулардаги маданий-маърифий тадбирлар, янги келган адабиётлар билан танишиб бормоқдалар. Йилдан-йилга китобхонлар сони ҳам ошмоқда.

Улар умумий ўқув зали, ёшлар, ҳуқуқий ахборот, она ва бола, илмий ходимлар, ўлкашунослик музейи, жаҳон адабиётлари зали, электрон ўқув зали, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, анжуманлар ўтказиш залларидан фойдаланиб келмоқдалар. Кекса ва ногиронлиги бор фойдаланувчилар учун ҳам марказда барча қулайликлар яратилган. Жумладан, улар учун пандус ва лифт ишлаб турибди. Ёшлар ўқув залида махсус брайл алифбосидаги адабиётлар, “Бир сафда” журнали ва бошқа ахборот ҳужжатларидан иборат бурчак ташкил қилинган.

Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг “Ўзбек-Туркман дўстлик уйи” бўлимида “Ўзбек-туркман — дўсту биродар” мавзусида китоб-расмли кўргазма ташкил қилинди. Туркман ҳамда ўзбек тилидаги адабиётлар жой олган кўргазма китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари доирасида Туркманистондан ташриф буюрган делегация Улли ҳовли билан ҳамкорликда Ўзбек-Туркман дўстлик уйи бўлимида кутиб олинди.

Бўлимимиз мутахассислари томонидан маҳаллалардаги имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларига бориб, уларнинг талаблари бўйича китобларни етказиб бермоқдалар. Хоразм-Тошҳовуз чегарасидаги жаҳон бозорининг очилиши, у ерга ташриф буюрган делегациялар фаолияти ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда.

Ахборот-ҳужжатлар фондимиз 637052 нусхани ташкил қилади. У доимий равишда янги адабиётлар билан тўлдириб келинмоқда. Йил бошидан буён шу кунгача 366 миллион сўмдан зиёд маблағга янги адабиётлар сотиб олинди.

2026 йил учун 180 миллион 690 минг сўмлик матбуот нашрларига обунани ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Урганч шаҳридаги маҳаллалар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, хонадонларга ташриф буюриб, ҳар 15 кунда уларнинг сўровлари асосида янги адабиётлар билан таъминлаш ҳамда библиография хизмати кўрсатиш яхши йўлга қўйилган.

Урганч шаҳар марказий кўчаларида аҳоли ўртасида “Китобни жонлантирамиз”, “Китоб — менинг дўстимсан”, “Меҳр кутубхонаси”, “Севимли ёзувчим билан учрашув”, “Миллий ўқиш ҳафталиги”, “Кўк жомадон” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини ахборот-кутубхона хизматлари билан қамраб олиш учун шаҳар ва туман ахборот-кутубхона марказларининг 50 дан зиёд кўчма кутубхоналари ташкил қилинган. Жумладан, Хива туманидаги “Истиқлол”, Урганч туманидаги “Ҳилол”, Хонқа туманидаги “Пахтакор”, “Дурвадик” ҳамда “Гулистон”, Шовот туманидаги “Оқ кўл”, Янгиариқ туманидаги “Савган”, “Ширшоли” маҳаллаларида очилган кўчма кутубхоналар аҳолига кутубхона хизмати кўрсатиб келмоқда.

Ҳозирги кунга келиб, вилоятимизда шахсий кутубхоналар сони ҳам ошиб бормоқда: 4 нафар фуқаро уй шароитида шахсий кутубхона ташкил қилган. Жумладан, Урганч шаҳридан Хуржоной Бекниёзова 850 нусха, Хива шаҳридан Николай Аллаберганов 5600 нусха, Ҳазорасп туманидан Музаффар Аҳмедов 2012 нусха, Янгибозор туманидан Икром Бабажанов 3100 нусха китоб фондига эга.

Урганч шаҳрида тадбиркор Қувондиқ Абдуллаев “Билим хазинаси”, “Устоз” ёшлар кутубхоналарини ташкил қилган. Ушбу кутубхоналардан, асосан, вилоятимиз ёшлари кенг фойдаланмоқдалар. Кутубхоналар интернетга уланган, китоб савдоси, “book-cafe” хизмати кўрсатилмоқда. 200 мингдан зиёд китоб фондларига эга.

Гёте институтининг Тошкент филиали билан ҳамкорлигимизни 2014 йилда бошлаган эдик. Шу йили немис халқининг бебаҳо дурдонаси саналмиш “Эртаклар олами: Ака-ука Гриммлар”, “Математикани ҳис қил!” мавзусидаги интерактив бадиий кўргазмалар ташкил қилинди. Гёте институтининг Тошкент филиали билан ҳамкорлигимиз ҳозир ҳам давом этмоқда. Немис тилига оид адабиётлар ва газета-журналлардан иборат ўқув зали ташкил қилинган. Немис тилига қизиқувчи китобхонларимиз ушбу залдан фойдаланиб келмоқдалар.

Ўтган йили марказимиз фаолиятида алоҳида эътиборга молик воқеа содир бўлди. Буни халқаро ҳамкорлик бўйича қўйган навбатдаги катта қадамимиз сифатида баҳолаш мумкин. Гап шундаки, Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази ва В.В.Маяковский номидаги Санкт-Петербург шаҳар халқ марказий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Вилоятдаги олий ўқув юртларида фаолият олиб бораётган олимларнинг илмий ишлари ҳам вилоят ахборот-кутубхона марказимизда махсус базада тўпланиб борилмоқда.

Ахборот-кутубхона муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали ҳамда Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ўртасида 2024 йилда ахборот-кутубхона фаолияти йўналиши бўйича сиртқи бўлим кафедрасини ташкил қилиш борасида шартнома имзоланди.

Ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ахборот-кутубхона фаолияти йўналиши бўйича сиртқи 4-курсда 60 нафар мутахассис таҳсил олмоқда. 2025-2026 ўқув йилида 28 нафар талаба масофадан туриб ўқияпти.

Шу йили Хоразм вилояти ҳокимининг “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳасини ташкил этиш ва ўтказишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан давлат хизматчиларининг китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, уларнинг адабиётга бўлган меҳр-муҳаббатини янада юксалтириш мақсадида қатор манзилли ва натижадор тадбирлар белгиланди.

Лойиҳа доирасида вилоятга ташриф буюрган Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев, “Жаҳон адабиёти” журнали бўлим бошлиғи Даврон Ражаб иштирокида икки кун давомида таълим даргоҳларида, ёшлар ва ижодкорлар ҳузурида ижодий учрашувлар ўтказилди. Меҳмонлар Хивадаги Огаҳий уй музейи ва қабрини зиёрат қилишди. Беруний номидаги Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари, талабалар билан учрашдилар. Тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб, Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази хизмат раҳбари Шуҳрат Маткаримнинг “Макар”, “Болжон” номли китобларининг тақдимот-муҳокамалари ниҳоятда жонли тарзда ўтди. Асар бўйича роликлар, жонли саҳна кўринишлари тайёрланди. Муҳокамаларда ўқувчилар, зиёлилар, олимлар ва энг муҳими, кутубхона ходимларининг иштироки тадбирларга ўзгача руҳ бағишлаб, асарнинг ўқувчилар қалбига чуқурроқ етиб боришини таъминлади.

Мамлакатимизда китобхонликни янги босқичга олиб чиқиш, соҳа ходимларининг билим ва малакаларини кўрикдан ўтказишда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ўтказиб келинаётган анъанавий ““INFOLIB O‘ZBEKISTON” Миллий аxбoрoт-кутубxoна ҳафталиклари муҳим аҳамият касб этмоқда.

“INFOLIB O‘ZBEKISTON-2025” XIV Миллий аxбoрoт-кутубxoна ҳафталиги бу йил 10-14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Унда Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган ҳафталикнинг асосий лойиҳаси “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси — 2025” кўрик-танловининг республика босқичида танловнинг Хоразм вилояти босқичи ғолиби, Хонқа туман ахборот-кутубхона марказининг ахборот коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати раҳбари Оллоқулиев Достонбек Азимбой ўғли “Йил лойиҳаси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Ҳафталик доирасидаги “Ёшлар форуми”да Урганч туман ахборот-кутубхона маркази ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати раҳбари Шарипов Оллоберган фаол иштирок этди ва “Энг фаол иштирокчи” номинациясида ғолиб бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази “Китобсевар миллат” лойиҳасини амалга ошириш борасида давлатимиз раҳбари соҳа ходимлари олдига қўйган талаблар даражасида ишлашга интилмоқда.

Р.ҚУРБОНОВ,

Маҳмуд Замахшарий номидаги

Хоразм вилояти ахборот-кутубхона

маркази директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 11 =