“Ҳожи дўстингиздан салом!”

Валижон бугун ўнинчи кундирки, кўнгил сўраб келган меҳмонларни кутиб олиб, кузатади. Ўликнинг чачвони узун деганлари шу экан. Улар эҳсон дастурхонига ўтирмайдилар. Бир ҳовуч фотиҳани марҳумга бағишлаб, изларига қайтадилар.

Ногаҳонда оқ рангли “Нексия” машинаси ичкарига кирмай, йўлак бошида тўхтади. Валижон бир қараб олиб, кўнгил сўраб келаётганлардан бўлса керак, деб китоб мутолаа қилишда давом этди.

Узун бўйли, барваста, чеҳраси ёқимтой йигит қўлида оғиргина елим идишдаги юкни кўтарганча Валижоннинг истиқболига яқинлашди.

Валижон синчков разм солиб ҳам йигитни танимади. Демак, бу ерлик эмас. Ростдан ҳам шундай бўлиб чиқди.

Меҳмон тавозе билан сўрашгач, ўзини таништиришга шошилмади, аввал қўнғироқдек товушда тиловат қилди. “Ўтган момомизнинг охиратлари обод бўлсин”, — деди. Юзларига фотиҳа тортилгач, Валижон узр сўраб:

— Ука, сизни танимай турибман. Бу ёғи энди кексачилик-да, — деб бошини эгиб турди.

— Ака, жуда зийрак одам экансиз, мени танимаётганингиз айни ҳақиқат. Мен Фарғонаданман. Исмим Жасур. Бир оёғим пойтахтда, юмуш билан келиб тураман. Кечирасиз-да, водийда бирорта яқин жўрангиз борми? Топинг-чи?

Валижон бир муддат ўйга толди. Водийдаги яқинларини бир-бир кўз олдига келтирди. Меҳмон шу алпозда ҳушёрлик қилди:

— Ҳожилардан йўқми, ака? — дея луқма ташлади.

— Албатта, бор-да! — деди Валижон топқирлигидан хурсанд бўлиб.

— Исмларини айтинг-чи? — сўради меҳмон худди топишмоқ жавобини кутаётгандек шошилиб.

— Малик ҳожи, унинг туғишган укаси Дилшод ҳожи, — деди Валижон.

— Э, барака топинг, ака, худди ўша Малик ака билан Дилшод ҳожилар оилангиздаги қайғуни эшитиб, Сизга мендан дуои салом айтиб юборишди. Ҳа, айтгандай, мана бу асални ҳам Малик ака сизга бериб юборди. Яна асал пулини олиб ўтирма, деб қаттиқ тайинлади.

— Йўқ, мен шунча асални ололмайман, — кескин рад этди Валижон. — Биринчидан, у одам асалари боқмас эди-ку.

— Тўғри айтдингиз, — меҳмон яна гапни гапга улади. — у киши асалари боқмайдилар, мана, мен боқаман. Неча йил, неча замон Малик ака билан оға-ини бўлиб кетганмиз. Шунинг учун юмушни менга тайинладилар. Сиз ишонаверинг.

Валижон чўнтагига қўл солиб, пул чиқаришга тайёрланаётганда меҳмон яна тилга кирди:

— Ака, бу сизга текинга, Малик акадан. Яна озроқ пулга сотиб олмоқчи бўлсангиз, уловда асал сероб. Қанча десангиз, топилади.

— Йўқ, йўқ, ука. Аслида, шу ҳам бизга ортиқчалик қилади. Керакмас эди.

— Нега ундай дейсиз, ака? Малик акани сира хафа қилманг.

Шу сонияда у улов томонга қараб имо қилди. Барваста йигит машинадан тушиб, у ҳам елим идишда асал кўтариб кела бошлади.

— Жасур иним, бу ортиқча манзирату илтифотни ҳазм қилолмайман. Ўзи айрилиқ азобини… — Валижон у ёғини айтолмади. — Яхшиси, буларни ўзларинг билан олиб кетаверинглар. Маликжоннинг ўзи олиб келса ярашарди.

— Сиз жуда таъби нозик инсон экансиз. Қойил қолдим! Майли, мана бу идишдаги асалга ҳақ бера қолинг, мен розиман. Текин пишлоқ қопқонда бўлади, деб хавотирдасиз-да. Хоҳласангиз, ҳаммасини, Малик ака ҳурмати, текинга ташлаб кетамиз.

— Унақаси кетмайди! — кескин эътироз билдирди Валижон бироз ранжиган бўлиб. — Ҳамма нарсанинг ҳисоби бўлади. Хўп, бу идишдагиси қанча?

— Килосига юз мингдан бераверинг, бозорда икки юз мингдан кетяпти. Албатта, барака топасиз. Бозорда икки юз мингдан чаққон сотяпман.

— Биласизми, Жасуржон, — овозини пастлатди Валижон, — мен ҳали қатор аза маросимларини ўтказишим керак. Бундай улгуржи маҳсулотни сотиб ололмайман, мени тушунинг.

— Бўлди, майли, — деди меҳмон сал шаштидан тушган бўлиб. — Яна битта идишдагини олиб кел, — деди ёнида анграйганча турган шеригига. — Бир миллион берсангиз бўлади, Малик ака ҳурмати. Келинг, бор- барака! Ака, рози бўлсангиз, мен барака топаман.

Валижон ўтирган жойида пулни бериб: “Барака!” — деб юборди.

Меҳмон шошиб изига қайтаётганида, Валижон уларни тўхтатиб, ойдинлик киритмоқчи бўлди:

— Шошманглар, мен Малик билан телефонда гаплашаман, ҳар ҳолда…

— Ака, ҳозир шарт эмас, сизга сотганимизни эшитсалар, биздан қаттиқ ранжийдилар. Илтимос, ҳозир қўнғироқ қилмай туринг.

Валижон ноилож меҳмонларнинг раъйига қаради. Шундоқ ёнгинасида эса чорпояда учта идишда зил-замбил оғир қиём башара қип-қизил суюқлик ўзини кўз-кўз қилиб офтоб нурида ялтираб турарди…

Собиржон ИНОМОВ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =