Озодлик муҳридир бу, туғрога боқ…

Ғайрат МАЖИД

Муаллиф ҳақида:

Ғайрат МАЖИД — Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Шоирнинг “Гул санам”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Сени соғинаман”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Ишққа борар йўл”, “Боболарим юрти”, “Оққушларга айланар юрак”, “Айиқчанинг туши”, “Бунда булбул китоб ўқийди”, “Мумкин эмас сенинг йиғлашинг”, “Беш дарс”, “Йўлдаман, нурли йўлда”, “Ишқ айёми”, “Оппоқ табассум” каби китоблари нашр этилган.

Шеърлари турк, озарбайжон, қирғиз, қозоқ, туркман, татар, тожик, қорақалпоқ, инглиз, рус, араб, белорус тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида ишлайди.

ВАТАН – МАНГУ ҚЎШИҚ

 

Метиндай мустаҳкам қўрғон армия,

Ватаннинг ҳолини сўрғон армия.

 

Катта бир қўшинга баробар Широқ,

Мудом озодликка қалқон армия.

 

Иймони саломат Нажмиддин Кубро,

Шаксиз Жалолиддин Султон армия.

 

Адолат бирла эл-юртлар сўраган

Амир Темур Соҳибқирон армия.

 

Дукчи эшонларнинг ўтлиғ армони —

Муаззам Туркистон, Турон армия.

 

Ерда ҳам, осмони фалакларда ҳам,

Сафлари тўзмас қиз-ўғлон армия.

 

Халқ билан армия бир тану бир жон,

Тинчлигу ҳурликка посбон армия.

 

Бирлашсак, бўлинмас Ватан ҳеч қачон,

Ватан мангу қўшиқ — достон армия.

 

БИРИНЧИ ДАРС

 

Бу отанг, бу онанг, бу ер, бу осмон,

Бу эшик, бу бешик, муборак қўрғон,

Бу ўчоқ, бу тандир, қайнаган қумғон —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

Бу умр, бу ҳаёт, ёз, куз, қиш, баҳор,

Қир-адир, тоғу тош, салобат, виқор,

Гоҳ лойқа, гоҳ тиниқ оққан бу анҳор —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

Бу кеча, юлдузлар, порлаган моҳтоб,

Бу кундуз, бу иссиқ нур сочган офтоб,

Бу мактаб, бу қалам, бу дафтар-китоб —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

Мана, бу дала-дашт, буғдойзор, деҳқон,

Серҳосил болга кон бу боғ, бу боғбон,

Бу нон, бир бош узум, очиқ дастурхон —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

Қанча ғам-ҳасратни кўрган бу чинор,

Қанча дард-армонни енгган бу минор,

Буми, чап кўксимда… қонаган… анор —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

Озодлик муҳридир бу, туғрога боқ,

Мағрур ҳилпираган бу байроқ — маёқ,

Бу қўшиқ — мадҳия, абадий сабоқ —

Ватандир, Ватандир, азиз болажон!

 

ҚАШҚАДАРЁ

 

Азал Ипак йўлин эшиги бўлган,

Хўб улуғ зотларнинг бешиги бўлган,

Ўн саккиз минг олам ошиғи бўлган,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Оламга таралган энг шонли достон —

Шаҳри Кеш ўғлони Темурбек хоқон,

Ўйласам, кўзимнинг устида жаҳон,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Осмонларга елка тутган Оқсарой,

Янги замонларни кутган Оқсарой,

Бугун муродига етган Оқсарой,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Насафий боболар, Кеший боболар,

Ҳисордан таралган хушбўй ҳаволар,

Бугун юрагимда рангин наволар,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Кўксимни ўртайди йиллар армони,

Сўз билан тирикдир миллатнинг жони,

Абдулла Ориф бор — ўзбекнинг шони,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Кўкдала чўл деманг, чўллар ҳам обод,

Манзилга элтгувчи йўллар ҳам обод,

Бундай саодатдан диллар ҳам обод,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Қовун-тарвуз, олма-анорлари бор,

Соялари қуюқ чинорлари бор,

Асрлардан сўйлар минорлари бор,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Хирмонга барака тоғда қорлари,

Ризқи рўз — пахтазор, буғдойзорлари,

Бор бўлсин, миришкор, тадбиркорлари,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Курашда, санъатда, илмда илдам,

Фарзандлар ютуғи — энг улуғ байрам —

Кўпкари чопади юзга кирса ҳам,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

Мавжингдан нурланар диллар, Ҳисорак,

Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қарши — Муборак,

Шавкати ҳеч сўнмас толедан дарак,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

Шоирман, қалбимда ўйларим кўпдир,

Сен ҳақда қўшиғим, куйларим кўпдир,

Байрамларим кўпдир, тўйларим кўпдир,

Келинг, кўринг энди Қашқадарёни!

 

УЛУҒБЕК ЮЛДУЗЛАРИ

 

Кўнглимга иссиқ нур беради офтоб,

Фируза осмондан боқиб кундузлар.

Кечалар оқ меҳр тутади моҳтоб,

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

Булбулнинг бир маҳзун, ғамгин бўзлари,

Юракнинг ҳаётга ташна рўзлари,

Бу дунёдан очиқ кетган кўзлари —

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

Бир қутлуғ дуодир “Зижи Кўрагон”,

Фақат меҳр топсин гадоми, султон,

Дунё, қўлларингни энди қилма қон,

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

Умринг беш кун экан, билдим-ку, дунё,

Ошиқ ўлимга ҳам қилмайди парво,

Ойнинг атрофида жам бўлиб гўё,

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

“Тўрт улус…” тилида қўшиқ — Самарқанд,

Юлдузлар ҳам сенга ошиқ, Самарқанд,

Фалак дарвозаси очиқ — Самарқанд,

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

Токи поёни йўқ шу коинот бор,

Асло поён билмас муҳаббат — асрор,

Зимистон дилларга улашиб баҳор,

Мирзо Улуғбекдан сўйлар юлдузлар.

 

ҲАЁТ ВА САҲНА

Дилноза Кубаевага

Оҳ, ҳурлиқо,

Оҳ, малаксиймо!

Лабларида алвон табассум,

Кўзларида уммон қадар мунг.

Тонгдай чиқар саҳнага, маъсум,

Тонг қотади томошабин, гунг.

 

Оҳ, ҳурлиқо,

Оҳ, малаксиймо!

Қулоқ тутиб юрак зарбига,

Тўлдиради саҳнани буткул.

Унга боққан кўзлар қалбига,

Бир лаҳзада ташлайди ўт, Гул.

 

Оҳ, ҳурлиқо,

Оҳ, малаксиймо!

Саҳна дордек қалтис ўйиндир,

Билиб бўлмас, ким дўсту ким ёв.

Лангарини тортади кимдир,

Силкитади дорни ҳам биров.

 

Оҳ, ҳурлиқо,

Оҳ, малаксиймо!

Роль ўйнайди ўзин аямай,

Гоҳи Кумуш, гоҳида Зайнаб.

Гоҳ юрагин тутади гулдай,

Гоҳ юрагин беради чайнаб.

 

Оҳ, ҳурлиқо,

Оҳ, малаксиймо!

Минг йил яшар ошиқлар, ишон,

Солиб бўлмас йўлига рахна.

Умр каби роль ҳам бепоён,

Ҳаёт каби мангудир саҳна.

 

НИМА ҚИЛАМИЗ?

Жамшидга

 

Касларга дил ёриб нима қиламиз,

Пастларга ёлвориб нима қиламиз?

Дилни дардга қориб нима қиламиз,

Ёмонларга бориб нима қиламиз?

 

Оппоқ-оппоқ кундузларга борамиз,

Олис-олис юлдузларга борамиз,

Дарахтларга, илдизларга борамиз,

Хазонларга бориб нима қиламиз?

 

Камалак ранг товушларга борамиз,

Кўклаш учун унишларга борамиз,

Асл тилло, кумушларга борамиз,

Арзонларга бориб нима қиламиз?

 

Соғ-саломат бардамликка борамиз,

Бир дам эмас, ҳар дамликка борамиз,

Бирлашмоққа, бирдамликка борамиз,

Тўзонларга бориб нима қиламиз?

 

Лайли деймиз, Мажнун бўлиб борамиз,

Ғам емаймиз, мамнун бўлиб борамиз,

Жамолига мафтун бўлиб борамиз,

Сарсонларга бориб нима қиламиз?

 

Пари пайкар, маҳи пайкар турганда,

Тиллари бол, лаби шакар турганда,

Кўз ичинда нури гавҳар турганда,

Армонларга бориб нима қиламиз?

 

Жамшид жоми майга тўлди, Ҳақ берди,

Карами кенг насиямас, нақд берди,

Мингта қайғу, яна шунча бахт берди,

Сомонларга бориб нима қиламиз?

 

ИЛОҲИ…

 

Илоҳи, руҳимда, вужудимдасан,

Гаҳи исён, гаҳи сужудимдасан.

 

Илоҳи, йўлимни қай томон бурдим,

Ўзимни гоҳ музга, гоҳ ўтга урдим.

 

Илоҳи, тўлқинда — авбошдадирман,

Икки қирғоқ аро талошдадирман.

 

Илоҳи, дил — қуёш, сўнган эмасдир,

Нурсиз тақдирларга кўнган эмасдир.

 

Илоҳи, мен учун сўздир мусалло,

Зикр этиб, шукр этиб қилдим тавалло.

Илоҳи, қай манзил, маконни кездим,

Борлигинг, бирлигинг ҳамиша сездим.

 

Илоҳи, каломинг калом айладим,

Саломат бўлай деб салом айладим.

 

Илоҳи, дунё не, бари хор-хасдир,

Сен ва Ҳабибинг бор, шу менга басдир.

 

СЎЗ ОҚАР ТОМИРИМДА

 

Қон ўрнида қон бўлиб

сўз оқар томиримда,

Жоним ўртаб бир оҳу

кўз оқар томиримда.

 

Оламларни яшнатиб

баҳор оқгай, шубҳасиз,

Сархил-сархил мевали

куз оқар томиримда.

Мен қуёшдан нур ичиб

катта бўлганман асли,

Қаҳратонда ловуллаб

муз оқар томиримда.

 

Ошиқ бўз йигит ҳолин

англамади, маликам,

Айрилиқ азобидан

бўз оқар томиримда.

Мен ташна ошиқ тўйдим

на гулга, на бўйига,

Ойларга ойна тутган

юз оқар томиримда.

 

Узоқларда қолган ёр,

сендан кўз узиб бўлмас,

Орамизда минг йиллик

рўз оқар томиримда.

 

Ҳаётнинг аччиқ-чучук

неъматларин тотяпман,

Гаҳи бол-шакар, гаҳи

туз оқар томиримда.

 

Худонинг тақдирига

таҳрир қалами йўқдир,

Алмийсоқдан келган бир

из оқар томиримда.

 

ҲОЛ

 

Жоним, баҳор келди, гулзорга тўйдим,

Гуллардан таралган ифорга тўйдим,

Булбуллар чаҳ-чаҳи, гуфторга тўйдим,

Фақат кўзларингга боқиб тўймадим.

 

Тўйдим саратонда чўғга, оловга,

Тўйдим жонни ёққан ғовга, буровга,

Тўйдим жонга ёққан мақтов — сийловга,

Фақат кўзларингга боқиб тўймадим.

 

Куз келиб, заъфарон хазонга тўйдим,

Сочингдек ингичка мезонга тўйдим,

Ҳажрингда оҳ ила афғонга тўйдим,

Фақат кўзларингга боқиб тўймадим.

 

Тўйдим қиш келганда изғирин, музга,

Тўйдим совуқ қорда кўмилган изга,

Тўйдим оқ ўраган қирмизи юзга,

Фақат кўзларингга боқиб тўймадим.

 

Томоша-тўйларга тўйдим, ёрижон,

Қолиб не кўйларга, тўйдим, ёрижон,

Тумонат ўйларга тўйдим, ёрижон,

Фақат кўзларингга боқиб тўймадим.

 

ҚАЙСАР ОШИҚ НОЛАСИ

 

Гарчи хаёлингсиз ўтган куним йўқ,

Лола дудоғингдек юрак-бағрим қон.

Ўйлама, кўнгли бор дея, кўнглим йўқ,

Жоним, севмаганман сени ҳеч қачон.

 

Жонимни куйдириб куйладим, холос,

Ҳечам куйганим йўқ кўйингда, ишон.

Фақат кўзларимда жиққа ёш — ихлос,

Жоним, севмаганман сени ҳеч қачон.

 

Қараган эмасман йўлингга асло,

Кўзларим тўрт бўлиб кутганим ёлғон.

Бўлсам ҳам Мажнундек ишққа мубтало,

Жоним, севмаганман сени ҳеч қачон.

 

Ичимда ҳеч сўнмас чироқ бор, чироқ,

Шу боис йўлларим ёруғ, чароғон.

Менга жонимдан ҳам азизсан, бироқ,

Жоним, севмаганман сени ҳеч қачон.

 

Фақат тушунмайман бу ҳолни, зотан,

Мангу тўхтамайди юракда вулқон.

Нечун севиб туриб сўйлайвераман,

Жоним, севмаганман сени ҳеч қачон!

 

ЮРАК НОЛАСИ

 

Чиройингдан ойлар келиб дарс олган,

Атиргуллар атрингдан кўп қарз олган.

 

Кунсулувлар, Ойсулувлар лол сенга,

Бир ярашган гулюзингда хол сенга.

 

Лафзи ҳалол, лаблари ол болмишсан,

Юрагим йўқ, юрагимни олмишсан.

 

Балиқлар кўп, вале денгиз биттадир,

Ҳусну малоҳатда тенгсиз биттадир.

 

Жонни ўртар савдо ҳам кўп эмасдир,

Менинг каби шайдо ҳам кўп эмасдир.

 

Умрим кечар сен кўзлари оҳу деб,

Сенсизликдан кечар бўлдим, ёҳу деб.

 

Яралгандан жонимдасан, ҳамонсан,

Азал, абад ҳам ҳозири замонсан.

 

Ошиқ жонни ўз забтига олгансан,

Аямасдан ишқ ўтига солгансан.

 

Қош қораймай, ёр қошига бор десам,

Бошим ёрмай, ёлбор, кўнгил ёр десам.

 

Измингдаман, изларингни излайман,

Ёрни топ деб, қон дилимни тезлайман…

 

Чиройингдан ойлар келиб дарс олган,

Атиргуллар атрингдан кўп қарз олган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =