Ҳарбийликка ҳавас мақсадга айланиши зарур

Мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий қисмларнинг эшиклари халқ учун, бўлажак Ватан посбонлари — ёш авлод учун кенг очилган. Истиқлол ғояларига садоқатли, ватанпарвар ҳарбий кадрлар сафи муттасил равишда кенгайиб бораётганлиги қувонарлидир. Зеро, халқимиз ҳарбийларимиз тимсолида Ватанни ҳимоя қилишдек дунёдаги энг улуғ вазифани шараф билан адо этиб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари буюк аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган юртимизнинг чинакам қалқонларини кўради.

Йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш нафақат бурч, балки шон-шараф ишига айланди. Ёшлар қалбида армия билан фахрланиш, Ватан ҳимоячиси бўлишга интилишни кучайтирмоқда.

Мустақил мамлакатимизда Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий салоҳиятга эга юксак малакали кадрлар тайёрлаш борасида улкан натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳамда мазкур университет таркибидаги ҳарбий олий таълим муассасалари: Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Қуруқликдаги қўшинлар институти, Ҳарбий авиация институти, Ҳарбий тиббиёт институти, Самарқанддаги Сержантлар тайёрлаш олий мактаби фаолият кўрсатиб турибди. “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ва бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасалари профессионал кадрлар тайёрланадиган масканларга айланган. Уларда таълим жараёнига ўқитишнинг илғор рақамли технологиялари, жумладан, сунъий интеллектга асосланган замонавий баҳолаш тизимлари жорий этилгани ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқди.

Эътироф этиш ўринлики, юқоридаги ўқув даргоҳларини битираётган ўғлонларнинг жанговар қобилиятлари ошиб, она Ватанимизга садоқатлари чексиз даражада юксалмоқда, билимлари ортмоқда. Салоҳиятли бу кадрлар давлатимизнинг чин маънодаги посбонларидир.

Бинобарин, глобаллашув ва кескин рақобат даври, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар биздан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақозо этади. Ана шундай ғоят масъулиятли вазиятда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда ҳимоя қилишда Қуролли Кучларимиз, хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Янги Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш эса ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишини кузатар эканмиз, ана шундай фикрлар хаёлимиздан ўтди.

Келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифалар белгилаб берилар экан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилди. Кейинги 9 йил мобайнида мамлакатимизда бу борада кенг кўламли янгиланишлар рўй бергани кундай равшан. Шундай бўлса-да, мамлакатимиз раҳбари кадрлар тайёрлаш тизимига эътиборни ҳар қачонгидан ҳам ошириш зарурлигини қайд этди. “Шуни унутмаслик керакки, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир”, деди Президентимиз. Бу талаб биз каби ҳарбий таълим ўқитувчиларининг зиммасидаги масъулиятни ҳар қачонгидан ҳам оширади. Жамоамиз билан биргаликда истиқболдаги вазифаларимизни белгилаб олдик.

Ҳарбийликка иштиёқ, аслида, болаликдан туғилади. Буни инобатга олган ҳолда умумтаълим ва ўрта махсус мактаблари билан ҳамкорликда иш юритиб, таҳсил олаётган ёшлар орасидан қалби ҳарбий бўлиш ишқи билан жўш ураётган йигитларимизни саралаб олиш, юқорида номлари саналган ўқув даргоҳларига жалб этиш ишларини кучайтиришимиз, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга эътиборни янада оширишимиз зарурлигини давр тақозо этмоқда.

Йиғилишда аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олий таълим масканига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилиши қайд этилди. Эндиликда тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олий ўқув юртида ўқишини бошлайдиган бўлдилар. Армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилиши ҳам бўлажак ҳарбийлар учун катта имконият. Агар улар олий таълим муассасасига контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилиши ҳар тарафлама манфаатлидир. Армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатининг 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилиниши, хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилиши оталарча ғамхўрлик намунасидир.

Бизга бўлган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан ҳамкасбларимиз ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида камол топтиришга, ҳар тарафлама баркамол мутахассисларни тайёрлашга, уларда Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш туйғуларини кучайтиришга виждонан ёндашяпмиз.

“Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” Бу — ҳар бир аскарнинг қасамёди. Уларнинг руҳиятида ўз она халқи, ота-оналари ва яқинларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифани “йигитлик бурчим” дея ҳис этаётганликларини кўришдан фахру ифтихор туясан киши. Зеро, юрт осойишталиги фаровонлик омилидир.

Алишер РАҲИМОВ,

Фарғона давлат университети

ҳарбий таълим факультети

бошлиғи, доцент,

фалсафа фанлари доктори,

подполковник.

Тоҳиржон ТУРҒУНБОЕВ,

факультет доценти,

истеъфодаги подполковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =