Метрополитенда замонавий технологиялар

Бугунги кунда дунёда аҳолиси бир неча миллиондан ошган ривожланган шаҳарларни метрополитенсиз тасаввур этиш ғоят мушкул. Чунки ҳар қандай гавжум шаҳарларда йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳар қанча кўп, замонавий бўлмасин, аҳолининг узоғини яқин қилиш учун ҳар томонлама қулай, арзон, сифатли ва хавфсиз бўлган метрополитен каби самарани бера олмайди.

ХХ асрнинг бошлариданоқ дунёнинг йирик мамлакатлари пойтахтлари ва аҳоли гавжум шаҳарларида метрополитенлар қурилиши авж олиб кетди ва бугунги кунга келиб 63 дан ортиқ давлатларда 200 дан ошиқ метрополитен фаолият юритмоқда. Шу боис йўловчилар ҳаракатланиши вақтида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи мамлакатимизда Ички ишлар вазирлиги Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари зиммасига юклатилган.

Ходимлар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бекатларда назорат-кузатув олиб бориш, периметрларни қўриқлаш, метрога кираётган йўловчилар ва уларнинг нарса ва ашёлари, қўл юкларини кўздан кечириш, тезкор-қидирув ишларини олиб бориш орқали ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлайдилар, ҳуқуқбузарни ушлаб, унга нисбатан ваколатлари доирасида қонуний чора кўрадилар. Бироқ метрополитенда йўловчилар хавфсизлигини тўла-тўкис таъминлаш учун бунинг ўзи камлик қилади. Ҳозирги кунда хавфсизликни таъминлаш йўналишида дунё метрополитенлари тажрибасидан фойдаланиб, пойтахтимиз метрополитенида ҳам янги техника ва технологиялар жорий этилиши ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилмоқда.

Инсон ақлини ҳайратга соладиган рақамли технологиялар метрополитенда бўлган ҳар қандай қидирувдаги шахсни аниқлай олади ва унга оид барча маълумотларни тақдим этади. Шу боис турли тоифадаги ҳуқуқбузарлар, қидирувдаги шахслар метрополитен бекатлари, бино ва иншоотларида ўрнатилган замонавий кузатув камералари нигоҳидан қочиб қутула олмайди. Аммо метрополитенда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг оптимал ечимларини ишлаб чиқишда инсон омилининг ролини ҳам камситиб бўлмайди. Чунки замонавий “ақлли” технологияларнинг бошқарувчилари ўз-ўзидан инсон ва унинг интеллектуал салоҳияти ҳисобланади. Албатта, ички ишлар соҳасида энг замонавий технологиялардан маҳорат билан фойдалана оладиган иқтидорли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам замон талабидир.

Аброр ҒУЛОМЖОНОВ,

Тошкент метрополитени

хавфсизликни таъминлаш

бошқармаси ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 5 =