Осойишталик ортида ким турибди?

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги “Қирқчек” маҳалла фуқаролар йиғинида, икки йилдирки, умуман жиноятчилик содир этилмади. Шу боис у вилоятдаги жиноятчиликдан энг холи ҳудуд, дея тан олинди.

Маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Миразиз Раҳимов бунга қандай эришмоқда?

Маҳаллада 3200 нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Тўғри, маҳаллада ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилди. Уларнинг аксарияти жамоат тартибини бузиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш билан боғлиқ. Ҳуқуқбузарларнинг барчаси қатъий назоратга олинган бўлиб, улар билан йил давомида тарбиявий-назорат ишлари олиб борилди. Натижада уларнинг жиноят йўлига кириб қолмасликларига эришилмоқда.

Миразиз Раҳимов 2021 йилдан буён ушбу маҳаллада хизмат олиб боради. У янги иш бошлаган пайтларида ҳудуддаги битта ошхонада 3 та назорат камераси бор эди, холос. Энг аввало, ишни шундан бошлади. Маҳалла аҳолиси билан келишган ҳолда 7 та бино ва маҳаллага кириш жойларини жами 38 та назорат камералари билан таъминлашга эришди. Бунда ички кўчаларни ҳам исталган пайтда кузатиш имкони яратилди. Қолаверса, ҳар бир кўчанинг ўз кўчабошиси бор. Улар маҳаллада обрў-эътиборга, ҳурматга лойиқ инсонлар орасидан танлаб олинган. Бирор кор-ҳол бўлмасидан олдин тартиббузарларнинг ҳаракатларини сезиш ва кўнгилсизликнинг олдини олишда ушбу оқсоқоллар муносиб ҳисса қўшишмоқда.

— “Қирқчек” маҳалла фуқаролар йиғинининг энг осойишта ҳудуд сифатида тан олиниши бежиз эмас, — деди Мингбулоқ туман ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, капитан Жавлонбек Нишонов. — Бунинг замирида ҳар бир масъулнинг виждонан хизмат қилиши, айниқса, профилактика инспекторининг қатъиятли ва фидокорона меҳнати бор. Миразиз Раҳимов тезкор вазиятда ҳам, оддий кундалик иш жараёнида ҳам аҳолининг ишончини биринчи ўринга қўяди. Унинг жамоат билан доимий мулоқоти, ҳудудни ҳар томонлама билиши ва ҳар бир оилани эътибор билан кузатиб бориши жиноятчилик олдидаги энг кучли тўсиқдир. Биз унинг иш услубини тумандаги бошқа инспекторларга ҳам ўрнак сифатида кўрсатамиз. Шундай инспекторлар сони қанча кўп бўлса, туманимизда хавфсизлик шунчалик барқарор бўлади.

— Бирор кор-ҳол бўлса, аҳоли энг аввало менинг ҳузуримга ошиқади, — деди қаҳрамонимиз. — Унинг муаммоси, балки, бошқа соҳага тааллуқли бўлса ҳам имкон қадар амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, тўй борми, аза борми, ҳамма тадбирларда шунчаки иштирок этмай, халқимиз билан елкама-елка тураман. Дам олиш кунлари ҳам маҳаллани айланиб чиқаман. Кимдир кўчасида бирор иш билан банд бўлса, дарров кўмаклашаман, кимнингдир гапига қулоқ солиб, ҳамфикр бўламан. Шу боис қўшниларимиз ҳам ҳурмат қилишади, менга ишонишади. Жиноят содир этишдан ўзларини тийишади. Муаммолари бўлса, у газак олиб кетмасидан биргаликда ҳал қиламиз.

Демак, профилактика инспектори билан халқ ўртасидаги масофани яқинлаштириш керак. Ички ишлар ходими айнан ўзи хизмат олиб бораётган ҳудуд аҳолисининг бир қисми бўлиши шарт. Шундагина ҳудудда жиноятчилик содир этилмайди.

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ.

Наманган вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 14 =