Эркин аканинг мактаби
Тадбирли одам ҳаётда учраган муаммо ва қийинчиликларни ақл-тажрибаси билан енгиб ўтади. Доно инсон эса муаммоларга дуч келмайди, дейишади. Чунки улар ҳар ишнинг тадбирини олдиндан ўйлаб, тараддудини барвақт кўрган бўлар экан.
Мақоламиз қаҳрамони Эркин Байниязов ана шундай донишманд инсонлар тоифасига мансуб. У билан тўрт йил давомида бирга меҳнат қилиб, у кишининг ибратли иш фаолиятини кўриб, шундай хулосага келганман.
Бугунги кунда Эркин Байниязов — хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг “Аёллар дафтари” йўналиши бўйича вазифалар ижросини таъминлаш учун Сирдарё вилоятига бириктирилган вакил, вилоят штаби раҳбари ҳисобланади. Унинг бой билими, ҳаётий тажрибаси ҳамда аҳоли билан ишлаш маҳорати ҳақиқатан ҳам ҳавас қиларли. Жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида ҳудудларга чиққанимизда, ҳар бир масалага чуқур ва масъулият билан ёндашиши, ечим топишга интилиши, инсонлар билан мулоқотда чиройли муомала маданиятига кўп бор гувоҳ бўлганман. Босиқ, майин ва тушунарли оҳангда сўзлаши, вақтни қадрлаши, имкони борича ҳар бир фуқарога амалий ёрдам кўрсатишга интилиши эътиборни тортмай қолмайди.
Бир куни Мирзаобод туманида “Аёллар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик қилиш истагидаги опа-сингилларимиз ҳузурида бўлдик. Улардан бири “Аёллар дафтари” дастури асосида 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, уй шароитида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, маҳалладаги ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаган эди. Ишбилармон аёл тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида қўшимча 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиш нияти борлигини билдирди. У яқин келажакда маҳсулотларини нафақат мамлакатимиз бозорларида, балки хорижий давлатларга ҳам экспорт қилишни режалаштирмоқда экан.
Шу муносабат билан у кредит масаласида амалий кўмак сўради. Эркин ака эса вақтни бой бермасдан, шу заҳотиёқ тегишли мутасадди ташкилотлар ва масъуллар билан боғланиб, мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўрди. Натижада ўн кун ичида ушбу тадбиркор опанинг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, орзу-мақсадлари аниқ амалий қадамлар билан мустаҳкамланди.
— Уй-жой қилиш учун анча йиллар хорижда ишладим, — деди ўша опамиз миннатдорлик билан. — Мусофирчилик осон эмас. Юртимизда ҳам меҳнат қилиб, ҳалол даромад топиш учун кенг имкониятлар яратилаётганини эшитиб, қайтиб келгандим. Тадбиркорлик қилишимда сиздек инсонларнинг ёрдами катта куч беряпти.
Айни пайтда опанинг жамоаси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар хорижий давлатлар бозорларига ҳам экспорт қилинмоқда.
Бундай мисоллар Сирдарё вилоятида кўп топилади. Жумладан, “Аёллар дафтари”нинг биринчи босқичи бўйича 22 минг 320 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг деярли барчасига тегишли ёрдамлар кўрсатилди. Кейинги босқичларда ҳам шундай ижобий натижаларга эришишда Эркин аканинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда.
Эркин ака асли Сурхондарёнинг Бойсун туманидан. Бироқ Сирдарёдаги фаолияти, одамлар дарди билан яшаши туфайли биз уни “сирдарёлик” деб биламиз. Сабаби, ташқи миграцияда юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари”, кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва оммалаштириш каби қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширишда у кишининг хизмати катта. Вилоятимизнинг кўплаб хонадонларида бўлган, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этган инсон сифатида танилди.
Ҳамроҳингизнинг феълини йўлда йўлдош бўлганда билиб оласиз. Эркин ака билан биз кўп манзилларда бирга бўлдик. Биринчи танишувимиздаёқ уни “олим одам экан”, деб ўйлаган эдим ва илк таассуротим алдамаган экан. Йўл-йўлакай у кишининг қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди илмий даражасига эришганини билдим. Унинг улкан илмий салоҳиятга эга эканини билиб, ҳурматим янада ошди. Кейинроқ Эркин Бозоровичнинг бир пайтлар Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Шўрчи ва Олтинсой туманларида ҳоким бўлиб, эл ҳурматига сазовор бўлганини ва ўзидан яхши ном қолдирганини эшитдим.
— Йиллар тўхтаб турмайди, — деди Эркин ака. — Фарзандларимиз, келажак авлод биздан ҳам яхшироқ, бахтлироқ яшаши учун бугун ҳаракатда бўлишимиз керак. Ўзгалар дардини “ўзимизники” деб билиб, юракдан ҳис этсак, виждонимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Ҳар бир инсон ҳаёти, аслида, бир мактаб эмасми? Ундан ҳаёт сабоқларини олиш мумкин. Эркин ака ҳаётнинг синовларидан, чўлу биёбонли, тоғли-тошли йўлларидан кўп ўтган. Бундай машаққатларни тадбирли, сабрли, матонатли ва билимдон инсонларгина енгиб ўта олади. Одамгарчилиги баланд, фазилатлари билан элга манзур бўлган инсон ҳамиша ҳурмат-иззатда бўлади. Эркин Байниязов мактаби айнан шундай сабоқлар мактабидир.
Бугун 60 ёшни қаршилаётган олим, фидойи инсон Эркин Байниязовга “Эл ишончига муносиб инсон сифатида яна узоқ йиллар юртимиз ва халқ хизматида камарбаста бўлинг. Дарёча меҳримизни қабул этинг!” – деймиз.
Баҳодир ҲАМИДЖОНОВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари
федерацияси Сирдарё вилояти
кенгаши раисининг ўринбосари.
