Олтин билан ёзилган сўзлар

Тарихий манбаларда қайд этилишича, “Зафарнома” аслида подшо Анушервони одил учун унинг вазири Бузургмеҳр томонидан битилган ҳикматлар мажмуасидир. Абу Али ибн Сино Нуҳ ибн Мансур Сомоний кўрсатмаси билан уни милодий 997 йилда қадимда қўлланилган паҳлавий тилидан форсийга ўгирган. Бу рисола асрлар мобайнида энг нодир асарлар қаторида авайлаб-асраб келинган.

Одил Анушервон замонида ҳеч нарса ҳикматли сўздек қадрланмас, у давр донишмандлари ғоят эътиқодли ва покдомон эдилар.

Айтишларича, бир куни Анушервон Бузургмеҳрни ҳузурига чақириб, деди:

— Ҳаётий тажрибалардан туғилган ҳикматларни жамласангиз. Сўзи иложи борича ихчам, лекин маъноси кенг бўлсин. Токи дунёдаги жамики инсонларга фойдаси тегсин.

Бузургмеҳр бир йил муҳлат сўраб, бу сўзларни жамлади. Унга “Зафарнома” деб ном қўйди ва Анушервон ҳузурига олиб борди. Китоб шоҳга маъқул бўлди.

Бузургмеҳрнинг хусусий мулкларига яна бир шаҳарни қўшиб берди. Китобдаги ҳикматларни эса тилла суви билан кўчиришни буюрди. Бу сўзларни у доимо ўзи билан бирга олиб юрар, кўп вақтини уларни мутолаа қилишга сарфларди…

Бузургмеҳр шундай нақл қилади:

— Мен устозимдан сўрардим ва у жавоб қайтарарди. Ундан сўрадим:

— Эй устоз, Худодан нима тиласам, Ундан барча яхшиликларни сўраган бўламан?

— Уч нарса: соғлик, хотиржамлик ва бойлик.

Ишларимни кимга ишониб топширай?

— Ҳар томонлама муносиб бўлган кишига.

Кимдан эҳтиёт бўлай?

— Ҳасад қиладиган дўстдан.

Беҳиштга муяссар этувчи нарса нима?

— Илм ўрганмоқ ва ёшликдан Ҳақ зикрию ҳалол иш билан машғул бўлмоқ.

Одамлар назарида жуда катта бўлиб кўринадиган айб қайси?

— Ўз ҳунарини мақтаниб таърифламоқ.

Агар нолойиқ дўст пайдо бўлса, ундан қандай қилиб узоқлашмоқ керак?

— Уч йўл билан, яъни ҳузурига кам бориш, ҳол-аҳвол сўрамаслик ва ундан ёрдам кутмаслик билан.

Ишлар саъй-ҳаракатга боғлиқми ёки тақдири азалга?

— Саъй-ҳаракат тақдирга сабаб бўлади.

Ёшлардаги қайси фазилат яхши-ю, кексалардаги не хислат афзал?

— Ёшлардаги шарм-ҳаё ва шижоат, кексалардаги донолиг-у вазминлик.

Кимлардан эҳтиёт бўлай?

— Риёкор хушомадгўй ва хасисдан.

Сахий ким?

— Ўз саховатидан мамнун киши.

Одамлар ҳамиша қидирадиган, аммо ҳеч ким тўлиқ тополмайдиган нарса нима?

— Уч нарса: саломатлик, шодлик ва содиқ дўст.

Яхшилик дурустми ёки ёмонликдан узоқ бўлишми?

— Ёмонликдан узоқ бўлиш барча яхшиликларнинг ибтидосидир.

Айб саналадиган бирор фазилат борми?

— Миннатли саховат.

Мардликдан далолат берувчи нарса нима?

— Имкон борича афв этиш.

Оқилларнинг қайси иши яхшироқ?

— Ёмонни ёмон йўлдан қайтариш.

Одамларга қайси иши кўпроқ зарар келтиради?

— Халқ кўзидан яширин айблари.

Инсон ҳаёти учун энг зарур нарса нима?

— Фароғат ва хотиржамлик.

Ўлимдан баттарроқ нарса нима?

— Фақирлик.

Дўстликка рахна соладиган иллатлар қайси?

— Тўрт нарса: улуғлардаги бахиллик, донишмандлардаги кибру ҳаво, аёллардаги бешармлик ва эркаклардаги ёлғончилик.

Одамларнинг ишини барбод қилувчи нарса нима?

— Золимларни улуғлаш.

Табибларга ҳожат қолмаслиги учун нима қилиш лозим?

— Оз емоқ, оз ухламоқ, оз сўзламоқ.

Хорликка нима сабаб бўлади?

— Ялқовлик ва ахлоқсизлик.

Ғамга нима сабаб бўлади?

— Ёлғизлик.

Номусу ҳамиятни нима барбод қилади?

— Тама.

Тавозенинг асоси нимада?

— Чеҳраси очиқ бўлиш ва ўзидан мамнун бўлишда.

Кимдан маслаҳат сўрай?

— Уч фазилатга – ҳалол ҳаёт кечирадиган, яхшиларга меҳр билан қарайдиган ва чуқур билимга эга кишидан.

Одамлар қайси фазилатларни кўпроқ қадрлайдилар?

— Уч нарсани: бировларга ситам ўтказмаслик, ёлғон сўзламаслик, гап билан бировни хафа қилмасликни.

Мол-дунё тўплашдан мақсад нима?

— Зиммадаги қарзларни узиш, ота-онанинг турмушини таъминлаш, душманни дўстга айлантириш, дўст-у душман билан муроса қилиш.

Ейилмаса ҳам вужудга фойда келтирадиган бирор нарса борми?

— Яхшилар суҳбати, ёру дўст дийдори, оҳорли кийим, мўътадил ҳаммом ва ёқимли ҳид.

Шараф нима?

— Ўз вазифасини бошқалар зиммасига юкламаслик.

Ўзи ширин, аммо татиб кўрган кишини ўлдирадиган нарса нима?

— Ҳасад.

Асло хароб бўлмайдиган бино қайси?

— Адолат биноси.

Охири ширин аччиқлик қайси?

— Сабр.

Охири аччиқ ширинлик қайси?

— Шошқалоқлик.

Қайси душман барча дўстлардан азиз туюлади?

— Нафс.

Одамлар қайси балодан қочиб қутулолмайдилар?

— Ишқ.

Қайси фазилат аёлу эркак учун зийнат саналади?

— Тўғрилик ва поклик.

Қайси йўлнинг охири яхшиликка олиб бормайди?

— Фақиру фуқароларга зулм ўтказиш.

“Ғам-қайғусиз яшай десангиз”

китобидан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =