“Салтанат”ни силкитган сурат

Ҳар бир касб эгасининг ҳаётида эсда қоладиган лаҳзалар, мақтанишга арзийдиган воқеалар бўлади, шубҳасиз. Баъзиларда кўп, баъзиларда яккам-дуккам дегандек. Лекин шундай пайтлар учрайдики, унинг тебраниши анча катта ҳудудларни, бир неча одамларни… қамраб олади. Фотомухбир сифатида Шомурод Шароповнинг шундай бахтга мушарраф бўлганини кўпчилик билган ўшанда. Қолаверса, “қизил империя”нинг поёнсиз ҳудудида кимлардир бу воқеадан ўз қизиқиши доирасида хабардор бўлган. Албатта, нима рўй берганлигининг тафсилоти анча мазмунли. Яхшиси, бир бошидан…

Эрта баҳор кунларининг бирида (ўшанда 1988 йил бўлса керак) империя “тўртинчи ҳокимият”и — матбуотининг байроқдори “Правда” газетасида бир фотосурат эълон қилинган. Маълумки, Ўзбекистонда баҳор жанубдан, жумладан, Қашқадарёдан бошланади. Ўша суратда илк баҳор манзараси муҳрланган. Унда чечак очаётган бодом ва унга яқин жойда куйманиб юрган чол ва кампир. Сурат жуда жонли чиққан, негаки, у шундай обрўли нашрга лойиқ кўрилибдими, нимадир бор; неча юз миллионлаб нусхада босиладиган газетада бериладиган суратни танлаш… неча чиғириқдан ўтиб ҳал бўлади — чол бироз қийшайиб, кампирга меҳр билан қараб турибди.

Манзара шундайки, бир пайтлар навжувон нигоҳини тортган момо қариб, мункиллаб қолган бўлса-да, бобо ўша йигитликдаги иштиёқ билан “қари кампири”га боқмоқда. Чолнинг иштиёқидан ҳатто бодом гуллаб кетгандек. Бу ўринда мўъжиза шундаки, фотосуратчи айни шу ўлчамни топган, учқундек ўтиб кетувчи лаҳзани объективга муҳрлаган. Бу манзара умумий яхлитликда ҳаёт фалсафасини шундоқ сўзлаб турганга ўхшайди: умр ўткинчи, одам ҳам, дарахт ҳам ер юзида боқий эмас, аммо то тириклик бор экан, баҳор келаверади, қуриган (яъни баргини ташлаб яланғоч бўлиб қолган) дарахтда тириклик нафасини қайтаради, ҳаёт янгидан бошланади, шу уйғониш нафасига шерик бўлган одам эса борлиқ билан ёшлигига қайтади. Силласи қуриб бораётган чол, бир пайтлар ёш ва сулув бўлган севгилисига ўзгача иштиёқ билан термилади. Бу тасвирни кўрганлар беихтиёр ўзлари ҳақида хаёл суришга киришиб кетишлари, бир сўз билан айтганда, умр мазмуни юзасидан хайёмона тафаккурга берилишлари бор гап.

Кафтдеккина сурат ана шундай туйғуларни қўзғатади. У газета саҳифасидан тириклик нафаси уфуриб тургандек таассурот уйғотарди: қиш уйқусига чўмган, қор остида ором топаётган, ҳароратли иссиқ кунларни интизор бўлиб кутаётган бепоён кенгликка баҳор кириб келяпти. У борлиққа жон бағишлаб, дарахтларга чечаклар тақиб, ҳатто мункиллаб қолган чол-кампирни яна музаффар ҳаётга қайтариб, вазмин қадамлар билан жанубдан ташриф буюряпти… “Одамлар, сиз уйқудамисиз, ғафлатдамисиз, бедормисиз? Огоҳ бўлинг ва ҳаётбахш насимларга пешвоз чиқинг, қиш бўйи тамбаланган, зичлаб ёпилган тирқишларни очинг…” Газета ўзининг бироз сарғимтил қоғози саҳифалари аро шундай дея ҳайқирарди гўё!..

Ана шундай мўъжизанинг, миллионлаб одамларнинг қалбига иштиёқ уйғотган, ғофилларни ҳушёрликка чорлаган сеҳрнинг ижодкори фотомухбир Шомурод Шаропов бўлади. Билмадик, “Ўзимники ўзимга маълум” деганларидек, устанинг бошқа суратлари шунчалик шуҳрат қозонганми, йўқми, бироқ дунёни зир титратган коммунистик партиянинг бош нашрида чоп этилган сурат ана шу даражада империяни силкитиб ўтгани бор гап…

Шомурод Шаропов Қашқадарёдаги педагогика институтида ўқиб юрган йилларида газетачиликка меҳр қўйди, мухбирлар курсини битирди. Ёзганлари билан вақтли матбуотда иштирок этиб юрди. У, айниқса, дунёни фотоқоғозда акс эттиришга қизиқарди. Оддий ҳаваскорлик уни фотомухбир даражасига кўтарди, дастлаб кўп тармоқли газетада, кейинроқ эса ЎзА (ЎзТАГ) сингари обрўли муассасаларда фаолият кўрсатди. Ҳатто “Халқ сўзи” деган минбарларда ҳам.

Табиий, ўшанда бундай баланд рутбада (“бахтиёр инсонлар баҳорни шодумон кутиб оляпти!”, демак, ҳаммаси жойида, дегандек) ўлка ҳаётидан ёқимли мужда таралиши қуйидаги барча мулозимларни оёққа турғизган. Албатта, “юқори”дан махсус топшириқ бўлгандир, район (туман) партия қўмитаси биринчи котиби бошчилигида бу “оламшумул” воқеани халққа етказиш учун жиддий бош қотирилган, муфассал тадбирлар режаси ишлаб чиқилган (буни кейинги безовталиклардан билса бўлади). Албатта, хўжалик раҳбарлари оёққа қўйилган, “комиссия аъзолари” газета қаҳрамонлари яшаб турган Зумрад посёлкасидаги режа билан қурилган бетон уй (уларни одамлар “тош қўрғон” деб аташарди)га етиб келган, бирданига ҳовли супурилиб, ариқлар тозаланиб, кўча тартибга келтирилган.

Бу тадбирлардан бироз хабар топганлар “Энди нима бўлади?” дея томошанинг давомини кутган, шартаки қишлоқ одамларига хос ҳазил-мазах авж олган: “Кач бова билан Тонгюлдуз момани қайтадан ЗАГСдан ўтказиб, гўшангага тиқишармиш…”. Хуллас, Касби туманидаги уйқудан мудраб уйғонаётган лоҳас чўл қишлоғига бир олов нафас кириб келган… Бунинг сабабчиси — Шомурод Шаропов, унинг дунё ҳамжамияти, афкор оммаси назаридаги, “Правда” газетасида босилган жимитдеккина фотосурати, яъни ижодий асари!.. Ана, давр манзараси… У кунлар шулари билан шукуҳли, зерикишдан холи эди.

Мен шунча дабдабаю асъасага сабаб бўлган чол ва кампирни яқиндан танирдим. Бутун ҳаёти далада ўтган, билмадим, суратга тушишга эмас, кўзгуга қарашга улгурганми, йўқми, умри меҳнатдан бошқа нарсани билмаган тиркишдек чайир одамлар эди чол ҳам, кампир ҳам. Тирикчилик бор бўй-басти билан азобга айланган, одамлар меҳнатнинг тагида ийиғи чиқиб, тугамайдиган муттасил қийноқлар нимага эканлигини тушунмасди. “Дунё ишининг бўлгани асли шундай, йиғлаб бу оламга тушиб келган инсон зурриёти туганмас азоблар учун яратилган”. Қисмат ҳукмига қойим бўлиб, меҳнаткаш эшак ёки ҳўкиз қаторида қўшилиб қолишгача борган йилларда инсон боласига яшаш завқининг бир чимдимини улашиб, ўлимга бўйин эгмай, тирик қолишига ундаган туйғу баъзан кўнгилда завқ уйғотади. У қуруқшаган лабларда яримта илжайиш, синиқ кулги, ғамгин қаҳқаҳа тарзида зоҳир бўлган хуш лаҳзалар дақиқада уйғонган завқ билан табассум қилишга ҳам изн берган ва шўхлик, ҳатто ҳазилга ҳам йўл очиб, чолга Качга (тортишувларда ҳеч кимга ён босмай, доим бир томонга тортиб юргани, демак, ўжарлиги учун), кампирга Тонгюлдуз(и) (ҳали тонг отмай, муттасил далага йўл тортгани, бошқаларга ҳам тинчлик бермагани учун, демак, аёл анча ғайратли бўлган) деган лақабларни таққан эди. Аслида, ўша тупроққа қоришиб, заминга сингиб, ўз қиёфасини йўқотган давронда ҳар кимнинг инсоний “исмини рад этиб”, лақаб билан аташ урф бўлган.

Замон йўриғидан етарлича баҳраманд бўлган чол-кампир яшаш ҳуқуқини ҳаётдан тортиб олган, фарзандлар кўриб, тириклик завқидан етарлича баҳра топган эдилар. Тиним билмаган сайёр фотомухбирнинг нишонига илингунча улар саксондан сакраб ўтиб, тўқсонни кўзлаб туришганди. Катта ўғил Маҳманазар ака (Оллоҳ раҳмат қилсин) почтальон, хизмат юзасидан одамларга газета ҳам тарқатади, гарчи ҳамма нашрлар билан танишиб чиқишга улгурмаса ҳам, газета-журнал ўқиганларнинг шукуҳли чеҳрасига гувоҳ бўлган, маърифатнинг бу қалдирғочларини жуда қадрлайди. Тасодифни қарангки, ота-онаси газетага чиқиб, дунёнинг ярмини ларзага солиб турганини райком вакилидан эшитиб, бу ғофиллиги учун ўзини аямай сўкади: “Шунча газета-журнални елкамга юклаб, неча одамларга завқ улашаман (ростдан, у замонлар кундалик нашрлар билан хонадонларга завқ-шавқ, барака кириб борар эди), ўламанми ўша куни “Правда”ни биринчи бўлиб ўзим кўрсам? Бутун дунёга жар солмасмидим?”. Лекин қарзи бўйнида қолмади, шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда тўй эгасидек бўлиб хизмат қилди. Ростдан, “Ш.Шаропов фотоси” туманда катта қўзғалиш юзага келтирди, қишлоқдаги яқинда қуриб, фойдаланишга топширилган маданият уйида тантанали йиғилиш бўлган, унда казо-казо одамлар қатнашган, “қаҳрамон”лар муносиб сийланган… Худди эртаклардагидек… Бу машваратнинг эгаси, ижодкори ҳам — Шомурод Шаропов!

Хуллас, Ш.Шаропов ўз дастхатини муносиб давом эттирди, ҳатто Тошкентга келиб, баъзи “йирик”ларни ҳам панада қолдира олди. Гали келганда мақтанчоқлик қилиб, “Қирқдан ортиқ китоб чиқардим” десам, совуққонлик билан “Нима бўлибди, мен олтмишта чиқардим…” деди. Мен бунга ишондим, ҳаракатчан, киришимли, тадбиркор одам ҳаммасига улгуради. Юртимизда қулочни кенг олиб яшаш учун ҳамма шароитлар яратиб берилди. Албатта, тинимсиз ҳаракати билан кўзга ташланадиган натижаларга эришган Шомурод Шаропов ўз фаолияти билан кўплаб ёшларга ўрнак бўлади.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =