Янги Ўзбекистон даврида олим масъулияти

Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб сифат ўзгаришларини талаб этмоқда. Бу ўзгаришлар, аввало, тафаккур, илм-фан ва жамият олдидаги масъулиятни қайта англаш билан боғлиқ. Бугун олимдан фақат ўз соҳасида чуқур билимга эга бўлиш эмас, балки давлат тараққиётининг стратегик мақсадларини англаб, ислоҳотлар мазмунига илмий ва ҳаётий жавоб бера олиш талаб қилинмоқда. Айни шу нуқтаи назардан қаралганда, академик Қаландар Абдураҳмонов шахсияти ва илмий фаолияти ҳам Янги Ўзбекистон даврида олим зиммасига юкланган масъулиятнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти босиб ўтган йўл фақатгина рақамлар, кўрсаткичлар ёки статистик ўсиш тарихи эмас. Бу, энг аввало, инсон тақдири, меҳнат қадри, ижтимоий адолат ва жамият барқарорлигини таъминлашга қаратилган мураккаб жараёндир. Қаландар Абдураҳмонов ана шу жараёнларни иқтисод фанининг инсонпарвар моҳияти орқали англаб, таҳлил қилган олимлардан биридир. У иқтисод фанини бозор механизмлари ёки молиявий моделлар билан чеклаб қўймасдан, уни ижтимоий муносабатлар, инсон манфаати ва давлат масъулияти билан узвий боғлиқ ҳолда талқин қилиб келди.

Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни ҳам айнан шу ёндашувни тақозо этмоқда. Бугун давлат сиёсати марказида “инсон — жамият — давлат” тамойили турибди. Иқтисодий ўсиш инсон ҳаёти сифатини яхшилашга хизмат қилмаса, у ўз мазмунини йўқотади. Қаландар Абдураҳмоновнинг илмий қарашлари ва публицистик чиқишлари айнан шу ғояни илмий жиҳатдан асослаб, жамоатчиликка тушунарли тилда етказиб келаётгани билан аҳамиятли.

Олимнинг илмий фаолиятида меҳнат иқтисодиёти, аҳолининг иш бандлиги, инсон капитали, ижтимоий муҳофаза ва таълим сифати масалалари устувор ўрин тутади.

Бу йўналишлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияларида ҳам асосий устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Устоз олимнинг илмий ва жамоатчилик фаолиятида яна бир муҳим жиҳат бор: у иқтисод фанини давлат қарорлари қабул қилиш жараёнидан узиб қўйишга қарши.  Унинг фикрича, илмий таҳлилсиз қабул қилинган ҳар қандай қарор қисқа муддатли натижа бериши мумкин, аммо узоқ истиқболда ижтимоий муаммоларни кучайтиради. Шу боис олим доимо иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий оқибатларини олдиндан баҳолаш, илм-фан ва амалиёт ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этиш зарурлигини таъкидлаб келади.

Ушбу мақола академик Қаландар Абдураҳмоновнинг ҳаёт йўли ва илмий меросини юбилей ёки расмий таърифлар доирасида эмас, балки Янги Ўзбекистон даврида илм-фан зиммасига юкланган масъулият, жамият олдида турган долзарб вазифалар ва миллий тараққиёт стратегиялари контекстида таҳлилий-публицистик руҳда ёритишни мақсад қилади. Бу бир олим ҳақида ҳикоягина эмас, балки Янги Ўзбекистон шароитида илм-фан қандай бўлиши кераклиги ҳақида мулоҳаза юритишдир.

Албатта, ҳар қандай йирик шахс камолотида муҳит ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Олим шаклланиши фақат университет ёки илмий муассасадаги таълим билан чекланиб қолмайди. Унинг дунёқараши оилавий тарбия, ижтимоий муҳит, китоб ва устозлар таъсири орқали шаклланади. Қаландар Абдураҳмонов шахсиятининг камолотида ҳам ана шу омиллар узвий уйғун ҳолда намоён бўлган.

Манбаларда таъкидланганидек, унинг болалик ва ёшлик йиллари китобга муҳаббат, билимга ҳурмат ва меҳнатсеварлик руҳида кечган. Бу муҳит ёш Қаландарда илмга нисбатан истеъмолчи муносабат эмас, балки маънавий қадрият сифатида қарашни шакллантирди. Илм унга мақом ёки мансаб воситаси эмас, балки инсонни комилликка етакловчи йўл сифатида англаш имконини берди.

Иқтисод фанини танлаши ҳам тасодифий қарор эмас эди. У жамият ҳаётида иқтисодий муносабатлар ҳал қилувчи ўрин тутишини, инсон тақдири кўп жиҳатдан иқтисодий қарорлар билан боғлиқ эканини эрта англаган. Шу боис у иқтисод фанини инсон манфаатларини илмий асосда ҳимоя қилиш воситаси сифатида қабул қилди. Бу танлов кейинчалик унинг бутун илмий фаолиятида асосий методологик тамойилга айланди.

Талабалик йилларида Қаландар Абдураҳмонов иқтисодий назарияларни пухта ўзлаштириш билан бирга, жамият ҳаётидаги реал жараёнларга чуқур қизиқди. У фақат дарсликлар билан чекланиб қолмасдан, атрофида содир бўлаётган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни кузатди, таҳлил қилди. Бу даврда унда муҳим дунёқараш шаклланди: иқтисодий жараёнларни инсон омилидан узиб таҳлил қилиш мумкин эмас.

Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиз олдида турган иқтисодий муаммолар, бозор муносабатларига ўтиш жараёнида юзага келган ижтимоий қийинчиликлар унинг илмий қарашларини янада чуқурлаштирди. У иқтисодий ислоҳотларнинг фақат молиявий ёки институционал жиҳатларини эмас, балки уларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини ўрганиш зарурлигини илмий асосда илгари сурди.

Қаландар Абдураҳмонов ёшлигиданоқ иқтисодий адолат, меҳнат қадри ва ижтимоий тенглик масалаларига бефарқ бўлмаган. У меҳнатни фақат иқтисодий категория сифатида эмас, балки маънавий қадрият сифатида ҳам баҳолайди. Бу ёндашув унинг илмий қизиқишларида, кейинчалик эса илмий мактабида ҳам асосий ғояга айланди.

Шу тариқа, Қаландар Абдураҳмонов шахсияти шаклланишида муҳит, тарбия ва онгли маънавий танлов ҳал қилувчи роль ўйнади. У иқтисод фанини инсон тақдири билан боғлаб ўрганишга қарор қилган олим сифатида шаклланди ва бу қарор унинг бутун илмий ҳаётининг маънавий таянчига айланди.

Академик Қаландар Абдураҳмонов илмий фаолиятини тўлиқ англаш учун унинг тадқиқотларида шаклланган илмий мактаб моҳиятига эътибор қаратиш зарур. Чунки у алоҳида бир соҳада муваффақият қозонган олимгина эмас, балки муайян дунёқараш, методология ва илмий анъанани шакллантирган устоз сифатида ҳам танилган. Бу илмий мактабнинг асосий белгиси иқтисод фанини инсон манфаатлари билан боғлаб ўрганиш, уни жамият ҳаётидан узилган назарий фан эмас, балки ижтимоий тараққиётга хизмат қилувчи амалий илм сифатида талқин этишдир.

Таниқли олим илмий мактабида меҳнат иқтисодиёти марказий ўрин тутади. У меҳнат бозорини фақат талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат сифатида эмас, балки жамиятдаги барқарорлик, ижтимоий адолат ва инсон қадрининг муҳим мезони сифатида баҳолайди. Унинг фикрича, меҳнат муносабатлари қандай шаклланса, жамиятдаги ижтимоий муҳит, фуқароларнинг давлатга ишончи ва тараққиёт суръатлари ҳам шунга мос равишда ўзгаради.

Устоз илмий тадқиқотларида иш билан бандлик сиёсатига оид масалалар устувор ўрин эгаллайди. У аҳолини иш билан таъминлашни фақат иқтисодий кўрсаткич сифатида эмас, балки жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминловчи муҳим институционал омил сифатида талқин этади. Иш билан бандлик даражаси юқори бўлган жамиятларда камбағаллик кўламининг қисқариши, ижтимоий зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар хавфининг пасайиши кузатилади. Шу нуқтаи назардан, Қаландар Абдураҳмонов иш билан бандлик сиёсатида давлатнинг фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, касбий тайёргарлик ва қайта тайёрлаш тизимини изчил ривожлантириш зарурлигини илмий жиҳатдан асослаб беради.

Инсон капитали назарияси ҳам унинг илмий мактабида муҳим ўрин тутади. Олим инсонни иқтисодий жараёнларнинг пассив иштирокчиси эмас, балки асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кўради. Таълим сифати, соғлиқни сақлаш тизими, касбий малака ва ижтимоий ҳимоя инсон капитали ривожининг ажралмас қисмидир. Қаландар Абдураҳмоновнинг тадқиқотларида бу омиллар иқтисодий ўсиш билан узвий боғлаб таҳлил қилинади.

Унинг илмий мактабида иқтисодий ўсиш тушунчаси ҳам қайта талқин этилади. Олим иқтисодий ўсишни ялпи ички маҳсулот ўсиши билан чеклаб қўйишга қарши. Унинг фикрича, агар иқтисодий ўсиш аҳоли даромадлари ошиши, ижтимоий ҳимоя кучайиши ва ҳаёт сифати яхшиланиши билан бирга бормаса, бундай ўсиш барқарор ҳисобланмайди. Бу қараш Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар фалсафаси билан тўлиқ уйғун.

Қаландар Абдураҳмонов раҳбарлигида шаклланган илмий мактабда ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Устоз сифатида у ёш олимларга тайёр қолипларни такрорлашни эмас, балки мустақил фикрлашни ўргатади. Миллий иқтисодий муаммоларни глобал тенденциялар билан қиёсий таҳлил қилиш, халқаро тажрибани миллий шарт-шароитга мослаштириш унинг илмий мактабининг муҳим услубий жиҳатларидандир.

Илмий мактабда назария ва амалиёт ўртасидаги боғлиқлик устувор аҳамиятга эга. У иқтисод фанини амалиётдан узиб қўйишга қарши. Олимнинг фикрича, илмий тадқиқотлар давлат сиёсати, иқтисодий дастурлар ва ижтимоий ислоҳотлар учун амалий таклифлар бериши керак. Шу боис унинг шогирдлари ҳам илмий ишларда фақат назарий хулосалар билан чекланиб қолмай, аниқ тавсиялар ишлаб чиқишга интилади.

Олим иқтисод фанини ўқитишда замонавий методлар, таҳлилий фикрлаш ва ҳаётий мисолларга таяниш зарурлигини таъкидлайди. Дарслик ва ўқув қўлланмаларида иқтисодий жараёнлар жонли мисоллар, миллий тажриба ва халқаро қиёслар орқали тушунтирилади. Бу ёндашув ёшларда иқтисод фанини қуруқ назария эмас, балки ҳаёт билан боғлиқ фан сифатида қабул қилишга ёрдам беради.

Устоз яратган илмий мактаб йиллар давомида шаклланган ва такомиллашган тизим. Бу мактабда иқтисод фанининг инсонпарвар моҳияти, ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат ва амалий таҳлил устувор аҳамият касб этади. Айнан шу жиҳатлар унинг илмий мактабини Янги Ўзбекистон шароитида айниқса долзарб қилади.

Лўнда қилиб айтганда, бу мактаб иқтисод фанини инсон манфаатлари билан боғлаб ўрганишга қаратилган, миллий тараққиёт вазифаларига хизмат қилувчи мустаҳкам интеллектуал платформа ҳисобланади. Бу мактаб нафақат бир олимнинг илмий мероси, балки Янги Ўзбекистонда иқтисодий тафаккур қандай йўналишда ривожланиши кераклигини кўрсатиб берувчи муҳим тажриба мактабидир.

Янги Ўзбекистон шароитида академиклик мақоми мазмунан янги босқичга кўтарилди. У фақат илмий унвон ёки шахсий ютуқлар рамзи эмас, балки жамият олдидаги юксак масъулият мезони сифатида қаралмоқда. Бугун академик олимдан давлат тараққиётининг устувор йўналишларини англаш, ислоҳотлар мазмунига илмий жавоб бериш, қабул қилинаётган қарорларнинг ижтимоий оқибатларини таҳлил қилиш талаб этилади.

Олимнинг академик сифатидаги фаолияти иқтисод фанини давлат сиёсати билан уйғунлаштиришга қаратилган. Қаландар ака иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини фақат молиявий ёки институционал кўрсаткичлар билан эмас, балки уларнинг инсон ҳаётига таъсири орқали баҳолаш зарурлигини илмий асослаб келади. Унинг фикрича, иқтисодий сиёсат инсон манфаатларига хизмат қилгандагина барқарор ва ижтимоий қўллаб-қувватланадиган бўлади.

Миллий илмий сиёсатда инсон капитали, меҳнат бозори ва ижтимоий ҳимоя масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланган. У бу масалаларни иқтисод фанининг марказига қўйиб, давлат дастурлари ва стратегик ҳужжатларни илмий жиҳатдан асослашда фаол иштирок этди. Академик сифатида у илм-фаннинг давлат қарорлари қабул қилиш жараёнидаги таъсирини кучайтириш тарафдори бўлиб келмоқда.

Устоз академик позициясида яна бир муҳим жиҳат бор: у илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узилишни бартараф этиш зарурлигини доимий равишда таъкидлайди. Унинг фикрича, илмий тадқиқотлар фақат мақолалар ва ҳисоботлар билан чекланиб қолмаслиги, балки давлат сиёсати ва жамият ҳаётида аниқ натижа бериши керак. Шу боис у илмий муассасалар, университетлар ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, экспертлик институтини ривожлантириш ташаббусларини илгари суриб келди.

Глобаллашув шароитида миллий илм-фаннинг нуфузи халқаро майдондаги иштироки ва таъсири билан баҳоланади. Академик Қаландар Абдураҳмонов фаолияти ана шу мезон нуқтаи назаридан ҳам эътиборга молик. Унинг илмий ишлари, таҳлилий чиқишлари ва экспертлик позицияси хорижий илмий ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни англашда муҳим манба сифатида қабул қилинмоқда.

Халқаро нашрларда эълон қилинган мақолалар ва интервьюларда устоз ўзбек иқтисод фанининг вакили сифатида, миллий тажрибани халқаро илмий мезонлар асосида таҳлил қила олган олим сифатида эътироф этилган. Бу эътироф тасодифий эмас. Чунки у глобал тажрибани кўр-кўрона кўчириш эмас, балки уни миллий шарт-шароит, ижтимоий тузилма ва маданий хусусиятлар билан уйғунлаштириш зарурлигини илмий жиҳатдан асослаб берган.

Олим халқаро ҳамкорликни миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илмий мактабни ривожлантириш воситаси сифатида кўради. Унинг фикрича, халқаро мулоқот миллий иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш, янги ёндашувлар ва инновацион ғояларни ўзлаштириш учун муҳим имконият яратади. Бироқ у ҳар қандай ҳамкорликда миллий манфаат, илмий мустақиллик ва мувозанат сақланиши шартлигини таъкидлайди.

Қаландар Абдураҳмоновнинг халқаро майдондаги эътирофи, аввало, унинг илмий холислиги ва таҳлилий чуқурлиги билан боғлиқ. У иқтисодий тараққиётни сиёсий шиорлар ёки умумий декларациялар орқали эмас, балки аниқ кўрсаткичлар, инсон фаровонлиги ва ижтимоий барқарорлик мезонлари асосида баҳолайди. Бу ёндашув халқаро экспертлар учун ҳам тушунарли ва ишончлидир.

Халқаро илмий майдонда у Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларининг моҳиятини тўғри ва асосли тарзда тушунтириб келмоқда. Меҳнат бозори, ижтимоий ҳимоя, инсон капитали ва таълим сифатига оид масалаларда унинг илмий хулосалари миллий тажрибанинг умуминсоний қоидалар билан уйғунлигини намоён этади. Бу эса Янги Ўзбекистон иқтисодий моделининг халқаро миқёсда тўғри қабул қилинишига хизмат қилмоқда.

Шу маънода, машҳур олим миллий илм-фан учун халқаро кўприк вазифасини ўтайди. Унинг илмий позицияси орқали Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларининг мазмуни, мақсадлари ва инсонпарвар йўналиши халқаро ҳамжамиятга етказилмоқда. Бу жараён миллий иқтисод фанининг нуфузини ошириш, ўзбек илмий мактабининг глобал илмий маконда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёти рақамли трансформация, инновацион иқтисодиёт ва билимга асосланган ривожланиш модели билан чамбарчас боғлиқ. Бугун иқтисод фанини сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва катта маълумотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Академик Қаландар Абдураҳмонов юртимизда ана шу янги воқеликни чуқур англаган, иқтисод фанини замон талабларига мос равишда қайта талқин этган олимлар сирасига киради.

Олимнинг бу борадаги қарашлари сунъий интеллектни иқтисодий қарорлар қабул қилиш жараёнида мутлақ устувор куч сифатида эмас, балки инсон тафаккурини тўлдирувчи, унинг имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида кўришга асосланади. Унинг фикрича, технология инсон ўрнини босмаслиги, балки инсон манфаатларига хизмат қилиши керак. Бу ёндашув Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларнинг фалсафий асослари билан тўлиқ уйғун.

Устоз сунъий интеллект ва иқтисодиёт уйғунлигини, аввало, таълим тизимида жорий этиш зарурлигини таъкидлайди. У иқтисод фанини ўқитишда анъанавий назарий қолиплар билан чекланиб қолиш мумкин эмаслигини, ёш авлодни таҳлилий фикрлашга, маълумотлар билан ишлашга ва замонавий қарор қабул қилиш усулларига ўргатиш зарурлигини илмий асослаб беради. Шу боис у янги авлод дарсликларини яратиш, ўқув дастурларини замон талабларига мослаштириш тарафдори ҳисобланади.

Олимнинг таъкидлашича, рақамли иқтисодиёт шароитида иқтисод фанининг ижтимоий масъулияти янада ортиб боради. Чунки сунъий интеллект ва рақамли технологиялар нотўғри қўлланилган тақдирда ижтимоий тенгсизликни кучайтириши, меҳнат бозорида номутаносибликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис у технологияларни жорий этишда ижтимоий оқибатларни олдиндан баҳолаш, инсон манфаатларини устувор қўйиш зарурлигини доим таъкидлаб келади.

Албатта, бу қарашлар Янги Ўзбекистонда рақамли ислоҳотлар инсонпарвар йўналишда амалга оширилиши, технологик тараққиёт ижтимоий адолат ва барқарорликка хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги умумий давлат сиёсати билан уйғун. У иқтисод фанини айнан шу нуқтаи назардан ривожлантиришга интилган олим сифатида эътироф этилади.

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёти илмий асосланган қарорлар, рақамли инновациялар ва маънавий мустаҳкам позиция уйғунлигига таянади. Таниқли олим ана шу уйғунликни ўз илмий, таълимий ва жамоатчилик фаолиятида амалда кўрсата олган устоздир. У иқтисод фанини жамиятдан узилган назария эмас, балки инсон ҳаётига дахлдор, ижтимоий масъулиятга эга фан сифатида ривожлантирди.

Унинг илмий мактаби ва фуқаролик позицияси келгуси авлодлар учун муҳим намуна ҳисобланади. Бу мерос фақат иқтисод фанини ривожлантириш эмас, балки Янги Ўзбекистонда илм-фан, давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам ишончли алоқаларни таъминлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар

масалалари қўмитаси раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =