Ёшларни ишли ва даромадли қилиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда

Кўксарой қароргоҳида 24 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни самимий қутлаб, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслиги зарурлиги қайд этилди.

Президентимиз ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етишини қайд этиб, ёшларга ўз имконияти ва қизиқишига мос иш топиши учун шароит яратиш энг муҳим масала эканини кўрсатиб ўтди.

Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилгани, “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёш ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлагани таъкидланди.

Бу ишларнинг давоми сифатида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди.

Бунда молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади: ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади. Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан зиёд иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиққан ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.

Жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш йўлга қўйилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмаслиги сабаб қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилади.

Нуфузли хорижий олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилиб, камида 40 минг ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш белгиланди. Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.

Ҳар йили “Ёш тадбиркорлар” танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брeндга айлантириш учун “Ёшлар венчурс” жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Жорий йил 1 мартидан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматларининг харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Ижтимоий ташаббуслар бўйича “Фикрингни бер (Voice Up)” инклюзив оромгоҳи тажрибаси кенгайтирилиб, уни ҳар бир ҳудудда ўтказиш ва 1 минг нафар ёшни қамраб олиш, энг яхши ташаббуслар иштирокида Самарқанд шаҳрида Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳини ташкил этиш вазифаси белгиланди.

“Ўсиш ва ривожланиш (Upshift)” лойиҳаси доирасида бу йил медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида ҳам танлов ўтказилади. Энг яхши 40 та стартапни молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилади.

Техникумларга ҳам олийгоҳлар каби “spin-off” очишга рухсат берилиб, ўқувчиларнинг стартап лойиҳаларига 1 миллиард сўмгача ажратилади.

Жорий йилдан техникум ўқувчилари учун ҳам “Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)” дастури асосида 6 ой хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилади, иштирокчиларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратилади.

Хусусий ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланиб, уюшма аъзоси бўлган марказларга биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бундай марказлар ўқитувчиларини илғор таълим марказларига стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади.

“Кўмак” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларда хорижий тил ўқув марказларининг фаолиятини кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни 1 фоиз, ўқитувчилар даромад солиғини 7,5 фоиз миқдорида тўлайди (ҳозир 12 фоиз).

Жойларда эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитадиган ўқув марказларига қўшимча имтиёзлар берилиши белгиланди: ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади, коммунал харажатларининг ярми қоплаб берилади, ўқитувчиларга тўланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ “кешбек” тариқасида қайтарилади.

Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгашини тузиш, Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини ташкил этиш режалаштирилди. Жамғармага ҳар йили бюджетдан 20 миллиард сўм, қўшимча равишда маҳаллий бюджетлардан 3 миллиард сўмдан ажратилади. Шунинг ҳисобидан волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилади, “ижтимоий фаоллик картаси” орқали балл тизими жорий этилади.

Йиғилишда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, китобхонликни оммалаштириш масалалари ҳам кўтарилди.

Ёш оилалар учун уй-жой ипoтека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилиши айтилди.

“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма бериб, бир йил давомида ойига 20 миллион сўмдан ҳақ тўлаш, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ҳамда миллий адабиётни хорижий тилларга таржима қилиш ва чоп этиш харажатининг ярмини қоплаш белгиланди.

Янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат тўпламни тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан мукофотлаш вазифаси қўйилди.

Кутубхона, “book cafe” ва китоб дўкони очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш механизми назарда тутилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши учун “Иккинчи имкон” лойиҳаси бошланиши маълум қилинди. Унга кўра 8-12 ойлик интенсив курсларда дастурлаш, веб-дизайн, компьютер муҳандислиги, бошқа касблар ва хорижий тилларга ўқитиш орқали даромадли ишга эга бўлишига шарт-шароит яратилади.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг турли соҳаларга оид таклиф ва ташаббусларини тинглади.

Тадбир давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган ёшлар билан мулоқот доирасида “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” — “President Tech Award” лойиҳаси ғолибларининг тақдимоти билан танишди.

Мазкур танлов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида 2023 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда. Унинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этади.

Танловда сунъий интеллект, ижтимоий технологиялар, “MicroSaaS” ва “AdTech”, молиявий технологиялар ва тадбиркорлик, ўйин дастурлари ҳамда махсус йўналиш — хакатон бўйича энг намунали лойиҳалар танлаб олинади.

Илк ташкил этилган танловда тўрт мингдан зиёд иштирокчи қатнашган бўлса, 2025 йилга келиб, иштирокчиларнинг сони олти мингга яқинлашди. Жамоаларнинг сони эса 444 тадан 862 тага етди.

Давлатимиз раҳбарига танлов ғолиблари ўзларининг стартап лойиҳалари, уларнинг афзалликлари ва амалий самараси хусусида сўзлаб берди.

— Биз кичик стартаплар катта-катта лойиҳаларга, даромадли бизнесга айланиши учун зарур шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Бунинг учун ҳар бир стартапчи билан мулоқот қилиш, унга керакли ёрдамни кўрсатиш лозим, — деди Президент.

Ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш орқали келажак касбларига замин яратилаётгани, дунё давлатлари ҳам ёшларнинг стартап лойиҳаларига алоҳида қизиқиш билдираётгани таъкидланди.

Президентимиз стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга маблағлар янада кўпайтирилишини айтиб, ёшлар ўзларининг янгича қарашлари ва ғоялари билан яна қайси соҳа ва йўналишларда изланиши кераклиги юзасидан тавсияларини берди.

ЎзА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 2 =