Капалаклар қўшиғи
Наргиза АСАДОВА
Муаллиф ҳақида:
Наргиза Асадова 1984 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги Гул қишлоғида туғилган.
Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтини имтиёзли тамомлаб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсида ўқиган.
Муаллифнинг “Ишқ остонаси”, “Юрагимнинг сарҳадлари”, “Настарин”, “Аталган кунлар” ва “Mujde” (Туркия), “Helva” (Туркия), “Sabah çizgeleri” (Туркия) номли шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Кунларнинг бирида кўкда офтоб чарақлар, мўъжаз уй ҳовлисида ранго-ранг гуллар ял-ял ёниб, теваракка ифор таратар, осмон узра чарх уриб капалаклар учар ва жўр бўлиб қўшиқ куйлармиш.
Шамшир кўзларини очганда бурнидан яна қон сизаётганини сезиб, ўрнидан туриб кетди.
— Ойи, — деди у ёнидаги каравотда ётган онасига қараб. Ҳамиша ҳушёр ётган Ойдин юзларига ёпишган сочларини апил-тапил йиғаркан:
— Ҳа, болам, вой, яна оқяпти-ку. Ҳозир, — дея каравоти бошида ювилган докани шартта олиб, ўғлининг бурнига тутди. Ёстиқни баландлатиб, пешонасига кафтини босди.
— Худойим-эй, ўзинг шифо бер, — деди боласининг оқариб кетган юзига қараб. Шамшир эса онасининг кўзидаги хавотирга аҳамият бермай:
— Ойи, тушимда уйимизни кўрибман, — деди деразадан ташқарига қараб.
— Янами? — деди онаси синиқ жилмайиб.
— Ҳа, уйимиз аввалгидан ҳам чиройли экан. Иккаламиз ҳовлига эккан гуллар бор эди-ку, шу гуллар чиройли очилибди. Мўъжизалар ҳаётда бўлади, дердингиз, тўғрими, ойи?
Ойдин бир муддат ўйланиб турди. Сўнг боласини мулзам қилмаслик учун:
— Ҳа. Агар Оллоҳ истаса, мўъжизалар чинга, тушлар ҳушларга айланади, чироғим.
— Худди тешикни кўрмай қолган капалак ҳақидаги ҳикоянгизга ўхшабми, ойи? Агар капалак яхшилаб қараса, ойнанинг очиқ турганини кўрарди-я?
— Ҳа, болажоним. Агар у умидини узмай ҳаракат қилганида, тирқишни кўрарди.
Ойдин ўғлининг бурнидан докани олиб, қоннинг тўхтаганини кўргач, бироз хотиржам бўлди. Кейин матони ювиш учун хонадан чиқди.
Шамшир яна уйи ҳақида ўйлаб ётди. Қандай чиройли уйи бор эди-я? Ота-онаси нега сотишди экан? Ҳовлисида гуллар экканди, унга ёзда қанотлари чипор капалаклар келиб қўнишарди. Бу қанотли жониворлар гўё қўшиқ айтар, гуллар эса рақсга тушарди. Қизиғи, бу қўшиқни фақат Шамшир эшитарди. Капалакчалар қанотларини силкитиб-силкитиб, кўкка енгил сакраб куйлашар, гуллар бўлса гулкосаларини қимирлатиб, ҳидларини таратиб хиром этишарди.
Бир куни дадаси хонасига бир сурат келтириб, деворга илди. Расмда табиат чунон гўзал қилиб чизилгандики, Шамшир соатлаб расмга тикилиб ётар, тушларида ҳам шу манзарани кўриб чиқарди. Расмда гуллар чаман бўлиб очилган, атроф ям-яшил, олисда эса улкан тоғ кўзга ташланарди. Бу суратда, айниқса, капалакларни томоша қилиш Шамширга ёқарди. Ҳатто бир гал у дадасига:
— Дада, бу расмда нечта капалак бор, биласизми? — деди.
— Расмда капалак борми? — деди дадаси ҳайрон бўлиб, суратга диққат билан қараркан.
— Ҳа, учта. Мана, қаранг, биринчиси қизил гул ёнида, барг олдидагиси иккинчи, анув дарахтга қараб учаётгани учинчиси. Тағин-чи, улар ўлмайдиган капалаклар, дада, — деди Шамшир топағонлигидан қувониб. Дадаси кулиб юборди.
— Йўғ-э, шунақаси ҳам бўларканми? Тирик нарса борки, охири умри тугайди-да, тойчоғим. Кейин капалаклар энг қисқа умр кўрадиган жонивор.
— Йўқ, ўлмасин, дада. Гулларга кейин ким қўшиқ айтади?
— Майли, ўлмайди, доим бўлади.
— Урааа!
Ҳозир шуларни эсларкан, шундай гулзорини, расмлари бор уйини дадаси қандай кўзи қийганини тушунолмади. Балки шу ерда даволанишига ишлатишганмикан? Ахир бир йилдан бери касалхонада бўлса. Афсуски, бу ердаги деворларнинг аксарияти оппоқ. Бирорта гулнинг, ҳеч қурса, дарахтларнинг сурати йўқ. Ўзи нимага ҳам бу жойга келиб қолишди? Ўшанда туғилган кунида иссиғи чиқиб, ҳушидан кетганидан кейин онаси роса йиғлади, дадаси тинмай докторларга олиб борадиган бўлди. Ҳар сафар ота-онаси хафа бўлиб қайтар, ўзи бўлса ҳолсизланиб, тезда чарчаб қолаётганини тушунмасди.
Касалхонадан ташқарига чиқмайдиган Шамшир бу ерда жуда зерикади. Бир хил манзарадан, ҳар кунги машғулотлар, укол-дорилардан юраги безиллайди. Оқ халатли ҳамширалар қанчалик яхши гапиришмасин, унга юзидаги ниқобини ечмаслигини мулойим тайинламасин, барибир юраги сиқилади. Яхшиямки, ўзи каби болалар бор. Улар билан ўйнайди, ёзади, ўқийди. Дарслар ҳам шу ерда ўтилади. Унга дадаси, қариндошлари олиб келадиган мазали егуликлардан кўра, энг яхши совға расмли китоблар ва рангли қаламлар. Айтганча, уни бу ердаги жимжитликдан, бир хилликдан расм чизишдек машғулоти сақлайди. Яқинда касалхонадаги болалар орасида ўтказилган танловда у чизган “Уй” деган расм ғолиб бўлди. Кейин катта рассом келиб, уни ҳамманинг олдида табриклади ва бўйига мос мольберт совға қилди. Шамшир шундай хурсанд бўлдики, катта рассом: “Исминг Шамшир экан. Бу дами ўткир қилич дегани. Сен албатта касалликни қиличдек кесиб йўқ қиласан ва катта рассом бўласан!” — дегани энди сираям эсидан чиқмайди. Ҳар эсига тушганда юраги бир орзиқади, ўз-ўзидан жилмаяди. Ўшандан буён Шамшир расмларини мольбертга қўйиб чизади.
Ҳозир ҳам чизаётган расмини давом эттириш учун ўрнидан турди. Боши айланди, ҳолсизланиб яна каравотига чўкди. Сўнг кеча чала қолган суратига тикилди. Суратда касалхона деразаси очиқ турар, оқ пардалар шамолда силкинар, ташқарида эса бир сўқмоқ бор эди. У ҳали бу йўл адоғига ўз уйини чизиши керак. Болакай кучини тўплаб, сурат олдига келди. Қўлига ясси мўйқаламни олди.
Ойдин шифокор билан хонага кириб келганида, ўғли берилиб сурат чизаётганини кўриб, бир зум тўхтаб қолди. Шифокорга бир қараб қўйди-да, сўнг дилбандини чалғитмаслик учун секин бир чеккага бориб ўтирди. Врач ҳам сассиз ортига қайтди.
Ойдин боласининг мўйқаламни худди моҳир рассомдек тутиб расм чизишини кўриб, умиди яна чўғланди. Айни навқиронлик ёшида сочлари тўкилиб, укпардек ранги, озғин вужуди хасталикка таслим бўлаётган фарзанди бугун ижод туфайли ҳаётга қайтаётганини сезиб, онанинг кўзлари бахтдан намланди. “Худойим, шу мурғагимни паноҳингда асра!” деди пичирлаб. Ҳозир Шамшир дунёни унутиб чизар, сўқмоқ четларига гулғунчаларни, улар устига эса капалакларни қўндирарди…
* * *
Тунда яна Шамширнинг иссиғи кўтарилди. Терлаган кийимлари, ёстиғи қайта-қайта алмаштирилди. Тепасига келган навбатчи шифокор иссиқдан ловуллаб ёнаётган беморнинг танасини кўздан кечираркан, болакайнинг бармоқларида кўкариш пайдо бўлганига диққат қилди. Ойдин бу ҳолатни кўриб, лабларини тишлаганча йиғлаб юборди. Доктор ҳамшираларга тез керакли муолажаларни қилишни тайинлаб, чиқиб кетаркан, бир четда муштдек бўлиб изиллаётган онаизорни юпатди:
— Ўзингизни қўлга олинг. Сизни бу аҳволда кўрса, болангиз ҳам тушкунликка тушиши тайин.
— Доктор, тўғрисини айтинг, умид борми? Биз дадаси билан ҳамма нарсага тайёрмиз, фақат ростини айтинг, илтимос! Биласиз, у истеъдодли бола. Ҳозир унинг шу қўлларидан бошқа тасаллиси йўқ. Агар у расм чизолмай қолса…
Ойдин гапиролмай йиғлаб юборди.
— Лейкоздан, одатда, 80 фоиз болалар тузалишади. Бу дегани ҳали умид бор. Яна бир яхши хабар, ҳозиргина марказдан суяк илиги трансплантацияси бўйича яхши хабар олдик.
— Яъни, айтмоқчисизки…
— Ҳа, яъни қон таҳлиллари орқали муносиб донор топилди. Агар текширувлар натижаси яхши чиқса, яқин кунларда ўғлингизда жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Сиз ўзингизни тутинг, муҳими, ишончни йўқотманг!
Боягина ҳароратдан базўр нафас олаётган ўғлига азоб тўла нигоҳлари билан қараркан, онанинг кўзларида умид ёлқинланди:
— Ростданми, доктор? Раҳмат сизга!
— Ҳа, ҳали бу жажжи рассомдан умидимиз катта, — деди шифокор онанинг кўнглини кўтариб.
Уколдан сўнг тафти пасая бошлаган Шамшир энди бир маромда ухлар, одатда, тунни ором олиб эмас, азоб билан ўтказадиган Ойдин бугун касалхонанинг ёруғ деразасидан қоронғи кўчага боқиб, юм-юм йиғлар, Яратганга тинмай илтижо қиларди.
* * *
Тонг. Қуёш нурларини дераза токчасига ёйиб, ичкарига эмин-эркин бўйлади. Туни билан ўғлининг бошида беҳаловат бўлган онани тонгга яқин уйқу элитди. Қанча ухлади, билмади. Кўзларини очганда, рутубат кўланкаси хонадан ариган, чойшаблар, жиҳозлар тонгги офтоб нурларига лиммо-лим эди. Ойдин уйқу аралаш рўпарасидаги мольбертга беихтиёр қаради. Э воҳ! Суратда уй пайдо бўлганди. Худди ўзлари яшаган уй. Томлари яшил, боғчаси тўла гул… Боласи тушмагур қачон туриб чизди экан, сезмабдиям. Ахир операциядан кейин расм столига яқинлашмаган, ҳаёт ва мамот орасидаги синовлардан мардона ўтишни уддалаётган бир пайтда яна сурат чизиши, бу чиндан мўъжиза эди!..
Ойдин бирдан хавотир билан каравотда ётган ўғлига қаради. Шамшир энди қўлларида мўйқаламни маҳкам сиққанча ухлаб қолган, ширин бир туш кўраётгандек жилмаяр, маъсум чеҳраси субҳидам нурларида янада порлаб кўринар, боягина чизиб битказилган суратида эса ранг-баранг гуллар барқ урар, капалаклар тинмай қўшиқ куйларди…

