ТЎН

— Қирқ йил савдонинг нонини еган Саидқул мудирнинг жанозасида ажабтовур воқеа содир бўлди, — дея гурунг берди қўшним Норбой бобо. — Барча расм-русумлар адо этилиб бўлгач, кимдир: “Марҳумнинг тўнини олиб келинглар, тобутнинг устига ёпайлик”, — дея товуш берди. Ўғилларидан бири хотин-халажлар турган уйга илдам кирди-ю, анча фурсат ўтгач, юз-кўзи қизариб, қуруқ қўл билан ташқарига чиқди. Ана шунда эндигина уйланганига икки кун ҳам бўлмаган маҳалладош йигит устидаги яп-янги куёвлик тўнини ечиб, тобутнинг устига ташлади.

Қабристонга борар эканмиз, ҳамроҳларимдан кимдир ҳам ачиниб, ҳам куюниб деди:

— Эҳ, умр бўйи савдода юрибди-ю, битта чопонни сандиққа солиб қўйиш эсига келмабди-да… Қолаверса, анави куёвлик тўнини тобутга ташлаган йигитнинг отасини Саидқул мудир бир замонлар туҳмат билан қаматганди…

Ҳа, бу чархи дуннинг ажабтовур

ишлари бор экан-да…

 

ТАҚДИР

Бозордан тугун кўтариб қайтаётган Тошқул бобога Салим қассоб ҳазил аралаш сўз қотди:

— Ҳа, отахон, тугун каттагина-ку, кампирингизга янги сарполар олибсиз чоғи?..

— Йўқ, Салимбой, бу ўзимга кафанлик, қолаверса, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди…

— Ундай деманг, отам, ҳали доёвсиз, мана, мен элликка кирган бўлсам ҳам, ҳатто у матоҳнинг номини тилга олишга ҳам қўрқаман…

Во ажабо! Орадан бир ҳафта ҳам ўтмай, Салим қассобнинг бандалик қилганини эшитган Тошқул бобо аввалига ҳайратдан лол қолди ва сўнгра ёдига қассобнинг “тилга олишга ҳам қўрқаман”, деган сўзлари келиб:

“Ё, тавба!” деб

юборди…

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 1 =