Ложувард тасма
Қулман ОЧИЛ
Муаллиф ҳақида:
Қулман Очилов 1957 йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи (ҳозирда Кўкдала) туманида туғилган. 1983 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. 1999 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган. Таниқли публицист, адиб, таржимон.
“Жайдари фалсафа”, “Сой соҳили”, “Баракали йигит”, “Омонат ва матонат”, “Гардан ва гардун” каби ўнга яқин насрий китоблари чоп этилган. Асарлари қардош тилларга таржима қилинган. Эрнест Хемингуэй, Габриэль Гарсиа Маркес, Иво Андрич, Рюноскэ Акутагава, Симон Кармиггелт сингари жаҳон адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгирган.
(Ҳикоя)
Муҳаббат омаду олам дигар шуд*.
(Мирзо Турсунзода)
– Кетдик! – деди тушлик маҳали завқу шавқи танасига сиғмаётган куёв.
– Қаёққа? – дея ҳайрон бўлиб уч кунлик келинчак.
– Инсон қадами етмаган жойларга! Тоққа!..
– Дунёда шундай жойлар қолган бўлса, бошланг!..
Айтилган сўз – отилган ўқ. Энг зарур кийимлари – икки жомадонга, шитоблари “апил-тапил” деган икки сўзга жо бўлди. Ҳовли-жойидаги насиба аҳлини хизматчи нўғой аёлга, нўғой аёлни Яратганнинг паноҳига топшириб, йўлга тушдилар. Шундай қилиб, ошиқ-маъшуқлар фурсат ўтиб ўзларини саратонгача қор аримайдиган тоғ оғушида кўрдилар. Энг баланд тепаликдаги энг маҳобатли ҳовлининг темир дарвозаси сассиз кўтарилди.
– Бу қўрғоннинг тарҳиниям ўзиз чизиб, биринчи ғиштиниям ўзиз қўйганмисиз, Рауф ака? – дея сўради ҳайратини яширолмаётган Гулбека.
– Худди шундай!
Қўрғон тўридаги икки қаватли иссиққина уйга қадам қўйишлари билан ёш дилларни байрамона руҳ буткул чулғаб олди. Чулғамасинми! Бир-бирига талпиниб турган икки ташна қалбнинг танҳо қоладиган куни ҳам бор экан-ку!
– Кўзларимга ишонгим келмаяпти! – деди Рауф. – Наҳотки шу офатижон сен бўлсанг, Гулим? Айт, ўзингмисан?
Бундай дамларда қайси аёл ишва билан ширин жилмайишдан ўзини тия олади.
– Ваҳ-эй! – деди эркаланиб. – Ҳа, мен, ўзимман!
– Сенлигинг рост бўлса, кел! – деди йигит қўлларини чўзиб. – Биргина бағримга босай! Соғиниб кетдим ахир!
Тўрдаги ҳайбати баланд қизил шкафни очаётган аёл эри томон икки қадам қўйди.
– Нега туриб қолдинг?
– Ҳеч бўлмаса плашимни ечай…
– Плашингни ўзим ечаман!.. – Эҳтирос ўтидан юраги хаприқиб кетаётган йигит нофармон астарли курткасини ечиб оромкурсига отди. Отди-ю, қаёқдан ҳам калласига бир гап келди: – Илгариям тоққа чиққанмисан ўзи?
– Чиққандик. – Шундай дедию тилини тишлади аёл. Сўнг айбдорона жилмайди.
Йигитнинг қўллари ёнига шалвираб тушди. Кимдир эшикни журъатсизгина тақиллатди.
– Да-а!.. – деди эр зарда билан.
– Чемоданларни опкелувдим, хўжайин.
– Эшик олдига қўйиб кетавер! – норози тўнғиллади хўжайин. – Ўзимиз киритиб оламиз!..
Аёл дувва қизариб бошини эгди. Нимадир демоқчи бўлгандай ютинди-ю, айвон эшигини очаётган эрига қараганча серрайиб қолди.
«Иккимиз ҳам ярадор қушга ўхшаймиз», – деган эди у энди танишганларида.
«Қуш эмас, ярадор бўрига, де!..» – тўғрилаган эди Рауф.
* * *
Кино саройи ёнига ҳашаматли машина келиб тўхтаганида премьера бошланишига ўн дақиқа қолган эди. Машинадан тушган қадди расо йигит томошахона сари илдам одимлади. Таклифномада кўрсатилган жой – иккинчи қатордаги учинчи ўриндиққа бориб ўтирди.
Ён-атрофига разм солар экан, лиқ тўла толорнинг нариги чеккасида бир аёл ўзига қаттиқ тикилиб турганини кўрди. Танишдай туюлди: “Гулбеками?” Ажабланди.
Дақиқа ўтиб-ўтмай ўша жувон унинг ёнига келиб тортиниброқ салом берди, йигитнинг ҳайрати ошди. Одоб юзасидан ўрнидан турди.
– Вой, сизмисиз? – деди Гулбека. Йигитнинг исмини билмас эканми ё шу тобда эслай олмадими, ишқилиб, айтмади.
– Яхши юрибсизми, сингил? – деди у ҳам ҳақи кетадигандай аёлнинг номини тилга олмай.
– Шукр!
Тамом. Бор гап-сўз – шу. Балки унинг ўрнида бошқа тилли-жағлироқ эркак бўлганида дарҳол гапни илиб кетардию “синглиси”га ёнидан жой берарди. Ба расми илтифот! Айби – аёл кишининг қаршисида тили ўз-ўзидан танглайига ёпишади-қолади. Ҳурлиқо эса ақлни шоширгулик! Чиройлидан чиройли! Маъюслик сезилар-сезилмас соя солиб турган тимқора кўзлари недир дарддан огоҳ этаётгандай. Пардоз упаси тегмаган тиниқ юзи, мовий ҳарир шарф ташлаб олган нозик бўйни, камзули кўз-кўз қилиб турган дуркун сийналари, навниҳолдек хипча бели йигитнинг хаёлини ўғирлади-қўйди. Унга маҳлиё бўлиб қолган фақат йигитимиз эмасди. Жувонни айни тоқу равоқ остига йиғилган юзлаб кўз – эркагу аёл ҳавасланиб, суқланиб, балки ютиниб томоша қиларди. Аслида, юзлаб нима, Гулбека телевизорда кўриниш бериб қолса, миллионлаб томошабин экрандан кўзини узиши мушкул! Нима қилса, нима деса, нима кийса ярашадиган тенги-тимсоли кам аёл!
Жувон қандай келган бўлса, шундай – одоб билан изига бурилди. Турмакланган олтинранг сочига боғланган нилгун жиягини икки ёнига силкитганича узоқлашар экан, йигит томон сўлғин назар ташлаб қўйди. Ажабо, кўзларида ёш ғилтилларди!
Тепа сочи сийраклашиб, бошининг ёнғоқдай жойи ялтираб қолган йигитнинг хаёли қочди. Бу жувон нега унинг олдига келди-ю, нега дарров изига қайтди? Нима демоқчи бўлди? Нега кўзларида ғилт-ғилт ёш? Ҳар қанча ўйламасин, томоша тугагунича айни саволларнинг бирортасига жўяли жавоб тополмади. Топгани: кўзлари чўлпон фаришта беҳуда келмади қошингга!
* * *
Машинаси муюлишдаги кенг кўчага бурилганида яна ўша аёлга кўзи тушди. Манзилидан адашган забун кампир мисоли бошини қуйи солганча бетон йўлкани бир-бир босиб бораётир. Йигит уловидан тушиб, орқа эшикни очди:
– Йўлимиз бирга ўхшайди, Гулбекахоним. Келинг, бирга кетамиз.
Жувон чўчиб тушди.
– Йў-йў!.. – деди шоша-пиша. – Мен, сал нарига, Анҳор бўйига бораман… Етиб қолдим… Раҳмат!..
Боя кўришганларидан бери икки-уч соат эмас, гўё икки-уч йил ўтган. Беҳад толиққан аёл бу дунёдан кўнгли қолгандек қаттиқ изтиробда кўринарди.
– Унда, сизни кузатиб қўйсам майлими? – деб сўради йигит ялингандай.
Аёл паришон хўрсинди. Аввалгисидан-да астойдил ва самимий эшитилган бу таклифнинг пасту баландини хаёлида чамалаб кўраётгандай бироз ўйланиб турди-да, мовий дуррача ўраган бошини енгил тебратди.
– Майли, – деди бўшашиброқ. – Фақат Анҳоргача.
– Хўп!
Жимгина йўлга тушдилар. Йигит нимадир дегиси келарди-ю, ўсалроқ гап айтиб, шусиз ҳам кўнгли хуфтон ҳамроҳини ранжитиб қўйишдан чўчирди. Охири таваккал қилди:
– Қалай? Фильм сизга ёқдими?
– Дуруст, – деди Гулбека лоқайдроқ. – Боя роса бошингизни қотириб қўйдим-а, Рауф ака? Каллам гангиб сиз томонга бориб қолганимни айтаман!..
– Бошим қотишига баҳона излаб юрганди ўзи. Тўғри қилдингиз!..
Йигит унга қарамаётган бўлса-да, сезди: жувоннинг юзига ним кулги ёйилди. Ҳамроҳининг: «Сизга-чи? Фильм сизга ёқдими?» дейишини кутди. Демаса-да, қовушмаётган суҳбат узилиб қолишидан қўрқиб:
– Аммо сценарийси зўр экан! – деди.
– А-а?! – росмана ажабланган Гулбека таққа тўхтади ва дадил овозда хитоб қилди: – Буюк асфальт қироли яхшигина киношунос ҳам эканлар-да?
– Ана холос! Қирол ҳам бўлдикми ҳали?
– Бўлсангиз-чи! Нимаси ёмон?
– Ёмони йўғ-у, лекин қироличасиз қироллик ҳам татимайди-да!..
Ўзининг илмоқли гапидан ўзи изза бўлиб, хижолатдан чиқишга шошилди:
– Культур бақанлигинда бир аркадашим вар, – деди ширин талаффузда туркчалаб.
– “Культур бақанлигин”да дейсизми?
– Ҳа, маданият вазирлигида. Илгари кинода каттароқ одам бўлган ўша ошнам.
– Ҳа-а, гап бу ёқда денг?
– Иннанкейин ширкатимиз фильмларга ҳомийлик ҳам қилиб туради.
Анҳор соҳилидаги кулранг иморатлар улар томон бостириб келаётгандай тобора яқинлашмоқда эди. Йигитимиз аввал булутли осмонга, сўнг билагидаги соатга қаради: чорак кам саккиз. Бўладиган гапни тикка айтишдан бошқа чора йўқ:
– Шу яқин-ўртадаги бирорта кафега кириб, бафуржа гапхона қилсак, нима дейсиз?
Жувонга Рауфнинг қатъияти ёқа бошлади, шекилли, кўзларида бирдан қувонч учқунлари йилтирагандай бўлди. Рўй-рост жилмайди.
Меҳмон орқа ўриндиқдан, мезбон ҳайдовчи ёнидан жой олди.
– Охрана олдинда ўтиради! – деди Рауф ўктам овозда. – “Тонготар!”
– Хўп бўлади! – деди шофёр ва кимнидир ўша заҳоти телефонда огоҳлантирди. – Йўлдамиза. А?.. Икки-уч минутда.
– «Тонготар» дедизми? – дея хавотирланди жувон.
– Ҳа, «Тонготар». Нариги кўчада мўъжазгина бир ресторанча бор, номи шундай – “Тонготар”. Бегона эмас. Тарҳини ўзим чизиб, биринчи ғиштиниям ўзим қўйганман.
Кўздан панароқ орқа эшикдан кириб, иккинчи қаватга чиқдилар.
– Хилватгина жой экан!
Ресторан хўжайини шу гапни кутиб тургандай дарҳол жавоб қилди:
– Хилватлиги – зўрлиги! Мижозларимиз унчалик кўп эмас… Таниш-билиш дегандай. Фақирингиздан сўрасангиз: ҳаром-ҳариш кўчасига киришдан ҳазар қиламан!
Мўъжаз хонадаги одмилик ва улуғворликдан лол қолган аёл оҳиста чапак чалиб қўйди:
– Офарин!
Гулбека орадан бир ойча ўтгач иқрорини йигитга шундай айтади:
– Ўша оқшом ёнимдан эътибор бермай ўтиб кетсангиз нима бўларди, биласизми? Уйга борардим-да, эрталабгача дори капалаб чиқардим. Кечалари юрагим тарс ёрилай дерди. Хонанишин кунлардан шунчалар безганманки!..
Ресторандан тун яримлаб қолганида уйга қайтган Рауф каравотига чўзилар экан, тонг оттириши осон кечмаслигини англади. Гулбеканинг ҳам кўзига уйқу илинмай, тўлғониб чиқса керак дея тахмин қилди. Тахмини тўғри эди. Ўйлаб қараса, иккаласи бир-бирига муносиб: бўй-басти келишган, меҳнатда кўзи пишиб, аччиқ-чучукдан тажриба орттирган. Жувон – ўттизни, йигит қирқни қоралаб қолган. Аёлдир, эркакдир, бу ёшга етганида енгил-елпи ҳою-ҳаваслардан анча фориғланиб, сипо тортиши табиий. Гулбека – нуфузли агентликда матбуот котиби, Рауф – йўл қурилиши бўйича номдор ширкат хўжайини. Аён бўлдики, иккиси ҳам китобга, санъатга, меҳнатга ўч, ҳаётда нимагаки эришган бўлсалар, ҳаммасини шу ўчликдан деб билишар экан.
Тақдирлари шўришу ғавғосининг ўхшашлиги-чи? Гулбеканинг завжини, Рауфнинг завжасини дунёга ёпирилган офат – “тождор вирус” олиб кетган. Ҳар иккаласи бошига тушган мусибатнинг оғир юкидан энди-энди халос бўлиб, ўзига кела бошлаган чоқлар. Кино саройида Гулбека унинг олдига довдираб келиб қолганининг сабаби ҳам ўша мусибат асорати. Рауфнинг недир келбати марҳум эрини эслатиб юборгандай бўлибдию ҳардамхаёл аёл ўрнидан туриб кетганини ўзи сезмай қолибди. Офат ҳаммани эсанкиратиб кетди.
Демак, унинг божхоначи-амалдор эри ҳам Рауфдай хушсурат йигит бўлган. Бошида – кепка, эгнида – свитер, енгил куртка, яйраб юришни ёқтирган. Икки йигит тўй-маърака, теннис ўйини, мажлис-пажлисларда бақамти келган бўлишлари ҳам мумкин.
– Телбадан фарқим қолмаган! – деб кўзёши қилди Гулбека ўша оқшом ресторанда ўтирганларида. – Қолган бўлса, садақа сўраб юрган гадойдай олдингизга бостириб борармидим?.. Ўзим отасиз ўсганим етмагандай ўғлимнинг ҳам пешонаси шўр экан!..
Аёл қизил ғилофли қўл телефонини очиб, уч-тўрт ёшлардаги гўдак суратини кўрсатди. Ўксиниб, мунчоқ кўзлари жавдираб қолган болакай.
Жувон мижжаларини артар экан, қайта-қайта узр сўрарди. Йигит унинг икки қўлини кафтлари орасига олди. Оройиш берилган мулойим қўллардан вужудига ёйилган тафт, ёш аёлдан таралаётган муаттар бўй унинг совиб ётган қонини қайнатиб, эҳтиросини жунбишга келтириб юборди. Буни сезган Гулбека кўзини олиб қочди.
Рауф шундай назокатли аёлга термилиб, суҳбатидан завқланиб ўтиришни бир умр орзу қилганини англади.
Шу-шу уларни ҳаловат тарк этди. Тез-тез қўнғироқлашиб, кўришиб туришни одат қилдилар. Кўришганларида ёш бошларига тушган жудоликни эсламасликка, эсласалар-да, марҳумлари хотирасини четлаб ўтишга уринар эдилар. Аммо уринганинг уддасидан чиқдинг дегани эмас. Бундай дамларда эгнидаги мотамсаро либосини ҳалигача ечмаган Гулбеканинг ҳўлқаси тўлиб кетса, йигитнинг ҳалқумига тош тиқилгандай бўларди.
Дарди бедаво авжига чиққан кунлари шифохонада ўзи билан ўзи бўлиб, эрининг ҳолидан хабар ололмаган Гулбека ҳали-ҳануз афсус-надомат чекади. Соппа-соғ, ўйнаб-кулиб юрган одам. Фалон жойда ишлайди, шифокорларга гапи ўтади, деб кўнгли тўқ бўлган-да. Баъдаз билса, “Ковид-2019” марказига тушган эри шўрлик уч кун ўтиб жон берган. Ўпкасининг саксон беш фоизини вирус ишдан чиқариб ташлаган экан. Жонлантириш бўлимида ўлим билан олишиб ётган жувонга бундай кўргуликни қандай айтишсин?
Беморман деганнинг димоғига кислород аппарати уланган. Қайишқоқ ниқобни юзингиздан сал кўтарсангиз, нафасингиз тиқилиб, бўғила бошлайсиз. На телефон бор, на телевизор…
Гулбека икки ҳафтадан кейин ялиниб-ёлвориб, қўл телефонини олган. Аёл зотининг гапи ичига йиғилиб қолгани – ўлгани. Палатадаги тўрт ожиза портлаб кетмаганига ҳалигача ажабланади.
Ёнидаги каравотда машҳур академикнинг аёли ётган эди. Бирам яхши, бирам доно, бирам бардошли эканки, “оҳ” деган овози чиқмади. Гулбека бир тонг телефонига қараса, шўрлик опанинг эрига рафиқаси оламдан ўтгани учун ҳамдардлик билдирилган шумхабар тарқалган. “Йўқ, опа тирик!” деб ҳайқириб юбормасинми! Қараса, ўрнида ростдан ҳам бошқа кампир иҳраб ётарди…
Гулбека беморхонадан уйига гандираклаб келса, ҳаммаёқ ҳувуллаган. Эри йўқ! Фарзанд доғи қуритган қайнона-қайнотаси кўтарам бўлиб қолган! Бечора жувон ўғилчасининг ҳам пешонасидан ўполмайди. Мумкин эмас: вирус юқади! Бутун оиланинг кийим-боши оловга ташлаган. Гулбека қайси шкафни очса – тебраниб турган бўш кийимосгичга кўзи тушади. Мисоли эшафотда маҳкумни кутаётган дор дейсиз!
Водариғ! Ҳали ҳеч қанча вақт ўтгани йўғ-у, Рауф маъшуқаси билан андармон бўлиб, ўз марҳумасини қарийб унутай дебди. Уйлангунича, уйланганидан кейин ҳам хотини икковининг ўртасида ўлдим-куйдим, оҳ-воҳлар бўлмаган. Онаси маҳаллама-маҳалла юриб, сўраб-суриштириб топган қиз эди-да, раҳматли Мастура. Икки-уч марта учрашиб, кино-пинога тушишган. Гулдасталар ҳадя қилинган, чоғи. Келин-куёв рисоладагидай яшаган. Эр – пул топиб келган, хотин – рўзғорга қараб, қайнонанинг дуосини олиб ўтирган. Шу ўтиришни баҳузур бахт деб билган.
Рўзғорлари аввал-бошдан кам-кўстсиз эди. Мастуранинг пул деса – пули, обрў деса обрўйи бўлган. Кимсан асфальт-бетон заводлари гуриллаб, шаҳарни йўлу кўприк билан таъминлаб турган Рауф Усмоновнинг хотини! Чатоғи шуки, аёли тўсатдан тўлиша бошлади. Бир семириб олсангиз, бас, қанча парҳез, қанча дори-дармон қилманг, фитнес-митнесга қанча қатнаманг, озишингиз мушкул. Семизлиги ортидан интизор кутилган ўғилга ҳомиладор ҳам бўлолмади. Бунинг устига, эри ташлаб кетишидан хавотири ошаверди. Қаттиқ ташвишданми ё асли ўзи мижозида мойиллик бор эканми, ишқилиб, қандга чалиндию ғамбода кўнгли баттар чўкди. Тана-тўши қуриб, томоғининг ости дами чиққан пуфакдай шалвираб қолди. Мастурани боқий дунёга эрта олиб кетган ҳам аслида шу – диабет.
– Икковимиз ҳам ярадор қушга ўхшаймиз, – деган эди Гулбека ўша кунлари.
– Қуш эмас, ярадор бўрига, де!.. – тўғрилаган эди Рауф.
Гулбека билан қалинлашиб кетдилар. Энди кунда-кунора учрашгилари, дардлашгилари, юракларда силқиб турган жароҳатга тезроқ малҳам топгилари келарди. На кўчаларни тўлдириб оқаётган автомобиллар шовқини, на баҳор ёмғирлари, на турмуш ташвишлари бу иштиёққа монелик қила оларди. Хилват гўшаларда шошилмай сайр қилардилар, хайрлашиш фурсати келганида эса энди балоғатга етган ўсмирлардек тиллари тутилар, айрилгилари келмас эди. Қўлтиқлашиб юришганининг ўзи ҳамма гапни айтиб, кўрсатиб, англатиб турарди гўё. Шундай илоҳий лаҳзаларни жўн, сийқа бир сўз билан бузиб қўйишдан чўчирдилар. Рауф маъшуқасининг гапларини тинглаб, овозини соғиниб тўймас эди. Гулбеканинг ақлли аёлларга хос латиф феъли, зарофати, айниқса, вазминлиги буткул ром қилиб қўйган эди. Бир йигитнинг бахти бундан ортиқ бўлмас!
Борди-келдилари қуюқлашгани сари ишқий саргузаштларини пинҳон тутишлари қийинлашиб қолди. Никоҳ ўқитилиб, камтарона дастурхон ёзилди ва энг яқин кўнгил етарлар янгиликдан воқиф қилинди. Гулбека кўп иккиланиб ўтирмай ўғли Санжар билан эрининг уйига кўчиб келди.
* * *
Эр-хотин ўртасидан гап қочса, ким нима қилади, нима дейди? Балки иккиси ҳам ловуллаб кетар? Хаёли чувалган Рауф ўзини айвонга олди. Бирдан тамаки хумори тутди. Чекишни ташлаганига беш йилдан ошган. Шундай хумор қилдики, шофёридан шартта битта папирос олиб, босиб-босиб тортгиси келди. Ўзини аранг ушлади. Аранг! Ҳеч жойда ҳеч гап йўқ, нега бехосдан қулоғигача ловуллаб кетганини англади. Умрида биринчи марта кўнглида рашк ўти дадил бош кўтарган, хотинини марҳум эридан қизғанмоқда эди!..
Гулбекани ҳайратга солиш ниятида нимадан гап очса, недир иш қилса, нуқул бир хил сўзга бориб тақалаверади: кўргандик, боргандик, ўқигандик, чиққандик!.. “Дик-дик-дик!..” Шу қабилидаги жавобни эшитиши билан гўё йигитнинг кўксидаги ўт сўнади-қолади. Демак, бу хотин марҳум эри билан тоққаям чиққан экан!
Илгари, тўйгача, ичидан қанчалик қиринди ўтмасин, “дик-дик”ни эшитса, ўзини босарди. Гулбеканинг сўлғин қиёфасини кўрганида ичи ёниб кетган кунлари кўп бўлган: “Кечаси яна Ўшани қўмсаб чиққан!”
Туриб-туриб Рауфга алам қилиб кетарди: “Бокиралиги нега менга эмас, Унга насиб қилган? Муносиб эмасмидим?”
Ғусса тўла мавҳум сукунат. У намозгарнинг ҳарир қоронғисида шавқи сўниб, сўппайиб турар, қилган иши энди ўзини харсангтошдек эзмоқда эди. Бу оғир сукунатни қай йўл билан бузсин? Хотинидан қайси юзи билан узр сўрасин?
Худо сенга шундай оқила аёлни, шундай муҳташам маконни, шундай гўзал дунёни раво кўриб турганида, аразлаган гўдакдай тескари ўгирилиб олганингни қара! Бу нима қилиқ? Қандай ношукурлик? Кимдан, нимадан норозисанки, тумшуғингни бунча осилтирасан, эй ожиз банда? Ўлган одамданми? Гулбекаданми? Уял-эй! Ўша божхоначи эмас, ўзинг ўлиб кетганингда нима қилардинг, нодон?!
Оёқ шарпаси эшитилди. «Яхшилик аломати,» деб ўйлади у. Лекин шарпани сезмаганга олди. Гулбека келиб, унинг елкасига бош қўйди. Ўнг қўлини олиб, силар экан, бармоқларини бармоқлари орасига қовуштирди. Қорли чўққилар ортидан чиқиб келаётган ой, пастда ястаниб ётган зангори водий, унгурларда қорайиб кўринаётган арчалар, илонизи сўқмоқларга унсиз қараб турардилар. Қия очиқ деразадан кирган салқин шабада жувон сочининг ифорини йигитнинг димоғига тутди. Илоҳий тафт ва ифор шуурини ишғол қилмоққа тушган Рауф кўзларини юмди: қани энди шу сеҳрли лаҳзалар битмаса, шу муаттар бўй, шу хушбода димоғидан асло аримаса… Гулбека бирдан ўзини ерга ташладию эрининг икки тиззасидан маҳкам қучоқлаб олди:
– Ўтинаман! – деди ёлвориб танглайи қуригандай хириллаган овозда. – Бизни ташлаб кетманг!..
– Бу нима қилганинг, Гули? Ким ташлаб кетаман деяпти?!
Аёлини билагидан ушлаб турғизди:
– Йиғи сенга ярашмайди, бошингни кўтар!
– Қўрқаман, Рауф ака, ўлгудай қўрқаман! Сиздан ҳам айрилиб қолишдан қўрқаман!..
Рауф уни меҳр билан қучди. Оғушида энтикиб турган шу фаришта – хасми ҳалоли бир вақтлар марҳум эрини яхши кўрганини фаҳмлади. Ҳар қадамда, ҳар лаҳзада, ҳар ишда ўзини уни билан таққослаётганига ва таққослашдан қутула олмаётганга ақли етиб турарди. Начораки, бандасининг ожизлиги, балки буюклиги шунда – ўтмиши билан азоблар ичида хайрлашишидадир!
У Гулбеканинг сочидаги қора ҳошияли ложувард тасмани авайлаб ечиб, ташқарига улоқтирди-да, деразани шартта ёпди.
– Бўлди, – деди, – мотамни бас қилайлик!..
Қўллари аёлининг бахмалдай мулойим юзини, лаблари қовжираган лабларини топди. Хижолат тортган ўн тўрт кунлик ой шоша-пиша оқ булутлар ортига яширинди.
* Муҳаббат шавқидин ўзгарди дунё. (тож).

