Хуш келдинг, гўзал Баҳор!

White delicate cherry blossoms in spring (Nature and Landscapes) cherry,spring flowers,spring in japan

О, Баҳор, гўзал малак! Оҳ, сени бағоят соғиндик! Лаҳза-ю сонияларни санаб, интиқ-интизор кутдим сенинг ташрифингни, кўкламойим. Сулувгинам, қалбим чечаги, сен шу қадар мафтункорсанки, барча латофатли, малоҳатли қизларнинг исми сенинг номинг билан аталади: Гулбаҳор, Навбаҳор, Наврўзой, Баҳорой…

Кечагина муз кўрпалари остида совуқдан титраётган она замин сенинг илиқ тафтингдан юзлари лоладек қизариб, тириклик қўшиғини бошлайди. Унинг ажиб қўшиғидан майсалар тебраниб, рақсга тушади. Шаббода нозланиб-нозланиб юзларингдан ўпади. Куртакка лаб урган новдалар қора ғўдир либосини ечиб, пушти гулли яшил кўйлак кийиб олганидан шодланиб, табассум-ла ғунчасини қуёшда тоблайди. Баҳорни эртароқ қаршилаган бодом шохларини эгиб, ёнидаги шафтолини турткилайди. Шафтолиой ухлаб қолганидан озорланиб, бутоқларини гулнор гуллар билан чунон безайдики, ҳали ҳам жигарранг тўнини ечмаган беҳиой хижолатдан кўкиш-кумушранг баргларини ёзиб юборади… Гуллаёлмаётган анжир эса алам-ла бирйўла олтин маржондек меваларини тугишга тушади.

Тоғлару қирлардан оқиб келаётган шарқироқ сойлар ҳавода учиб юрган ўриг-у гилосларнинг нимпушти гулларини юзларига холдек қўндириб, мавж уради. Адирликлар алвон, олтинранг лолазорлар оғушида хаёлга чўмган қизил-сариқ дуррачали малакдек гўзал. Самойингда сузиб юрган оқ-мовий, зангор-ферузаранг булутлар уйқашиб, заминга ёпилган улкан рангдор гулдор гумбазни эслатади.

Қуёшни соғинган бойчечак гулбаргларини унинг нурида тоблайди. Ҳар замон, ҳар замонда эса кўкка боқиб, “кетма, қуёшжон” деб ёлбораётгандай нафис тебранади. Ўйноқи эпкин димоғингизга дам бинафша, дам заъфарон, дам райҳон, дам ялпиз ифорини уради. Бобо қуёшнинг ёлғончи табассумига ишониб, гуллаб юборган дарахтларнинг нопармон гуллари тунда товланиб, минглаб рангдор юлдузларга айланади. Бижилдоқ қушлар тинмай чуғурлайди: “Ҳой яхшилар, баҳор келди, баҳор келди…” дея жар солаётгандек…

Айвоннинг эшигини ланг очиб қўйган бувижонлар қанотларида хуррамлик олиб келган қалдирғочларни хушнуд қаршилайди. “Келдингми, қалдирғочим, тезроқ уйингни қур, сенга маҳталман”, дея қўлларини дуога очади. Жажжи болакай қалдирғочга кўмак бермоқ мақсадида айвон олдига хас-чўпларни йиғиб қўяди.

Баҳор! Сен ҳар йили борлиқни латофату малоҳатга буркаб, қайтаверасан. Кўкламойим, сен замин зийнати-ю фасллар гулчечагисан! Инсон умрининг ортга қайтмас олтин лаҳзаларисан! Сен ошиқлару шоирлар қўлига қалам тутқазасан. Не бахтки, улар ҳамон сенинг сеҳрли васфингни куйламоқдалар ва сенга ташбеҳ изламоқдалар. Аслида эса сенинг қиёсинг йўқ, баҳорим!

Даласидаги оппоқ қорини қайноқ кафтига олиб, қалб ҳарорати-ла эритаётган бободеҳқоним! Қишнинг ҳар лаҳзасини шошқин кузатиб, Баҳоройни интиқ кутаётган заҳматкашим! Қорли кўрпалар остида ётган замин залворли кетмонинг зарбидан майинлашиб эврилади. “Ахир баҳор келди!” дейсан ҳайқириб! Мудраб ётган момо ер овозингдан сесканиб, ям-яшил кўйлагини кийиб, ҳузурингга ошиқади. Бободеҳқоним келди, дейди шодумон силкиниб.

— Ассалом, она замин! — дейди деҳқон кетмонининг ҳар зарбидан ўт чақнатиб. — Қани, Баҳоройим, сулув келинчакдек зеболан, она табиатни ясат, бағрингни гулу чечакларга бурка, дарахтларга яшил либос кийдир, сергул, сермева айла, уруғларни ундир, одамларга завқ-шавқ улаш, кўрган кўзларни кулдир, — дейди яна гулдуракдек ўткир овозда. Сўнг бироз майинлашиб, “Кўкламойим, кўкингдан, меҳрингдан бир чимдимгина бер, сени беҳад соғиндим”, дейди ёлбориб. Сўнг эса баҳор саси уфураётган заминга худди саждага бош қўяётгандек лаб босади. Оҳ, она тупроқ таъми! Деҳқонбобо мамнун жилмаяди. Худдики ҳозиргина тандирдан узилган ноннинг ҳарорати бор-а! У бир сиқимгина тупроқни қўлларига олди. Шугинага зор бўлиб ўтган шоҳ Бобурнинг аламли фарёди қулоқларига чалингандек бўлиб, кўзларида ёш қалқди. “Сендан айро яшаб бўлмайди, ОТА ЕР!” деган қатъий ўй ўтди юрагининг қаъридан. Тупроқни авайлаб, боши узра самога сочди. Ёмғирдек ёйилган тупроқ деҳқоннинг юз-кўзларига қўнди…

“Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг, Араб оҳусидан азизроқ манга…” деди у ички титроқ-ла ўзи беҳад суядиган содда шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳар такрорлаганда вужудини ларзага соладиган қуйма сатрларини куйга солиб. Баҳорни соғинган деҳқон далаларни узоқ айланди. Қуёшнинг заррин нурларида исиниб, қанотларини тоблаётган турфа қушлар чуғури, гулғунчалардан бўса олаётган капалаклар, чайқалиб чирманда чалаётган чучмомалар, самога сепини ёйган камалаклар, осмонда сузиб юрган ферузаранг булутлар уммони, тўлиб-тўлиб оқаётган анҳорлар шивири унинг қалбига туганмас ва ифодалаб бўлмас завқ бахш этарди. Она диёримизни чор тарафдан бағрига босиб қучиб ётган асрий пурвиқор тоғлар ҳамон бободеҳқоннинг овозига акс-садо беради: “Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим, бир чимдим…” Баҳор бободеҳқонни, бободеҳқон эса баҳорни ғоят соғинган эди. Бу ўша улар интиқ-интизор кутган эрка фаслнинг ибтидоси, жўшқин ва жозибали кун эди.

Кўкламойим, кўкламонам, илиқ, ошуфта бағрингни соғиндим! Сени ким ҳам соғинмайди, аслида, сени ким ҳам соғинмас, баҳор? Деҳқонбобо самони тўлдириб учаётган бижилдоқ қушлар чуғурига тикилди. Қуёшни соғинган момо-ю боболар далаларга, қалби олов ёш-яланглар лолазор қўйнига ошиқаётирлар. Чаккаларига бойчечак таққан қизчалар алвон кўйлакларини ҳилпиратиб тоғ ёнбағирларида елиб югурадилар. Болажонлар варракларини оппоқ, ферузаранг булутлар сузиб юрган само остонасигача учирадилар. Мўъжизавий боғларимизда пушти, нимпушти, қизил ва сариқ рангларда очилган гилос, ўрик, бодом, шафтоли гуллари баҳорий эпкинда тебраниб, ажиб гуллар рақсини яратаётир. Бир туп ўрик гўзал гулларини тўккиси келмай, ғунчаойларини шаббодадан қизғониб бошларини эгади. Бироқ шўх шаббодаой ҳам бўш келмай, гулларнинг сочларидан тортқилайди. Қишда совуқдан қорайган баданларини рангдор кўйлаклари билан яшириб олган дарахтлар байрамга отланган келинчакдек ясаниб олишган. Бутун борлиқ ғоят мафтункор, беҳад гўзал манзара кашф этган, баҳорий севинч уйғонган ошуфта қалблар муҳаббат ошёнига айланган.

О, она заминга ҳаёт, тириклик бахш этувчи қудратли ва гўзал малагим, баҳоройим, ташрифинг муборак!

Мастурахон САИДМУРОДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =