Амалга ошмаган тайинлов

2006 йилнинг 13 октябрь куни соат кечки ўнларда Фарғона вилоят ҳокимлиги ташкилий бўлимидан қўнғироқ қилишди.

— Барча ҳужжатларингизни олиб, тез ҳокимиятга келинг!

— Тинчликми? — хавотирланиб сўрадим.

— Сиз келаверинг, кейин биласиз.

Мен ҳокимиятга келганимда шахсий варақам, тавсиянома деярли тайёр эди. Баъзи маълумотларга аниқлик киритилгач, қолган ҳужжатларимдан нусха олиб, пакетга солишди ва муҳрлаб менга беришди.

— Эрталаб соат 10 да Тошкентда Барноев қабулида бўлишингиз керак. Пакетни уларга берасиз. Ҳозир эса тез йўлга чиқинг.

Мен нима гаплар бўлаётганини билмай ўйга ботгандим.

— Хавотир олманг, — деди ташкилий бўлим мудири Асқарали Рустамов. — Сизга қандайдир лавозим беришмоқчи.

Тунда йўл юриб, эрталаб Тошкентга, ҳукумат идорасига етиб келдим. Мени ўша вақтда Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари ва ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи Ўктам Барноев (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин)нинг ҳузурига олиб киришди. У ҳужжатларим билан танишгач, бир соатдан зиёд вақт мен билан қишлоқ хўжалиги ва фермерлар муаммолари, ер захини қочиришнинг ҳосилдорликка таъсири, раҳбарлар масъулияти каби мавзуларда суҳбатлашди. Кейин:

— Яхши, сиз қабулхонада бироз кутиб ўтиринг, мен тез келаман, — деди ва шошиб чиқиб кетди.

Барноевнинг ёрдамчиси менга чой, кофе таклиф этди. Мен калаванинг учини ҳеч топа олмас эдим. Телевидениеда ишлаган чоғимда анчайин танилиб қолгандим. Вазирлар Маҳкамасига бежиз чақиришмаган. Қолаверса, Барноев суҳбатдан қаноатланди, менимча. Демак, менга бирон лавозим беришади… Лекин нега мени Вазирлар Маҳкамасига суҳбатга чақиришди? Нега суҳбат фақат қишлоқ хўжалиги мавзусида бўлди? Ҳа… англагандек бўлдим. Мени “Қишлоқ ҳаёти” газетасига… Йўғ-э! Ахир Чори Латипов эндигина иш бошлади-ку у ерда.

Нималар бўлмайди бу дунёда? Балки, у бошқа ишга ўтаётгандир, балки…

Шундай қилиб, мен агар “Қишлоқ ҳаёти” газетасига бош муҳаррир бўлсам, ишни нимадан бошлашим, рукнлар, мавзулар, жалб этмоқчи бўлган муаллифларим, газета дизайнини ўзгартириш… каби ишлар ҳақида ўзимча режа туза бошладим.

Шу пайт қабулхонага Ўзбекистон Фермерлар уюшмаси раиси Соҳибжон Қобулов кириб келди. Биз таниш эдик. Лекин негадир у мен билан бироз совуқроқ саломлашди. Кейин орага узоқ сукут чўкди. Ҳа, энди Барноевда иши бўлса керак-да, келибди, деб унга ортиқ эътибор бермадим.

Орадан бир ярим-икки соатлар ўтгач келган Ўктам Барноев Соҳибжон Қобулов билан саломлашмасдан, шахдам қадам ташлаб хонаси томон ўтиб кетди. Шунда Соҳибжон Қобуловнинг юзида хавотир сездим.

Ёрдамчи мени ичкарига таклиф қилди.

— Хўш, гап бундай, ўртоқ Обидов, — деди Ў.Барноев кўзларимга тик боқиб. — Энди бирга ишлаймиз.

— Узр, мен сиз билан ким сифатида ишлашимни айтмадингиз… — тахминим газета муҳаррирлиги бўлса-да, буни иш берувчининг ўзидан эшитмоқчи эдим.

Барноев столидаги тугмани босганди, ёрдамчиси кирди.

— Уюшмада одамлар йиғилганми?

— Ҳа, ҳаммаси тайёр, — деди ёрдамчи. — Соҳибжон Қобулов ҳам шу ерда.

— Унда, марҳамат, ўртоқ Обидов, кетдик!

Барноевнинг овозида масхаралашдек оҳанг сездим. Қолаверса, қанақа уюшма ҳақида гапирди у?

— Тўхтанг, Ўктам Исаевич. Аввал менга айтинг, қаерга кетяпмиз, менга қанақа иш бермоқчисизлар?

— Сиз билан бафуржа суҳбатлашдик. Қишлоқ хўжалигини, деҳқончилигу фермерлар муаммоларини яхши билар экансиз. Катта раҳбарлардан ҳам розилик олинди. Сиз республика фермерлар уюшмаси раисига ўринбосар бўлиб борасиз, —Барноев энди заҳарханда оҳангда айтди бу гапларни. — Билим ва малакангизни бир кўрсатинг-чи!

Ана сенга “Қишлоқ ҳаёти” газетаси-ю, ана сенга таласепед!

Нега бундай бўляпти? Ахир мен қишлоқ хўжалиги мутахассиси ёки фермер ҳам эмасман-ку! Бир лаҳзада туғилган саволларга чақмоқдек бўлиб хаёлимга жавоби ҳам келди.

— Бу ўша мақола туфайлими? — оҳиста сўрадим Ўктам акадан.

2000-2006 йиллар Риштон тумани учун жуда оғир келди. Қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун белгиланган режа бажарилмасди. Пахта, ғалла топшириқлари 60-70 фоиздан, ўртача ҳосилдорлик эса пахтада 20-22, ғаллада 30 центнердан ошмай қолганди. Шунда вилоят раҳбарияти туман ҳокими, соҳанинг бошқа масъулларини деярли ҳар йили алмаштирадиган бўлди. Аммо натижа йўқ.

Мен лавозимидан бўшатилган собиқлар, молиявий жазога тортилган фермерлар билан кўп суҳбатлашдим. Ер, сув, уруғчилик, биологик лаборатория мутахассисларини тинч қўймадим. Уларга бир савол берардим: нега шундай бўляпти?

Муаммони изчил ўргандим дегач, ёзув столига ўтирдим ва бир таҳлилий мақола тайёр бўлди. Тез орада уни мамлакат миқёсидаги нашрларнинг бири чоп этди. Мана у:

ҚАНТАКИ ЎРИК НАВИ ЙЎҚОЛИБ ЕТАВЕРАДИМИ?

Риштонда ерости сувининг кўтарилиши боғдорчилик ва деҳқончиликка салбий таъсир кўрсатяпти

Фарғона вилоятида бу йил 115 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Шартнома бўйича унинг ҳар гектаридан ўртача 28,1 центнердан, жами 323 минг тонна ҳосил тайёрлов идораларига топширилиши керак. Бугунгача режа 80 фоиздан ошди. Пахтакору мутахассислар, ташкилотчию раҳбарларнинг қилган астойдил меҳнатлари туфайли, аслида, бундан-да юксакроқ рақамларга эришилган бўларди. Аммо, назаримизда, вилоятдаги асосий эътибор, бор куч экиш, парваришлаш, йиғим-терим, деҳқончилик ишини ташкил этишга қаратиляпти.

Аслида эса бугунги табиий шароит, аввало, ернинг мелиоратив ҳолатини тубдан ўзгартириш масаласига устуворлик мақомини беришни тақозо этади. Фарғона вилоятидаги суғориладиган майдонлар, биринчидан, водийнинг марказида жойлашган. Иккинчидан, унинг сатҳи Андижон, Наманган, қўшни давлатларнинг Суғд, Ўш, Боткен, Жалолобод каби вилоятлари суғориладиган майдонлари сатҳидан паст. Табиийки, бундай шароитда ерости сизот сувлари оқими пастликка томон юради, шўрланиш авж олади. Фарғона вилоятида шўри ювиладиган экин майдонларининг миқдори, масалан, биргина Андижон вилоятиникига нисбатан қарийб 30 фоиз кўп.

Биз бундай маълумотларни вилоятда қайсидир юксак натижаларга эришилмаётгани учун оқлов сабаблари деб келтираётганимиз йўқ. Деҳқон ўз меҳнати маҳсулидан кўпроқ баҳра олиши, руҳланиши ва, албатта, моддий манфаатдорлиги ортишига хизмат қилармикан бу гаплар, деган фикрдамиз, холос. Масалан, Риштон туманини олайлик.

2006 йилда 9 минг гектарга, шундан қарийб 6 минг гектари бўз тупроқли Марказий Фарғона чўлларига чигит экдилар. Туман ҳокими Ғайратжон Мамадалиевнинг айтишича, ана шу 6 минг гектар экин майдонининг бонитети 30 ни ташкил этади. Лекин туманда ўртача ҳосилдорлик 28,6 центнер деб белгиланган. 2005 йилда бу ерда деҳқончиликнинг фермер хўжалиги шаклига тўлиқ ўтилган. Собиқ ширкат хўжаликлари ўрнида 661 та фермер хўжалиги аграр тармоқдаги ишлар билан банд. Туман, мана, 12 йилдирки, давлатга пахта сотиш режаларини сурункали равишда бажармайди. Бу йиллар мобайнида 6 марта ҳоким, бир неча ўнлаб марта хўжалик раҳбарлари алмашди. Лекин пировард натижада ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланмаяпти. Бугунгача туман режани 70 фоиздан оширди. Биз башоратчи эмасмиз, аммо даладаги ҳосил чўғига деҳқон, мутахассис кўзи билан қараганлар бу йил туман режадаги маррага ета олмаслигини айтяптилар… Хўш, нима, Риштонда деҳқон ҳам, мутасадди мутахассис-у ташкилотчи раҳбарлар ҳам шунча йиллардан буён бирдек ёмон ишлаяптиларми? Улар шартномани адо этиб, эл-юрт олдида ёруғ юз билан юришни истамаяптиларми? Балки, масаланинг бошқа, масалан, ер шароити билан боғлиқ томони ҳам бордир? Балки, дон ва пахтачиликда шартнома учун белгиланган ҳосилдорлик кўрсаткичи ернинг ҳақиқий қуввати, бонитети кўрсаткичига мос эмасдир? Агар шу гапда заррача ҳам асос бўлса, нега энди деҳқон ошириб белгиланган ҳосилдорлик кўрсаткичига эриша олмагани учун маънавий ҳамда моддий жабрланиши лозим?

Шимолий Бағдод коллектори “Аччиқкўл” мелиоратив тизими бошлиғи Комилжон Ўринбоевнинг таъкидлашича, Риштон туманида ерости сувлари 0-1 метргача бўлган минг гектар, 1-1,5 метргача бўлган 2814 гектар экин майдони бор. Умуман, тумандаги ерости сувларини чиқариб ташлаш учун 191 та тик зах қочириш қудуғи, 254 км хўжаликлараро, 835 км ички зовурлар мавжуд.

Ҳосилдорликни оширишнинг муҳим шартларидан бири — ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдир. Бунинг учун, аввало, зовурлар тозаланиши керак. 2006 йилда Риштонда 44 км хўжаликлараро зовур тозаланиши лозим эди. Бугунгача 27 км га етди. 140 км ички зовурларни тозалаш режалаштирилган бўлса, унинг 48 километри тозаланди, холос. Бу ишлар давлат маблағига амалга оширилди. Яна фермер хўжаликлари ҳисобидан 40 км ички зовур тозалаш мўлжалланган эди. Атиги 6 км тозаланди.

— Туманда пудратчи ташкилотларнинг 16 та экскаватори ишлаяпти, — дейди К.Ўринбоев. — Иш унумдорлиги кутилганича эмас. Сабаби, биринчидан, йиллар, балки, ўн йиллар давомида тозаланмаган зовур кўзини очиш учун катта миқдордаги тупроқ ишларини бажариш керак. Бу эса экскаватор қадамини секинлатади. Иккинчидан, ҳозир ишлаётган экскаваторларнинг энг “ёши” ҳам (икки йил аввал Урганчдан келтирилган битта экскаватордан ташқари) бундан 30-40 йил илгари ишлаб чиқарилган. Учинчидан, илгарилари ширкат хўжаликларининг иқтисоди ёмонлиги учун, ҳозир эса фермер хўжалиги иқтисоди мустаҳкам эмаслиги учун ички зовурларни тозалаш қониқарсиз аҳволда.

Комилжон яна бир гап айтмоқчи бўлди.

Сезиб турибман, томоғига нимадир тиқилди.

Орага сукут тушди. Мен сабр қилдим. Бироздан сўнг:

— Уйимизда катталарнинг ҳам қулочи етмас “қантаки” ўрик бўларди. Болалигимизда, бундан 40-45 йиллар чамаси илгари онамдан бу ўрикни ким эккан, деб сўраганимда, билмадим, болам, бобомнинг айтишларича, уларнинг боболари ёшлигида ҳам шу ўрик дарахти бўлган экан, дегандилар. Демак, ўша дарахтга камида 150-180 йил бўлган. Қуйиб ташларди мевани. Охир-оқибат мен хонадон чироғини ёқиб турганимда аждодларимдан қолган мерос — қантаки ўрик дарахти қуриб қолди. Чунки қишлоғимизда ерости зах суви ер юзигача чиқиб кетганди…

Зах, ерости сизот сувларининг кўтарилиши илдизи чуқур дарахтлар, Риштонда эса қадимий нав — “қантаки”, “муллақантаки” каби ўрик дарахтларининг қуришига сабаб бўлган бўлса, пахтачиликда эса ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатди. Бугина эмас. Ернинг ҳолати йиғим-теримни тезлатишга ҳам тўғоноқ бўляпти.

— Биринчи теримдан сўнг енгил сув бергандик. Мана, 15 кундирки, ер етилмаяпти. Далага кириб бўлмаяпти, — дейди “Амробод жилоси” фермер хўжалиги бошлиғи Ғайратжон Жалолов.

Тумандаги хўжаликларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида тугатилиб, ўрнида ўша вақтнинг ўзида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Танловда аксарият айнан шу экин майдонида меҳнат қилиб келаётганларга устуворлик берилди. Яъни ер, асосан, ўз эгасига берилди. Аммо ерга эгалик қилиш фақат деҳқончилик билими билан боғлиқ эмас-да. Фермерга яна ташкилотчилик қобилияти, иқтисодий билим, раҳбарлик салоҳияти ҳам керак экан. Бугун ўнлаб, юзлаб фермерларга айнан ана шу фазилатлар етишмаяпти ва бу пировард натижада ҳосилдорликка таъсир кўрсатмоқда. Бундай фермерларни камситишга мутлақо ҳақимиз йўқ. Чунки уларнинг аксарияти кечагина моҳир механизатор, фидойи сувчи, билимдон ҳосилот, қишлоқнинг обрўли кишиси эди. Аммо 30-50 гектар ерга эгалик қилиш, қишлоқдаги 20-30 оилани кетидан эргаштириш, уларга етакчилик қилиш — фермер хўжалигини бошқариш учун бу фазилатларнинг ўзи етарли эмасди. Қолаверса, фермерлар сафига тасодифан қўшилиб қолганлар ҳам бор. Шартнома олдидаги масъулияти ва мажбуриятини тушунмайдиган, ер умрини беҳуда ўтказаётган, уқувсиз, хўжаликдан фақат шахсий манфаати йўлида фойдаланаётган нопок кишилар ҳам ерга эгалик қилмоқдалар.

Фермерга имтиёзли кредит, уруғ, ўғит, ёнилғи таъминотида, техника хизмати кўрсатишда давлат беқиёс ёрдам беряпти. Аммо, аввало, фермер шахсини яратиш, уни интеллектуал жиҳатдан шакллантириш энг муҳим масала эканини ҳаёт кўрсатмоқда. Бунга эса бир кеча, бир ой, балки, бир йилдаёқ эришиб бўлмайди. Шаклланиш учун муҳлат керак.

“Hurriyat” газетаси,

2006 йил 11 октябрь, №41-сон.

 

Барноев саволимга жавоб бермади.

— Масала юқорида ҳал бўлган, — деди у кўрсаткич бармоғини кўтариб.

Қарасам, ҳозир ё чикки, ёки пукки бўладигандек.

— Ўктам Исаевич! Тушуниб турибман. “Hurriyat”даги мақоладан ранжигансизлар. Лекин мен журналистман. Иқтисод, маънавият, таълим, спорт… қайси йўналишда бўлмасин, таҳлилий мақола ёза оламан. Риштонда ҳақиқатан ҳам оғир аҳвол юзага келган. Ҳукумат комиссияси тузилиб, ер ости сувларини қочириш юзасидан қарор ёки дастур қабул қилиши заруратга айланган. Мен шуни айтмоқчи эдим, холос. Таклиф учун эса катта раҳмат. Лекин мен фермерлар уюшмасига ишга бормайман.

Шундай деб ўрнимдан турган ҳам эдимки, Барноев овозини кўтариб, буйруқ оҳангида деди:

— Борасиз! Тавсияларингизни бир амалга оширинг-чи!

Тахминим шу бир “тавсияларингиз” сўзида тасдиғини топди. “Hurriyat”да босилган мақоладаги “ҳокимларни ҳадеб алмаштираверишдан наф йўқ” деган гап тегиб кетган. Бўлмаса, мен қаёқда-ю, мамлакат фермерлар уюшмаси қаёқда?

Мен ўрнимдан турдим-у эшик томон юриб кетдим. Кейин бино ташқарисига шошдим. Ортимдан “ҳой, тўхта, сен қанақа одамсан ўзи?” деган овоз қувиб келарди. Энди югурдим. Йўқ, ҳартугул, Барноевнинг ходими мустақиллик майдонидан нари ўтмади. Аммо бўралаб сўкаётгани анчайин узоқлашгунимча элас-элас эшитилиб турди.

Бор гап шу. Шу куни касбим туфайли яна бир бор тақдир синовидан ўтдим.

Албатта, ҳақиқий журналист бирор манфаат учун ёзмайди. Касб масъулиятидан келиб чиқади. Мен узоқ йиллар матбуотда, телевидение соҳасида ишлаб, ёзган таҳлилий-танқидий мақолаларимни, тайёрлаган телелавҳалар, репортажларимни фақат ва фақат  виждон амрига қулоқ тутиб қаламга олдим, муаллифлик қилдим. Ана шу қоидага ҳозир ҳам амал қиламан. Шу боис ишонч билан айта оламанки, чинакам журналист холислик, адолат ва ҳалоллик тамойилларига амал қилсагина, уни эл-юрт ҳам билади, қадрига етади. Бир умр шу олтин қоида билан яшадим, меҳнат қилдим. Бундан эса ҳамиша ғурурланаман.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

 

P.S. Орадан бир фурсат вақт ўтиб, Риштонга кетма-кет мутахассислар гуруҳлари кела бошлади. Кейин Риштонга туташ Бағдод ва Олтиариқ туманларидаги ерларнинг ҳолати ҳам ўрганилди. Бу гаплар қандайдир катта воқеа рўй беришидан дарак эди. Ўрганишлар, таҳлиллар ҳисоботга, у эса кўплаб муҳокамаларга олиб келди. Ва ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 январда “Фарғона вилояти Риштон туманида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сизот сувларини пасайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, коллектор — дренаж тармоқлари, насос станцияларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, очиқ ва ёпиқ дренаж тармоқларини кенгайтириш, суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш вазифаси белгиланган.

Шундан сўнг қарор ижроси учун каттагина маблағ ажратилди ва мелиорация соҳасидаги улкан лойиҳага илк бор Хитой компаниялари ҳамкор сифатида жалб этилди. Фарғонага Хитойдан ўнлаб занжирли экскаваторлар келтирилди. Риштон, қисман Бағдод ва Олтиариқ туманларида қарорда белгиланган ишлар амалга оширилди.

2012 йилга келиб, Риштон тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, жумладан, пахта ва ғалла топшириш шартномавий режасини вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two − one =